Мумбайдаги отишма: Болливуд ва мафия ўртасидаги алоқа яна тикланяптими?

2014 йилда кино оламига кириб келган актёр Тайгер Шрофф жангари филмлардаги роллари билан танилган.
Сурат тагсўзи, 2014 йилда кино оламига кириб келган актёр Тайгер Шрофф жангари филмлардаги роллари билан танилган.
Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Якшанба куни кечқурун Болливуд актёри Тайгер Шрофф футбол ўйнаш учун Мумбайнинг Жуҳу маҳалласига борди. Дарахтзорларга бой бу бадавлат ҳудудда кино юлдузлари яшайди, мухлислар тўпланади ва машҳур актёрларни кўчада учратиш одатий ҳол.

Аммо 36 ёшли актёр футбол майдонидан BMW автомобилида чиқиб кетаётганида ўқ овозлари янгради. Унинг ҳайдовчиси, шунингдек, актёрни тасвирга олиш учун келган видеоблогер яраланди.

Филмларида мураккаб жанг саҳналари ва олдиндан пухта режалаштирилган қочиш манзаралари кўп учрайдиган Шрофф бу сафар ҳақиқий қуролли ҳужумдан омон қолди.

Орадан тўрт кун ўтган бўлса-да, бу воқеа ҳали ҳам Ҳиндистон матбуотининг асосий мавзуларидан бири бўлиб турибди. Тергов давомида ошкор бўлаётган ҳар бир янги тафсилот турли тахминлар, бир-бирига зид даъволар ва эҳтимолий фитналар ҳақидаги қарашларни кўпайтирмоқда.

Полиция 10 нафар гумонланувчини қўлга олган ёки ҳибсга олган. Терговчилар қуроллар бир неча штат орқали қандай етказилганини аниқлашга, шунингдек, ҳужумни амалга оширганликда гумонланаётган шахсларга ўтказилган пулларни текширишга ҳаракат қилмоқда.

Бу суиқасд Ҳиндистоннинг энг ашаддий жиноят олами етакчиларидан бири саналган Лоуренс Бишной номини яна кун тартибига олиб чиқди.

Ҳужумдан кўп ўтмай, ижтимоий тармоқларда Бишной жиноий гуруҳига алоқадор экани айтилаётган шахснинг постидан олинган скриншот тарқалди. Унда ҳужум учун жавобгарлик ўз зиммасига олинган эди.

Кейинроқ яна бир аудиоёзув пайдо бўлди. Унда ўзини Анил Пандит деб таништирган эркак ҳужум учун жавобгарликни яна бир бор ўз зиммасига олиб, Шрофф актёр Салмон Хон билан алоқалари борлиги учун нишонга олинганини айтди. Бишной эса бир неча йилдан бери Салмон Хонга таҳдид қилиб келади.

Бироқ Мумбай полицияси бу даъволарни тасдиқлагани йўқ. Шунингдек, Шроффга қилинган суиқасд ортида айнан Бишной гуруҳи тургани ҳам аниқланмаган.

Терговчилар ҳали ҳам ҳужумга ким буюртма бергани ва унинг сабабларини аниқлашга уринмоқда.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Шроффга қилинган ҳужум Болливуднинг таниқли вакилларига нисбатан таҳдид ва тажовузлар занжирининг давоми бўлди. Жумладан, 2024 йилда актёр Салмон Хоннинг уйи олдида, жорий йил бошида эса кинорежиссёр Роҳит Шеттининг уйига қарата ўқ узилган эди. Бу воқеалар уюшган жиноятчиликнинг кино саноатига таъсири яна кучаяётгани ҳақидаги хавотирларни жонлантириб, Мумбай тарихидаги қоронғи даврни ёдга солди.

1990-йиллар ва 2000-йилларнинг бошларида шаҳар жиноят олами кино саноати устидан улкан таъсир кучига эга эди. Жиноий гуруҳлар филмларни молиялаштирар, киноижодкорлардан ҳимоя эвазига пул талаб қилар, баъзан эса ўз талабларини бажартириш учун зўравонликка қўл урарди.

Полициянинг кўп йиллик амалиётлари ва кино саноатига йирик молиявий ташкилотлар сармояларининг аста-секин кириб келиши натижасидагина жиноий гуруҳларнинг бу соҳадаги ҳукмронлигига барҳам бериш мумкин бўлди.

Энди эса деярли ҳар куни янги айбловлар ва тахминлар пайдо бўлаётган бир пайтда, Мумбай учун ўтмишда қолгандек туюлган савол яна кун тартибига қайтди: жиноят олами Болливудни яна ўз назоратига олишга уриняптими?

Актёр отишмада жароҳатланди.
Сурат тагсўзи, Актёр отишмада жароҳатланди.

Мумбайда уюшган жиноятчилик энг кучайган даврда унга қарши курашганлар эса бу саволнинг жавоби Шроффга қилинган суиқасддан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкин бўлганидек оддий эмаслигини айтишмоқда.

1998 йилда Мумбай полициясининг Жиноят қидирув бўлимига раҳбар этиб тайинланган Д. Сиванандхан ўша даврларни яхши эслайди. Унинг айтишича, энг ашаддий жиноий гуруҳлар раҳбарлари жойлашган Дубайдан қилинган биргина телефон қўнғироғи бутун бир филмнинг тақдирини ҳал қилиши мумкин эди. Ким бош ролни ўйнаши, филмни ким молиялаштириши ёки уни тарқатишдан ким фойда олиши шу қўнғироқ орқали белгиланарди.

Хусусий сармояга қарам бўлган кино саноатида сармоядор билан товламачи ўртасидаги чегара ўта нозик эди. Таҳдидлар эса қуруқ гап эмасди. 1997 йилда мусиқа саноатининг йирик намояндаси Гулшан Кумар Мумбайдаги ибодатхона олдида отиб ўлдирилди. Уч йил ўтиб, кинорежиссёр Ракеш Рошан ўз ҳаётига қилинган суиқасддан омон қолди.

Сиванандхан Салмон Хон иштирокидаги «Чори Чори Чупке Чупке» филмининг молиялаштирилишини ҳам тергов қилган. Филм продюсери ва унинг ёрдамчиси жиноят олами билан алоқалари учун Маҳараштра штатидаги уюшган жиноятчиликка қарши қонун асосида олти йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Филмга маблағ ажратган шахс эса бу алоқалар ҳақидаги маълумотларни яширгани учун бир йиллик қамоқ жазосини олган.

Полиция филмнинг негатив тасмаларини мусодара қилган ва охир-оқибат филм суд назорати остида экранларга чиқарилган.

Жиноий гуруҳлар ҳар доим ҳам кино саноатига ўз хоҳишини зўрлаб ўтказмаган. Сиванандханнинг эслашича, айрим киноижодкорлар жиноятчиларнинг пулини ўз ихтиёри билан излаб борган. Бундай келишувлар ҳар икки томонга ҳам фойда келтиргани учун полицияга уларга барҳам бериш осон бўлмаган.

Бироқ Сиванандхан сўнгги зўравонликларни ўзи бир вақтлар курашган мафиянинг қайтиши сифатида баҳолашга шошилмаяпти.

У таъқиб қилган Довуд Иброҳим, Чҳота Шакил, Арун Гавли ва бошқа жиноятчилар раҳбарлари хориждан туриб фаолият юритган тақдирда ҳам, илдизлари Мумбайга бориб тақаладиган жиноий тармоқларга мансуб эди.

«Бу биз сўнгги 60 йил давомида билган Мумбай мафияси эмас, — дейди у. — Бу бутунлай бошқа нарса».

Жиноий гуруҳ раҳбари Лоуренс Бишной 2015 йилдан бери қамоқда сақланмоқда.
Сурат тагсўзи, Жиноий гуруҳ раҳбари Лоуренс Бишной 2015 йилдан бери қамоқда сақланмоқда.

Ана шу янги жиноий ҳодиса энди Лоуренс Бишной номи билан чамбарчас боғланиб қолган. Ҳиндистон шимолидан чиққан ва кўп йиллардан бери қамоқда сақланаётган бу жиноий гуруҳ раҳбари халқ орасида деярли афсонавий ваҳима тимсолига айланган. Айтишларича, у қамоқдан туриб турли қитъалардаги қуролли жиноятчиларни бошқаради. Унинг номи билан таҳдидлар қилинади, жиноятлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олувчи баёнотлар эса интернетда бир зумда тарқалади.

Бишной 1998 йилдаги ноқонуний ов иши туфайли Салмон Хонга очиқдан-очиқ таҳдид қилиб келади. Ўша иш Бишной жамоаси муқаддас деб биладиган қора оҳуларни овлаш билан боғлиқ эди.

2024 йил апрелида қуролланган шахслар Мумбайдаги Салмон Хон уйи олдида беш марта ўқ узган. Орадан олти ой ўтиб, Хон ва бошқа актёрларга яқин бўлган сиёсатчи Бобо Сиддиқий ўлдирилган.

Мумбай полицияси ҳар икки ҳужумни Бишной жиноий гуруҳи билан боғлаган. Бироқ Сиддиқийнинг ўлдирилишида Лоуренс Бишнойнинг шахсан иштирок этгани аниқланмаган.

Унинг жиноий тармоғига қўйилаётган айрим айбловлар полиция терговлари билан тасдиқланган, бошқалари эса ҳали исботини топмаган. Аммо жамоатчилик тасаввурида бу гуруҳ ҳақиқатан содир этган жиноятлар билан унинг номидан тарқатилаётган даъволар ўртасидаги чегара хиралашиб кетмоқда. Бу эса Бишнойнинг жиноят оламидаги шуҳратига заррача путур етказмаяпти.

Мумбай полициясининг собиқ комиссари Ракеш Мария Бишнойни аввалги авлод жиноятчиларидан кўра замонавий технологияларни яхшироқ ўзлаштирган ва халқаро алоқалари кенгроқ бўлган янги авлод жиноий гуруҳ раҳбарларига мисол қилиб келтиради.

«Эски жиноят оламининг фаолияти кўзга ташланиб турарди ва муайян ҳудудлар билан чекланган эди. Янги жиноий тармоқлар эса тарқоқ, ўзгарувчан ва шу боис уларнинг изига тушиш анча қийин», — деган Мария ўтган йили The Print нашрига.

«Энди улар шаҳарни назорат қилиш учун ўша ерда яшашлари шарт эмас».

Бишной жиноий гуруҳи 2024 йилда Бобо Сиддиқийнинг (ўнгда) ўлдирилиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, бунга унинг Салмон Хон (чапда) билан яқин алоқаларини сабаб қилиб кўрсатган.
Сурат тагсўзи, Бишной жиноий гуруҳи 2024 йилда Бобо Сиддиқийнинг (ўнгда) ўлдирилиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, бунга унинг Салмон Хон (чапда) билан яқин алоқаларини сабаб қилиб кўрсатган.

Жиноят олами ва Болливуд ўртасидаги муносабатлар яна бир жиҳатдан ўзгарган: энди жиноятчиларнинг жамоатчилик олдидаги қиёфасини ким шакллантириши ҳам бошқача тус олган.

1990-йилларда Болливуднинг ўзи Мумбайнинг қўрқинчли жиноят олами вакилларини одамларда қизиқиш уйғотадиган қаҳрамонларга айлантиришга ҳисса қўшган эди. «Сатя» (1998) ва «Компания» (2002) каби филмлар жиноят оламининг шафқатсиз ҳаётини борича, ўта реалистик тарзда тасвирлади. Актёр Манож Бажпайининг «Сатя» филмидаги жиноятчи Бҳику Мҳатре образи эса, киношунос Ашвин Иммануэл Девасундарам таъбири билан айтганда, «афсонавий ва рамзий қаҳрамонга» айланди.

Девасундарам Би-би-сига айтишича, ўша даврдаги қўрқув ва жиноят оламига бўлган қизиқиш «жамиятнинг умумий хотирасига чуқур муҳрланиб қолган».

Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир янги ҳужум ўша хотираларни яна жонлантиради. Аммо бугунги жиноятчилар ўзлари ҳақида афсоналар яратиш учун энди кинога муҳтож эмас.

Ижтимоий тармоқлар уларга ўз қиёфасини мустақил шакллантириш имконини бермоқда. Улар таҳдидлар, жиноятлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олувчи баёнотлар ва атайлаб саҳналаштирилган суратларни тарқатиб, Мумбайдан анча олисдаги аудиторияга ҳам етиб бормоқда.

Хабарларга кўра, сўнгги отишмадан кейин полиция Салмон Хон ва Роҳит Шеттининг уйлари атрофида хавфсизлик чораларини кучайтирган.

Бутун Ҳиндистон кино ходимлари уюшмаси эса кучлироқ ҳимоя талаб қилиб, шундай савол қўйган:

«Бугун Тайгер Шрофф нишонга олинди. Кейинги қурбон ким бўлади?»

Ҳозирча жиноий тармоқлар Болливуднинг молиявий ишлари ва қарорлари устидан аввалги таъсирини қайта тиклаганини кўрсатувчи жиддий далиллар деярли йўқ.

Бироқ сўнгги ҳужумлар кино саноатининг бошқа бир заиф жиҳатини очиб берди.

Энди жиноятчилар бутун бир соҳани қўрқувда ушлаб туриш учун уни назорат қилишлари шарт эмас. Миллионлаб одамларнинг телефон экранлари орқали кенг тарқалган биттагина суиқасд ҳақидаги хабар ҳам қўрқувни бевосита нишонга олинган шахсдан анча узоқларга ёйиши мумкин.

Мумбай жиноий гуруҳларига қарши йиллар давомида курашган Сиванандхан ҳатто энг кучли хавфсизлик чораларининг ҳам чегараси борлигини яхши билади.

«Ҳар қандай совутнинг заиф жойи бўлади», — дейди у.