Фаластинликларнинг уйлари бузилмоқда: Исроил амалиёти юзлаб фаластинлик оилаларни кўчиришга мажбур қилди

Эркак вайроналарни супуриб тозаламоқда.
Сурат тагсўзи, Фаластинлик расмийлар маълумотига кўра, 200 дан ортиқ оила ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Исроил армияси босиб олинган Ғарбий соҳилдаги Хеврон шаҳрида кенг кўламли операция бошлаб, уйлар ва тижорат объектларини бузмоқда. Маҳаллий расмийларга кўра, бу амалиёт оқибатида юзлаб фаластинлик оилалар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Исроил булдозерлари келтириб чиқарган вайронагарчилик акс этган. Айрим кадрларда бутун бошли кўча текисланиб ташланганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, ҳарбийлар шаҳарни амалда қамал ҳолатига ўтказиб, қарийб 200 минг аҳолининг ҳаракатланишини кескин чеклаган.

Амалиёт Исроил назорат-ўтказиш пунктига қилинган ҳужумдан кейин бошланди. Ҳужумда икки исроиллик аскар ҳалок бўлган, яна уч нафари жароҳатланган. Исроил маълумотига кўра, ҳужумни амалга оширган икки фаластинлик қуролли шахс ҳам ўлдирилган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳужум содир этилган ҳудуд атрофидаги бинолар ва ҳужумчилар келиб чиққан маҳаллалар "йўқ қилиниши"ни айтган. Мудофаа вазири Исроил Катцга кўра, асосий операция Айн Дейр Баха ва Фарш ал-Ҳава маҳаллаларида олиб борилмоқда. Уй-жойлар, тижорат объектлари, саноат иншоотлари ҳамда инфратузилма нишонга олинган.

"Одамлар кечани кўчада ўтказишга мажбур бўлди"

Хеврон шаҳар ҳокими Юсуф ал-Жаабарийнинг сўзларига кўра, ўнлаб оилалар тунни бошпана тополмай кўчада ўтказган.

Унинг айтишича, баъзи аҳолидан автомобилларини ҳам олиб чиқмасдан уйларини тарк этиш талаб қилинган. Бузилиши режалаштирилган биноларнинг деворларига махсус бўёқ билан белгилар қўйилган.

Шаҳар ҳокими армия тахминан 0,35 квадрат километр ҳудуддаги 2500 нафар аҳолини кўчиришни режалаштираётганига ишонишини айтди. Бошқа маҳаллий расмийлар эса камида 200 та оила аллақачон кўчирилганини билдирган.

BBC мурожаатига Исроил мудофаа кучлари ҳозирча расмий изоҳ бермаган. Бироқ армия ижтимоий тармоқларда эълон қилган баёнотида Ғарбий соҳил бўйлаб ўнлаб нишонларга қарши операция олиб борилаётгани ва бу амалиёт бир неча кун давом этиши айтилган.

Исроил хавфсизлик кучлари Ғарбий соҳилда исроилликларга қарши ҳужумларда гумон қилинган фаластинликларнинг уйларини бузиб ташлаш амалиётини тез-тез қўллайди. Исроилдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу сиёсатни "жамоавий жазолаш" деб танқид қилиб келади.

Сайлов арафасидаги операция

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Жума куниги ҳужум минтақадаги сиёсий таранглик кучайган паллада, Исроилда умумий сайловларга тўрт кун қолган вақтда содир бўлди.

Сайловолди кампаниясини хавфсизлик мавзуси атрофида қурган Нетаняҳу жума куни эрталаб режалаштирилган тадбирларни бекор қилиб, Хевронга борди.

У ижтимоий тармоқларда тарқатилган мурожаатида: "Биз аҳолини эвакуация қиламиз, уйма-уй кириб чиқамиз, топилган қуролларни мусодара қиламиз ва барча террорчилик инфратузилмасини йўқ қиламиз", деди.

Бош вазир, шунингдек, 1967 йилдан бери Ғарбий соҳилда ўтказилиши мумкин бўлган энг йирик ҳарбий операция режаларини кўриб чиққанини маълум қилди. Бироқ у бундай амалиёт қачон бошланиши мумкинлигига ойдинлик киритмади.

Шанба куни Исроилнинг i24 телеканалига берган интервьюсида Нетаняҳу Фаластин маъмуриятига нисбатан "жуда катта сюрприз" тайёрланаётганини ҳам айтди.

Фаластин маъмурияти эса халқаро ҳамжамиятни аҳолининг мажбуран кўчирилишини тўхтатиш учун фақат қоралаш билан чекланмасдан, амалий чоралар кўришга чақирди.

Шу орада Исроилнинг ўта ўнгчи молия вазири Безалел Смотрич Ғарбий соҳилда "Ғазо ёки Ливанда бўлгани каби" кампания ўтказиш зарурлигини айтди. Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир эса Фаластин маъмуриятини тарқатиб юборишга чақирди.

Хеврон шаҳар ҳокими Юсуф ал-Жаабарий эса операция сиёсий мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади.

"Бу амалиёт сайловлар таъсирида амалга оширилмоқда. Нетаняҳу ва унинг вазирлари ўта ўнгчи сайловчилар ҳамда кўчманчиларнинг овозини қўлга киритишга уринмоқда", деди у.