Самарқанд Форс тамаддунининг бир қисмими? Эрон дипломатларининг Рубиога эътирозлари Ўзбекистонда кескин қарши олинди

Марко Рубио рафиқаси Жанетт Дусдебес билан Самарқандда.
Сурат тагсўзи, Марко Рубио рафиқаси Жанетт Дусдебес билан Самарқандда.
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

АҚШ Давлат Котиби Марко Рубионинг Самарқандда қилган баёнотига Эрон томонидан билдирилган муносабат ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлди. Ўзбекистонлик кўплаб шарҳловчилар уни Эрон томонидан Ўзбекистон маданий меросига қилинган тажовуз дея талқин қилдилар.

Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари билан С5+1 форматида учрашиш учун келган Рубио Самарқанднинг тарихий Регистон майдонида видео баёнот ёзиб, уни Х платформасидаги саҳифасига қуйидаги матн билан жойлади:

«Дунёда Самарқанд каби халқаро савдо-сотиқда тарихан муҳим ўрин тутган жойлар саноқли. Бугун бу ерда бўлиш мен учун шараф – нафақат тарихни ёдга олиш, балки келажакдаги имкониятлар ҳақида ҳам фикр юритиш учун."

Унинг бу сўзлари Эроннинг хориждаги элчихоналари, хусусан, Арманистон ва Болгариядаги элчихоналарининг эътирозига сабаб бўлди.

Эроннинг Болгариядаги элчихонаси билдирган муносабат.
Сурат тагсўзи, Эроннинг Болгариядаги элчихонаси билдирган муносабат.

Эроннинг Болгариядаги элчихонаси ўзининг Х саҳифасида шундай деди:

«Марко Рубио Эрон тамаддунини танқид қилади, аммо Самарқандда форс маданий мероси намуналари қаршисида суратга тушади. Марко, форс тамаддунини танқид қилишинг мумкин, лекин мана, ўзинг энди унинг қаршисида турибсан.»

Эроннинг Арманистондаги элчихонасининг муносабати эса қуйидагича эди:

Эроннинг Арманистондаги элчихонасининг муносабати
Сурат тагсўзи, Эроннинг Арманистондаги элчихонасининг муносабати

«Тарихни ўрганаётганинг жуда яхши! Сен турган жой форс тамаддуни ва меъморчилигининг бир қисми. Ўтган ҳафта Акрополда сафсата сотганинг ҳам айнан шу тамаддун ҳақида эди!»

Ҳақиқатдан ҳам, Рубио 7 октябрда Грецияга қилган сафари чоғида, Афинадаги Акропол ёдгорлигида нутқ сўзлаб, қадимги Форс давлатини юнон тамаддунининг душмани сифатида тасвирлади ва Эроннинг бугунги диний раҳбариятини танқид қилди. «Форслар ибодатхоналарни талон-торож қилди, муқаддас зиёратгоҳларга ўт қўйди ва Акрополни ер билан яксон қилди,» - деб айтганди у. Аммо, у форс тамаддуни деган иборани ишлатмаган.

Аммо, Эронда бу нутқ Форс давлатини Ғарбнинг тарихий душмани дея таърифлашдек талқин қилинди ва кўплаб танқидларга сабаб бўлди.

Самарқанд форс тамаддунининг бир қисмими?

Самарқанднинг қадимги аҳолиси эронзабон эди, чунки Самарқанд Суғдиёнанинг маркази бўлган. Суғдлар эрон тиллари оиласига мансуб суғд тилида гаплашган.

Суғд тили эса қадимги эрон тилларидан бири эди. Суғдлар Буюк ипак йўлида савдо-сотиқнинг муҳим иштирокчилари бўлган. Улар Хитойдан Византиягача бўлган савдо алоқаларида катта рол ўйнаган.

Бироқ суғдлар форслар билан айнан бир халқ бўлмаган. Улар эронзабон халқлар оиласига мансуб алоҳида халқ эди.

Рубио ташрифи чоғида Регистонга жойлаштирилган мерганлардан бири.
Сурат тагсўзи, Рубио ташрифи чоғида Регистонга жойлаштирилган мерганлардан бири.

Самарқанд асрлар давомида форс-тожик тили ва адабиётининг муҳим марказларидан бири бўлган.

Бугун ҳам Самарқандда тожик тилида сўзлашадиган катта аҳоли бор. Тожик тили эса форс тилининг Марказий Осиёда шаклланган тури ҳисобланади.

Шу сабаб Самарқанднинг форсий маданий мероси фақат тарихий ёдгорликларда эмас, балки шаҳар аҳолисининг тили, оғзаки ижоди ва урф-одатларида ҳам сақланиб қолган.

Самарқанддаги Темурийлар меъморчилиги кўп жиҳатдан ундан аввал Эрон ва Хуросонда шаклланган меъморчилик анъаналаридан намуна олган. Масалан, Эрондаги тўрт айвонли ҳовли анъанаси Самарқанднинг Темурийлар давридаги мадрасаларидан анча аввал шаклланган. Салжуқийлар даврида, XI–XII асрларда, Исфаҳонда бу услуб кенг ривожланган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Шу маънода, Самарқанддаги мадрасалар аввалги Эрон ва Хуросон меъморчилик анъаналарини давом эттирган.

Аммо, Самарқанд меъморчилигининг айрим асосий шакллари Темурийлардан аввалги Эрон ва Хуросон анъаналарига таянса-да, Самарқанд уларни шунчаки такрорламаган — ўзига хос меъморчилик мактабини яратган ва кейинчалик Эроннинг ўзига ҳам таъсир кўрсатган.

Шаҳарнинг бугунги машҳур қиёфаси, айниқса Регистон ва Гўри Амир, энг аввало Темурийлар даврида шаклланган туркий, форсий ва исломий анъаналар аралашмасидир.

Самарқанд фақат Эрондан маданий таъсир олмаган. Аксинча, Темурийлар даврида Самарқандда шаклланган меъморчилик кейинчалик Эрондаги Сафавийлар ва Ҳиндистондаги Бобурийлар меъморчилигига ҳам таъсир кўрсатган.

Амир Темур туркий-мўғул сиёсий анъаналарига мансуб ҳукмдор бўлган. Лекин унинг саройи форсий маданият таъсирида ҳам ривожланган.

Теҳронликлар Тажриш майдонига ўрнатилган қалбаки камера ичида Трамп ниқобини кийиб олган актёрни суратга олишмоқда.
Сурат тагсўзи, Теҳронликлар Тажриш майдонига ўрнатилган қалбаки камера ичида Трамп ниқобини кийиб олган актёрни суратга олишмоқда.

Темур забт этилган шаҳарлардан, жумладан, Шероз ва бошқа маданий марказлардан ҳунармандлар, меъморлар, олимлар ва шоирларни Самарқандга олиб келган.

Шу тариқа Самарқандда туркий сиёсий ҳокимият, форсий адабий-маданий анъаналар ва ислом меъморчилиги ўзаро уйғунлашган.

Маҳаллий муносабат

Ўзбекистонлик баъзи одамлар Эрон элчихоналарининг баёнотларига кескин фикр билдиришди.

Жумладан, Фейсбукда Шаҳобиддин Луқмон: "Ўзбекистон ТИВ (Ташқи ишлар вазирлиги) Эрон элчисини чақириб нота бериши керак. Нима аҳвол бу, кўрпасига ўт қўймоқчи, шекилли", - деб ёзди.

Шуҳрат Шокиржонов эса қуйидагича муносабат билдирди: "Эронга сиғинишда, уни қўллашда бардавом бўлинглар. Улар бизнинг ерларни ўз ерлари деб билади".

Тарихчи Элдор Асанов.
Сурат тагсўзи, Тарихчи Элдор Асанов.
Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Тарихчи Элдор Асанов ўз Телеграм каналида ёзишича, АҚШга қарши ахборий ҳужум қилишга уринаман деб эрон дипломатлари Ўзбекистонга тегиб қўйганини тушунмаган бўлишлари мумкин.

Унинг ёзишича, барча "миллий" тарихчиликлар сингари, Эрон расмий тарихчилиги ҳам шарқшуносликда ўрнашган форс ёки эроний маданият тушунчасини ўз давлати номи ва ҳудуди билан боғлайди, ўзини марказ деб ҳисоблайди. «Яъни ўтмишдаги вазият бугунги сиёсий чегаралар билан боғланади: бизнинг маданиятимиз, бизнинг ерларимиз, бизнинг меросимиз...»

«…бугунги Эрон — бу (эроний) маданиятнинг бир бўлаги холос; бошқа ҳудудларга маданиятни экспорт қилган тарихий маданий марказ эмас. Бу икки минтақани бирлаштирган сиёсий марказлар эса доим Марказий Осиёда бўлган. Ë Теҳрондан, Табриздан туриб Самарқандни бошқарган бирорта сулолани эслай оласизларми? Охирги 1,5 минг йил давомида доим бунинг тескариси бўлган. Шундай экан, бугунги Эрон расмий ташкилотлари "бу бизнинг маданий меросимиз", "бизга тегишли меъморчилик" дейиши ҳам тарихий фактларни бузиб кўрсатиш, ҳам сиёсий кўрликдир», - деб ёзади Асанов.

Ўзбекистон ҳукуматининг АҚШ-Эрон зиддиятига муносабати

2026 йил 28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари бошланганидан бери Ўзбекистон асосан эҳтиёткор, дипломатик позицияни эгаллаб келмоқда.

Тошкент ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, халқаро ҳуқуққа риоя қилишга ва музокараларга чақирган. Аммо АҚШ ва Исроилни очиқдан-очиқ қоралашдан тийилган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этиш учун июлда Қирғизистонга борган Эрон ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Ароқчи Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказган.
Сурат тагсўзи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этиш учун июлда Қирғизистонга борган Эрон ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Ароқчи Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказган.

Эронга ҳужум бошлангани куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқда вазият кескинлашганидан жиддий хавотир билдирди, ҳамда барча томонларни вазминликка ва вазиятни янада кескинлаштирмасликка чақирди.

24 июлда Президент Шавкат Мирзиёев Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон мулоқотида Яқин Шарқдаги кескинликдан жиддий хавотир билдирди, ҳамда вазминликни сақлаш ва мулоқотни тиклаш зарурлигини таъкидлади. Суҳбатда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга келишилди.

29 сентябрда икки президент яна телефон орқали суҳбат қилиб, савдо, инвестиция, маданий ҳамкорлик ва минтақавий масалаларни муҳокама қилишди.

Бу икки суҳбат оралиғида, 17 августда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳромжон Аълоев Теҳронда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан учрашди. Ароқчи Ўзбекистоннинг Эронга нисбатан тутган мавқеини «принципиал» деб баҳолаб, мамлакатнинг Эрон инқилоби раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий хотирасига бағишланган маросимга юқори даражали делегация юборганини ҳам алоҳида қайд этганди.

Ўзбекистон, шунингдек, АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида Эронда юз берган талафотлар бўйича ўз ҳамдардлигини билдирган ва Теҳронга инсонпарварлик ёрдамларини йўллаган.