Ақл бовар қилмайди: Иммунотерапия билан саратонни йўқотишмоқда. Қандай қилиб?

Сурат манбаси, BBC/Emmanuel Lafont
Cаратонга қарши курашда иммун тизимини кучайтиришга асосланган даволаш усуллари деярли бир асрлик ривожланишдан сўнг такомиллашиб, беморлар ҳаётини сақлаб қола бошлади.
Нью-Йоркда яшовчи 71 ёшли Морин Сидерис 2008 йилда йўғон ичак саратони сабабли жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Даволаш муваффақиятли ўтди, аммо операциядан кейинги тикланиш жараёни жуда оғир кечди.
Орадан ўн тўрт йил ўтгач, Сидерисга қизилўнгач саратони ташхиси қўйилди. Бу сафар клиник синов доирасида таклиф этилган даволаш усули аввалгисидан тубдан фарқ қилар эди. У ҳар уч ҳафтада Нью-Йорк шаҳридаги Memorial Sloan Kettering саратон марказига бориб, 45 дақиқа давомида "Достарлимаб" номли дори инфузиясини оларди.
Атиги тўрт ойлик даволанишдан сўнг Сидериснинг ўсмаси жарроҳлик, кимётерапия ёки нур терапиясисиз йўқолди. Унинг ягона жиддий ножўя таъсири чарчоққа сабаб бўладиган буйракусти бези етишмовчилиги бўлди. "Ақл бовар қилмасди, – дейди у. – Гўёки илмий фантастикадек".
Лекин бу ҳақиқат. Сидерис саратонга қарши иммунотерапиядан фойда кўраётган беморларнинг ортиб бораётган сафига қўшилди. Бу усулнинг ножўя таъсири кимётерапия ва радиотерапия каби бошқа муолажаларникидан камроқ.
"Томоғимга бир нарса тиқилиб, этим жимирлаб кетади", дейди жарроҳлик онкологияси профессори ва Техасдаги Андерсон номидаги саратон марказининг иммунотерапия бўйича тадқиқотчиси Женнифер Уорго. "Одамлар яшаяпти, сифатли ҳаёт кечиряпти. Биз шифо топиш ҳақида гапиряпмиз".
"Организм "ўзга" кўринишидаги ҳужайраларни аниқлаш ва йўқ қилиш учун табиий қобилиятга эга", дея тушунтиради АҚШдаги иммунотерапия ривожига ҳисса қўшаётган нотижорий ташкилот – Паркер номидаги саратон иммунотерапияси институти бош директори Карен Кнудсен. Агар ҳаммаси тўғри ишлаётган бўлса, бу жараёнга саратонга айланган ҳужайралар ҳам кириши керак. Аммо баъзида саратон ҳужайралари бу тизимдан қочади ёки уни алдаб ўтади, хавфли ва назоратсиз ўса бошлайди. Улар атрофдаги соғлом ҳужайралардан фарқлаб бўлмайдиган даражада яширинади.
Иммунотерапиянинг мақсади ана шу саратон ҳужайраларини фош қилиш, шунда иммун тизими уларни таниб олади. Бу усул иммун тизимининг ҳимоя кучини ошириб, саратон ҳужайраларини топиш ва йўқ қилишга ёрдам беради.
Бугун иммунотерапия саратонга қарши қандай курашади?
Иммунотерапиянинг энг машҳур икки усули бор. Биринчиси, CAR Т-ҳужайра терапияси, иккинчиси, иммун назорат нуқтаси ингибиторларидир. CAR Т-ҳужайра терапияси бемор қонидан Т-ҳужайраларни (бегоналарни овлайдиган ва ўлдирадиган ўта махсус иммун ҳужайралар) ажратиб олиш, лабораторияда уларни саратон ҳужайраларини топиб, ҳужум қила оладиган тарзда ўзгартириш ва танага қайта юборишдан иборат. Ҳозирда бу даволаш усуллари қон саратонини даволашда қўлланмоқда.
Иммун назорат нуқтаси ингибиторлари эса иммун тизимидаги мавжуд "ўчириш" тугмасини ишдан чиқарадиган дорилардир. "Ўчириш" тугмаси ҳимоя механизми бўлиб, муҳим вазифани бажаради – у соғлом ҳужайраларга зарар етказувчи ортиқча тажовузкор иммун реакциялар олдини олади. Бироқ, баъзи саратон ҳужайралари ана шу тугмани "ўчириб", Т-ҳужайраларнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлади ва шу тариқа аниқланмай қолади. Иммун назорат нуқтаси ингибиторлари эса бунинг олдини олади, яъни Т-ҳужайралар саратон ҳужайраларини таҳдид сифатида таниб, ҳужум бошлайди. Бу янгиликни кашф этган олимлар 2018 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлди ва бу дорилар бугунги кунда саратоннинг кўплаб турларида қўлланмоқда.
Шунга қарамай, иккала усулнинг ҳам ўз чекловлари бор. Тадқиқотлар давом этаётганига қарамай, олимлар янги ташхисларнинг 90 фоиздан ортиғини ташкил этувчи қаттиқ ўсмаларга (қон саратонидан фарқли ўлароқ) қарши CAR Т-ҳужайра терапиясини самарали қилишда қийналмоқда. Шунингдек, бу даволаш усули қиммат ва уни қўллаш кўп меҳнат талаб қилади.

Сурат манбаси, BBC/Emmanuel Lafont
"Иммун назорат нуқтаси ингибиторлари эса турли-туман ножўя таъсирлар билан кечиши мумкин", дейди Лондондаги Френсис Крик институти тиббий онкологи Самра Туражлич. Бунинг сабаби шундаки, иммун тизимининг "ўчириш" тугмалари организмнинг ўз тўқималарига ҳужум қилиши олдини олиш учун мўлжалланган. Шу сабабли бу ҳимояни олиб ташлаш ўсмалар билан бирга саратон бўлмаган ҳужайраларни ҳам хавф остига қўйиши мумкин. АҚШ Миллий саратон институти маълумотларига кўра, кенг тарқалган ножўя таъсирлар орасида тери тошмалари, диарея ва чарчоқ бор, камдан-кам ҳолларда эса жигар, юрак ва буйраклар яллиғланишига олиб келиши мумкин.
Агар дори тажовузкор саратонни жиловлай олса, бу таваккалчилик ўзини оқлаши мумкин. Лекин доим ҳам ундай бўлавермайди. Туражличнинг айтишича, бутун онкология соҳаси олдида турган асосий муаммолардан бири шуки, ҳеч бир иммунотерапия барча беморларда бирдек самара бермайди. Бунга ўсманинг иммун тизими таниб олишини қийинлаштирадиган тузилишидан тортиб, иммун ҳужайраларининг ўзига хос хусусиятларигача кўплаб сабаблар бўлиши мумкин.
Умуман олганда, беморларнинг 20 фоиздан 40 фоизгача бўлган қисмига иммунотерапия таъсир қилади. Бу шуни англатадики, кўплаб беморлар деярли ҳеч қандай ижобий натижа олмасдан, ножўя таъсирларга дуч келади, вақт ва умиднинг беҳуда сарфланишини эса гапирмаса ҳам бўлади.
Кўп қиррали ёндашувлар
Иммунотерапиядан кўпроқ бемор қандай наф кўриши мумкин? Тадқиқотчилар бу муаммога турли нуқтаи назардан ёндашмоқда.
Уоргонинг дастлабки тадқиқотлари кўрсатишича, таркибида клетчатка миқдори юқори бўлган парҳезга риоя қилган беморлар ичак микробиомасидаги ўзгаришлар ҳисобига яхшироқ натижага эришиши мумкин. Бу ўзгаришлар ҳам иммун тизимига, ҳам ўсманинг ўзига таъсир қилиши эҳтимоли бор. Бошқа бир ҳайратланарли тадқиқотга кўра, холестеринни пасайтирувчи арзон ва қулай дорилар бўлмиш статинлар ҳужайралараро алоқадаги кутилмаган ўзгаришлар орқали иммунотерапия самарасини кучайтириши мумкин. Ҳатто даволаш вақти ҳам аҳамиятли бўлиши мумкин: айрим сўнгги тадқиқотлар куннинг биринчи ярмида дори қабул қилган беморларнинг аҳволи кечроқ қабул қилганларга қараганда яхшироқ бўлишини кўрсатмоқда.
Иммунотерапияни радиация ёки ультратовуш каби саратонни даволашнинг бошқа усуллари билан бирга қўллаш ҳам даво самарадорлигини оширишнинг яна бир йўли бўлиши мумкин. "Радиация, аслида... ўсмани иммун тизими учун кўринадиган қилиб қўйиши мумкин", дея тушунтиради ушбу комбинациялашган ёндашувни тадқиқ қилган Weill Cornell тиббиёт маркази ходими Сандра Демариа. Ўсмаларга қарши юқори частотали товуш тўлқинларидан фойдаланадиган ультратовуш терапия ҳам худди шундай таъсир кўрсатиши мумкин.
Бошқа тадқиқотчилар эса иммунотерапиянинг индивидуаллаштириш имкониятидан фойдаланиб, беморларга улар учун энг муносиб даво усулини синчковлик билан танламоқда.
Индивидуаллаштирилган тиббиёт кўплаб соҳаларда катта қизиқиш уйғотмоқда, бироқ Кнудсеннинг таъкидлашича, касалликнинг гетерогенлигини (хилма-хиллигини) ҳисобга олсак, бу онкология учун айниқса муҳим. "Саратон бир касаллик эмас, – дейди Кнудсен. – Бу 200 хил касаллик бўлиб, уларнинг барчаси турли сабабларга кўра юзага келади ва уларни турлича даволаш керак". Ҳатто бир хил турдаги ва босқичдаги саратонга чалинган икки беморда ҳам ҳужайра даражасида касаллик турлича кечиши мумкин.
"Соҳа бурилиш нуқтасида турибди, – дейди Демариа. – Энди биз саратонни эмас, балки бевосита беморнинг ўзини даволашга ўтишимиз мумкин".
Memorial Sloan Kettering саратон маркази олимлари истиқболли стратегиялардан бирини синовдан ўтказди. Бу усул маълум бир генетик профилга эга ўсмалар "Достарлимаб" каби иммун назорат нуқтаси ингибиторларига яхши таъсир кўрсатиши ҳақидаги хулосага асосланади. 2022 ва 2024 йилларда шу профилдаги тўғри ичак саратонини даволаш бўйича ўтказилган иккита кичик синовда бу даво усули ўсмаларни бутунлай йўқ қилди. Шундан сўнг, жамоа ўз тадқиқотини кенгайтириб, унга қизилўнгач, қовуқ ва ошқозон каби турли хил ўсмаларга чалинган, аммо айни генетик хусусиятга эга 117 нафар беморни жалб қилди. Тўлиқ даволаш курсини тугатган 103 кишидан 84 нафарида, жумладан, Сидерисда ҳам ўсмаларнинг бутунлай йўқолгани кузатилди, фақат икки кишидагина қўшимча жарроҳлик зарур бўлди.
Андерсон маркази тадқиқотчилари бошқа бир назорат нуқтаси ингибиторидан фойдаланиб ўтказган тадқиқотда ҳам шунга ўхшаш натижалар ҳақида хабар беришди. Бошқа гуруҳлар эса, беморлар охир-оқибат жарроҳлик амалиётини ўтказган тақдирда ҳам, агар ўсмалар аввал иммунотерапия билан нишонга олинса, камида баъзи ҳолларда операция натижалари яхшироқ бўлиши мумкинлигини кўрсатди.
Гарчи кўпроқ тадқиқотлар талаб этилса-да, бундай натижалар умидбахш, чунки улар камроқ инвазив, аммо юқори самарали даволаш даврига йўл очади, – дейди Memorial Sloan Kettering саратон марказининг қаттиқ ўсмалар онкологияси бўлими раҳбари Луис Диаз. – Биз ўрта асрлардан замонавий даврга ўтишимиз керак. Тўғри ичакни, ошқозонни ёки қовуқни олиб ташлаш... Биз бундан яхшироқ йўлини топишимиз шарт".
Бироқ бир жиҳати бор: ўсмаларнинг атиги 5 фоизигина Диаз ва унинг ҳамкасблари ўрганган жарроҳликсиз иммунотерапия усулига мос келадиган генетик тузилишга эга. "Қолган 95 фоиз учун ҳам шундай самарали усул керак", дейди у.

Сурат манбаси, BBC/Emmanuel Lafont
Саратон вакциналари истиқболи
Шу мақсадда тадқиқотчилар иммунотерапиянинг янгича усулларини изламоқда ва саратон вакциналари каби эски усулларни такомиллаштирмоқда.
Анъанавий вакциналар организмни вирус каби патогеннинг бирор қисми билан таништиради, шу орқали уни ҳақиқий душманга қарши машқ қилдиради. Кнудсеннинг айтишича, шунга ўхшаш концепция саратонда ҳам иш бериши мумкин – фақат у касалликнинг олдини олиш учун эмас, балки уни даволаш учун қўлланиши мумкин.
Саратон ҳужайралари юзаси турли оқсиллар билан қопланади. Вакцина технологиясидан фойдаланиб, тадқиқотчилар беморнинг иммун тизимини айнан шу оқсилларни таниб олишга ва нишонга олишга ўргатиши мумкин, бу эса унинг ўзига хос саратонига қарши кучли жавоб реакциясини юзага келтиради, дея тушунтиради Кнудсен.
Ушбу ёндашувни тасдиқловчи дастлабки далиллар аллақачон мавжуд. Яқинда АҚШдаги Дана-Фарбер саратон институти тадқиқотчилари буйрак саратонининг бир турига чалинган тўққиз киши учун индивидуаллашган вакциналар яратди. Уларнинг ўсмалари жарроҳлик йўли билан олиб ташланганидан сўнг, беморлар организмда қолган саратон ҳужайраларидан халос бўлиш учун эмланди.
2025 йилда эълон қилинган тадқиқотда жамоа барча тўққиз беморда саратонга қарши мақсадли иммун реакцияси юзага келганини ва операциядан бир неча йил ўтиб ҳам уларда саратон қайталанмаганини маълум қилди. Индивидуаллашган вакциналар меланомани даволашда ҳам иш бериши мумкинлигини кўрсатди.
"Бизни мисли кўрилмаган янги дунё кутмоқда, – дейди Кнудсен. – Бу аниқ ишловчи тиббиётнинг айни таърифи. Энди биз, эҳтимол, ҳар бир алоҳида ўсмага қарши эмлаш стратегияларини жуда тезкорлик билан ишлаб чиқа оламиз".
Бу ҳаяжонли янгиликларга қарамай, олдинда ҳали узоқ йўл турибди.
Ўрганилаётган умидбахш усулларнинг баъзиларини тасдиқлаш, ҳар бир бемордаги саратон турига қарши самарали даво чораларини аниқ ва ишончли белгилай оладиган даражага эришиш учун қўшимча тадқиқотлар зарур. "Илк клиник синов босқичларидан ўта олмаган истиқболли мақсадлар ва янги воситалар жуда кўп бўлган," дея огоҳлантиради Демариа.
Диазнинг айтишича, беморларнинг маълум бир қисмига иммунотерапиянинг ҳеч бир тури кор қилмаслиги мумкин. Унинг айтишича, саратоннинг ўсиш ва ривожланишига имкон берувчи турли "ғайриодатий кучлар" мавжуд ва иммун тизими баъзи саратон турлари учун бошқаларига қараганда кучлироқ рақиб бўла олади.
Бироқ, даволаш кор қилган беморлар учун иммунотерапия ҳам ҳаётни сақлаб қолувчи, ҳам уни бутунлай ўзгартирувчи восита эканлигини кўрсатмоқда.
Диазнинг тадқиқотида иштирок этган бемор Сидерис ўзини онкологиянинг порлоқ келажагининг бир қисми деб билади. "Биз ажойиб йўлда кетмоқдамиз, – дейди у. –Шифокорлардан бири менга 10 йил ичида ҳар қандай кимётерапия ва нур билан даволаш худди қон олдириш каби ўта эскирган усулга айланиб қолишини айтди".































