Путинга қарши Россия ичкарисидаги қўпорувчилик ҳаракатларининг сирли олами

Қизил, оқ, сариқ ва кўк рангларда ишланган тасвир. Чап томонда дрон, ўнг томонда эса бейсболка кийган ва қора кўзойнак таққан эркак акс этган.
    • Author, Monica Garnsey
    • Role, BBC Eye
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Украина разведка хизматлари учун яширинча ишлаётган икки россиялик эркак Россия ҳудудидаги ҳарбий объектлар ва ҳарбий хизматчиларга қарши ўтказилган операцияларда иштирок этгани ҳақида камдан-кам учрайдиган гувоҳликларни тақдим этди.

Биз шартли равишда Иван деб атаётган улардан бири Россия ҳудудида туриб, Украинанинг стратегик бомбардимончи учоқлар ва ўқ-дори ишлаб чиқарувчи заводларга дронлар орқали уюштирган ҳужумларида иштирок этганини даъво қилмоқда.

У Би-би-си Жаҳон хизматининг Россия ичида яширин фаолият юритаётган қўпорувчилар ҳақидаги ҳужжатли филмида иштирок этган.

Полшалик мустақил журналист Марчин Мамон суратга олган ушбу ҳужжатли филмда биз шартли равишда Фома деб атаётган, Полшада муҳожирликда яшаётган яна бир россиялик ҳам иштирок этади.

Фоманинг айтишича, у Россия ҳудудида яширин фаолият юритувчи кўнгиллилар тармоғини бошқаради. Бу тармоқ Украина ҳарбий разведка хизмати — ГУР ҳужум қилишни кўриб чиқаётган юқори мартабали ҳарбий зобитларни кузатади. Фома унинг тармоғидаги одамлар ҳужумларнинг ўзида ҳеч қачон бевосита иштирок этмаслигини таъкидлайди.

У кимларни кузатаётгани ҳақида маълумот беришдан ҳам бош тортган. Бироқ ўтган йилнинг декабрида Москвада генерал-лейтенант Фанил Сарваров ўлдирилгач, Фома у ҳақдаги разведка маълумотларини украиналикларга етказиб берганини тан олган.

2025 йил 22 декабр куни Москва жанубида тиббий ниқоб ва кўк рангли қалин куртка кийган терговчи вайрон бўлган автомобил ичини кўздан кечирмоқда. Оқ рангли автомобилнинг олд ойнаси чил-чил синган, томи ва капотига шикаст етган.
Сурат тагсўзи, Генерал-лейтенант Фанил Сарваров ўтган йили Москвада автомобили остига ўрнатилган портловчи қурилма ишга тушиши оқибатида ҳалок бўлган.

Аввал ҳам оммавий ахборот воситаларида россиялик қўпорувчи гуруҳлар ҳақида хабарлар тарқалган. Аммо Иван каби Россия ичида бевосита фаолият юритаётган одам билан суҳбатлашиш ва унинг ўзи иштирок этганини даъво қилаётган операциялар ҳақида эшитиш камдан-кам учрайди.

Украина ҳарбий разведка хизмати — ГУР Иван ва Фоманинг ҳар иккиси ҳам ушбу идора учун ишлаётганини тасдиқлади. Бироқ разведка хизмати ҳам уларнинг фаолияти ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслигини тан олди. Иван учун масъул бўлган разведка ходимидан унга ишониш мумкинми, деб қайта-қайта сўралганда, у: «Мен ўзимдан бошқа ҳеч кимга ишончим комил эмас», деб жавоб берди.

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

ГУР ҳам, бу икки эркак ҳам ўз фаолияти ҳақида қанча маълумот ошкор қилиш масаласида эҳтиёткор. Шу сабабли улар амалга оширганини даъво қилаётган операцияларни мустақил равишда текшириб, тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Бироқ Украина расмийлари Иван ва Фома тасвирлаган умумий тактикалар қўлланишини тасдиқлаган. Киев Россия ҳудудидаги қонуний ҳарбий нишонлар деб ҳисоблаган объектларга мувофиқлаштирилган дрон ҳужумларини уюштириш стратегияси ҳақида очиқ гапирган. Украина бу мақсадда махфий агентлардан фойдаланишини ҳам тан олган.

Уруш бошланганидан бери Россияда бир неча сиёсий суиқасдлар ҳам содир этилган. Украина ўз сиёсатига кўра, муайян шахсларни нишонга олган ҳужумлар учун жавобгарликни ҳеч қачон расман ўз зиммасига олмайди. Бироқ Украина разведкаси ходимларидан бири аввалроқ Би-би-сига 2024 йил декабрида юқори мартабали ҳарбий амалдор, генерал-лейтенант Игор Кирилловнинг ўлдирилиши ортида Украина турганини тан олган эди.

Украина учун бундай фаолият билан шуғулланаётган россияликлар сонини аниқлаш қийин. Фоманинг айтишича, уларнинг сони тахминан 300–500 нафарни ташкил этади. Бироқ бу рақамни мустақил равишда тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Иван ва Фоманинг айтишича, улар нафақат Россиянинг Украинадаги урушига, балки президент Владимир Путин режимига ҳам қарши. Уларнинг фикрича, Путиннинг сиёсий келажаги уруш қандай якунланишига боғлиқ.

«Ҳозирги вазиятда... менимча, агар улар урушда мағлуб бўлса, Путин режими қулаши мумкин. Биз ўз ҳаракатларимиз билан бу жараённи тезлаштиришга уриняпмиз», — дейди Иван.

Унинг Мамонга айтишича, вазифаси ҳарбий объектларни кузатиш ва Россиядаги нишонларга эҳтимолий ҳужумларга тайёргарлик кўриш мақсадида дрон қисмларини яшириш мумкин бўлган жойларни аниқлашдан иборат бўлган.

«Бу дрон қисмлари бирлаштирилганда... бир зарбанинг ўзи билан қиймати миллионлаб, ҳатто ўн миллионлаб доллар турадиган объектни йўқ қила оладиган қудратли қурол ҳосил бўлади», — дейди Иван.

У Мамонга Россия ҳарбий аэродроми яқинида портловчи моддаларни яшираётгани акс этган видеони юборган.

Агар у қўлга тушганида, терроризмда айбланиб, ўнлаб йилларга қамалиши мумкин эди.

Фоманинг фаолияти эса бошқача. У масофадан туриб ишлайди ва Россиядаги кўнгиллиларига интернет орқали таълим беради. Мамон шундай машғулотлардан бирини кузатган. Унда Фома кузатувга олиниши белгиланган юқори мартабали ҳарбий амалдорни қандай қилиб билдирмасдан таъқиб қилишни ўргатган.

Фоманинг компютер экранида Россиядаги бинолар ва автомобиллар акс этган. Унинг қўли эса клавиатура устида.
Сурат тагсўзи, Фома яширин фаолият юритаётган кўнгиллиларига россиялик ҳарбий зобитларни билдирмасдан қандай кузатишни ўргатгани ҳақида сўзлаб берди.

«Сизга мен ёки ҳамкасбимдан нишонга олиниши таклиф этилаётган шахс ҳақида маълумотлар жамланган файл келади. Унда ўша одамнинг сурати, шахсий маълумотлари, туғилган санаси, ёши ва ташқи кўриниши тавсифи бўлади. Агар автомобили бўлса, у ҳақда ҳам маълумот берилади. Нишонга олинган шахсни кузатишга борганингизда, ўзингиз билан телефон олманг», — деган у кўнгиллиларига.

Фома бир пайтлар Россия элитаси вакилларидан бири бўлган. Шу боис у юқори доираларда ўзига хос алоқаларга эгалигини ва ичкаридан мунтазам равишда махфий маълумотлар олиб туришини даъво қилади.

У Мамонга ноутбукида ҳарбий нишонларни харитага қандай туширишини кўрсатган.

«Бу ерда маълумотлар базаси бор... Омборхоналар ва ҳарбий қисмлар қаерда жойлашгани кўрсатилган. Генераллар қаерда яшаши... Украинани ўққа тутаётган стратегик бомбардимончи учоқлар учувчиларининг яшаш манзиллари ҳам бор.

Тизимни издан чиқариш учун унинг қандай ишлашини тушуниш керак. Шунда унинг заиф нуқталарини нишонга олиш мумкин».

Фоманинг айтишича, унинг тармоғида тахминан 30 нафар одам бор. Улар Россия, Украина ва Европанинг бошқа мамлакатларида фаолият юритади. Россиядан ташқаридагилар логистик ёрдам кўрсатади, жумладан, нишонга олинган шахсларнинг интернетда қолдирган рақамли изларини кузатади.

Фоманинг таъкидлашича, кузатилиши керак бўлган шахсларни ГУР таклиф қилади. Бироқ у ва унинг жамоаси бу одамларни ҳақиқатан ҳам ҳарбий жиноятчи деб ҳисоблаш учун асос бор-йўқлигини мустақил текширади.

«Одатда биз ҳам ўша шахс ҳақидаги маълумотларни текширамиз. Фақат шундан кейингина бу ишга киришамизми ёки йўқми, деган қарорга келамиз».

Шу билан бирга, Фома ўз жамоасининг ҳаракатларини оқлашга уринади.

«Мен Путин ва Россия номидан Украинада даҳшатли ишлар қилаётган одамлар бунинг учун жавоб беришларини тушунишларини истайман. Уларнинг қўрқишини хоҳлайман».

Фома украиналикларга фақат разведка маълумотларини етказиб беришини, унинг тармоғи эса ҳеч қандай суиқасдларни бевосита амалга оширмаслигини таъкидлайди.

2025 йил декабрида генерал Сарваров ўлдирилганидан кейин Фома Мамонга хабар юбориб, шундай деган:

«Уни кузатиш анча машаққатли бўлди. У гоҳ маъшуқасиникида, гоҳ ҳамкасбиникида яшарди. Изини яширар, кун тартибини доим ўзгартириб турарди».

Бироқ Фома ўз режалари ҳақида Мамон ва Би-би-сига олдиндан ҳеч қандай маълумот бермаган.

Иван эса ўзи иштирок этган операциялар ҳақида, ҳатто улар амалга оширилганидан кейин ҳам, гапиришни истамаган.

Фома Иван ҳақида ҳам мустақил суриштирув ўтказган.

Украина ва Россия ҳарбий разведкасидаги алоқалари орқали маълумотларни текширгач, у Иван ўтган йилнинг июнида Россиянинг Елабуга шаҳридаги энг йирик ҳарбий дронлар заводига зарба бериш режасида иштирок этган бўлиши мумкин, деган хулосага келган. Хабарларга кўра, ўша ҳодисада бир киши ҳалок бўлган.

Иван эса операцияларда ҳар доим тинч аҳолига зарар етказмасликка ҳаракат қилинишини таъкидлайди.

Бундай операциялар Иваннинг ўзи учун ҳам катта хавф туғдиргани аниқ.

«Энг жиддий ҳолат автомобилни текшириш учун тўхтатишганида юз берган. Ўшанда ёнимда қўлбола портловчи моддалар бор эди. Хавф жуда юқори эди. Аммо кўриб турганингиздек, улар мени фош қила олишмади», — дейди у.

Иваннинг айтишича, фош бўлиш хавфини камайтириш учун уларнинг фаолиятида аниқ ташкилий тузилма йўқ. У бирга ишлаётган бошқа одамлар билан ҳеч қачон учрашмаганини ва уларнинг кимлигини билмаслигини ҳам қўшимча қилади.

Фома ҳам ўз одамлари учун худди шундай қоида ўрнатган.

«Одамларни гуруҳларга тўплашингиз, умумий чатлар очишингиз, интернетда из қолдиришингиз биланоқ бутун гуруҳнинг тез орада қўлга олиниши ёки йўқ қилиниши эҳтимоли жуда юқори бўлади», — дейди у.

Иваннинг таъкидлашича, Россияда бундай ишларга яроқли одамлар жуда кам қолган.

«Ғоя учун курашадиган одамларнинг аксарияти ё мамлакатни тарк этган, ёки аллақачон панжара ортида», — дейди у.

Би-би-сига маълум бўлишича, Россия ҳудудида қўпорувчилик фаолиятига жалб этилган кўплаб россияликлар ё ўзлари билмаган ҳолда бу ишларга аралашиб қолган (масалан, юкига яширинча хавфли нарсалар жойлаштирилганидан бехабар юк машинаси ҳайдовчилари) ёки пул эвазига ишлаётган одамлардир.

Иван эса бу ишни ғоявий қарашлари туфайли қилаётганини айтади. У илгари сиёсий мухолифат аъзоси бўлган. Шу сабабли Россия ҳукумати унинг ҳаракатларини қаттиқ назорат қилиши кутилган эди.

Шундай экан, унинг Россиядан тез-тез чиқиб кетиб, яна қайтиб кела олгани ҳайратланарли ҳолат эди.

Оқ футболка кийган ва қора кўзойнак таққан Марчин Мамон қўлларини чўнтагига солганча тош девор ёнида кутиб турибди.
Сурат тагсўзи, Марчин Грузияда Иван билан учрашувни кутмоқда. Иваннинг хорижга бемалол чиқиб, қайтиб кела олаётгани бизни ҳайратга солди.

Мамон Иванни машинада Грузиядаги чўл ҳудудига олиб боришга кўндирди. У ерда улар бемалол суҳбатлаша олишарди. Мамон ундан украиналиклар қандай қилиб унга ишониши мумкинлигини сўради.

«Учинчи бир мамлакатга борасиз... У ерда сиз билан Украина агентлари учрашади ва ёлғон детектори орқали текширувдан ўтказади», — деди Иван.

Мамон Ивандан уни Украинадаги ГУР ходимларидан бири билан боғлашни сўради. У ходим дарҳол Иванга қўнғироқ қилди ва суҳбат овози баландлатилган телефон орқали олиб борилди. Бу Иван ҳақиқатан ҳам унинг қўл остида ишлашини кўрсатаётгандек эди. Улар «мактабдаги таъмирлаш ишлари» ҳақида гапириб, шартли иборалардан фойдаланишди.

Бироқ кейинроқ ўша разведка ходими Иван россияликлар учун ҳам ишлаётган бўлиши мумкинлигини истисно эта олмаслигини тан олди. У буни ўз хоҳиши билан ёки мажбурлаш натижасида қилаётган бўлиши мумкин эди.

Фома эса Иваннинг хорижга эркин чиқиб-келиши ўз-ўзидан шубҳа уйғотадиган ҳолат эмас, деб ҳисоблайди.

«Мамлакат бошқарув тизимида турли бўшлиқлар бор. Агар уларни билсангиз ёки шунчаки омадингиз келса, шу бўшлиқлардан ўтиб кетиб, тизим ичида яшай оласиз. Худди пишлоқ ичидаги сичқондек», — деди у Мамонга.

Бироқ Иваннинг Россия Федерал хавфсизлик хизмати — ФСБ учун ҳам жосуслик қилган бўлиши эҳтимолига қарши янада ишончлироқ далил бор. Агар у ФСБ учун ҳам ишлаганида, Украинанинг ҳужум режалари ҳақида билганларини Россия махсус хизматига етказиши эҳтимолдан холи эмасди.

Украинанинг 100 дан ортиқ дрони иштирокидаги вайронкор ҳужумидан бир йилдан кўпроқ вақт аввал Иван Марчинга Россия бўйлаб ҳарбий аэродромларда жойлашган стратегик бомбардимончи учоқларга йирик ҳужум уюштирилиши ҳақида айтиб келган. Бироқ у ҳужум қачон ва қаерда бўлишини ҳеч қачон айтмаган.

Марчин Ивандан бундай фаолиятнинг руҳий босимига қандай чидаётганини сўради.

«Қўрқув доим бор, — деди у. — У қаерга борсам ҳам мен билан бирга. Ҳатто ҳеч нарса қилмасангиз ҳам қўрқасиз. Бу — Россия».

Шунга қарамай, Иван бир кун келиб ҳаёти ўзгаришига умид билан қарайди.

«Путин абадий яшамайди», — деди у.