Яқин инсондан айрилиш: қалбдаги оғриқ билан яшашни қандай ўрганамиз? Видео

Сурат манбаси, BBC/Taqdim
Қайғу билан яшаш: Жуманазар ака ҳикояси
Яқин инсондан айрилиш инсон ҳаётидаги энг оғир синовлардан бири ҳисобланади. Бу нафақат ҳиссий зарба, балки инсоннинг бутун ҳаёти, кундалик тартиби ва ўзини англаш ҳиссига ҳам таъсир қилади. Айниқса, турмуш ўртоғи, ота-онаси ёки фарзандидан айрилган одамлар учун бу йўқотиш билан яшашни қайтадан ўрганишга тўғри келади.
Хоразмлик Жуманазар Шихов ҳам шундай оғир дардни бошдан кечирган инсонлардан бири. У коронавирус пандемияси даврида турмуш ўртоғидан айрилган. Унинг айтишича, дастлабки пайтларда ҳаёт олдингидек давом этиши мумкинлигини тасаввур қилишнинг ўзи қийин бўлган.
"Тиш докторчилигини битириб, у пайтлар тиш доктори дейилар эди, кейин ишга келиб, бир йил ишлаб, танишгандан кейин турмуш қурганмиз. У 11 синфни битказиб, бизларга бу ерга келин бўлиб тушган", - дейди у.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жуманазар ака турмуш ўртоғи билан 56 йил, 3 ой ва 3 кун бирга яшаганини айтади. "10 та фарзандимиз бор. Фарзандларимизнинг ҳаммаси [Олий ва касб-ҳунар билим юртларида] ўқиган", - дейди у.
Жуманазар ака турмуш ўртоғининг ўқитувчи бўлганини, 10 нафар фарзандни дунёга келтириб, кўпинча оналик таътилида бўлганини гапирар экан, жумладан шундай деди, - "10 та фарзандни тарбиялаб, вояга етказиб, қизларни турмушга узатиб, ўғил болаларни уйлантириб, ҳаммасини уйли-жойли қилиб, 74 ёшида Аллоҳим даргоҳига юз тутди".

Сурат манбаси, Жуманазар Шихов
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Жуманазар аканинг айтишича, турмуш ўртоғи 2020 йилда коронавирусга чалинган. У қандли диабетдан ҳам азият чеккан. Натижада, рафиқаси 2020 йил 10 декабр куни оламдан ўтган.
"Барибир сиқилиш бўлади, зўриқиш бўлади. Турмуш ўртоғидан ажралиш оғир мусибатлардан бири ҳисобланади. Ўй босади, фарзандларнинг ташвиши бўлади, энди қандай яшаймиз, қандай давом эттирамиз, деган ўйлар келади. Барибир шундай ҳиссиётлар бўлади-ку одамда. Ички туйғулар бутунлай ўзгаради, турли дардлар бирданига келиб босади. Лекин барибир шундай муҳитга чидаб яшаб кетасиз, бошқа илож йўқ", дейди у.
У фарзандлари, сингиллари ва бошқа яқинлар тушкунликдан чиқиб кетишга ёрдам берганини айтади. "Доимий ёнимда юришади. Сиқилманг, зерикманг дейди. Далда бўладилар улар", дейди у.
У рафиқаси вафот этганида танасининг кўп қисмини йўқотгандек ҳис қилганини айтади. "Албомлари, дипломлари бор. Уларга тез-тез қараб тураман. Столимнинг устига қўйибман", дейди у.

Сурат манбаси, Taqdim
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Жуманазар ака ўзининг ҳаётидаги энг оғир даврдан ўтишга фарзандлари, яқинлари ва дўстлари ёрдам берганини айтади. "Ўзбекчиликда маросимлари бўлади, шунда қариндош-уруғ билан, элимиз-элотимиз билан биргаликда ўтказамиз", дейди у.
Унинг боғбончиликка меҳр қўйиб яшагани ҳам унга катта куч ва руҳий мадад берган. Жуманазар аканинг кенг ва файзли боғида бугун мевага бурканган ўрик ва шафтоли дарахтлари, шингиллари осилиб турган узумзорлар кўзга ташланади.
Полиз ва экинзорларида турфа мева-сабзавотлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари парвариш қилиниб, баракали ҳосил олинади.
"80 ёшгача тиш докторлиги билан шуғулланиб, кейин боғбончилик, уйга келиб мол қараймиз. Шулар билан шуғулланиб, чалғиб юрамиз. Шу билан ўтказиб юборганмиз", дейди у.
Яқинда турмуш ўртоғи ёки яқинидан айрилганларга қарата у шундай деди, "Аллоҳимнинг иродаси, ўзи берган бўлса, шу иродаси билан енгиб ўтса, менимча, шу маъқул бўлади. Куч-қувватни ҳам Аллоҳ беради. Сабр-тоқат қилиб, чидаб ўтириб юбориш керак".
Олимлар нимани аниқлади?

Мутахассислар айтишича, бу ҳолат табиий. Чунки инсон яқинлари билан фақат ҳиссий жиҳатдан эмас, балки биологик даражада ҳам боғланиб қолади.
Колорадо университети олимаси, профессор Зои Доналдсонга кўра, инсон бошқалар билан яқин муносабат ўрнатганда мияда узоқ вақт сақланадиган биологик ўзгаришлар юзага келади. Бу ўзгаришларнинг айримлари ҳаёт давомида сақланиб, муносабатларнинг биологик асосини шакллантиради.
Севги мияга қандай таъсир қилишини ўрганган олимлардан бири, Эйнштейн тиббиёт коллежи олимаси доктор Люси Браун романтик муносабатларнинг илк босқичини тадқиқ қилган илк илмий гуруҳлардан бири таркибида бўлган.
Унинг айтишича, функционал магнит-резонанс томографияси (fMRI) миядаги қон оқимини кузатади. Миянинг муайян қисми фаолроқ ишлаганда, ўша жойга қон оқими ҳам кўпроқ боради ва олимлар айнан шу ўзгаришлар орқали мия фаолиятини ўрганади.

Олимлар севиб қолган инсонларнинг мия фаолиятини fMRI орқали ўрганганида, уларнинг деярли барчасида миянинг Ventral Tegmental Area (VTA), яъни вентрал тегментал соҳа деб аталадиган қисми фаоллашаётганини аниқлади.
Бу ҳудуд миянинг мукофот ва мотивация тизимининг муҳим қисми бўлиб, инсонни овқатланиш, сув ичиш каби ҳаёт учун зарур эҳтиёжларни қондиришга ундайди. Шунингдек, у допамин моддасини ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Тадқиқотчиларга кўра, айнан шу фаоллик романтик севги шунчаки ҳиссиёт эмас, балки инсонни ҳаракатга ундайдиган кучли ички интилиш эканини кўрсатади.
Илмий тадқиқотлар севги ва яқинлик ҳисси миянинг мукофот ва рағбатлантириш тизимлари билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатган. Романтик муносабатлар давомида мияда допамин, окситоцин ва вазопрессин каби моддалар ишлаб чиқарилади. Ана шу моддалар инсонларга бир-бирига меҳр қўйиш, ғамхўрлик қилиш ва мустаҳкам ришталар қуришга ёрдам беради.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, кучли ижтимоий алоқалар инсон саломатлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Улар стрессни камайтиради, иммун тизими фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва ҳатто узоқ умр кўриш эҳтимолини оширади.
Ba’zan og‘ir qayg‘u hayot uchun xavfli bo‘lishi mumkin bo‘lgan “singan yurak sindromi”ga olib keladi.
Яқин инсондан айрилиш ёки муносабатларнинг тугаши мия учун ҳам жиддий синовга айланади. Олимлар таъкидлашича, оғир қайғу ва кучли руҳий зарба баъзан "синган юрак синдроми" деб аталувчи ҳолатни келтириб чиқариши мумкин. Кам ҳолатларда бу ҳолат инсон ҳаёти учун хавфли бўлиши мумкин.
"Турмуш ўртоғини йўқотган инсонда йўқотишдан кейинги биринчи куннинг ўзидаёқ юрак хуружига учраш хавфи 21 баравар ортади", дейди Колорадо университети профессори Зои Доналдсон.
Олимлар бу ҳолатни ўрганар экан, қалб изтироби пайтида фаоллашадиган мия соҳалари жисмоний оғриқ ҳис қилинганда ишга тушадиган ҳудудлар билан деярли бир хил эканини аниқлаган.
Шу сабабли айрим одамларда йўқотишдан кейин кўкрак қафасида оғриқ, юракнинг тез уриши, иштаҳанинг пасайиши, уйқу бузилиши ва тушкунлик каби белгилар кузатилиши мумкин. Мутахассислар буни инсон организмининг оғир ҳиссий зарбага жавоби деб изоҳлайди.
Олимлар фикрича, яқин инсондан айрилган одам учун ҳаётни янги шароитда қайта қуриш ва ўзлигини қайта кашф этиш даволанишнинг муҳим қисми ҳисобланади.

"Бу сиз учун ниҳоятда илҳомбахш, қувонч келтирган ва катта аҳамиятга эга бўлган инсон ёки нарсадан айрилиш ҳақидадир. Шунинг учун мен ўзимнинг энг севимли иқтибосларимдан бирини келтирмоқчиман: 'Қайғу - севги учун тўлайдиган баҳомиздир'", дейди профессор Зои Доналдсон.
Йўқотиш билан яшашга ўрганиш зарурлиги ҳақида доктор Люси Браун шахсий тажрибасидан келиб чиқиб ҳам гапиради. У 2025 йилда иккинчи турмуш ўртоғидан айрилган.
"Эрим вафот этганида, ўзимнинг бир қисмимни ҳам йўқотгандек бўлдим. Ўзимни қайтадан топишим, ўзлигимни қайта қуришим кераклигини англаш эса менга жуда катта ёрдам берди", дейди у.
Дардни бўлишиш нега муҳим?

Жуманазар Шихов ҳам йўқотишдан кейин ҳаётни қайтадан йўлга қўйишга ҳаракат қилган. Унинг айтишича, оиласи, касби, боғдорчилик ишлари ва кундалик юмушлар унга олдинга интилиш учун куч берган.
Тошкентдаги руҳшунос Лола Юсупованинг айтишича, инсон яқинидан айрилганида вазият турлича бўлиши мумкин - кутилмаган ўлим ҳам, узоқ давом этган касалликдан кейинги йўқотиш ҳам. Бироқ кўпчиликда ўхшаш ҳис-туйғулар пайдо бўлади. Айниқса, айбдорлик ҳисси тез-тез учрайди.
"Вақтида айта олмадим. Вақтида ёрдам бера олмадим. Ёнида бўлолмадим. Дилимда бор нарсаларни гапира олмадим".

Сурат манбаси, Geety images
Лола Юсупованинг таъкидлашича, бундай пайтда инсоннинг ёнида яқинлари бўлиши муҳим. Унинг айтишича, дардни бошқалар билан бўлишиш ғамни енгилроқ кечиришга ёрдам беради.
"Руҳшунослар ҳам шундай дейди: 'Кимдир билан бўлишган дардингиз, ярим бўлади'", - дейди Лола Юсупова.
Руҳшунос қайғудаги инсон яхши хотираларни эслаши, марҳум билан ўтган яхши кунлар ҳақида суҳбатлашиши фойдали бўлишини айтади. У, шунингдек, ўзбек жамиятидаги таъзия ва ҳамдардлик анъаналари ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлайди. Унинг фикрича, инсонни ёлғиз қолдирмаслик ва айбдорлик ҳиссини камайтиришга ёрдам бериш қайғуни енгишда муҳим ўрин тутади.
"Баъзи бир вазиятларда бу тақдир. Бу ҳаёт. Ҳаётнинг иши, ёки Худодан деймиз". Лола Юсупованинг сўзларига кўра, оддийдек туюладиган бу фикрлар азадаги инсон учун катта тасалли ва руҳий таянч бўлиши мумкин.
"Мана шу гаплар, бир қараганда, оддий туюлиши мумкин. Лекин аслида улар инсонга жуда катта ёрдам беради", - дейди у.






























