Исроил ҳал қилувчи сайлов арафасида: Жамият икки қутбга бўлинган

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Уч йиллик урушлар, хавфсизлик инқирозлари ва кескин сиёсий баҳслардан кейин Исроил яна муҳим танлов олдида турибди. Сешанба куни бўлиб ўтадиган парламент сайлови нафақат ҳукумат тақдирини, балки мамлакатнинг келажакда қандай давлат бўлиши ҳақидаги баҳсларга ҳам жавоб бериши мумкин.
Сўнгги сўровлар ҳукмрон коалиция ва мухолифат блоки ўртасида фарқ жуда кичик эканини кўрсатмоқда. Миллионлаб сайловчилар орасида ярим миллионга яқин илк бор овоз бериш ҳуқуқига эга ёшлар ҳам бор. Шунингдек, минглаб исроилликлар сайловда қатнашиш учун чет элдан қайтиб келгани хабар қилинмоқда.
Шанба куни Тел-Авив марказида минглаб одамлар йиғин ўтказиб, ҳукумат алмашишини талаб қилди.
"Мен тинчликни хоҳлайман, хавфсизликни хоҳлайман. Шунингдек, коррупцияга барҳам берилишини ва диний радикаллар сиёсатдан четлаштирилишини истайман", деди 21 ёшли Омри.
Нетаняҳунинг асосий рақиби ким?
Бу сайлов кампаниясида энг кўп эътибор қозонаётган шахслардан бири - марказчи сиёсатчи Гади Айзенкот.
Сиёсатда нисбатан янги бўлган Айзенкот аввал Исроил армияси бош штаби раҳбари бўлиб ишлаган. У кескин чиқишлардан кўра босиқ ва мулоҳазали услуби билан танилган. Айрим кузатувчилар уни ҳатто «сиёсатчи бўлмаган сиёсатчи» деб аташади.
Сўнгги сўровларда унинг "Яшар" партияси бир неча марта Бинямин Нетаняҳунинг "Ликуд" партиясини ортда қолдирган.
Албатта, Исроил сиёсатининг ўзига хослиги шундаки, ҳукуматни битта партия эмас, балки коалиция шакллантиради. Шу боис қайси партия биринчи ўринни олиши эмас, балки ким кўпроқ иттифоқчи топиши муҳим аҳамиятга эга.
"Бу сайлов давлатнинг келажаги ҳақида"

Сурат манбаси, Getty Images
Айзенкотнинг тарафдорлари унинг оддийлиги ва одамларга яқинлигини энг катта устунлиги деб ҳисоблайди.
"У одамларнинг кўзига қараб гапиради. Юқоридан пастга қарамайди. Энг муҳими, эшитишни билади", дейди унинг тарафдорларидан бири Давид.
Ғазодаги урушда ўғлини йўқотган Айзенкот ўзини мамлакатнинг бой элитаси эмас, балки оддий фуқаролар ва чекка жойлар вакили сифатида кўрсатмоқда.
У сайловчилар билан учрашувларида асосий масала фақат хавфсизлик эмаслигини таъкидлайди.
"Бу сайлов хавфсизлик, иқтисодиёт ва таълим ҳақида. Лекин энг аввало, у Исроилнинг қандай давлат бўлиши ҳақида. Биз қандай Исроилни кўришни хоҳлаймиз?" деган у.
Мухолифат тарафдорлари Нетаняҳу ҳукуматини демократия учун таҳдид деб ҳисоблайди. Улар бош вазирни суд тизимининг ваколатларини чеклашга уринишда ва 2023 йил 7 октябрдаги ҳужум юзасидан мустақил давлат суриштирувини ташкил этишдан бош тортаётганликда айблайди.
Нетаняҳунинг асосий қуроли - хавфсизлик
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Бинямин Нетаняҳу эса кампаниясини миллий хавфсизлик мавзуси атрофида қурмоқда.
Унинг асосий шиорларидан бири - "Таслим бўлмаймиз".
Нетаняҳу рақибларини хавфсизлик борасида "юмшоқ позиция" тутаётганликда айблайди. У айрим мухолифат партиялари парламентда кўпчиликни таъминлаш учун араб партиялари билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини таъкидлаб, буни миллий хавфсизликка хавф сифатида кўрсатмоқда.
2023 йил 7 октябрда ҲАМАС бошчилигидаги қуролли гуруҳлар Исроилга ҳужум қилиб, қарийб 1200 кишини ўлдирган ва 251 кишини гаровга олган эди.
Бу воқеа Исроил тарихидаги энг оғир хавфсизлик муваффақиятсизликларидан бири бўлса-да, Нетаняҳу ҳозир ҳам ўзини мамлакатни ҳимоя қила оладиган ягона етакчи сифатида тақдим этмоқда.
"7 октябрдан кейин у бутун Яқин Шарқ манзарасини ўзгартирди", дейди унинг тарафдорларидан бири Шломи Башер.
Қизиғи шундаки, 7 октябр воқеалари баъзи сайловчиларни Нетаняҳудан узоқлаштирган бўлса, бошқаларни янада қаттиққўл сиёсатчилар томон бурган.
Ғазо чегараси яқинидаги Сдерот шаҳрида яшовчи Эял Ҳажби аввал "Ликуд"га овоз бериб келган. Аммо бу гал у ўта ўнгчи сиёсатчи Итамар Бен-Гвир партиясини қўллаб-қувватлашини айтди.
"Оиламиз аввалгидан ҳам радикаллашди. Илгари ўйлаб овоз берардик, энди иккиланмаймиз", дейди у.
Сўровларга кўра, ёш сайловчилар орасида ўта ўнг партияларнинг қўллаб-қувватловчилари кўпаймоқда.
Сдеротда BBC билан суҳбатлашган бир гуруҳ 18 ёшли ёшлар ҳам "Диний сионизм" партиясига овоз беришини айтган.
Уларнинг фикрича, 7 октябр воқеалари музокаралар ва муросага бўлган ишончни янада сусайтирган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Мухолифат ҳамма масалада бир хил эмас
Аммо Исроил сиёсатидаги бўлиниш ҳар доим ҳам ташқи дунё тасаввур қилганчалик кескин эмас.
Айзенкот ва бошқа мухолифат етакчилари Нетаняҳу билан демократия ва давлат бошқаруви масалаларида баҳслашса-да, хавфсизлик ва Фаластин масаласида фарқлар унчалик катта эмас.
Айзенкот Ғазода ҲАМАС ҳукмронлигига бир ярим йил ичида чек қўйишни ваъда қилган. Унинг фикрича, бу дипломатик йўл ёки ҳарбий имкониятлар орқали амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, асосий мухолифат партияларининг деярли барчаси Ғарбий соҳилдаги яҳудий посёлкаларининг маълум даражада сақланишини қўллаб-қувватлайди. Улардан ҳеч бири мустақил Фаластин давлатини очиқчасига қўллаб-қувватламаган.
Кузатувчилар сайлов натижалари яна сиёсий босиқликка олиб келиши мумкинлигини айтмоқда. Ҳеч бир томон мустақил кўпчиликни қўлга кирита олмаслиги эҳтимоли катта.
Бундай ҳолатда араб партиялари ҳал қилувчи кучга айланиши мумкин. Аммо ҳозирга қадар яҳудий мухолифат партияларининг кўпчилиги улар билан коалиция тузишга тайёр эмаслигини билдирган.
Шу боис сешанба кунги овоз бериш нафақат ҳукумат тақдирини, балки Исроил демократиясининг қай даражада мустаҳкам эканини ҳам синовдан ўтказиши мумкин.
7 октябр воқеалари, кейинги урушлар ва ички сиёсий зиддиятлар мамлакатни янада икки қутбга ажратган. Энди сайловчилар хавфсизликни биринчи ўринга қўядими ёки демократия ва ички ислоҳотларга устувор аҳамият берадими - бу саволга жавобни сайлов натижалари кўрсатади.






























