Россиянинг янги "Филин" ракетаси Украина учун қанчалик хавфли?

Ракета «Филин» в небе (рисунок)
    • Author, Иля Абишев
    • Role, BBC ҳарбий шарҳловчиси
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия 2026 йил ёзи охиридан буён Украинага ҳужумларда "Филин" қанотли ракетасидан фойдаланмоқда. У нисбатан кичик ва эҳтимол, арзон ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган ракета бўлиб, айни пайтда эълон қилинган техник хусусиятлари билан ажралиб туради.

Ҳозирча ракета ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Интернетда эҳтимол, уриб туширилган ракетага тегишли шикастланган қисмнинг сурати пайдо бўлди. Шунингдек, Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси 22 октябр куни унинг тузилиши, электрон компонентлари ва двигатели ҳақида умумий маълумотларни эълон қилди.

Ҳарбий экспертлар фикрича, Россия "Филин" ракеталарини оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўя олса, бу Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига тушадиган юкни сезиларли даражада ошириши мумкин.

Россия ҳарбий саноати яратган янги қурол ҳақида нималар маълум ва у Украина учун қандай хавф туғдиради?

Умумий хусусиятлари

Украина разведкаси маълумотларига кўра, "Филин" Москвадаги "Молния" илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида яратилган. Бу корхона "Тактик ракетавий қуролланиш" корпорацияси таркибига киради.

"Филин" — турбореактив двигателли кичик қанотли ракета. У ердаги қурилмадан учирилади ва дастлабки тезланишни таъминлайдиган қўшимча ракета двигателидан фойдаланади.

Унинг энг юқори тезлиги соатига 800 километргача, тахминий учиш масофаси эса 1200 километрни ташкил этади. Ракета 200 метрдан паст ўта кичик баландликлардан тортиб, олти километргача баландликда уча олади.

Булар — эълон қилинган энг юқори кўрсаткичлар. Ракетанинг турли парвоз режимларидаги имкониятлари мустақил синовлар орқали тасдиқлангани йўқ.

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Украина разведкаси маълумотларига кўра, "Филин" учун икки хил жанговар каллак мавжуд: бири 50 килограмм, иккинчиси 100 килограмм оғирликда.

"Геран" туркумидаги учувчисиз қурилмалардан фарқли равишда, "Филин" бошиданоқ қанотли ракета сифатида яратилган. "Геран"лар дастлаб поршенли двигателли, секин учадиган дронлар бўлган бўлса, кейинчалик турбореактив двигателли тезкор зарба қурилмаларига айлантирилди.

Украина президенти маслаҳатчиси, "Флеш" тахаллуси билан танилган Сергей Бескрестнов ўз саҳифасида шундай ёзди:

"Мен анчадан бери душманимиз келажакда реактив 'Шаҳед'ларга эмас, балки арзон қанотли ракеталарга устувор аҳамият беришини башорат қилиб келардим. Улар тезроқ, манёвр қилиш имконияти юқорироқ, паст баландликда уча олади ва 'Шаҳед'ларга қараганда оғирроқ жанговар каллакни олиб юра олади.

Улар учун дронлар учириладиган махсус майдонлар керак эмас. Кўпчилигини вертолётлар ва учувчисиз қурилмалардан учириш мумкин. Энг муҳими, уларни Россияда ишлаб чиқарилган қисмлардан йиғиш мумкин".

"Филин" ракетасининг камида асосий қисмлари Россияда ишлаб чиқарилади. У Россиянинг "Рейнолдс" компанияси тайёрлайдиган кичик газ турбина двигатели — R-500 билан жиҳозланган.

Худди шу двигател "Су-71К Ковёр" ҳаво-ер синфидаги ракетага ва "Су-71М Монохром" авиацияда қўлланадиган зарбали учувчисиз қурилмага ҳам ўрнатилган. Уларни "Сухой" конструкторлик бюроси яратган ва яқинда Россия армияси қуролланишига қабул қилинган.

Россиянинг аввалги айрим ишланмалари, жумладан, реактив "Геран" ва "Бандерол" қурилмалари эса фуқаролик маҳсулотлари сифатида таснифланиб, сотиладиган Хитой двигателларидан фойдаланади.

"Филин" нимаси билан хавфли?

Сергій FLASH
Ukraina uchun bu raketa, eng avvalo, uzoq masofaga uchadigan va kelajakda ommaviy ishlab chiqarilishi mumkin bo‘lgan qanotli raketa sifatida xavf tug‘diradi.
Ilya Abishev
BBC harbiy sharhlovchisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)
  • У ўта паст баландликда уча олади. Ер релефини кузатиб учадиган қанотли ракета ердаги радарлар кўриш майдонига кутилмаганда кириб келиши мумкин. Бу нишонни аниқлаш, унинг координаталарини ҳаво мудофааси бўлинмаларига етказиш ва уриб тушириш учун қоладиган вақтни қисқартиради.
  • У "Геран"лардан тезроқ. Эълон қилинган соатига 800 километрлик тезлик "Филин"ни секинроқ учадиган дрон-тутқичлар учун жуда қийин нишонга айлантиради.
  • Жанговар каллаги оғир. Ракетанинг жанговар каллаги 100 килограммгача етиши мумкин. Бу кўрсаткич бўйича "Филин" йирик қанотли ракеталардан ортда қолса-да, унинг жанговар қисми "Геран"ларникидан тахминан икки баравар оғир. Бу инфратузилма объектлари, омборлар, ишлаб чиқариш майдонлари ва бошқа нишонларга зарба беришда муҳим аҳамиятга эга.
  • Радиоэлектрон тўсиқларга чидамли. Украина разведкаси маълумотларига кўра, ракета 16 каналли тўсиқлардан ҳимояланган "Комета" спутник навигация модулидан, шунингдек, инерциал навигация тизимидан фойдаланади. Бу уни радиоэлектрон кураш воситалари орқали чалғитишни қийинлаштиради.
  • Арзон ва оммавий ишлаб чиқариш имконияти бор. Композит материаллардан фойдаланиш, айрим қисмларни 3D-босма усулида тайёрлаш ва электроникани бирхиллаштириш ракета таннархини анча пасайтириши мумкин.

Бироқ бу ҳозирча "Филин" ҳақиқатан ҳам арзон эканини ёки уни минглаб донада ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини исботламайди. Аммо бу хусусиятлар уни оммавий зарбалар бериш воситаси сифатида жозибадор қилади.

"Филин"га қарши қандай курашиш мумкин?

"Филин"ни дрон-тутқичлар билан қувиб етиш қийин. Бироқ у замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларининг аксариятидан тезроқ эмас. Зенит-ракета мажмуалари ва қирувчи самолётлар ҳар қандай қанотли ракетани нишонга олиши мумкин.

Бироқ ракетага ишончли қарши туриш учун кўп босқичли ва эшелонлаштирилган ҳаво мудофааси зарур.

Самолётлар қанотли ракеталарни ҳимоя қилинаётган объектларга яқинлашмасидан олдин уриб тушириши мумкин. Лекин ҳар бир нисбатан арзон нишонга AIM-9 Sidewinder каби танқис ракеталарни сарфлаш қимматга тушади.

Ўта паст баландликда учадиган қанотли ракеталарга қарши авиация тўпларидан фойдаланиш ҳам қийин ва хавфли.

Ечимлардан бири — Америкада ишлаб чиқарилган APKWS лазерли йўналтириш тизимларидан фойдаланиш. Улар оддий бошқарилмайдиган ракеталарни юқори аниқликда нишонга олувчи қуролга айлантиради.

Украина Қуролли кучларининг ердаги зенит-ракета мажмуалари ҳам "Филин"ни уриб туширишга қодир. Бироқ бу ҳолатда ҳам ўқ-дориларнинг нархи ва етказиб бериш ҳажмининг чеклангани муҳим омил бўлиб қолади.

Замонавий ҳаво мудофаасини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири — арзон ва кўп миқдорда ишлаб чиқариш мумкин бўлган қисқа масофали воситаларни яратишдир.

Булар қаторига енгил қарши ракеталар ва нишон яқинида бошқариладиган тарзда портлайдиган ўқ-дорилар билан жиҳозланган, тез ўқ узувчи зенит қурилмалари киради. Масалан, Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни ишлаб чиқарадиган Skynex ва Skyranger тизимлари.

Улар, жумладан, ҳаво мудофаасининг сўнгги чизиғида ҳам самарали ва тежамкор ҳисобланади. Аммо бу тизимлар нишонни ўз вақтида аниқлашни ва ўқ узиш учун мос шароит бўлишини талаб қилади.

Паст баландликда учадиган ракеталар ҳужумини қайтаришда радарларнинг ўзаро мувофиқ ишлаши, ҳаводаги хавф ҳақида олдиндан огоҳлантириш ва бўлинмалар ўртасида маълумотни тез етказиш муҳим. Нишон қанчалик эрта аниқланса, уни уриб тушириш имконияти шунчалик кўп бўлади.

Янги таҳдид қанчалик жиддий?

Ракета бўлаклари
Сурат тагсўзи, "Филин" ракетасини уриб тушириш мумкин, аммо қанчага тушади.

"Филин"нинг тажриба намуналари мавжудлиги ва унинг эълон қилинган хусусиятлари Россия бундай ракеталарни мунтазам равишда катта миқдорда учира олишини англатмайди.

Украина разведкаси "Филин"нинг электрон қурилмалари орасидан хорижда ишлаб чиқарилган деталларни аниқлаган. Улар орасида АҚШда ишлаб чиқарилган 35 та ва Хитойда ишлаб чиқарилган 22 та компонент бор.

Бу Россия мудофаа саноати ҳануз хорижий электрон компонентларга боғлиқ эканини кўрсатади. Бироқ бу деталларни етказиб беришни тўхтатиш осон дегани эмас.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Асосий ноаниқликлар — "Филин"нинг ҳақиқий нархи, ишлаб чиқариш ҳажми ва ундан қанчалик тез-тез фойдаланилаётганидир.

Украина учун бу ракета, энг аввало, узоқ масофага учадиган ва келажакда оммавий ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган қанотли ракета сифатида хавф туғдиради.

Агар уни етарлича арзон нархда ишлаб чиқариш ва катта партияларда етказиб бериш имкони бўлса, Россия армияси "Филин"ни одатий қанотли ва баллистик ракеталар, шунингдек, учувчисиз қурилмалар билан биргаликда қўллаши мумкин.

Бу Украина ҳаво мудофааси тизимини чекланган ресурсларини кўп сонли ва турли хил ҳаво таҳдидлари ўртасида тақсимлашга мажбур қилади.

Агар ишлаб чиқариш ҳажми чекланганича қолса, "Филин" қўшимча хавф туғдиради, аммо у ҳаво жангидаги умумий вазиятни буткул ўзгартириб юборади, деб бўлмайди.