Пардозорексия нима ёки ёш қизалоқлар тушиб қолаётган тузоқ

- Author, Rus Klegg
- Role, Salomatlik bo'yicha yetakchi reportyor
- Published
- Ўқилиш вақти: 9 дақ
"Энг яқин, энг қадрдон дугонамникига боришга мен билан бирга тайёрланинг", дейди Элли-Мей камерага қараб иштиёқ билан.
Ўша вақт 10 ёшда бўлган бу қизча жилмайиб, TikTok'да ўзининг кўп босқичли тери парвариши тартибини тушунтиради.
"Бу тонерни жудаям, жудаям, жудаям, жудаям, жудаям яхши кўраман, – дейди у шаффоф суюқликни терисига суртар экан. Кейингиси – терини ялтиратишга мўлжалланган зардоб. "Вой худойим, бунча ялтироқ", дея ҳаяжонланади у.
У ўзининг оппоқ, сарғиш кремидан "смузи" тайёрлайди: қўлининг орқа қисмига бир неча томчи суртиб, уни ранг берувчи намлантирувчи восита билан аралаштиради.
Гапира туриб, кўзлари остига эҳтиёткорлик билан консилер суртади, ёноқларига эса пушти рангли румяна ва хайлайтер қўшади. Сўнг киприкларини қайириб, туш ва лаб бўёғи суртади.
Сочларини фенлаб, текислаб олганидан сўнг "Тайёрман", дейди у.
Элли-Мей ҳозир 13 ёшда. У саккиз ёшидан бери тери парвариши воситаларидан фойдаланади ва уларни реклама қилади. Карантин пайтида шунчаки эрмак сифатида бошланган нарса унинг оиласи учун асосий даромад манбаига айланди. Уларнинг Facebook, TikTok, YouTube ва Snapchat ижтимоий тармоқларида аккаунтлари бор. Элли-Мейнинг шахсий TikTok аккаунтининг ўзида 330 мингдан ортиқ кузатувчи бор.
Яна беш нафар фарзанди бор онаси Софининг айтишича, улар турли платформаларда контент жойлаштириш орқали йилига 50 000 фунт стерлингдан ортиқ даромад топишади.
"Контент яратувчиси бўлиш ҳаётимизни бутунлай ўзгартириб юборди", дейди Софи Англиянинг жануби-шарқидаги уйи олдидан мен билан видеоқўнғироқ орқали суҳбатлашар экан. "Жуда кўп бошқа болалар Эллининг тери парвариши тартибига қизиқиб қолдилар ва, биласизми, бу бирданига оммалашиб кетди".

Сурат манбаси, Sophie
Турли ижтимоий тармоқларнинг қидирувига "болалар ва тери парвариши" сўзларини ёзсангиз, юзлаб бошқа ёш қизларнинг – баъзилари атиги уч ёки тўрт ёшда – тери парвариши воситалари ва пардоз маҳсулотларини завқ билан муҳокама қилаётган, "мен билан бирга тайёрланг" ёки "мактабдан кейин" каби тери парвариши видеоларини жойлаётганига гувоҳ бўласиз. Бу видеоларда улар косметикадан фойдаланиш асносида кунлик режалари ҳақида гапириб беришади.
Қизларга тери парваришлаш маҳсулотларини сотиш янгилик эмас. Ўтган ўн йилликлардаги скраблар ва тозаловчи воситалар юздаги доғни йўқотишни ваъда қилган бўлса, бугун қизлар терисини бенуқсон қилиш умидида турли-туман мураккаб маҳсулотлардан фойдаланмоқдалар – уларнинг кўпчилиги таркибида қаришга қарши моддалар бор.
Тери парвариши бўйича айрим қиз инфлюэнсерлар ўзларини "бренд элчилари" деб атаб, Bubble, Drunk Elephant ва P. Louise каби компаниялар маҳсулотларини намойиш этадилар. "Ёрқин тери" учун "порлашни кучайтириш"га мўлжалланган "K-Pop Demon Hunters" мавзусидаги тери парвариши тўпламлари ҳам бор.
Айнан болаларга мўлжалланган маҳсулотлар бор бўлса-да, ёшлар орасида оммалашган, бироқ бозорнинг бу қисмига алоқадор бўлишни истамайдиган брендлар ҳам мавжуд. Масалан, Drunk Elephant брендига яқин манбанинг айтишича, бу "ёшлар учун" бренд эмас ва улар ўз мижозларига маҳсулотлардан масъулият билан фойдаланишни ўргатишга ҳаракат қилмоқдалар.
Bubble ва P. Louise изоҳ сўровимизга жавоб бермади.
Элли-Мей каби ёш инфлюэнсерлардан ташқари, кундалик ҳаётида кўп босқичли тери парвариши тартибига амал қиладиган қизлар ҳам кўп. Pai тери парвариши бренди 9 ёшдан 12 ёшгача бўлган 1500 нафар бола ўртасида ўтказган кичик сўров шуни кўрсатдики, уларнинг деярли ярми ҳафтасига бир нечта тери парвариши воситасидан фойдаланадилар, уларнинг ҳам ярми бу воситаларни ўзлари нуқсонли деб билган терини тузатиш учун ишлатишини айтган.
Бу соҳа кўп миллиард долларлик саноатга айланиб улгурган. Бозор жадал ўсиб бормоқда ва унинг суръати пасаядиганга ўхшамайди. Аммо айримлар, жумладан, назорат қилувчи органлар ҳам эҳтиёткорликка чақирмоқдалар.
"Тери парвариши компаниялари узоқ вақтдан бери 30-40 ёшлардаги аёлларни нишонга олиб, қаришни муаммо сифатида кўрсатиб, бизга ечим сотиб келишган", дейди Корнелл университети доценти ва ижтимоий медиа тадқиқотчиси Брук Эрин Даффи.
"Лекин бу жиддий ўзгаришдир. Энди ёш қизларга ҳам худди шундай босим ўтказилмоқда".
Ижтимоий тармоқлардаги контент туфайли бу соҳа жадал ривожланар экан, бу шунчаки беозор эрмакми ёки қизлар ўз ташқи кўринишида нимадир нотўғри эканига қасддан ишонтирилмоқдами? Бу ҳолат бугунги қизларнинг ўзлари ҳақида қандай фикрда эканликларидан далолат беради?
Юзаки гўзаллик
Дерматологлар ва олимлар янги атама киритдилар: пардозорексия. Улар буни ёшликдан "бенуқсон" терига эришишга бўлган носоғлом интилиш деб таърифлашади. Бу носоғлом майл косметик маҳсулотлардан меъёридан ортиқ фойдаланишга олиб келади. Милан университети (Италия) профессори, италиялик дерматолог Жованни Дамиани баъзи ёш беморларининг бу ҳолатга ҳаддан ташқари берилиб кетганидан шу қадар хавотирга тушдики, нима бўлаётганини текшира бошлади.
У 8 ёшдан 14 ёшгача бўлган 55 нафар бемори билан суҳбатлашди. Унинг тушунтиришича, пардозорексия аломатлари намоён бўлганлар телефонга қарам бўлиб, ижтимоий тармоқларда тери парвариши ҳақидаги видеоларни соатлаб томоша қилишган. Шунингдек, улар ҳар куни 10 тагача турли хил тери парвариши воситасидан фойдаланишган, шу қадарки ҳатто оила аъзолари билан мулоқот учун ҳам пардоз қилишган.

Сурат манбаси, Getty Images
Италия рақобатни назорат қилиш идораси (AGCM) яқинда "Sephora" ва "Benefit" косметика брендларига эгалик қилувчи LVMH гўзаллик компаниясига нисбатан иккита текширув бошлади. AGCM ушбу брендлар ўз маҳсулотларининг болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланмаганини аниқ кўрсатган-кўрсатмаганини ҳамда "ёш микро-инфлюэнсерлар иштирокида яширин маркетинг стратегиялари" орқали харидни рағбатлантираётгани ёки йўқлигини ўрганмоқда.
LVMH вакили айтишича, компания Италия расмийлари билан ҳамкорлик қилмоқда ва Италиянинг амалдаги қоидаларига "қатъий риоя қилишини" яна бир бор "тасдиқлайди".
Вакилнинг қўшимча қилишича, "ёш истеъмолчилар ва тери парвариши бўйича баҳслар ривожланиб борар экан", компания "барча истеъмолчиларни яхшироқ қўллаб-қувватлаш ва йўналтириш мақсадида" гўзаллик бўйича маслаҳатчилар тавсиялари сифатини доимий ошириб бормоқда.
LVMH компаниясининг "айнан ёшларга мўлжалланган" ҳеч қандай маҳсулоти ёки маркетинг кампанияси йўқ, улар фақат 18 ёшдан ошган инфлюэнсерлар билан ишлайди, дейди компания вакиллари.
Буюк Британиянинг Реклама стандартлари бошқармаси (ASA) Италиядаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди. Гарчи идора "ҳозирги босқичда ҳеч қандай расмий тартибга солиш чораларини кўрмаётганини" айтган бўлса-да, мамлакатда шу каби муаммолар мавжудлиги тўғрисида далиллар бор-йўқлигини ўрганаётганини тасдиқлади.
Бу маҳсулотлар арзон эмас. Бир тадқиқотда 18 ёшгача бўлган ўсмирлар томонидан тайёрланган 100 та TikTok видеоси ўрганилганда, улар эълон қилган тери парвариши муолажаларининг ўртача қиймати 125 фунт стерлинг экани аниқланди. Фойдаланишга қараб, бу маҳсулотларни ҳар уч-тўрт ойда янгилаб туришга тўғри келиши мумкин.
Тозалаш, тониклаш, праймер суртиш, намлантириш, зардоб, кўз атрофи учун крем, юз спрейи ва буларни такрорлаш... Баъзилари ҳатто бошланғич синф ўқувчиси бўлган болалар Кореянинг "ойна каби силлиқ тери" эффектига эришишга интилмоқда.
"Энг қизиғи нима, биласизми? Уларнинг териси шундоқ ҳам шундай – ёшликда терингиз мукаммал ҳолатда бўлади", дейди маслаҳатчи-дерматолог, Стокпортда фаолият юритувчи Миллий соғлиқни сақлаш хизмати маслаҳатчиси ва хусусий дерматолог доктор Жан Айер.
"Терининг токсинларни ўтказмайдиган ва намликни сақлайдиган ҳимоя қатлами аъло даражада сақланган бўлади... Ёшликнинг ўзи шу, терининг гўзаллиги ҳам шунда".

Деярли 20 йилдан бери фаолият юритиб келаётган Айернинг айтишича, ҳозирда болалар косметикадан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ фойдаланмоқдалар. Унинг маслаҳат қабуллари жуда хилма-хил: бир томондан, ота-оналар ундан ёш фарзанди учун энг яхши тери парвариши бўйича маслаҳат сўраса, бошқа томондан, саккиз ёшли болалар ўзлари ишлатган маҳсулотга нисбатан кучли реакция билан унинг қабулига келадилар. Унинг айтишича, ота-оналар кўпинча даҳшатга тушадилар, лекин фарзандларини бунчалик кўп турли маҳсулотлардан фойдаланишни тўхтатишга кўндира олмайдилар.
"Бу жуда қўрқинчли ҳолат, – дейди доктор Айер. – Бу воситалар қаришга қарши курашувчи бозор учун мўлжалланган. Энг яхши ҳолатда, болаларга бу маҳсулотлар керак эмас. Энг ёмон ҳолатда эса, улар таркибида нозик ёш терига зарар етказиши мумкин бўлган зарарли моддалар бор".
Унинг айтишича, болалар қўллаётган тери парвариши маҳсулотларидаги турли моддалар туфайли ёш мижозлар орасида ҳуснбузар ва контакт дерматит – маълум бир модда натижасида келиб чиқадиган экзема тури кўпаяётганини кузатмоқда.
Уларнинг кўпчилигида тери ҳужайраларига биологик таъсир кўрсатиб, тери функциясини ўзгартириши мумкин бўлган фаол моддалар бор. Энг кучлиларидан бири ретинол бўлиб, у тери ҳужайралари янгиланишини тезлаштиради ва бу майда чизиқлар ва ажинларни камайтиришга ёрдам беради. Болаларда бу жараён шундоқ ҳам юқори суръатда кечади, шунинг учун ретинол ҳеч қандай фойда келтирмайди ва терини ҳаддан ташқари қўзғатиши мумкин.
Бу ҳолат "ретинол куйиши"га олиб келиши мумкин, бунда терининг ҳимоя қатлами шикастланади. Натижада болаларда ачишиш, экземага ўхшаш тошмалар ёки узоқ муддатли сезувчанлик пайдо бўлиши мумкин.
Бу маҳсулотларда ёш терига зарар етказиши мумкин бўлган бошқа кўплаб моддалар ҳам бор, дея огоҳлантиради Айер. Агар болада контакт аллергияси ривожланса, у келажакда ўша модда бор маҳсулотдан реакциясиз фойдалана олмаслиги мумкин.
Унинг таъкидлашича, дерматологлар ёшлар орасида пешона фиброзли алопеция, яъни пешонадаги соч чизиғининг орқага чекиниши ҳолатлари кўпайганини ҳам кузатмоқда. Унинг айтишича, айрим тадқиқотлар бу ҳолатни ёшликдан турли юз кремларини суртиш кескин ортгани билан боғламоқда.
Буюк Британия косметика саноати ёш болаларнинг ўз ёшига мос маҳсулотлардан фойдаланишини таъминлаш учун маслаҳат ва ёрдам зарурлигини тан олади. Кўплаб тери парвариши компанияларини бирлаштирган Косметика, ҳожат анжомлари ва парфюмерия ассоциацияси (CTPA) яқинда ота-оналар учун қўлланма чиқарди. Бунга сабаб бўлган сўровномада қатнашган қарийб 1000 нафар ота-онанинг 40 фоизи тери парвариши ҳақида ўз фарзандларидан камроқ билишини тан олган.
CTPA бош директори, доктор Эмма Мередитнинг айтишича, ташкилот ёшларнинг қаришга қарши маҳсулотлардан ёки мураккаб ва кераксиз муолажалардан фойдаланишини қўллаб-қувватламайди.
"Мақсадимиз – маҳсулотларнинг ҳар бир ёш тоифаси учун тўғри қўлланишини таъминлаш, ёшларга соғлом ва ўзига мос тери гигиенасини шакллантиришга кўмаклашиш ҳамда ота-оналарни фарзандларига тушунтиришида қўллаб-қувватлаш", дейди у.
Элли-Мейнинг онаси Софининг айтишича, у қизи ишлатаётган воситалар таркибини доим текширади. Ижтимоий тармоқларда айримлар уни қизига ретинол каби кучли кимёвий моддалар сақлайдиган кремларни қутидан очишга рухсат бергани учун танқид қилган, бироқ Софи бу моддаларнинг зарарли эканини билишини ва қизининг терисига "асло яқинлаштирмаслигини" айтади.
У, шунингдек, қизининг қайси мактабда ўқиши ёки қаерда яшашлари каби маълумотларни ошкор қилмасликка ҳаракат қилади ва уларнинг аккаунтларига келиб тушадиган изоҳларни синчковлик билан кузатиб боради.

Сурат манбаси, Sophie
Элли-Мей йирик косметика компанияларининг бренд тақдимотларида қатнашади. У ерда турли маҳсулотларни синаб кўради ва бошқа контент яратувчилар билан мулоқот қилади, ўзининг айтишича, бу жуда мароқли. У ва Софи ёшларга мўлжалланган ўзларининг веган тери парвариши брендини ишга туширишга тайёргарлик кўраяптилар.
Элли-Мей гоҳ 13 ёшдан каттароқ, гоҳ кичикроқ кўринади. У майин овозда, ўйчан ва сўзларини дона-дона қилиб гапиради, баъзан жавоб излаб онасига юзланади. Тирноқлари узун, маникюр қилинган, юзида макияж бор, лекин у табиий кўринади. "Ҳозир пардоз ўзимни оддий ҳис қилишимга ёрдам беради", дейди у.
Алдамчи ойна
Софи ижтимоий тармоқлардаги муваффақият уларнинг ҳаётини бойитганини айтса-да, айрим психологлар бу ижтимоий тармоқлардан бохабар, ташқи қиёфасига маҳлиё ёшлар келажакда ўзлари қандай кўринишда бўлиши ва ҳаётда ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида нотўғри тасаввур билан улғайишидан хавотирда.
Алберто Стефана – Дамиани билан ҳаммуаллифликда "пардозорексия" ҳақида илмий мақола ёзган италиялик психолог. Унинг айтишича, болалар "ўз шахсиятини шакллантириш босқичидалар" ва улғайгани сари "ўзининг асл қиёфасини қабул қилишга" қийналиши мумкин.
"Тери парваришига берилиб кетган болалар асосан ижтимоий тармоқларда кўрганларидан таъсирланади.
"Шу тариқа, уларнинг ўзига бўлган баҳоси олган "лайк"лари сони ёки одамларнинг изоҳларда ёзган гапларига боғлиқ бўлиб қолади."
"Пардозорексия" деб аталаётган бу ҳолат янги ҳодиса бўлгани учун унинг узоқ муддатли психологик оқибатларини билиш қийин. Бироқ Стефананинг айтишича, унинг сўнгги тадқиқотлари бу ҳолат тана дисморфик бузилишига (ТДБ) ўхшашини кўрсатмоқда. Бу танадаги хаёлий нуқсонлар туфайли доимий беҳаловат яшашга сабаб бўладиган руҳий касаллик.
Унинг айтишича, ҳатто "пардозорексия" аломатлари кузатилаётган етти-саккиз ёшли болаларда ташвиш ва хижолат аломатларини кўрган.
Унинг айтишича, бу ҳолат шунчалик ўткир кечиши мумкинки, "улар кучли уят ҳисси туфайли мактабга боришни истамай қоладилар. Бу ҳис ижтимоий тармоқларда ўзларини бошқалар билан солиштириш ва ўзини етарлича гўзал ҳис қилмасликдан келиб чиқади".

Сурат манбаси, Getty Images
Лондон Университет коллежининг гендер ва таълим социологияси профессори Жессика Рингроуз ҳам бу фикрга қўшилади. "Болалар бу каби контентни кўриб, буни "фаровон ҳаёт", идеал турмуш тарзи деб ўйламоқдалар.
"Агар ўзларига сотилаётган бу "мукаммал кўриниш" ёки "мукаммал ҳаёт"га эриша олмасалар, демак, нимададир муваффақиятсизликка учраяпман, деб ўйлай бошлайдилар."
TikTok баёнотига кўра, компания ўсмирларнинг онлайн ҳимояси учун махсус ҳимоя чораларини кўрмоқда ва 18 ёшдан кичикларга йўналтирилган рекламага рухсат бермайди. Шунингдек, ўзининг билдиришича, компания ота-оналарга фарзандлари хавфсизлигини таъминлаш учун ёрдам ва маълумот беради, платформанинг ёшлар кенгаши орқали хизмат сифатини қандай яхшилаш борасида ўсмирлардан мунтазам фикр-мулоҳаза олиб туради. Ёшлар, шунингдек, TikTok'дан дерматологлар тасдиқлаган маслаҳатлар орқали тери саломатлиги ҳақида билим олиши мумкин.
Instagram ва Facebook каби бир қатор платформаларга эгалик қилувчи Meta компанияси изоҳ сўровини жавобсиз қолдирди.
Рингроуз ва мен суҳбатлашган бошқа мутахассислар айтишича, бу муаммо фақат ижтимоий медиа компаниялари билан боғлиқ эмас, масъулият маҳсулот сотаётган тери парвариши брендлари ва ота-оналарнинг ўзларида ҳам.
Рингроуз шундай қўшимча қилади: "Бир бола бренд элчиси сифатида фаолият юритиб, бу оламни бошқа болаларга тарғиб қилса, бу ҳолатни қонунийлаштириб қўяди".
Бироқ, шу билан бирга, биз доимо кенгайиб бораётган рақамли дунё билан ёнма-ён, кўпинча эса унинг ичида яшаяпмиз. Балки бу шунчаки улғайишнинг қўшимча, аммо муқаррар мураккаблигидир? Ёш қизлар шунчаки онлайн дунёда омон қолиш, балки ҳатто ўсиб-улғайиш йўлини ўрганаётгандир?
Стефана бу фикрга қўшилмайди. Унинг айтишича, болалар ва ёшлар ҳақиқатда эмас, фақат рақамли дунёда мавжуд бўлган бир кўринишга, эстетикага эришиш учун жуда кўп вақт ва пул сарфламоқдалар.
"Ҳатто нима жозибали-ю, нима хунук экани ҳақидаги тушунчанинг ўзи ҳам ўзгариб бормоқда", дейди у.
"Филтрлар ва ижтимоий тармоқ постларида сунъий интеллектдан фойдаланиш болалар кўраётган айрим тасвирларнинг ҳатто ҳақиқий эмаслигини англатади. Демак, улар аслида йўқ нарсага интилмоқдалар".

































