BBC ва Трамп судлашувида янги бурилиш: даъво бекор бўлиши мумкин

Сурат манбаси, Kent NISHIMURA / AFP via Getty Images
АҚШ судяси Доналд Трампни BBC'га қарши туҳмат ҳақидаги даъвоси доирасида 11 декабрга қадар қасамёд остида саволларга жавоб беришга мажбур қилди.
АҚШ президенти BBC'ни 2021 йилдаги Капитолий биносидаги тартибсизликлар олдидан қилган нутқининг икки хил қисмини монтаж қилиб бирлаштиргани учун судга берган.
Трамп аввалроқ 16 октябрга белгиланган депозицияни, яъни қасамёд остидаги сўров жараёнини, "миллий аҳамиятга эга масалалар"ни рўкач қилиб бекор қилган эди.
Бироқ, BBC манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат судда Трамп ўша куни Жоржияда сайловолди ташвиқоти билан шуғулланганини ва "айнан шуни устун қўйганини" айтди.
Даъво қай босқичда?
Трампнинг BBC'га қарши даъвоси ҳозир "дискавери" деб аталадиган босқичда. Бу жараёнда ҳар икки томон иш бўйича далил сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган ички ҳужжатлар ва бошқа материалларни тақдим этади.
BBC адвокати Чарлз Тобин пайшанба куни Майамида бўлиб ўтган суд мажлисида дискавери муддати тугашига икки ой қолганига қарамай, Трамп ҳали ҳам депозициядан ўтмаганини маълум қилди.
АҚШ магистрат судяси Энжолике Летт Трамп 11 декабрга қадар депозицияда қатнашиши шартлигини билдирди. Агар у бундан бош тортса ва дискавери муддати узайтирилмаса, унга нисбатан санкциялар қўлланиши мумкин. Энг оғир чора сифатида даъвонинг ўзи бекор қилиниши эҳтимоли ҳам бор.
End of Алоқадор мавзулар:
Депозиция нима?
АҚШ қонунчилигига кўра, депозиция суддан ташқарида, қасамёд остида берилган расмий кўрсатма ҳисобланади.
Бу жараёнда берилган жавоблар махсус стенограф томонидан сўзма-сўз қайд этилади ва кейинчалик судда далил сифатида ишлатилиши мумкин.
Одатда депозициялар судя иштирокисиз, адвокатлар офисида ўтказилади. Туҳмат бўйича ишларида икки томоннинг адвокатлари ҳам қатнашади.
BBC адвокатларининг эътирози
Ўтган ҳафта BBC адвокатлари суддан Трампни депозицияда қатнашишга мажбурлашни сўраган эди. Чунки аввал белгиланган учрашув амалга ошмай қолган.
Ўша куни Трамп Жоржия штатидаги Далтон шаҳрида ўрта муддатли сайловларга бағишланган митингда қатнашган ҳамда Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида маблағ йиғиш тадбири ўтказган.
Шу билан бирга, чоршанба куни судга киритилган алоҳида ҳужжатда Трампнинг адвокатлари президент келаси йилнинг 11 ва 22 январ кунлари оралиғида интервю беришга тайёрлигини билдирган.
Улар BBC'нинг "Президент Трамп бу жараёндан қочмоқда" деган иддаосини ҳам рад этди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
BBC билан можаро нимадан чиққан?
Флоридада тақдим этилган даъвода Трамп BBC'ни 2021 йил 6 январда Капитолий биноси олдида сўзлаган нутқини "атайлаб, ёвуз ният билан ва алдамчи тарзда таҳрир қилганлик"да айблайди.
BBC эса мазкур хатолик учун узр сўраган ва эфир "Трамп зўравонликка тўғридан-тўғри чақириқ қилган деган нотўғри таассурот уйғотганини" тан олган.
Шундан кейин BBC суддан даъвони рад этишни сўради. Компания фикрича, дастур туҳмат учун зарур бўлган ҳуқуқий мезонларга жавоб бермайди ҳамда АҚШ ҳудудида намойиш этилмаган.
BBC'нинг яна бир муҳим далили
Июл ойида Трампнинг адвокатлари ҳужжатларда аввал билдирилган даъволарни тасдиқловчи далилларга эга эмасликларини тан олган.
Хусусан, улар ҳужжатли филм BBC'нинг BritBox обуна хизмати орқали, BBC Select платформасида, BBC веб-сайтида ёки АҚШ телекомпаниялари орқали намойиш этилганини исботлай олмаган.
Натижада Трамп BBC Studios'га қарши даъвосидан воз кечишга рози бўлди.
BBC Studios эса ҳужжатли филмни яратиш ёки ишлаб чиқаришда "ҳеч қандай роли бўлмагани"ни билдириб келган.





























