"Оддий сароб". Украинада урушаётган россияликларнинг оилалари сунъий интеллект ёрдамида уларни қандай қаҳрамонлаштириб "тирилтирмоқдалар"?

- Author, Елизавета Фохт, Татяна Ковтун
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 16 дақ
Россиялик ҳарбийларнинг оила аъзолари Украина босқинида ҳалок бўлган яқинлари билан сунъий интеллект ёрдамида "учрашмоқдалар", хандақларга "тушмоқдалар" ва ҳатто урушни "тўхтатмоқдалар". Кўпчилик учун бу жудолик азобини гўё енгиш усулига айланган. Ҳарбий мавзуга талаб ортиб бораётганини пайқаган тижорий "нейроижодкорлар" учун эса СИ ёрдамида "махсус ҳарбий операция" ҳақида фото, видео ва қўшиқлар яратиш мўмай даромад манбаи бўлиб қолди. Би-би-си бундай тижорий ижодкорларнинг ўзлари ҳам кўпинча уруш билан бевосита боғлиқлигини аниқлади.
"Сен ўқ уз, мен дуо қилай"
"Махсус операция якунланди. Махсус ҳарбий операция муваффақиятли ниҳоясига етди. Қаҳрамонларимиз қайтмоқда", деб ёзилган шаҳар кўчаларидаги улкан баннерларда (Россия ҳукумати Украинадаги кенг кўламли урушни "махсус ҳарбий операция" деб атайди).
Қордан ҳўл бўлган йўлак ўртасида болалар аравачасини етаклаган аёл қотиб қолган; у ортига ўгирилиб, қўлида бир даста атиргул ушлаган ҳарбий кийимдаги эркакни кўради.
Аёл унинг бўйнига осилади, юзидан бахт ёшлари қуйилади.
"Ўтинаман, Парвардигор, махсус ҳарбий операцияни тугатгин-да, йигитларимизни уйимизга соғ-омон қайтар", Украинада жанг қилаётган россиялик ҳарбийнинг рафиқаси, блогер Катя Джин ўзининг Instagram саҳифасидаги 15 сонияли видеога шундай изоҳ ёзган. У обуначиларига худди шундай ролик тайёрлаш йўриқномасини таклиф қилади – бунинг учун унга обуна бўлиб, "Юклаб олиш" сўзини юбориш кифоя.
21 ёшли Джин (ҳақиқий исми Екатерина Кирпичникова) Instagram'да 50 минг, TikTok'да эса 10 миллион обуначига эга. У ижтимоий тармоқларни 14 ёшида юрита бошлаган ва тезда пул ишлашни ўрганган.
Катя ўсмирларга хос видеолар жойлаштирар эди: липсинклар (лаб ҳаракатларини фон мусиқаси билан мослаштириш) ҳамда савдо марказларида дўстлик ва севги ҳақида ишланган саҳналаштирилган видеолар. Джин айнан ўзи TikTok'да миллионлаб обуначи олиб келган трендни бошлаб берганини айтиб, ўзини "рилс қироличаси" деб атарди.

Сурат манбаси, Катя Джин Инстаграм канали/BBC
Машҳурлик тўлқинида у фирибгарликда айбланиб судланган инфобизнесмен Аяз Шабутдинов асос солган "Like Центр" таълим компаниясида энг ёш мураббийга айланди. Ҳатто унинг қўлидан "Ёш миллионер" мукофотини ҳам олди. "Like Центр"нинг ижтимоий тармоқларида Джин 16 ёшидаёқ 2 миллион рубллик шартнома имзолагани хабар берилган эди. 2021 йили у Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган митингларга қарши буюртма кампанияда қатнашди, бироқ ўзига нисбатан сотқинлик айбловларини рад этиб, "TikTok сиёсат майдони эмас" деди.
Уруш бошланганидан сўнг TikTok Россиядан чиқиб кетди ва Катя ўз блогидан даромад олиш имкониятини йўқотди. У фақат орадан уч ярим йил ўтибгина қайта видео жойлай бошлади: бу вақт ичида Джин турмушга чиқишга, фарзандли бўлишга ва эрини фронтга кузатишга улгурди. Константин 2025 йилнинг иккинчи ярмида шартнома имзолаган. Ижтимоий тармоқларда ўзини муваффақиятли инфобизнесмен сифатида танитган кишининг нима сабабдан урушга кетишга қарор қилгани номаълум. Джин бу ҳақда обуначиларига айтмаган ва Би-би-си саволларига ҳам жавоб бермади.
Унинг ижтимоий тармоқлардаги контенти кескин ўзгарди: ёрқин суратлар ва реклама постлари ўрнини нейротармоқларда яратилган ҳарбий эри ҳақидаги видеолар эгаллади. Бу видеолар талабгир бўлиб чиқди ва кўп ўтмай Джин нейротармоқлар ёрдамида контент яратиш курсини йўлга қўйди. Унда ҳарбий, оилавий, жуфтлик ва индивидуал фотосессиялар яратиш дарслари бор.
Катя Джин эрининг "махсус операция"даги иштирокига бағишланган биринчи ролигини 2025 йил декабрда жойлаштирди. 2026 йил март ойига келиб эса асирга олинган россияликларни қидириш чатида Константиннинг "Джин" лақабли отдоши ҳақида хабар пайдо бўлди: "16 февралдан бери бедарак йўқолган! Хотини ва 1,2 ёшли ўғли бор! Қўлингиздан келганча ёрдам беринг". Константинни Купянск йўналишида қидиришган, хабарни эса профилида "нейроконтент" билан шуғулланиши ёзилган аёл қолдирган.
Бир ой ўтгач, Джин бедарак йўқолган ҳарбийларга бағишланган ролик жойлаштирди. Сюжет бўйича у эрининг ҳолати ҳақида хабарнома олади ва йиғлайди, эрсиз ёлғиз қолади, даҳшатли тушлар кўриб уйғонади ва эри хандақларда снарядлардан қочиб юрганида черковда ибодат қилади. Охирида эр-хотин барибир уйда учрашади ва айрилиқдан сўнг қучоқлашади. Фон мусиқаси сифатида Екатеринанинг ўзи нейротармоқлар ёрдамида ёзган қўшиқ янграйди: "Сен жанг қил, мен эса севгайман // Сен ўқ уз, мен дуо қилай. // Биз узоқ бедарак яшашни ўргандик, // аммо бир-биримизнинг тушимизга кирмасликни ўрганмадик". Бу трек стриминг платформаларида бор.
Катя Джин икки ойдан бери янги нейровидеолар жойламаётган бўлса-да, сунъий идрок ёрдамида яратилган ҳарбий контентни тарғиб қилувчи энг ёрқин ва талабгир ижодкорлардан бири бўлиб қолмоқда. Уруш трендига эргашган блогерлар энди камуфляж кийган эркаклар ва уларни фронтдан қайтишини кутаётган вафодор аёллар тасвирланган откриткаларни оммавий яратмоқдалар.
"Бундай видеони қандай яратса бўлади? Қариндошим вафот этди"
2025 йил ўрталарига келиб ижтимоий тармоқлар бош қаҳрамонлари россиялик ҳарбийлар бўлган, сунъий онг ёрдамида яратилган сурат ва видеоларга тўлди. Уларни асосан Украинага қарши урушда қатнашаётган ҳарбийларнинг рафиқалари жойлайди: бундай контент яратиш бир вақтнинг ўзида ҳам қўшимча даромад манбаи, ҳам айрилиқ пайтидаги соғинчни енгиш усулига айланмоқда. Айрим аёллар сунъий интеллект орқали обуначиларига эрларининг фронтда бедарак йўқолгани ёки ҳалок бўлгани ҳақида ҳикоя қилади. Би-би-си ва "Медиазона" ҳисоб-китобларига кўра, Украинада 223 мингдан ортиқ ҳарбий ҳалок бўлган.
"Махсус ҳарбий операция жангчиси" ўлимига бағишланган классик видео шундай кўринишга эга: ҳарбий кийимдаги эркак хотини ва фарзандларини қучади, сўнг ортига ўгирилиб, мовий осмонга туташиб кетган баланд зинадан юқорилайди. Зинапоя панжаралари ёнида гўё ўзининг ердаги ҳаётини якунлаган инсонни қарши олаётгандек фаришталар парвоз қилади.
Бошқа вариантлар ҳам учрайди: масалан, эркак ва аёл қуёш ботаётган осмоннинг заррин нурлари остида суратга тушадилар, уларнинг ортида, булутлар устида эса Россия байроғи ҳилпираб турган устунлар қад кўтарган. Бундай видеоларнинг моҳияти битта: инсон осмонга кўтарилади ва оиласига ғамхўрлик қилишда давом этади. Шу сабабли ҳарбийлар кўпинча фаришталар қиёфасида тасвирланади, баъзида уларнинг бошида ҳатто нур халқаси ҳам пайдо бўлади.
Бундай видеоларни 2025 йил май ойида Каменск-Уралск шаҳрилик Анна Кораблёва ярата бошлади. У синглиси Елена билан бирга "Видеовидолашув" лойиҳасига асос солди. "ВКонтакте"даги ҳамжамият тавсифида айтилишича, лойиҳа мақсади – "амалга ошмай қолган видолашув"ни бошдан кечиришга, турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзандлари билан яна бир бор «дийдорлашишга» ёрдам бериш.
Кораблёванинг Би-би-сига айтишича, унга асосан ҳозирда Украинада жанг қилаётган ҳарбийларнинг оилалари мурожаат қиладилар. Улар фотосуратлар билан бирга Аннага ўз ҳикояларини ҳам жўнатишади. Буюртмачилардан бири Кораблёвага эрининг фронтда олган видеосини кўрсатган – кадрларда ҳарбийлар ўз сафдошларининг тана қолдиқларини йиғиштираётгани акс этган эди.
"Бундай роликларни тайёрлай бошлаган илк ойларимда деярли ҳар куни йиғлардим. Вақт ўтиб, ҳиссиётларимни ишдан ажратишни бироз ўргандим. Ролик чиройли, сифатли ва марҳумнинг хотирасига муносиб чиқиши учун кўпроқ техник жиҳатига эътибор қаратишга ҳаракат қиламан", дейди Анна.
Видео нархи 1300 рублдан бошланиб, шошилинч буюртмалар 10 минггача етади. 2990 рубл эвазига марҳумнинг оиласига ўз васиятини айтаётгани тасвирланган видео олиш мумкин (ўхшашлик максимал даражада бўлиши учун Кораблёвага овозли хабарларни жўнатиш керак); 3 минг рублга икки нафар марҳум иштирокидаги видеога буюртма бериш имконияти ҳам бор. Бундай роликларнинг таннархи анча паст: Би-би-си ҳисоб-китобларига кўра, битта видео генерацияси 30 рублгача туриши мумкин, аммо тўлақонли клип яратиш учун бундай генерациялардан бир нечтаси талаб этилиши мумкин.
Кораблёванинг лойиҳаси энг йирик ва машҳури бўлиб, у ҳақда ҳатто федерал телевизион каналлар ҳам хабар бердилар, бироқ у ягона эмас. Ижтимоий тармоқларда айнан шундай хизматни таклиф қилувчи юзлаб гуруҳлар ва аккаунтлар мавжуд, видео сюжетлари ҳам бир хил. Фарқ фақат нарх ва ижро сифатида – айрим кадрларда одамларнинг қўл-оёқлари йўқолиб қолиши ёки юзлари қўрқинчли даражада ўзгариб кетиши мумкин. Бу хизматларга талаб катта: роликлар остида фойдаланувчиларнинг "Менга ҳозироқ шундай видео керак" ёки "Буни қандай қилса бўлади? Яқиним вафот этганди" каби изоҳларни доим учратиш мумкин.

"Ё мен ишимни ҳақиқатан ҳам жуда яхши бажарадиган бўлдим, ё менга сахий одамлар учрай бошладилар. Кўпинча икки баравар кўп тўлашади ва чойчақа ҳам қолдиришади. Менинг видео видолашувларим, афтидан, жуда кучли туйғу уйғотади", деб ёзади видолашув роликларининг яна бир муаллифи Алияна ўзининг ёпиқ Telegram каналида. У Instagram'да ишидан намуна эълон қилганида, изоҳларда уни "бировнинг қайғуси ортидан пул ишлаш"да айблаганлар ҳам бўлди.
Бироқ Алияна бу иши ғаразли эмаслиги, балки одамларга ёрдам бериш учун шуғулланаётганини таъкидлайди. Унинг ўзи ҳам акаси урушда ҳалок бўлганидан сўнг видолашув видеоларини тайёрлай бошлаган; аввалига бепулга. "Рости, видео видолашувлар орқали пул топаман, деб ҳеч ўйламагандим. Кўп марта тўлиқ нейрофотосессияларга ўтиб кетмоқчи бўлдим, лекин бу мавзу менга жуда яқин", дея тушунтиради блогер постларидан бирида.
Феврал ойи охирида Алияна "мавзу жуда оммалашгани" ва нейровидео туфайли икки ҳафталик таътилга, камерали "RayBan" кўзойнагига ва "бошқа хоҳишлари"га етадиган пул ишлаб олганини ёзди. У ҳатто бир кунлик даромади миқдорини ҳам эълон қилди: 55 минг рубл (ўша вақтдаги курс бўйича тахминан 710 доллар). Унинг мижозлари шу қадар кўпайдики, энди уларнинг хабарларини икки нафар менежер кўриб чиқади, Алиянанинг шогирдлари ҳам пайдо бўлган, буюртмаларнинг бир қисмини у уларга топширади.
Аммо видеохайрлашувлар муаллифларининг ҳаммаси ҳам бунчалик харидоргир эмас. Кўпинча ўз ишлари намуналарини ижтимоий тармоқларда эълон қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, шунинг учун айримлар ўз хизматлари ҳақидаги эълонларни Telegram каналлари ва ҳарбийларнинг яқинлари учун очилган чатларга тарқатади. Бундан ташқари, улар бир-бирларининг мижозларини тортиб олишга ҳаракат қиладилар: постлар остида видео буюртма қилмоқчи бўлган одамнинг изоҳи пайдо бўлса, унга "тирилтириш" хизматини таклиф қилувчи бир нечта аккаунт бараварига жавоб ёзади.
"Бундан бир йил аввал нейротармоқларни ўргатиш ва сунъий интеллект ёрдамида контент яратишга талаб жуда катта эди – ўшанда рақобат деярли йўқ эди. Менга кунига бир неча ўнлаб, ҳатто юзлаб хабарлар келарди. Ҳозир бозор тўйинган ва назаримда, талаб бир неча юз баробарга камайди", дейди Анна Кораблёва.
Шунга қарамай, унинг даромади сезиларли тушиб кетмади: бир йил ичида доимий мижозлар гуруҳи шаклланди, уларнинг кўпчилиги марҳумнинг вафот этганининг бир йиллиги ёки туғилган кунига атаб видео буюртма қилиш учун қайтади. "Декретдаги она сифатида мен учун бу, очиғини айтсам, ёмон қўшимча даромад эмас: оилавий юмушлар ва бўш вақтимдаги буюртмаларга улгураман", дея изоҳлайди у.
"Нозик ва ахлоқий жиҳатдан мураккаб мавзу"
Сунъий интеллект ёрдамида одамларни "тирилтириш" фақат Россияда эмас, балки бошқа мамлакатларда ҳам кенг тарқалган. "Шу маънода, Украинадаги уруш қатнашчиларини "тирилтириш"ни жаҳон "рақамли охират" саноатининг бир қисми деб ҳисоблаш мумкин", дейди Кембриж Университетидаги Леверҳулм номидаги интеллект келажагини ўрганиш маркази тадқиқотчиси Катажина Новачик-Басинска Би-би-сига берган интервюсида.
Тадқиқотчининг айтишича, вафот этган одамлар иштирокидаги дипфейкларни ёки "ўлимдан кейинги аватарлар" деб аталган тасвирларни турли соҳаларда учратиш мумкин. Дунё бўйлаб оилалар бу технологиялардан дафн маросимларида фойдаланиб, сунъий интеллект ёрдамида яратилган яқинларининг симуляциялари билан мулоқот қиладилар. Музейлар улардан интерактив инсталляциялар учун фойдаланадилар ва бу ташриф буюрувчиларга Холокостдан омон қолганлар билан "суҳбатлашиш" имконини беради. Улар суд залларида ҳам қўлланади: СИ ёрдамида яратилган қурбонларнинг тасвирларидан суд жараёнларида фойдаланилди. Ҳаттоки сиёсатда ҳам. Яқинда Ҳиндистонда рақамли "тирилган" сиёсатчи сайлов кампаниясида қатнашди.
Шу сабабли, Новачик-Басинсканинг фикрича, "ўлим ва йўқотиш мавзулари устунлик қиладиган" уруш қатнашчилари оилалари орасида СИ технологияларнинг бунчалик оммалашганида ажабланарли ҳеч нарса йўқ. Шу билан бирга, тадқиқотчи бошқа глобал можаролар мисолида бу тенденция бунчалик кенг тарқалганини кузатмаганини тан олади.
"Бундай контентни ахлоқий нуқтаи назардан баҳолаш жуда мушкул, чунки унинг ҳам шахсий, ҳам сиёсий жиҳатлари бор", дейди эксперт.
"Қайғу-изтироб – аввало, чуқур шахсий ва интим кечинмадир. Уни бошдан кечираётган одамда бир қатор табиий ҳиссий реакциялар пайдо бўлади, айниқса, ўлим ҳолатлари ҳақида маълумот ёки жасадни кўриш имкони бўлмаган вазиятда. Воқеа қандай содир бўлгани номаълум бўлса, видолашиш имкони бўлмаса, дафн маросими ва у билан боғлиқ удумлар ўтказилмаса, жудоликни енгиб ўтиш ўта қийинлашади, – дея тушунтиради тадқиқотчи. – Назаримда, бундай вазиятларда визуализациянинг турли шакллари – ҳатто сунъийлари ҳам – инсонга содир бўлган воқеани англаш ва қабул қилишга ёрдам бериши мумкин".

Сурат манбаси, «Видеопрощание official» / VK/ BBC
Шу билан бирга, Новачик-Басинсканинг айтишича, СИ визуализация жудоликни енгишга ёрдам берадими ёки аксинча, инсоннинг азоб-уқубатларини кучайтирадими, буни аниқ айтиш имконсиз – ҳар ким қайғуни ўзича бошдан кечиради. "Биз бундай воситаларнинг қайғуни бошдан кечириш жараёнига психологик ва ижтимоий нуқтаи назардан қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ҳали ҳам жуда кам нарса биламиз, – дейди у. – Қайсидир маънода, ҳаммамиз техник ва маданий тажриба ичидамиз".
"Видолашув" роликларига муносабат турлича: айрим шарҳловчилар видеони кўриб йиғлаганини ёзса, бошқаларга бундай контент куфрдек туюлади ва уни "Қора кўзгу" сериалига (технологияларнинг инсон ҳаётига таъсири ҳақидаги илмий-фантастик антология; унинг бир қисмида аёл сунъий интеллект ёрдамида яратилган робот – вафот этган эрининг қиёфадошини сотиб олади) қиёслайди.
Видолашув суратлари ва видеоларига буюртма берганларнинг ўзлари ҳам бундай контент жудоликни енгишга ёрдам берадими ёки йўқ, деган масалада турли фикрда. "Психологик жиҳатдан, йўқ, албатта, ёрдам бермади. Бу қандай ёрдам бериши мумкин?" – дейди Би-би-сига ҳалок бўлган эрининг қабртоши учун СИ суратини сотиб олган аёл; у яна иккита суратни ётоқхонасига осиб қўйган. "Ўғлимни қуча олмаслигимни англашимда технологиялар менга ёрдам бердими? Йўқ! Бу оддий бир сароб, холос", дейди Би-би-сининг яна бир суҳбатдоши.
Аммо кимлар учундир нейровидеолар марҳум билан яна бир бор учрашиш имкониятига айланмоқда. "Яқин инсоним ёнида бўлиш имкониятини бергани учун сунъий интеллектга раҳмат. Тез кунда сени йўқотганимга ҳам 2 йил бўлади", деб ёзди бир россиялик аёл урушга кетган эри билан туширилган видолашув ролиги остида.
Бундай роликларнинг сиёсий жиҳати анча мураккаб, дейди Катажина Новачик-Басинска. "Агар бу каби технологиялар сиёсий мақсадларда, масалан, тарғибот доирасида ишлаб чиқилса ва тарқатилса, жиддий муаммога айланади. Мен ҳатто буни нотўғри деган бўлардим, чунки бу ерда гап сиёсийлаштирилган қайғу шакли ҳақида кетмоқда, бунда муайян стратегик мақсадлар йўлида жудолик ҳисларидан фойдаланилади", дея тушунтиради у.

Сурат манбаси, «Фото-трансформация» / «Видеопрощание official»/ BBC
Катажина Новачик-Басинска файласуф Жудит Батлер таклиф қилган "мотам тутилишга лойиқлик" (grievability) концепциясини ҳам эсга олади. "Бу концепция эътиборимизни барча ўлимлар ҳам жамоатчилик назарида бир хил кўринавермаслиги ва барча йўқотишлар ҳам бирдек тан олинмаслигига қаратади. Кимнингдир қайғусини ҳокимият, медиа, мафкура кучайтириб кўрсатиши, – дея тушунтиради у. – Айнан шунинг учун ҳам россиялик аскарларнинг рақамли "тирилиши" шунчалик таъсирчан ва ахлоқий жиҳатдан мураккаб мавзудир. Чунки урушда ҳар доим камида икки томон бўлади".
СИ видеоларида Украинага босқинда қатнашганлар деярли ҳар доим оиласи ва ватанини ҳимоя қилаётган қаҳрамонлар образида кўрсатилади. Бу украиналикларда қандай ҳис-туйғулар уйғотишини уларнинг баъзи постлар остидаги изоҳларидан билиб олиш мумкин:
"Ҳақиқатни ёзинг. Уларда қаҳрамонликнинг ҳиди ҳам йўқ, арзимас пул учун бегона шаҳарларни вайрон қилишга кетяпти. Шармандалик".
"Умид қиламанки, у устига "қаҳрамон" деб ёзилган пакетда қайтади".
"Тасаввур қилинг, биз сизнинг ўша қаҳрамонларингиз еримиздан чиқиб кетишини, ҳаммани тинч қўйишини қандай кутаётганимизни. Аммо ҳаётни қайтариб бўлмайди, улар жонимизни олди".
"Ҳеч бўлмаса уялсангиз бўларди, фарзандларимизни ўлдириб, қонли пул ишлашга кетган "қаҳрамон"ларингизни кўз-кўз қилишга".
"Ҳис-туйғуларни ифодалашнинг ўзига хос усули"
2025 йил охирига келиб, ижтимоий тармоқларда тирик ҳарбийлар иштирокидаги СИ контент вирус каби тарқала бошлади. Украинага босқиннинг бешинчи йили давом этаётган ва унинг тугаш истиқболлари ноаниқ бир шароитда, жангчиларнинг яқинлари муқобил воқеликни яратмоқдалар: бу воқеликда оилалар ҳар қандай қийинчиликка қарамай, яна бирга бўлади.
Мавзуга доир ҳештеглар орқали юзлаб шундай видеолар ва суратларни топиш мумкин. Бу сюжетлар ҳам ранг-баранглиги билан ажралиб турмайди. Уларнинг қаҳрамонлари кутилмаганда байрам куни ёки уруш тугагани сабабли уйга қайтиб келади, хотинлари билан пляжда рақсга тушади. Баъзан фотосуратлар айрилиққа бағишланади: аскар вайрон бўлган уй фонида севгилисининг суратини ушлаб туради. Ҳазиллар ҳам учрайди: бир блогер ҳарбий кийимдаги эри машҳур репер Токсиснинг "Гўшакни ол, болам" қўшиғи остида унинг рақсини такрорлаётгани акс этган видеони генерация қилган.
Кўпинча аскарларнинг яқинлари оммалашган трендларни олиб, уларни ҳарбий воқеликка мослаштиради. Ҳозир кўпчилик бир бола "Тату" гуруҳининг қўшиғи остида каруселда учаётгани тасвирланган генерация қилинган видеоларни жойламоқда. Кадрга "Қизиқ, катта бўлсам, нима билан шуғулланаркинман?" деган титр чиқади. Шундан сўнг ҳарбий кийимдаги катта ёшли одамнинг "Мен Ватанни ҳимоя қиламан" ёзувли сурати пайдо бўлади.
Ҳарбий СИ роликларда янграйдиган мусиқа ҳам кўпинча сунъий интеллект томонидан яратилган. Масалан, "Мен сенинг фариштанг бўламан" хитидан Instagram рилслар учун фойдаланилади, уларда қаҳрамон қиз жангчи эрини фаришта қанотлари билан қучоқлайди. Қўшиқни Витебск шаҳрида яшовчи, мусиқа ва вокални нейротармоқлар ёрдамида яратадиган Павел Агеев (a8p4s тахаллуси билан танилган) ёзган. Композиция шу қадар оммалашиб кетдики, ҳатто ватанпарварлик қўшиқлари фестивалида ҳам ижро этилди.

Сурат манбаси, Ульяна Лебедь Телеграм-канали / BBC
Урушаётган россияликларнинг оилалари мулоқот қиладиган гуруҳ ва чатлар "ҳис-туйғуларни ифодалашнинг ўзига хос усули" ёки "ҳимоячиларингиз билан тушилган таъсирли портретлар" каби иборалар билан безатилган СИ хизматлари рекламаларига тўла. Улар фақат видеолар ва фотосуратлар яратиш билангина чекланмайди: СИ рассомлар (бундай контентни сотадиганлар ўзларини кўпинча шундай атайди) мавжуд суратларни "жонлантиради", қабр тошлари дизайнида ёрдам беради, ҳалок бўлганларнинг фарзандлари учун "хотира китоблари" яратади, қўшиқлар ёзади ва ҳатто видеоклиплар ҳам суратга олади. Кўпинча бундай рассомлар эрлари Украинада жанг қилаётган аёллар бўлиб чиқади. Би-би-си СИ контентидан даромад олаётган ўнлаб ҳарбийлар хотинларининг саҳифаларини аниқлади.
"Ўтган октябрда ҳарбий киши блиндажда ўтирганча, севгилисининг суратига қараб турган фотосурат трендга чиқди. Мен шундай сурат олдирганимдан сўнг, қизлар уларга ҳам шунақа сурат ясашда ёрдам сўрай бошлади. Эркаклар эса севгилисига совға қилиш учун мурожаат қилишарди. Мен шунчаки ҳамма жойни кавлаб, дуч келган тугмани босавердим, охири нимадир чиқди", дейди блогерлардан бири, 20 ёшли Вероника Би-би-сига. Унинг айтишича, беш ойлик бундай иш "анча даромад" келтирган, аммо Вероника унинг аниқ миқдорини айтмайди.
Баъзи блогерлар ўз профиллари тавсифида нейротармоқлар орқали миллион ишлаб топганини ёзади. Бу ростми ёки йўқ, аниқ айтиш қийин, бироқ СИ рассомларнинг юқори даромад топишига шубҳа қилишга ҳам ҳожат йўқ. Айниқса, СИ контентидан бир йўла тўрт хил усулда пул ишлаш мумкин.
Энг оддийси: буюртма асосида шундай фото ва видеолар генерация қилиш – нарх 200 рублдан 10 минг рублгача ўзгариб туради. Иккинчи усул – промтларни (яъни, фото, видео ва матн яратиш учун чат-ботларга бериладиган кўрсатмаларни) ёки шу промтлар эълон қилинадиган ёпиқ Telegram каналга кириш ҳуқуқини сотиш. Ваҳоланки, уларнинг бепулларини ҳам осонгина топиш мумкин. Нейротармоқлардан фойдаланишга қўли келиб қолган блогерлар янгилар учун ўқув курсларини ташкил этаяптилар – бундай курсларнинг нархи унчалик юқори эмас, 3-4 минг рубл атрофида. Ниҳоят, рефераллар, яъни таклиф этилган фойдаланувчилар ҳам яхшигина даромад келтириши мумкин. Россиялик блогерлар нейрофото ва видео яратиш учун Telegram'даги ҳамкорлик дастурини таклиф қилувчи ботлардан фойдаланадилар: фойдаланувчи ботга қанча кўп одам жалб қилса, шунча кўп пул ишлай олади.
Верониканинг Instagram саҳифаси сунъий интеллект (СИ) ёрдамида яратилган ишлар билан тўлган: бош қаҳрамонлар қизнинг ўзи ва унинг сафарбар қилинган эри. Вероника эри кетидан ўзини "Донецк Халқ республикаси" деб эълон қилган ҳудудга кўчиб ўтган. Унинг рилс-видеолари "ҳар бир ҳарбийнинг хотини/севгилиси шундай суратлар олдириши шарт" каби изоҳлар билан эълон қилинади. Вероникани 5 мингга яқин одам кузатади ва у ўз кузатувчиларини суратлар генерация қилиш учун ўзининг пуллик ботидан фойдаланишга даъват этади.
"Бу ишга [урушга] алоқадор бўлган оилалиларнинг фотосессияга боришга имкони йўқ, шунинг учун биз вазиятдан шундай чиқяпмиз. Қолаверса, шунчаки ҳис-туйғуларимиз ва кечинмаларимизни ифодалайдиган суратлар ҳам бор", дея Вероника СИ контентга ортиб бораётган талабни изоҳлайди (гарчи, ўзининг тан олишича, бу унга айрилиқни енгишга ёрдам бермаётган бўлса ҳам).
Верониканинг айтишича, унинг уруш билан боғлиқ бўлмаган контент учун ҳам ғоялари бор, бироқ ҳарбийларнинг хотинлари унинг мижозларининг "тўлов қобилияти энг юқори" қатламини ташкил этади. Нима учун айнан ҳарбийларнинг хотинлари бундай хизматларни сотиши ҳақидаги саволга у тўғридан-тўғри "Осон даромад", деб жавоб беради.
Блогер Уляна Лебед Би-би-сига генерациялар ва ўқув курслари орқали ойига ўртача 150-200 минг рубл ишлаб топишини айтди. СИ дан аввал ҳам унинг 17 минг обуначига эга блоги бўлиб, унда у ҳарбий эри билан кечираётган ҳаёти ҳақида сўзлаб борарди. Ижтимоий тармоқлар ва Telegram канали туфайли унда доимий мижозлар оқими пайдо бўлди: у кунига ўртача 40-50 та суратга ишлов беради. Байрамлар арафасида талаб кескин ошади. Уляна 23 феврал арафасида буюртмалар шунчалик кўпайиб кетганидан, дугонасини ёрдамчи қилиб олиб, кун бўйи ишлаганини эслайди. Декабр ойида ҳам талаб юқори бўлган. Унинг айтишича, байрам кунлари даромад икки баробар ошиши мумкин.

Сурат манбаси, Ульяна Лебедь Телеграм-канали / BBC
"Ишни энди бошлаганимда, икки ҳафта деярли ухламадим. Қайтанга, суратларим TikTok'да кўп кўрила бошлади, жуда катта буюртмалар тушди. Эрим мени койирди: «Нега ўзингни қийнайсан? Уйғонганингда қилаверасан-ку», деб эслайди Уляна. У қизини ёлғиз тарбиялайди, шу боис масофавий иш топишни истаган. Бошқа бир вариант ярим ставкалик иш эди, аммо унинг маоши ҳозирги даромадидан анча паст бўларди. «Менинг дугонамнинг иккита боласи бор, у [Ростов-на-Дондаги] «Магнит Косметик»да ярим кун ишлайди, 18 минг рубл олади. Мен бу ишга бориб-келиш учун бензинга ундан кўпроқ сарфлайман".
Ҳарбийларнинг хотинлари ҳар доим ҳам "махсус ҳарбий операция" ҳақидаги контентни тарғиб қилавермайдилар. Би-би-си билан анонимлик шарти билан суҳбатлашган блогернинг таъкидлашича, вақт ўтиши билан бу мавзу унинг аудиторияси учун қизиқарсиз бўлиб қолган: "Мен СИ билан ўтган йилнинг октябр ойида шуғуллана бошладим ва айнан ҳарбий мавзудаги промтларга урғу бердим, кейинроқ ҳарбий блокка эга ўқув курсимни ишга туширдим – бозорда ҳали бундай нарса йўқ эди. Лекин Instagram'да ҳарбийларнинг хотинлари кўп бўлишига қарамай, обуначилар оқими жуда суст эди. Telegram каналимдан ҳарбий мавзуни олиб ташлаганимдан сўнг, одамлар фаол обуна бўла бошладилар, кунига деярли 1000-2000 кишидан қўшиларди". Ҳозирда қиз "дунёвий аёл" образига эътибор қаратмоқда: қимматбаҳо интерерларда, қоплон либосларида, гуллар ва беш минг рубллик купюралар билан тушган генерация қилинган суратларни эълон қилади.
Тескари ҳолатлар ҳам мавжуд. Би-би-си эрлари, эҳтимол, фронтда бўлмаган, лекин уларни СИ видеоларда мунтазам равишда ҳарбийлар қиёфасида тасвирлайдиган бир нечта блогер аёлларни топди. Улар ўзларини "махсус ҳарбий операция иштирокчиларининг хотинлари" деб таништирмайдилар, шунчаки ўз хизматларини шу тарзда реклама қиладилар. Масалан, бир рассом аёл ўзининг ҳаётдаги турмуш ўртоғини Россия ҳарбий кийимидаги шарпа сифатида тасвирланган роликни жойлаштирди. "СИ нималарга қодир-а? Бу шунчаки дахшат", дейилади изоҳда.
"Ҳарбий форма долзарблигини йўқотади"
Нейроботлар 2024 йилдаёқ оммалаша бошлаган эди: ҳар куни янгилари пайдо бўлмоқда, ҳозир уларнинг сони ўн минглаб, балки юз минглабдир, дейди Би-би-сига Combot ҳамжамият таҳлили хизмати бош директори ва Русийзабон ҳамжамият менежерлари ассоциацияси ҳаммуассиси Фёдор Скуратов.
Скуратовнинг фикрича, бот яратувчиларнинг даромади унчалик катта эмас: битта ботдан ойига 1 миллион рублгача пул ишлаш мумкин. "Объектив қарасак, бу микробизнес. Ботлар асосида қурилган ягона йирик бизнес, дейди у.
СИ рассомларнинг ўзига келсак, Скуратовнинг башорат қилишича, катта даромадлар даври қисқа бўлади ва уларнинг даромадлари яқин келажакда пасаяди. Реферрал тизими "энг фойдали усул эмас", дейди эксперт.
"Илгари, масалан, тўй суратларига ишлов бериб, шу орқали пул ишлайдиган фотошоп усталари бўларди. Ҳозир ҳам нейротармоқлардан ҳатто бот орқали ҳам фойдалана олмаётганлар билан худди шундай вазият – улар бу ишда қўлини анча келтириб олган одамга озгина пул тўлашни афзал кўришади, – дея тушунтиради Скуратов. – Бундан 10 йил аввал фотошоп орқали 20 минг рубл топиш мумкин эди. Ҳозир эса [нейроконтентда] 200–500 минг рублгача пул ишлаш мумкин. Олти ойдан кейин бу бозорда даромад қиладиганлар сони 10 баробарга ошади. Даромадлар эса яна 20–50 минг рублгача тушиб қолади".

Сурат манбаси, Tama Tako / Instagram / BBC
Ҳарбий мавзудаги сунъий интеллект контенти тез орада ҳеч кимга қизиқ бўлмай қолади, деб ҳисоблайди блогер Уляна Лебед.
"Махсус ҳарбий операция тугайди, эрлар уйга қайтади ва бу нарсаларнинг барчаси, қўпол қилиб айтганда, бир тийин бўлади. Балки айрим [сўровлар] қолар, лекин ҳарбий форма, вайрон бўлган уйлар… бу каби мавзулар ўз долзарблигини йўқотади".
Муҳаррир: Олга Шамина






























