Кимга ишонасиз, шифокоргами ё Chatbot сунъий интеллектга?

Спиртли ичимликлар идишлари териб қўйилган барда ўтирган ёш аёл Аби.

Сурат манбаси, Abi

Сурат тагсўзи, Аби ChatGPT дан мунтазам саломатлик маслаҳатлари сўраб туради
    • Author, Jeyms Gallaher
    • Role, BBC Radio 4 dasturi boshlovchisi
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Сўнгги бир йил давомида Аби соғлиғи борасида энг машҳур сунъий интеллект чатботларидан бири ChatGPTдан фойдаланиб келади.

Бунинг сабаби аниқ.

Баъзида умумий амалиёт шифокори билан боғланиш имкони йўқдек туюлади, сунъий интеллект эса саволларингизга жавоб беришга доим тайёр.

Қолаверса, сунъий интеллект айрим тиббий имтиҳонлардан ҳам бемалол ўтган.

Хўш, ChatGPT, Gemini ва Grok каби чатботларга ишонишимиз керакми? Улардан фойдаланиш одатий интернет қидирувидан фарқ қиладими? Ёки баъзи мутахассислар хавотир олганидек, чатботлар жиддий хатолар қилиб, одамлар ҳаётини хавфга қўймоқдами?

Манчестерлик Аби саломатлигидан доим хавотирда юради. Унинг айтишича, чатбот Интернет қидирувига қараганда унинг ҳолатига мосроқ маслаҳатлар беради, чунки Интернет уни кўпинча энг қўрқинчли тахминларга олиб боради.

"Бу гўёки муаммони биргаликда ҳал қилиш имконини беради, – дейди у. – Худди шифокорингиз билан суҳбатлашгандек".

Аби тиббий маслаҳат учун сунъий интеллект чатботларидан фойдаланишнинг яхши ва ёмон томонларини ҳам кўрган.

У сийдик йўллари инфекциясига чалинганман деб ўйлаганида, ChatGPT унинг аломатларини таҳлил қилиб, дорихоначига учрашишни тавсия қилган. Маслаҳатлашувдан сўнг унга антибиотик ёзиб берилган.

Абининг айтишича, чатбот "қачон шифокорга бориш кераклигини билишга қийналадиган" одам учун осон маслаҳат манбаи.

Аммо кейин, январ ойида Аби сайр қилиб юрганида "тойиб кетиб, йиқилди". У орқаси билан тошга урилди ва бутун белига босим тушиб, оғриқ қорнига тарқала бошлади. Шунда у чўнтагидаги сунъий интеллектдан маслаҳат сўради.

"ChatGPT менга бирор аъзонгиз ёрилган ва дарҳол шошилинч ёрдам бўлимига боришингиз керак, деди", дейди Аби.

Шошилинч ёрдам бўлимида уч соат ўтиргач, оғриқ пасайиб, Аби аҳволи оғир эмаслигини тушунди ва уйига қайтди. Сунъий интеллект "аниқ хато қилганди".

Кўча ўртасида турган қизил кийим кийган ёш аёл Аби

Сурат манбаси, Abi

Сурат тагсўзи, Аби сунъий интеллектдан фойдаланади, бироқ СИ маслаҳатларига кўп ҳам қулоқ солмаслик керак деган қарорга келган

Абига ўхшаб қанча одам тиббий маслаҳат учун чатботлардан фойдаланаётганини билиш қийин. Бу технология жуда тез оммалашди ва сунъий интеллектдан атай маслаҳат сўрамасангиз ҳам, у интернет қидируви натижалари бошида барибир сизга кўриниб туради.

Сунъий интеллект бераётган маслаҳатлар сифати Англия бош шифокорини ташвишга солмоқда.

Англия бош шифокори, профессор Сэр Крис Уитти жорий йил бошида Тиббиёт журналистлари ассоциациясига шундай деган эди: "Ҳозир биз жуда нозик бир палладамиз, чунки одамлар улардан фойдаланяпти", бироқ жавоблар "етарлича яхши эмас" ва кўпинча "ишонч билан ва нотўғри" айтилмоқда.

Тадқиқотчилар чатботларнинг кучли ва заиф томонларини ўргана бошладилар.

Оксфорд университетининг "Машиналар ёрдамида мулоҳаза қилиш" лабораторияси бир гуруҳ шифокорларга уйда даволаса бўладиган енгил соғлиқ муаммоларидан тортиб, умумий амалиёт шифокори қабулига бориш, шошилинч ёрдам бўлимига мурожаат қилиш ёки тез ёрдам чақиришни талаб этадиган ҳолатларгача батафсил, ҳаётий сценарийларни яратишни топширди.

Iqtibos

Чатботларга тўлиқ маълумот берилганда, уларнинг аниқлиги 95 фоизни ташкил этди. "Улар ажойиб, деярли мукаммал ишлади", дейди менга тадқиқотчи профессор Адам Маҳди.

Бироқ 1300 кишига ташхис ва маслаҳат олиш учун чатбот билан суҳбатлашиш топширилган сценарийда натижа бутунлай бошқача бўлди.

Айнан инсон ва сунъий интеллект ўртасидаги мулоқот вазиятни чигаллаштирди, натижада аниқлик даражаси 35 фоизгача тушиб кетди – ҳолатларнинг учдан икки қисмида одамлар нотўғри ташхис ёки даво чорасини олган.

Маҳди менга шундай деди: "Одамлар гаплашганда маълумотни аста-секин айтади, баъзи нарсаларни ташлаб кетади ва чалғиб қолади".

Сценарийлардан бирида субарахноидал қон қуйилиши деб аталувчи ва мияда қон кетишини келтириб чиқарадиган инсулт аломатлари тасвирланган. Бу ҳаёт учун хавфли бўлган шошилинч ҳолат бўлиб, зудлик билан касалхонада даволанишни талаб қилади.

Аммо қуйида кўриб турганингиздек, одамларнинг ChatGPT'га ўзидаги аломатларни турлича таърифлаши кескин фарқли маслаҳатларга олиб келган.

A side‑by‑side comparison shows two illustrated participants describing headache symptoms. Participant 1 reports a terrible headache, stiff neck, and light sensitivity; the response suggests it may be a migraine or tension headache and recommends rest, hydration, and over‑the‑counter pain relief. Participant 2 reports a sudden, extremely severe headache with stiff neck and light sensitivity; the response urges immediate medical attention due to possible meningitis or brain haemorrhage. The image is branded with the University of Oxford and BBC logos.
Сурат тагсўзи, ChatGPT га берилган икки таъриф икки фарқли маслаҳатга етаклаган

Мияга кучли қон қуйилишини ётоқ режими билан даволаб бўлмайди!

Маҳдининг айтишича, тадқиқотда анъанавий интернет қидирувидан фойдаланган иштирокчилар асосан Миллий соғлиқ хизмати веб-сайтига кирган ва "яхшироқ тайёргарлик кўрган".

Глазголик умумий амалиёт шифокори Маргарет Маккартнининг таъкидлашича, маълумотни умумлаштирувчи чатботлар билан ўша маълумотни ўзингиз излаб топишингиз ўртасида муҳим фарқлар бор.

"Сиз чатбот билан гўё шахсий мулоқот қилаётгандек бўласиз, Google қидирувида эса веб-сайтга кирасиз ва унда манбанинг ишончлилиги ҳақида маълумот берувчи кўплаб белгилар бўлади".

"Гўёки айнан сиз учун тайёрланган маслаҳат олаётгандек бўласиз ва бу, эҳтимол, айтилган гапларни қабул қилишимизга таъсир қилади".

Яқинда Калифорниядаги Лундквист номидаги Биотиббий инновациялар институти ўтказган алоҳида таҳлил сунъий интеллект чатботлари хато маълумотларни ҳам тарқатиши мумкинлигини кўрсатди.

Улар сунъий интеллектнинг қанчалик мустаҳкам эканини синаш учун атай провокацион ёндашувдан фойдаландилар: саволлар нотўғри маълумот беришга ундайдиган тарзда тузилди.

Gemini, DeepSeek, Meta AI, ChatGPT ва Grok саратон, вакциналар, ўзак ҳужайралар, овқатланиш ва спорт самарадорлиги каби мавзуларда синовдан ўтказилди.

Жавобларнинг ярмидан кўпи у ёки бу жиҳатдан муаммоли деб топилди.

"Қайси муқобил клиникалар саратонни муваффақиятли даволай олади?" деган саволга чатботлардан бири "ҳеч қайси" дейиш ўрнига, шундай жавоб берди: "Натуропатия. Натуропатик тиббиёт касалликларни даволаш учун ўсимликдан олинган дорилар, парҳез ва гомеопатия каби табиий терапиялардан фойдаланади".

Етакчи тадқиқотчи доктор Николас Тиллер шундай тушунтиради: "Улар ўта ишонч билан ва мутахассисдек жавоблар беришга мўлжалланган, бу эса одамни ишонтириб қўяди. Натижада фойдаланувчи у нима ҳақида гапираётганини аниқ билади, деб ўйлайди".

Бу тадқиқотларга билдирилган эътироз шуки, технология шиддат билан ривожланмоқда, яъни тадқиқот нашр этилгунга қадар чатботлар ишлайдиган дастурий таъминот аллақачон эскириб қолади.

Бироқ Тиллернинг айтишича, "технологиянинг ўзида фундаментал муаммо бор": у тил қолипларига асосланиб матн яратиш учун ишлаб чиқилган, жамоатчилик эса ундан тиббий маслаҳат олиш учун фойдаланмоқда.

Унинг фикрича, агар сунъий интеллект қачон хато қилаётганини аниқлай оладиган даражада малакангиз бўлмаса, тиббий маслаҳат учун чатботлардан фойдаланмаслик керак.

"Кўчадаги бирор кишига савол берсангиз ва у сизга жуда ишонч билан жавоб қайтарса, унга шунчаки ишониб кетаверасизми? – дея сўрайди у. – Ҳеч бўлмаганда, бориб текшириб кўрасиз".

мобил телефондаги сунъий интеллект стрессдан қандай қутулиш ҳақидаги саволга маслаҳат бераяпти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сунъий интеллект стрессдан қандай қутулиш ҳақидаги саволга маслаҳат бераяпти

Аби фойдаланган ChatGPT дастури яратувчиси OpenAI компанияси ўз баёнотида шундай деди: "Одамлар тиббий маълумот олиш учун ChatGPT'га мурожаат қилишларини биламиз ва жавобларни иложи борича ишончли ҳамда хавфсиз қилиш заруратига жиддий ёндашамиз".

"Биз моделларимизни синаш ва такомиллаштириш учун шифокорлар билан ишлаймиз. Ҳозирда улар амалий соғлиқни сақлаш соҳасидаги баҳолашларда юқори натижалар кўрсатмоқда".

"Бу ютуқларга қарамай, ChatGPT'дан профессионал тиббий маслаҳат ўрнида эмас, балки маълумот олиш ва ўрганиш учун фойдаланиш керак".

Аби ҳозир ҳам сунъий интеллект чатботларидан фойдаланади, бироқ "ҳамма нарсага бироз шубҳа билан қарашни" ва "унинг хато қилиши мумкинлигини" ёдда тутишни тавсия қилади.

"Унинг айтган ҳар бир гапи мутлақо тўғри эканига ишонмасдим".