Озарбайжонда ҳижоб можароси: Алиев ҳукуматига таҳдид борми?

Илҳом Алиев ва рафиқаси Меҳрибон Алиева
Сурат тагсўзи, Илҳом Алиев ва рафиқаси Меҳрибон Алиева
    • Author, Кўнул Халилова
    • Role, BBC Озарбайжон хизмати
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Президент Илҳом Алиев ҳокимияти ҳижоб билан боғлиқ норозиликлар қаршисида мураккаб танловга дуч келди: ортга чекиниш ҳокимиятнинг босим остида ён бериши сифатида кўриниши мумкин, қатъий позицияда қолиш эса диний эркинликлар борасидаги норозиликни янада кучайтириши эҳтимол бор.

Ҳозирча бу норозиликлар ҳокимият учун бевосита сиёсий таҳдидга айланганини айтишга эрта. Бироқ ҳукуматнинг уларга қандай жавоб бериши норозиликлар кейинчалик қайси йўналишда ривожланишига, шунингдек, можаро ҳижоб масаласи доирасидан чиқиб кетиш-кетмаслигига таъсир қилиши мумкин.

Норозиликларга нима сабаб бўлди?

Озарбайжондаги ҳозирги норозиликларга мактаблардаги янги кийиниш қоидалари сабаб бўлди. Бу қоидалар ҳижоб ўрайдиган қизлар ва ўқитувчиларнинг мактабга киритилмаслигига олиб келмоқда.

Сентябр ва октябр ойларида Вазирлар Маҳкамаси ўқувчилар ва ўқитувчилар учун "дунёвий кийиниш қоидалари"ни жорий этувчи ўзгартишларни қабул қилди. Қоидаларда ҳижоб очиқчасига тилга олинмаган бўлса-да, ҳижобли қизларнинг мактабга киритилмаётганини кўрсатувчи кўплаб хабарлар ва видеолар интернетда тарқалди. Боку ва Сумгаитдаги ўқитувчилар мактаб раҳбарияти улардан ҳижобни ечишни ёки ишдан кетишни талаб қилганини билдиришди.

Озарбайжонда тўпланиш эркинлиги чекланаётгани ҳақидаги танқидларни ҳисобга олсак, ушбу қарорга нисбатан реакция одатдагидан анча кенг бўлганини айтиш мумкин. Боку ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги айрим мактабларда ўқувчилар ҳижоб ўрайдиган синфдошларини қўллаб-қувватлаб, дарсларга боришдан бош тортди.

12 октябр куни Бокуда мактаб ўқувчилари норозиликни давом эттириб, бир нечта мактаб яқинида кўчада дарс ўтказди.

Ички ишлар вазирлиги 37 киши ушланганини маълум қилди. Фаоллар эса қўлга олинганлар сони 200 нафардан ошганини даъво қилмоқда.

Хабарларга кўра, Бокуда номаълум шахслар мактаб директорининг автомобилига ўт қўйган, Абшерон туманида эса яна тўртта автомобиль ёндирилган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Instagram ва TikTok'га киришда қийинчиликларга дуч келаётганини ҳам билдирган. Бу ҳокимият интернетдан фойдаланишни чеклаётгани ҳақидаги иддаоларга сабаб бўлди.

12 октябр куни пойтахтнинг Қоратоғ туманида мактаб директорига тегишли Kia русумли автомобиль ёқиб юборилгани юзасидан тергов бошланди.

APA ахборот агентлигига Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, полиция чоралари натижасида автомобилга ўт қўйган, муқаддам судланган бир киши ушланган.

Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда.

Давлатнинг дунёвийлик сиёсати ва диний эркинлик талаблари ўртасидаги зиддият

Озарбайжон аҳолисининг аксарияти мусулмон. Бироқ мамлакатда ўнлаб йиллар давом этган совет ҳокимияти таъсирида дунёвийликнинг кучли анъанаси шаклланган.

Ҳукумат дунёвий таълимни асосий тамойил деб билади. Ҳижобни диний мажбурият деб ҳисоблайдиганлар эса мактабда ҳам уни ўраш ҳуқуқига эга эканини таъкидламоқда.

Норозилик намойишидаги плакатлардан бирида бу талаб қисқа ифодаланган: "Ҳижоб таълим олишга тўсиқ эмас".

Бундай ҳолат аввал ҳам кузатилган. 2010 йил декабрида Бокуда юзлаб киши мактаб ўқувчи қизларининг диний ҳуқуқларини талаб қилиб, Таълим вазирлиги томон юрган эди. Полиция намойишнинг 16 иштирокчисини ушлаган.

Озарбайжонда қўққисдан бошланадиган норозилик намойишлари кам учрайди. Жамоатчилик норозилиги қаттиқ назорат қилинадиган мамлакатда бир нечта шаҳарда ўқувчиларнинг дарсларни бойкот қилиши шу боис эътиборга молик.

Ҳижоби учун мактабга қўйилмаган ўқувчилар
Сурат тагсўзи, Ҳижоби учун мактабга қўйилмаган ўқувчилар

Озарбайжонда ҳижоб оммалашиши ортида нима бор?

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Озарбайжонда ҳижобнинг кенгроқ тарқалиши сабабларидан бири сифатида 1991 йилдан кейин диний тарғиботнинг қайта жонланиши кўрсатилади.

Совет Иттифоқи 70 йил давомида динни сиқиб келган.

Мустақилликдан кейин дин жамоат ҳаётида кўпроқ кўрина бошлади, совет даврида чекланган диний амалиётлар эса яна очиқроқ намоён бўлди.

Минтақавий ва демографик фарқлар ҳам бор. Ҳижобга кўпроқ консерватив қарашлар устун бўлган жанубий ҳудудларда, масалан, Масалли ва Ланкаранда, Эрон чегараси яқинидаги жойларда, шунингдек, Бокунинг Балохани ва Нардаран каби чекка аҳоли манзилларида дуч келиш мумкин.

Диний ҳаётнинг қандай кечишига шиа ва сунний анъаналари ҳам таъсир кўрсатади. Мустақилликдан кейинги даврда Эрон ва Туркия билан боғлиқ диний ташкилотлар ҳам Озарбайжонда фаолият юритган. Озарбайжон ҳукумати диний масалаларда ташқи таъсир хавфи ҳақида бир неча бор гапирган.

Бироқ кўплаб аёллар учун ҳижоб шунчаки жиддий қабул қиладиган диний мажбуриятдир. Норозилик билдирган аёлларнинг айримлари таълим ёки иш билан диний эътиқод ўртасида танлов қилишга мажбур бўлаётганини айтмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"117-мактабда ишлайман. Бу ерга эрталаб соат саккизга қолмай келдик. Бизни дарсларга киритишмаяпти. Мана, ҳамкасбларим шу ерда. Ҳаммамиз ҳижоблимиз. Ҳеч ким ҳижобини ечишни истамайди. Бизни бир хонага киритиб қўйишди, кутиб туринглар, дейишяпти", — деди ҳижоби сабабли мактабга киритилмаган ўқитувчилардан бири.

Озарбайжонда ҳижоб ўрайдиганлар сони қанча экани номаълум. Норозиликлар кўлами катта кўринаётганининг сабабларидан бири ҳам янги сиёсат ҳижоб кенг тарқалган жамоаларга таъсир қилаётгани бўлиши мумкин.

Ҳукуматни қўллаб-қувватловчи оммавий ахборот воситалари воқеаларни ташқи кучларнинг қутқуси билан боғламоқда.

AzPost.az нашри хабар беришича, Ясамал туманидаги мактаблардан бирида ёнғин чиқаришга уриниш бўлган.

Qafqazinfo нашрининг маълумотига кўра, кўрилган чоралар натижасида бунинг олди олинган ва ҳеч ким жабрланмаган.

"Бу ҳодиса Озарбайжоннинг дунёвий давлат моделига ҳужум қилаётган ташқи кучлар қутқусига учган фитначиларга нисбатан қатъий чоралар кўриш зарурлигини кўрсатади", — деб ёзди нашр.

Норозиликлардан бири
Сурат тагсўзи, Норозиликлардан бири

Норозиликлар кенгроқ ҳаракатга айланиши мумкинми?

Таранглик кучайишининг асосий сабабларидан бири норозиликнинг аниқ ва шахсий масала билан боғлиқлигидир. Бу намойишларни аввалги сиёсий акциялардан ажратиб турадиган жиҳатлардан бири ҳам шундаки, муаммо одамларнинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилмоқда: қизларнинг мактабга киритилмаслиги ва айрим ўқитувчиларнинг ишидан айрилиш хавфи.

Ўқитувчилар ҳам дарсга киритилмагани сабабли ўқувчилар уларни қучоқлаб йиғлаётгани акс этган видеолар тарқалди. Бундай лавҳалар можарони фақат диний фаоллар масаласи бўлиб қолишидан чиқариб, мактаб ўқувчилари ва уларнинг оилалари орасида ҳам кун тартибига олиб чиқди.

Фан ва таълим вазирлиги сўнгги кунларда ҳижоб билан боғлиқ норозиликлар юзасидан алоҳида баёнот бермади. Боку шаҳар таълим бошқармаси эса мактабларда кийиниш қоидаларига риоя этилиши бўйича мониторинг ўтказилишини билдирди.

Боку, Сумгаит, Абшерон ва Масаллидаги бойкотлар, кўчада ўтказилган дарслар, шунингдек, мактаб раҳбарларининг автомобиллари ёқиб юборилгани ҳақидаги хабарлар ғазаб ва норозилик фақат битта маҳалла билан чекланмаганини кўрсатади.

Норозиликлар диний ўзликка тааллуқли масалалар кенгроқ гуруҳларни сафарбар қилиши мумкинлигини ҳам намоён этмоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларида Озарбайжонда дунёвий мухолифат партиялари вакиллари йиллар давомида жиддий босимга дуч келаётгани қайд этилади.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2025 йил декабрида Озарбайжонда "мухолифатга қарши узоқ вақтдан бери давом этаётган босим кампанияси" ҳақида ҳисобот эълон қилган.

Озарбайжонда диний масала атрофида пайдо бўлган норозилик бундай партиялар анъанавий равишда етиб бора олмаган жамоаларни ҳам ҳаракатга келтириши мумкин. Ижтимоий тармоқлар эса турли гуруҳларнинг бир-бири билан алоқа ўрнатишини осонлаштиради.

Норозиликлар Алиев ҳокимияти учун қанчалик жиддий таҳдид?

Илҳом Алиев
Сурат тагсўзи, Илҳом Алиев

Боку бундай муаммога аввал ҳам дуч келган. 2010–2011 йилларда ҳукумат диний мухолифатнинг бир нечта етакчисини ҳибсга олган. Бу уларнинг тарафдорлари янги норозилик намойишларини ўтказишига сабаб бўлган, намойишчиларнинг айримлари ҳам қамалган. Ислом партиясининг рўйхатдан ўтказилиши бекор қилинган, унинг раҳбари ҳибсга олинган ва норозиликлар аста-секин сусайган.

Озарбайжон ҳукумати аввалги ҳукуматга қарши намойишларга ҳам полициянинг куч ишлатиши ва кўплаб ҳибслар билан жавоб берган. 2003, 2011, 2019 ва 2020 йиллардаги ҳукуматга қарши акциялар оммавий ҳибслар орқали назоратга олинган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги ташкилотларига кўра, Озарбайжонда мустақил оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятига босим кучли. Етакчи фаоллар ва журналистларнинг бир қисми қамоқда.

Бироқ Алиевнинг ҳозирги вазиятини аввалги норозиликлар давридан ажратиб турадиган омиллар ҳам бор. Қорабоғдаги ҳарбий ғалаба, энергетикадан тушадиган даромадлар ва Туркия билан яқин иттифоқ ҳукуматнинг сиёсий ва иқтисодий имкониятларини оширган.

Шунга қарамай, хорижда яшаётган журналист Рауф Миргадиров норозиликларни жамият ҳар қандай қарорни жимгина қабул қилишга тайёр эмаслигининг белгиси сифатида баҳолайди.

"Бу воқеа жамият ҳамма нарсага чидашга тайёр эмаслигини кўрсатди", — деди у Би-би-си Озарбайжон хизматига берган интервьюсида.

Ҳозирча кийиниш қоидаларини ўзгартиришни талаб қилаётган ўқувчилар ва ота-оналар ягона етакчилари, ҳокимиятга нисбатан умумий сиёсий талаблари ва ташкилий тузилмаси бўлган сиёсий ҳаракатни шакллантиргани йўқ.

Бундан ташқари, Озарбайжон жамиятида дунёвий давлат моделини ҳимоя қиладиганлар ҳам бор.

Жамиятнинг бир қисми диний таъсир, айниқса, Эрон билан боғлиқ диний-сиёсий таъсир кучайишидан хавотирда.

Бу эса ҳукуматга норозиликларни кенгроқ сиёсий таҳдид сифатида кўрсатиш учун муайян имконият беради.

Норозиликлар Алиев ҳокимиятига амалда қандай таъсир кўрсатади?

Getty Images
Hozircha bu noroziliklar Ilhom Aliyev hokimiyatiga bevosita tahdid tug‘diryapti, deb aytish qiyin. Biroq...
Ko'nul Xalilova
BBC Ozarbayjon (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Асосий масала норозиликлар дарҳол ҳокимият алмашинувига олиб келадими-йўқми, деган савол эмас. Уларнинг яқин истиқболдаги таъсири ҳукуматнинг мамлакатда барқарорлик ва назоратни таъминлаётгани ҳақидаги тасаввурга босим ўтказишида кўринади. Бир нечта шаҳарда намойишлар ўтказилиши ва норозиликларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиши ҳокимият учун бошқариш қийин бўлган янги вазиятни юзага келтирди.

Диний норозиликнинг узоқ муддатли оқибатлари ҳам бўлиши мумкин. Эътиқоди сабабли мактабдан четлатилган, деб ҳисоблаётган қизлар ва уларнинг оилалари давлатга нисбатан муносабатини ўзгартириши, айниқса диний жамоаларда бегонасираш ҳиссини кучайтириши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳокимият қандай йўл тутиши ҳозирча ноаниқ. Эҳтимолий вариантлар орасида қоидаларни қўллаш тартибини ўзгартириш ҳам, намойишчиларга нисбатан янада қатъий чоралар кўриш ҳам бор. Ҳар икки ҳолатда ҳам можаронинг диний жамоаларда келтириб чиқарган норозилиги қанча давом этиши очиқ қолмоқда.

Норозиликларни ташкил этишда иштирок этган деб ҳисобланаётган шахсларга босимни кучайтириш кўча намойишларининг сусайишига олиб келиши мумкин. Бироқ бу ҳижоб масаласи атрофида пайдо бўлган норозиликнинг ўзи бартараф этилди, дегани эмас.

Ҳокимият учун жиддийроқ сиёсий муаммо диний норозилик иқтисодий ёки бошқа ижтимоий норозиликлар билан қўшилиб кетган тақдирда юзага келиши мумкин. Ҳозирча эса уларнинг кенгроқ сиёсий ҳаракатга бирлашганини кўрсатувчи аниқ белгилар йўқ.

Хорижда яшаётган озарбайжонлик журналист Рауф Миргадиров ҳокимият жамият билан "мулоқот режимига ўтиши керак", деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, инқирозларни бошқариш учун жамият ва ҳокимият ўртасида ишлайдиган сиёсий ҳамда ижтимоий механизмлар бўлиши зарур.

Туркиядан келаётган босим Алиев учун қанчалик жиддий?

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған
Сурат тагсўзи, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған

Норозиликларнинг Туркияда ҳам акс-садо бериши Боку учун қўшимча муаммо туғдирди. Бироқ ҳозиргача асосий босим Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукуматидан эмас, балки Туркия жамиятининг айрим қатламлари, исломчи ташкилотлар, ҳукуматни қўллаб-қувватловчи оммавий ахборот воситалари ва Адолат ва тараққиёт партияси (АКП) сайловчилари томонидан келмоқда.

3 октябр куни исломчи Özgür-Der ташкилоти ташаббуси билан Озарбайжоннинг Истанбулдаги консулхонаси олдида норозилик намойиши ўтказилди. Ташкилот янги қоидаларни бекор қилишни ва Туркиянинг Озарбайжонга дипломатик босим ўтказишини талаб қилди. Туркиядаги айрим диний арбоблар ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи оммавий ахборот воситалари ҳам Бокунинг позициясини танқид қилди.

Президент Эрдўғоннинг бош маслаҳатчиси Октай Сарал ҳижобли ўқувчиларнинг мактабга киритилмаслигини "қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат" деб атади ва Озарбайжон "бу хатони тез орада тузатишини" кутаётганини билдирди.

Озарбайжон–Туркия парламентлараро алоқалари бўйича ишчи гуруҳ эса Туркиянинг айрим оммавий ахборот воситалари ва сиёсий доираларида Озарбайжон ҳақида билдирилган танқидлардан "жиддий хавотир ва афсус" изҳор қилди. Гуруҳ Октай Сарал ва АКПнинг айрим депутатлари баёнотларини "асоссиз айбловлар" деб атаб, Туркиядан Озарбайжоннинг ички ишларига аралашмасликни ва унинг дунёвий давлат тузумига ҳурмат кўрсатишни сўради.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Эрдўғоннинг шахсий позицияси эса билвосита ифодаланди. Сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида у мактабларда ҳижобга қўйилган чекловларни "аёлларнинг энг асосий ҳуқуқларига ҳужум" деб атади ва буни "исломофобия" билан боғлади. У Озарбайжон номини тилга олмаган бўлса-да, нутқ кийиниш қоидалари ўзгартирилганидан бир кун ўтиб янграгани айрим шарҳловчиларнинг уни Бокуга ишора сифатида баҳолашига сабаб бўлди.

Шунга қарамай, Анқара можарони кучайтиришдан тийилди. Алиевнинг матбуот хизмати маълум қилишича, Эрдўғон 27 сентябр куни Алиев билан телефон орқали гаплашган. Бироқ Озарбайжон президенти сайтидаги расмий хабарда мактаблардаги кийиниш қоидалари масаласи тилга олинмаган. АКП вакили Ўмар Челик ҳам Туркияда Озарбайжонга қарши намойиш ўтказаётган гуруҳлар партияга ҳам, ҳукуматга ҳам алоқадор эмаслигини айтди.

Алиев эса Туркияни номма-ном тилга олмасдан, "бизнинг турмуш тарзимизга аралашманг", деган мазмундаги баёнот берди. Туркияни камдан кам очиқ танқид қиладиган Озарбайжон раҳбарининг бундай позицияси бу масала Боку учун нозик эканини кўрсатади.

Туркия омили Алиев учун бевосита сиёсий таҳдиддан кўра қўшимча босим манбаи ҳисобланади. Туркиядан ҳам танқидлар янграши Бокунинг диний норозиликни асосан ташқи, хусусан, Эрон таъсири билан боғлашга қаратилган анъанавий далилларини мураккаблаштиради. Шу билан бирга, Туркиядаги муҳокамалар озарбайжонлик намойишчиларга ҳокимият назоратидан ташқаридаги туркий тилли ахборот ва ижтимоий тармоқлар маконидан фойдаланиш имконини беради.

Кўп йиллар давомида анъанавий сиёсий мухолифат намойишларини назорат қилишга ўрганган ҳокимият энди дин, мактаб ва оилаларнинг кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ норозиликка дуч келмоқда. Бунинг устига, танқидлар Озарбайжоннинг энг яқин иттифоқчиси бўлган Туркиядаги айрим доиралардан ҳам келмоқда.

Ҳозирча бу норозиликлар Илҳом Алиев ҳокимиятига бевосита таҳдид туғдиряпти, деб айтиш қийин. Бироқ ҳукуматнинг кейинги қадамлари ҳижоб масаласи билан бошланган норозилик айнан шу доирада қолиш-қолмаслигини белгилаб бериши мумкин.