Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон: "Яндекс" хизматларида узилишлар нимани англатади?

Яндекс такси
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда Яндекс такси ва етказиш хизматларида узилишлар кузатилган.
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Чин безовталик..."Яндекс очилмади"

"Қалбингизни чиндан ҳам безовталик ҳиси чулғаб олганини қачон ҳис қиласиз? Жаҳонда геосиёсий янгиликлар авж олаётганида эмас, балки оддий, илиқ Тошкент оқшомида такси ёки уйга бирон нарсани етказиб бериш учун буюртма қиламан десангиз-у, телефонингиздаги юкламани босганда экрани қоп-қора бўлиб турса", дея Facebook да изоҳ қолдирган ўзбекистонлик Яндекс фойдаланувчиларидан бири.

Ўзбекистоннинг аксар шаҳарлари ва пойтахт Тошкентдаги асосий такси хизматига айланган "Яндекс" такси ва етказиш хизмати билан содир бўлаётган узилишлар мижозларга қийинчиликлар туғдирмоқда.

"Ҳамманинг миясига дастлаб бир хил фикр келади: "Интернетимиз яна ишламаяпти". Лекин бир-икки соатдан кейин аччиқ ҳақиқат аён бўлади: симларимиз бутун, оптик толали алоқа жойида, чироқлар ёниқ. Шунчаки бутунлай бошқача, хавотирли ва уруш вайрон қилган воқеликда яшаётган минглаб километр узоқликдаги хорижий мамлакатда серверлар ҳужумга тутилган", дея Тошкентдаги воқеликни тасвирлаган "Яндекс" мижози.

Ҳайдовчиларга ҳам қийин бўлди

Яндекс таом етказиш хизмати ҳайдовчиси

BBC Uzbek билан гаплашган ҳайдовчилардан бири онлайн харита тўғри кўрсатмаётгани, мижоз такси буюртма қилса, уни ҳайдовчига етказиш вақти ошиб кетганини, шунинг учун ҳам сафарлар кўпроқ вақт олаётгани айтишган.

Ҳайдовчилар такси чақиришни истаганлар муқобил такси хизматларига мурожаат қилишга мажбур бўлаётганликларини айтишган.

Бир ҳайдовчининг айтишича, якшанба куни мижозининг ёнига бориш учун бир соатга яқин вақти кетган, аммо мижоз бу пайтда белгиланган манзилдан кетиб бўлган. Ҳайдовчи буюртмани бекор қилиш, мижоз билан боғланиш имкониятлари ҳам нормал ишламаётганини айтди.

"Яндекс" га ҳужумларнинг Ўзбекистон ва минтақага таъсири ҳақида BBC UZBEK видеолавҳаси:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Яндекс"га бир ҳафтада 3 ҳужум

"Яндекс" ширкати маълумотлар маркази ҳужум остида
Сурат тагсўзи, Россиядаги "Яндекс" ширкати маълумотлар марказларига 1 ҳафтада 3 маротаба ҳужум қилинган.

Кеча, 11 октябр куни "Яндекс" Москва яқинидаги маълумотлар марказларидан бири Украина томонидан дрон ҳужумига учраганидан сўнг ушбу объектдаги фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганлигини маълум қилганди.

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Бу ҳафта давомида Россия технологик гиганти кўрилган "Яндекс" объектларига қилинган учинчи ҳужум бўлди.

"Россиянинг Google"и, дея таърифланадиган "Яндекс" Москва шарқида жойлашган Владимир шаҳридаги марказига бу галги ҳужумда ҳеч ким жабрланмаганини билдирди. Бироқ айрим хизматлар фойдаланувчилар учун ишламай қолган.

Ўтган ҳафта бошида "Яндекс" Украина зарбалари туфайли ўзининг бешта маълумотлар марказидан иккитасига зарар етганидан сўнг хизматларини давом эттиришда қийналаётганини маълум қилган эди.

Россия ҳам, Украина ҳам сўнгги ойларда ўзаро инфратузилма объектларига ҳужумларни кучайтишган.

Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин икки давлат ўртасидаги уруш бешинчи йилдирки давом этмоқда.

Киевнинг билдиришича, нишонга олинаётган объектлар Москванинг ҳарбий ҳаракатлари учун даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Украинага кўра, бу ҳужумлар Россияни "Яндекс"га етказилган зарарни бартараф этиш учун қўшимча ресурс ажратишга мажбур қилиши мумкин.

Якшанба кунги ҳужум АҚШ президенти Дональд Трамп Украина Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилишни "бутунлай тўхтатиши керак", деб айтганидан бир неча соат ўтиб содир бўлди. Аввалроқ Трамп Москвага билан жаҳон бозори учун кўпроқ дизел ёқилғиси етказиб бериш имконини берувчи келишувга эришилганини айтганди. Бу келишув Европа давлатлари томонидан танқидларга сабаб бўлган ва Украина президенти Володимир Зеленский билан дипломатик келишмовчиликни келтириб чиқарган.

"Яндекс" ўзининг Telegram канали орқали Владимир шаҳридаги маълумотлар марказига зарар етганини ва у ердаги фаолият "тўлиқ тўхтатилганини" тасдиқлаган. Шу билан бирга, ширкат алоқани тиклаш устида ишлаётганини билдирган.

"Яндекс" объектларига қилинган бошқа ҳужумлар пайшанба, 8- октябр куни Сасово шаҳрида ва жума, 9- октябр куни Москва жануби-ғарбида жойлашган Калугадаги марказларига қилинганди. Бу ҳужумлар ширкатнинг айрим хизматлари, жумладан сунъий интеллект асосидаги чат-боти ва "ақлли уй" қурилмалари ишида муаммоларга сабаб бўлган.

Ўн миллионлаб одам фойдаланадиган озиқ-овқат буюртма қилиш ва такси хизматларини ҳам бошқарувчи компания ўша пайтда маълумотлар марказлари хизматларнинг меъёрий ишлаши ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. Шунингдек, улар қачон тўлиқ ишга қайтишини "олдиндан айтиш жуда қийин" эканини билдирганди.

Россия ҳам аввал Украинадаги маълумотлар марказларини нишонга олган. Бу интернетда узилишларга сабаб бўлган ва айрим компаниялар серверларини хорижга кўчиришга ундаган.

Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам "Яндекс"да узилишлар. Тожикистон нега ҳоли?

"Яндекс" иловасидаги огоҳ.

Қирғизистонда якшанба куни ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари илова орқали такси чақириш имкони бўлмаётганини ёзишган.

BBC UZBEKнинг Бишкекдаги мухбирининг хабар беришича, 12 октябрь куни хизматлар қайта ишлай бошлаган, бироқ айрим ҳолларда такси нархини аниқ кўрсатишда мушкулликлар ҳануз давом этмоқда.

"Яндекс" иловаси орқали овқат буюртма қилиш хизмати ҳам якшанба куни деярли ишламаган. Айрим ҳолларда иловада "Техник носозлик юз берди, уни бартараф этиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиляпмиз", деган хабар пайдо бўлган. Илованинг қўллаб-қувватлаш хизматига алоқага чиқиш имконсиз бўлган.

"Яндекс"нинг Қирғизистондаги ваколатхонаси ҳозирча бу ҳолат юзасидан изоҳ бермаган.

Қозоғистондаги нашрларнинг хабар беришларича, Яндекс билан боғлиқ муаммолар сабабли маҳаллий муқобил "inDrive" таксиларининг нархи 11-октябр куни эрталаб кескин ошиб кетганди. Олмаотадаги фойдаланувчилар нархлар уч баробаргача ошганини ёзишган. Масалан, одатдаги 900 танга ўрнига 2600 тангагача, баъзи ҳолларда 4000 минг тангагача тўлашга мажбур бўлганларини айтишган.

"Биз технологик қарамлик тузоғига тушиб қолдик"

Mirjan Balibayev
shaxsiy
Bu vaziyat davlatlar o‘z raqamli xavfsizligi haqida jiddiyroq o‘ylashi kerakligini ham ko‘rsatmoqda. Muhim xizmatlarning bitta kompaniyaga bog‘liq bo‘lib qolishi xavfli.
Mirjan Balibayev
Siyosiy tahlilchi, Bishkek (batafsil: bbc.com/uzbek da).

"Биз мустақиллик, суверенитет ва буюк келажак ҳақида гапиришни яхши кўрамиз. Аммо 21-асрда ҳақиқий суверенитет шунчаки харитадаги чегаралар ва ўз валютамиз ҳақида эмас. Бу бизнинг ўз серверларимиз ҳақида", дея хулоса қилган Facebook фойдаланувчиси.

"Биз технологик қарамлик тузоғига тушиб қолдик".

Бишкеклик сиёсий таҳлилчи, Миржан Балибаев башоратига кўра, бундай ҳужумлар давом этишини кутиш мумкин.

"Якшанба куни Яндекс хизматларида юз берган узилишлар Марказий Осиёдаги йирик шаҳарларда такси ва етказиб бериш бозори қанчалик даражада битта платформага боғланиб қолганини кўрсатди", дейди Миржан Балибаев.

Унга кўра, агар ҳужумлар давом этса, минглаб ҳайдовчилар ва юзлаб етказиб берувчиларнинг иши ва даромадига таъсир қилиши мумкин. Айниқса, машинани ижарага олиб ишлаётган ҳайдовчилар учун бу жиддий молиявий зарба бўлади, дейди у.

"Бу вазият давлатлар ўз рақамли хавфсизлиги ҳақида жиддийроқ ўйлаши кераклигини ҳам кўрсатмоқда. Муҳим хизматларнинг битта компанияга боғлиқ бўлиб қолиши хавфли", дея таъкидлайди таҳлилчи.

Шу билан бирга, "Яндекс" хизматларидаги узилишлар маҳаллий компаниялар ва бошқа хорижий платформалар учун бозорга кириш ва ўз мавқеини мустаҳкамлаш имкониятини яратиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда. "Аммо бундан ҳам эҳтиёт бўлиш керак, бир монополистдан қутулиб, бошқасига қарам бўлиб қолмаслигимиз лозим", дея огоҳлантирган Миржан Балибаев.

"Мустақил рақамли хизматлар керак"

Facebook фойдаланувчисининг огоҳи эса анчайин кучлироқ.

"Бу узилиш бахтсиз техник тасодиф эмас. Бу баланд ва хавотирли қўнғироқ. Вояга етиш, бошқа одамларнинг осон ечимларига мафтун бўлишни бас қилиш ва ижарага олинган уйда эмас, балки ўз пойдеворимизда ўз уйимизни қуришни бошлаш вақти келди. Акс ҳолда, бир кун келиб уйимиз калити мутлақо бошқа қўлга ўтиб, биз зулматда қоламиз", дея қиммат бўлса ҳам мустақил рақамли хизматларни яратишга даъват қилган.