Ёш ва миллатчи? Исроилда ўта ўнг кучлар ёшлар орасида ўз тарафдорларини топмоқда

Исроилнинг ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир вояга етиб, армияга чақирилиш ёшига етганида, сиёсий қарашлари ҳаддан ташқари радикал деб топилгани учун ҳарбий хизматга қабул қилинмаган.
Ўшандан бери 30 йил ўтди, аммо унинг қарашлари деярли ўзгармади. Исроил эса ўзгарди. Бир вақтлар мамлакат сиёсий элитаси томонидан четга сурилган Бен-Гвир бугун ҳукуматнинг энг юқори доираларидан жой олган вазирлардан бири.
Келаси ҳафта бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан сайловчилар билан учрашувларда Бен-Гвирни кўпинча ёш, жўшқин тарафдорлар қуршаб олади. Улар унинг кўп сонли қўриқчилари боши узра партиянинг улкан байроқларини ҳилпиратиб, хурсандчилик билан олқишлашади.
Яҳудийлар ва араб исроилликлар аралаш яшайдиган Рамле шаҳридаги ёпиқ бозорда Бен-Гвир ёш сайловчиларга чақириғи сайловда фаол қатнашиб, овоз беришга келишга ундашдан иборат эканини айтди.
«Биз ўзимизга бўлган қўллаб-қувватловни кўряпмиз, меҳрни ҳис қиляпмиз ва ғалаба қозонишни истаймиз!» — деди у.

Бу сайловда ярим миллиондан ортиқ киши илк бор овоз беради. Кўплаб исроилликлар ушбу сайловни мамлакатнинг келажакдаги хавфсизлиги ва миллий ўзлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ҳисобламоқда.
Сўровномалар сайловдаги рақобат кескин кечишини кўрсатмоқда. Илк бор овоз берадиган ёш сайловчилар эса натижани белгилашда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Исроилнинг энг оммабоп газеталаридан бири — Yedioth Ahronoth буюртмаси билан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, илк бор овоз берувчиларнинг 16 фоиздан ортиғи ўта ўнг партияларни қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда. Улардан бири — Бен-Гвир раҳбарлик қилаётган «Яҳудий кучи» (Otzma Yehudit) партияси, иккинчиси эса унинг ўта ўнгчи иттифоқчиси Безалел Смотрич бошчилигидаги «Диний сионизм» партиясидир.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Исроилнинг етакчи Channel 12 телеканали буюртмаси билан ўтказилган бошқа бир сўровнома натижаларига кўра, ёшларнинг қарийб тўртдан уч қисми ўз сиёсий қарашларини «ўнг қанот» ёки «марказ-ўнг» деб баҳолайди.
«Итамар Бен-Гвир менда хавфсизлик ҳиссини уйғотади», — деди сиёсатчини Рамле шаҳрига кузатиб борган ёш тарафдорлардан бири, 20 ёшли Мордехай.
«Трампдан тортиб Мусогача — тарихдаги ҳар қандай инсон сингари, унинг ҳам баъзан унчалик ўринли бўлмаган гаплари учраб туради. Нима қилибди? Итамарнинг айтганларининг 90 фоизи ажойиб», — дея қўшимча қилди у.
«Итамар бизга хавфсизликни таъминлайди. Биз армияда хизмат қилаётганимизда ҳам ортимизда бизни қўллаб-қувватлайдиган, ҳимоямизда турадиган одам бўлади», — деди 18 ёшли Надав.
«Менимча, у бизнинг кучли давлат эканимизни кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Кўп йиллар давомида ўз эътиқодимизда қатъий эканимизни намоён эта олмадик. Ўз мафкурамизни очиқ ифода этиш имконимиз бўлмади», — деди у.
Лондонда улғайган, ўта ортодоксал яҳудийлар жамоасига мансуб 23 ёшли Меир Шрайбернинг айтишича, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС бошчилигида Исроилга қилинган ва Ғазо уруши бошланишига туртки бўлган ҳужумлар ҳам уни Бен-Гвирни тўғри танлов деб ҳисоблашга ишонтирган.
«Ёшлар тинчликка эришиш биз учун имконсиз нарса эканини тушунишяпти», — деди у менга. «Чунки ёшликда бошдан кечирган воқеалар шахсиятингни шакллантиради. Биз 7 октябрь воқеаларини кўрдик».

Бен-Гвир — жамиятда кескин қарама-қаршиликларни келтириб чиқараётган сиёсатчи. Исроилнинг ўзи ҳам бўлинган. Унинг сиёсий қарашлари қаторига босиб олинган Ғарбий Соҳилни Исроилга қўшиб олиш, Ғазо секторида яҳудийлар маҳаллаларни барпо этиш ва фаластинликларнинг «ихтиёрий равишда кўчиб кетиши»ни таъминлаш каби ғоялар киради. Унинг бу позициялари ва баёнотлари Исроилдаги либерал қарашли фуқаролар томонидан кескин қораланади.
Ғарбнинг бир қатор давлатлари фаластинликларга қарши нафрат ва зўравонликни қўзғатувчи баёнотлари учун Бен-Гвир ва Смотричга нисбатан санкциялар жорий этган ёки уларнинг мамлакатга киришини тақиқлаган. Ҳар иккиси ҳам Бош вазир Бинямин Нетаняху бошчилигидаги ҳукмрон коалицияда нуфузли вазирлар ҳисобланади.
Бен-Гвир ва унинг ҳамроҳлари бозор расталари орасидан оломонни ёриб ўтиб бораркан, айрим савдогарлар уларга қандолат ширинликларини отса, бошқалари эса норозилик билан қараб турди.
«Мен уни ёқтирмайман, у одамлар ўртасида низо қўзғайди», — деди савдогарлардан бири. «Рамле — яҳудийлар ва араблар аралаш яшайдиган шаҳар. Бу ерда, ҳатто 7 октябр воқеаларидан кейин ҳам, ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо унинг чақириқлари сиёсий саводи етарли бўлмаган ёшларни ўзига оғдирмоқда».
Бен-Гвирнинг 18–22 ёшдагилар орасида уларнинг ота-оналари авлодига нисбатан кўпроқ машҳурлиги кўпинча, ҳеч бўлмаганда қисман, 7 октябрь ҳужумларининг таъсири билан изоҳланади.
Бироқ илгари Исроилда кўплаб сиёсий кампанияларга раҳбарлик қилган сиёсий таҳлилчи Далия Шейндлиннинг айтишича, бунинг сабаблари фақат шу билан чекланмайди.
«Сўнгги қарийб 20 йил давомида ёш исроиллик яҳудийларнинг сиёсий қарашлари ўртача кўрсаткичдан кўра ўнгроқ эканини кузатиб келяпмиз. Кўплаб мезонлар бўйича уларнинг қарашлари 55 ёшдан ошганларникига нисбатан анча ўнгчил», — деди у менга.
«Улар бир қатор урушлар шароитида улғайишди ва тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни шахсан бошдан кечиришмади. Бироқ улар баҳс-мунозараларда энг кескин қарашларни ҳам муҳокама қилиш мумкин бўлган қонуний позициялар сифатида қабул қилишга ўрганишди. Булар — Ғарбий Соҳилни Исроилга қўшиб олиш, яҳудийлар манзилгоҳларини кенгайтириш ва 7 октябрдан кейин эса Ғазони ҳам Исроилга қўшиб олиш ғоялари. Энди эса улар илк бор сайловда овоз беришмоқда».

Исроиллик сатирик Лиор Шлейен яқинда синфхоналарда ўтказилган бир қатор баҳсларни тасвирга олди. Ушбу баҳсларда айрим ёш исроилликларнинг ўта кескин қарашлари намоён бўлди.
Шлейен ирқчиликка асосланган ёки ўта радикал фикрларга қарши чиқиб, баҳс иштирокчиларини саволга тутган. Бу видеолар Исроилда катта эътибор қозонди. Улардан бирида ўқувчилардан бири Исроилнинг барча араб фуқароларини ўлдириш кераклигини таъкидлаган. Кейинчалик бу видео Шлейеннинг веб-сайтидан олиб ташланди.
Сўровномаларга кўра, Исроилда илк бор овоз берадиган ёшлар сайловда қатнашишга жуда қизиқмоқда: уларнинг 80 фоиздан ортиғи овоз бериш эҳтимоли юқори эканини билдирган. Бироқ шу тадқиқотлар ёшларнинг демократик институтларга ишончи камроқ эканини, сиёсий намойишлар ва петицияларда эса камроқ иштирок этишини кўрсатмоқда.
Ҳукуматни қўллаб-қувватловчи ва унга қарши бўлган икки барқарор сиёсий блок ўртасидаги рақобат деярли тенг кечаётган бир пайтда, янги сайловчиларни овоз бериш участкаларига жалб қилиш натижани ҳал этиши мумкин.
Мухолифат партиялари ёш сайловчилар эътиборини демократияга таҳдидлар ҳақидаги огоҳлантиришлар, ижтимоий тармоқлар учун тайёрланган янги видеолар ва ёш номзодлар орқали қозонишга ҳаракат қилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
«2022 йилдаги сайловда Тел-Авивда яшовчи фуқароларнинг атиги 59 фоизи овоз берди. Бу эса бутун Яқин Шарқдаги энг либерал шаҳар! Бен-Гвирни қўллаб-қувватлаган ҳудудларда эса сайловчиларнинг қарийб 90 фоизи овоз берди», — деди собиқ бош вазир Нафтали Беннетт раҳбарлик қилаётган мухолифатдаги ўнг-марказчи «Беяхад» («Биргаликда») партиясидан номзод, 24 ёшли Йонатан Шалев.
Унинг айтишича, Бен-Гвир ижтимоий тармоқлар кучини бошқа сиёсатчилардан кўра тезроқ англаб етган.
«Либерал сиёсатчилар ТикТокка ҳам, Инстаграмга ҳам ишонмади. У эса айнан шу майдондан фойдаланди».
Шалевнинг айтишича, у ўз партиясини ижтимоий тармоқлар орқали ёш сайловчиларга етиб боришга ундаган.
«Уч ой олдин ҳам Бен-Гвир ТикТокда энг кўп кўришлар ва энг кўп лайк тўплаган сиёсатчи эди. Инстаграмда ҳам шундай эди. Ҳозир эса бу борада Нафтали Беннетт олдинда», — деди у.
Ҳозир собиқ бош вазирнинг Инстаграм саҳифасида унинг рэп мусиқаси остида оғирлик кўтараётгани ёки кўчада Шалев билан суҳбатлашаётгани акс этган видеолар бор. Ҳатто Нетаняху ҳам шиддатли мусиқа остида тайёрланган, ҳарбий руҳдаги тезкор видеолар орқали ижтимоий тармоқларда фаоллаша бошлади.
«Исроилда ёшлар янгиликларни томоша қилмайди, газеталарни ҳам ўқимайди. Ёш авлод барча маълумотларни ТикТок ва Инстаграмдан оляпти», — деди Шалев.

Йонатан Шалев яқинидан ўтиб кетаётганини кўрган 21 ёшли Яҳли Реске ва Мика Магал яқин атрофдаги бардан шошиб чиқишди.
«Мен уни жуда яхши кўраман», — деди Мика.
«Ҳа», — дея қўшилди Яҳли. «У биз билан тенгдош, жуда ёш ва жуда кўп нарсани билади. Бир хил гапларни қайта-қайта такрорлайдиган кекса одамларни тинглаш қийин».
Яҳлининг айтишича, 7 октябрдаги ҳужумлар бошланган пайтда у миллий ҳарбий хизматни ўтаётган эди.
«Ўшангaча сиёсатга умуман эътибор берганимни эслай олмайман», — деди у. «Аммо, эҳтимол, 7 октябрда ҳокимиятда бошқа ҳукумат бўлганида, воқеалар бошқача кечган бўларди».
Биринчи марта овоз берадиган сайловчиларнинг 16 фоизи ўта ўнгчи партияни қўллаб-қувватлашини кўрсатган шу сўровга кўра, уларнинг қарийб 9 фоизи «Беяхад» партиясига овоз бериши мумкин. Собиқ генерал Гади Айзенкот раҳбарлик қилаётган ўнг марказчи «Яшар» партияси ҳам шунча овоз олиши мумкин.
Ўтган дам олиш кунлари Тел-Авивдаги талабалар тадбирида Бен-Гвир нутқ сўзлаётганида, намойишчилар унинг гапини бўлиб, «Фашизмга йўл йўқ!» деб бақиришди. Оқибатда у саҳнани тарк этишга мажбур бўлди.
Исроилда ёш сайловчилар ўнг қарашларга тобора кўпроқ мойил бўлаётган бўлиши мумкин. Аммо улар ҳам бошқа исроилликлар каби иккига бўлинган: қайси сиёсатчи мамлакат хавфсизлиги ва миллий манфаатларини ҳимоя қилади, ва қайсиси Исроилнинг келажагига таҳдид солади, деган масалада уларнинг қарашлари турлича.






























