Қозоғистон Россия армиясига қўшилган ёшларнинг ўзини айбламоқда - Видео

Ҳарбий форма кийган икки нафар қозоғистонлик йигит
    • Author, BBC янгиликлар бўлими
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия армиясига қўшилган фуқаролар ўзлари имзолаган ҳужжатлар учун жавобгар эканини билдирди. Бу фуқаролар Россияга ишлаш учун борган, аммо кейин Украинадаги урушга тушиб қолган. Вазирлик айримлари алдаш йўли билан ҳарбий хизматга жалб қилинган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмади.

Бундан аввал уларнинг яқинлари Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида норозилик намойиши ўтказган. Улар фуқароларни ватанига қайтаришни талаб қилган. Адвокат камида 21 нафар қозоғистонлик шундай вазиятга тушганини билдирган. Вазирлик эса бу ҳақда президентга ахборот беришга ваъда қилган.

Қозоғистонлик таҳлилчилар ҳар бир ҳолатни алоҳида текширишга чақирмоқда. Хусусан, фуқаролар алданганми ёки мажбурланганми — шуни аниқлаш зарурлигини айтмоқда. Урушдан қайтганларнинг ҳуқуқий жавобгарлиги масаласи ҳам баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Украина ҳукумати қўллаб-қувватлайдиган "Яшашни истайман" лойиҳаси маълумотларига кўра, қарийб 2400 нафар Қозоғистон фуқароси Россия томонида Украинадаги урушда қатнашган.

Skip Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг and continue readingИжтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

"Фуқароларнинг ўз масъулияти ҳам бор"

Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ержан Ашиқбоев Россияга ишлаш учун бориб, кейин Украинадаги урушда қатнашиб қолган фуқаролар масаласида вазирликнинг ҳаракатларини оқлади. Унинг айтишича, фуқаролар ўзлари имзолаган ҳужжатлар учун жавобгар.

Бу ҳақда 15 октябрда Қозоғистоннинг миллатчиликка мойил Altyn-Orda таҳлилий нашри хабар берди.

Журналистлар Ашиқбоевдан нима учун Қозоғистон Украинадаги жанг ҳудудларига тушиб қолган барча фуқароларини ҳали ҳам ватанига қайтара олмаётганини сўраган.

"Чунки бу бошқа давлат қонунларига боғлиқ масала. Имзоланган шартномалар бор. Вазиятни тушунишингизни сўраймиз. Биз қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз", - деган Ашиқбоев.

Бироқ у фуқаролар қачон қайтарилишини айтмаган.

Журналистлар Қозоғистоннинг Россиядаги консулликлари бундай ҳолатларнинг олдини олиши мумкинмиди, деб ҳам сўраган.

Ашиқбоев консулликлар ўз вазифасини бажармагани ҳақидаги фикрни рад этган.

"Фуқароларнинг ўз масъулияти ҳам бор. Улар имзолаётган ҳужжатларини ўқиб чиқиши керак. Бу ҳуқуқий саводхонлик масаласи", - деган у.

Шу билан бирга, Ашиқбоев айрим фуқаролар алданиб, ҳарбий хизматга жалб қилинган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмаган.

Унинг айтишича, ҳозир ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилмоқда. Фуқаролар қандай ҳужжатларни, қайси шароитда имзолагани ва қандай қилиб ҳарбий хизматга тушиб қолгани текширилмоқда.

Норозилик намойиши

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

7 октябрда Қозоғистон пойтахти Остонада бир гуруҳ фуқароларнинг яқинлари Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдига йиғилди. Улар Россияга ишлаш учун бориб, Украинадаги урушга тушиб қолган қариндошларини ватанига қайтаришни талаб қилди. Бу ҳақда Ulysmedia.kz нашри хабар берди.

Намойишга Россиядаги қозоғистонлик ёшларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатлари сабаб бўлган. Улар уч кун ичида Украинадаги урушга жўнатилиши мумкинлигини айтган.

Ёшларнинг сўзларига кўра, улар Россияга мавсумий ишлаш учун борган. Аммо алданиб шартнома имзолаганидан сўнг, уларни бирин-кетин жанг ҳудудларига жўнатиш бошланган. Қозоғистон элчихонасидан ёрдам сўрашган, бироқ уларга кутиш айтилган.

Видеолар ижтимоий тармоқларда норозилик уйғотган. Фойдаланувчилар Россия томонида жанг қилишга мажбурланаётган ватандошларини ҳимоя қила олмаётгани учун Қозоғистон расмийларини танқид қилган.

Намойишда қатнашган адвокат Мейрман Шекеев айрим ёшлар билан алоқада эканини айтган. Унинг маълумотича, уларнинг аксарияти Луганскда.

"Мен камида 21 нафар Қозоғистон фуқароси ҳақида биламан. Лекин рўйхат бундан узунроқ бўлиши мумкин", деган адвокат.

Шекеевга кўра, айрим йигитларга қўриқчилик иши ваъда қилинган. Бошқалари эса рус тилини яхши билмагани учун имзолаётган ҳужжатларини тушунмаган.

Қозоғистон расмийлари аввалроқ фуқароларни Россиядан қайтариш устида иш олиб борилаётганини билдирган эди.

8 октябрда ташқи ишлар вазири ўринбосари Арман Исетов намойишчилар ва адвокат Шекеев билан ёпиқ учрашув ўтказган. Бу ҳақда Informburo.kz хабар берди.

Шекеевнинг айтишича, вазирлик вазият ҳақида президент Қосим-Жомарт Тоқаевга ахборот беришга ваъда қилган.

Адвокат ёшларнинг тақдири билан шуғулланадиган идоралараро комиссия тузишни ҳам таклиф қилган. Унинг таркибига Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Президент администрацияси вакилларини киритишни сўраган.

Ҳуқуқий жавобгарлик масаласи

Сиёсатшунос Жанат Моминқуловнинг фикрича, ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилиши керак.

"Ҳуқуқий баҳо бериш учун одамга қандай маълумот берилгани, у шартнома мазмунини тушунганми, рад этиш имкони бўлганми - шуларни аниқлаш зарур. Вазиятни ўрганмасдан туриб, кимнидир "ёлланма жангчи" ёки "жабрланувчи" деб аташ нотўғри", - деган у.

Моминқулов Қозоғистон учун энг муҳим вазифа фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ватанига қайтариш йўлларини излаш эканини айтган. Шунингдек, у катта пул эвазига фуқароларни озод қилишни ваъда қилаётган номаълум воситачилардан огоҳлантирган.

Одам савдоси қурбонларига ёрдам берувчи "Родник" жамғармаси раҳбари Нина Балабаева хорижликларни ёлланма жангчиликка ноқонуний жалб қилиш жиноят эканини таъкидлаган.

Унинг айтишича, ёлловчилар одамларнинг ишончига кириб, молиявий муаммоларини ҳал қилишни ваъда қилади. Урушни жозибали қилиб кўрсатиб, жароҳат ва ўлим хавфини атайлаб тилга олмайди.

Балабаева қуролли можароларда қатнашиш билан боғлиқ шубҳали иш таклифларидан эҳтиёт бўлишга чақирган. Акс ҳолда, фуқаролар ватанига қайтгач, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Сиёсий таҳлилчи Арсен Сарсеков эса давлат жанг ҳудудига тушиб қолган ва ёрдам сўраган фуқароларини қайтаришга ҳаракат қилиши шартлигини айтган. Бироқ унинг фикрича, фуқаролик жиноий жавобгарликдан озод қилмайди.

"Қозоғистон фуқаросининг чет давлат байроғи остида жанг ҳудудида бўлгани ҳуқуқий текширув ва айблов қўйиш учун асос бўлиши мумкин. Жавобгарликдан қочмоқчи бўлган одам эса урушга ўз хоҳишига қарши тушиб қолганини - алдангани ёки мажбурланганини ўзи исботлаши керак", - деган Сарсеков.

Украина ҳукумати қўллаб-қувватлайдиган "Яшашни истайман" лойиҳаси маълумотларига кўра, қарийб 2400 нафар Қозоғистон фуқароси Россия томонида Украинадаги урушда қатнашган.

2025 йил августда Қозоғистон расмийлари Россия Мудофаа вазирлиги ёлловчилари қозоғистонликларни ҳарбий хизматга жалб қилаётганини тан олган.