Жей Ди Ванс Исроилни Эрон билан урушни чўзиш учун АҚШ жамоатчилик фикрини манипуляция қилишда айблади

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
- Author, BBC Янгиликлар хизмати
- Role, BBC Рус хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
АҚШ вице-президенти Жей Ди Ванс Исроил ҳукуматининг айрим аъзоларини Эрон билан урушни чўзиш мақсадида Америка жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга уринганликда айблади.
Чоршанба куни машҳур консерватив подкастер Жо Роганга берган интервьюсида Ванс Исроилнинг баъзи сиёсатчиларига ишонишини айтди. Бироқ, унга кўра, бошқалари "Америка жамоатчилик фикрини манипуляция қилиб, урушнинг муддатсиз давом этишига эришишга уринган".
"Менимча, музокараларни издан чиқариш ва келишувни барбод қилишга қаратилган, жуда катта маблағ билан молиялаштирилган ва кўзга ташланмайдиган кампанияга гувоҳ бўлдик", деди вице-президент.
Унинг айтишича, айрим Исроил раҳбарлари президент Доналд Трампнинг Эрон билан тузган келишувидан нафратланишига оид "қатъий далиллар" мавжуд.
Исроил ҳукумати Ванснинг баёнотларига ҳозирча изоҳ бермаган.
Июн ойида АҚШ ва Эрон ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди. Ҳужжат АҚШ томонининг сезиларли ён беришларини, Ҳўрмуз бўғозида қатновни тиклаш ҳамда можарони якуний тартибга солиш бўйича музокараларни назарда тутган.
Гарчи Исроил Эронга қарши урушда АҚШ томонида қатнашган бўлса ҳам, меморандумни тузишда иштирок этмаган. Ундан Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" ҳаракатига қарши ҳарбий амалиётларни тўхтатиш талаб этилган эди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Сўнгги кунларда ушбу нозик сулҳга амалда риоя қилинмаяпти. Эрон Ҳўрмуз бўғозини яна ёпишини маълум қилди, АҚШ эса Эрон ҳудудига зарбалар берди.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Оқ уй матбуот котиби Каролайн Левитт вице-президентнинг баёнотларини шарҳлар экан: "Менимча, президент ҳам бунга қўшилади: ҳа, хорижий давлатлар Америка жамоатчилик фикрини ўзгартиришга уринади", деди.
Эрон билан музокараларда фаол қатнашган Ванс Исроилни биринчи марта танқид қилаётгани йўқ. Июн ойида Исроил сиёсатчилари Эрон билан тузилган сулҳни танқид қилганида, Вэнс Исроил "дунёдаги қолган ягона қудратли иттифоқчисига ҳужум қилмаслиги керак", деган эди.
Эрон билан уруш Америка жамоатчилиги орасида кенг қўллаб-қувватланмайди ва уруш президент Доналд Трампнинг рейтингига зарба берди.
Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаш энди аввалгидек эмас. Аввал Ғазодаги уруш, кейин эса Эрон билан уруш америкаликларнинг ҳам чап, ҳам ўнг сиёсий лагерида Исроилга қарши кайфиятни кучайтирди.
Бу ўзгариш айниқса Демократик партияда яққол кўзга ташланмоқда. Бу йил Исроил тарафдори бўлган ва Америка-Исроил жамоатчилик алоқалари қўмитаси (AIPAC) томонидан қўллаб-қувватланган бир қатор номзодлар праймеризда Бинямин Нетаньяҳу ҳукуматини танқид қилувчи рақибларига ютқазди.
Чоршанба куни Вакиллар палатаси Исроилга ажратиладиган ёрдамни бир неча миллиард долларга қисқартиришни назарда тутувчи резолюцияни кўриб чиқди.
Уни 104 нафар конгрессмен қўллаб-қувватлади, 314 нафари эса қарши овоз берди.
Резолюцияни қўллаб-қувватлаган 104 конгрессменнинг 103 нафари демократлар эди. Шу билан бирга, 98 нафар демократ ҳам унга қарши овоз берди.

































