Украина уруши жабрини энг кўп Россия мусулмонлари тортмоқдами? Сўнгги тафсилотлар

Rossiyalik askarlar dafn marosimi, Rossiya xaritasi va Putin surati.

Сурат манбаси, BBC/EPA

    • Author, Олга Ившина
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

BBC, "Медиазона" ва кўнгиллилар жамоаси Украинага кенг миқёсдаги ҳужум давомида ҳалок бўлган 216 205 нафар россиялик ҳарбийнинг исми-шарифини аниқлади.

Фақат Бошқирдистон ва Татаристондаги йўқотишларнинг ўзиёқ Афғонистонда бўлган 10 йиллик урушдаги совет йўқотишларидан кўп.

Ўтган апрелнинг икки ҳафтасида рўйхатга яна 4600 дан ортиқ янги исм қўшилди.

Бу ўтган йилга нисбатан ҳалок бўлганлар сонининг ўсиш суръати юқорилигини кўрсатади.

Бироқ охирги ойда тасдиқланган ўлимларнинг катта қисми 2024 йилдан бери бедарак йўқолган деб ҳисобланган ҳарбийлардир.

Россия томони уларни ҳалок бўлган деб расман эълон қилган (баъзи ҳолларда жасадлар топилган, бошқа ҳолларда эса қариндошлар ёки ҳарбий қисмлар талаби асосида суд қарори чиқарилган).

Татаристонлик қурбонлар

Май ойи бошлангунча кечган охирги икки ҳафтада Украинада ҳалок бўлган бошқирдистонлик ҳарбийлар сони 9500дан ошди, татаристонликлар эса 8000га етди.

Фақат шу икки ҳудудаддаги тасдиқланган ўлимлар (18 116 киши) Афғонистондаги 10 йиллик урушдаги совет йўқотишларидан (расмий маълумотга кўра 15 000дан ортиқ) 20% кўпроқдир.

Бошқирдистон ва Татаристон узоқ вақтдан бери Россияда тасдиқланган йўқотишлар сони бўйича биринчи ўринларда турибди.

Бунда фаол равишда маълумот йиғиб бораётган маҳаллий кўнгиллилар ва жамоат ташкилотлари ҳиссаси катта.

Агар йўқотишлар ҳар бир минтақадаги эркаклар сонига нисбатан ҳисобланса, энг юқори кўрсаткич Тува, Бурятия ва Олтойга тўғри келади.

Бу ҳудудлардан борганларнинг рўйхатга тушиш эҳтимоли москваликларга нисбатан 20–30 баробар юқори.

Olga Ivshina surati
BBC
Boshqirdiston va Tatariston uzoq vaqtdan beri Rossiyada tasdiqlangan yo‘qotishlar soni bo‘yicha birinchi o‘rinlarda turibdi.
Olga Ivshina
BBC
Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Биз тўплаган таъзиялар таҳлили урушнинг турли босқичларидаги йўқотишлар динамикасини кўрсатади. Биринчи бир ярим йилда йўқотишлар кескин кўпайган кунлар ва нисбатан тинчроқ кунлар алмашиб турган.

Масалан, Бахмут учун жанглар ва Авдеевкани эгаллаш пайтида ҳар куни 100-150 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган.

Тинчроқ ойларда эса бу кўрсаткич 50-60 кишигача тушган.

2024 йил октябридан бошлаб, ўртача кунлик тасдиқланган йўқотишлар 120 кишидан камаймайди.

Ижтимоий таркиб таҳлили шуни кўрсатадики, ҳозирда ҳарбий хизмат шартномаларини асосан кичик шаҳар ва қишлоқ аҳолиси имзоламоқда.

Катта шаҳарларда яхши иш топиш имконияти кўпроқ бўлса, кичик ҳудудларда доимий ва яхши маошли иш топиш мушкул.

Маҳаллий ҳокимиятлар эса шартнома имзолаш учун ташвиқотни фаол юргизмоқда.

Россияда зобитлар орасида ҳам йўқотишлар давом этмоқда.

Ҳужум бошлангандан бери 7143 офицер ҳалок бўлгани тасдиқланган.

Орасида 494 подполковник, 164 полковник ва 15 генерал бор. Масалан, Ички ишлар вазирлиги генерал-майори Андрей Головацкий судланган бўлса-да унвондан маҳрум қилинмаган, Украина махсус хизматининг генерал-майори Владимир Ляпкин Россия томонига ўтган ва ҳужжатларга кўра унвонини сақлаб қолган.

Зобитлар ичидан қурбонларнинг 77% кичик командирлар. Яъни, кичик лейтенантдан капитангача бўлган зобитлар.

Улар юқори раҳбарият ишлаб чиққан амалиёт режаларини амалга ошириш учун жавобгар.

Бироқ кўпинча зарур қўллаб-қувватлаш ва захиралар етмайди ҳамда улар тез ўзгарадиган вазиятда қарор қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрумлар.

Шунинг учун улар оддий аскар ва сержантлар билан бирга Россия армиясидаги ҳал этилмаган тизимли муаммоларнинг асосий қурбонларига айланмоқда.

Йўқотишлар қанчалик катта?

Россиянинг ҳақиқий йўқотишлари очиқ манбалардан олинган маълумотлардан кўпроқ. Ҳарбий экспертлар таҳлилларимиз (қабрлар, ёдгорликлар ва таъзиялар асосида) ҳақиқий ҳалок бўлганларнинг 45%–65%ини қамраб олиши мумкинлигини айтишмоқда.

Бунга сабаблардан бири - сўнгги ойларда ҳалок бўлган кўплаб ҳарбийларнинг жасадлари ҳали ҳам жанг майдонидан олиб чиқилмагани.

Бу жараён дронлар фаолияти сабабли қийинлашган.

Яна бир қисми эса ҳисобга олинмаган, чунки маҳаллий ҳокимиятлар ёки қариндошлари улар ҳақида хабар бермасликни афзал кўришган.

Шу ҳисоб-китобларга кўра, россияликлар орасида ҳалок бўлганлар сони 332 600дан 480 500гача бўлиши мумкин.

Агар ўзини ДҲР ва ЛҲР деб атаган бўлинмалардаги йўқотишларни ҳам қўшсак, умумий қурбонлар сони янада ортади. 2022 йил декабридан бери ДҲР йўқотишлар ҳақида маълумот бермай қўйган, ЛҲР эса умуман эълон қилмаган.

Таъзиялар ва узоқ вақт алоқага чиқмаган ЛДҲР жангчилари ҳақидаги маълумотларга кўра, сентябр охиригача 21000–23500 киши ўлган бўлиши мумкин.

Шу тариқа, жамланган маълумотларга кўра, россияпараcт кучларининг умумий йўқотишлари 353 600 дан 504 000 ҳарбийгача етиши эҳтимол.

Қурбонлар сонини аниқлаш

Россияда ҳар куни ҳалок бўлганларнинг исмлари ва дафн маросимларидан фотосуратлар эълон қилинади.

Кўпинча фамилияларни минтақавий раҳбарлар, туман ҳокимиятлари, маҳаллий ОАВ, ўқув муассасалари ва қариндошлар эълон қилади.

BBC, "Медиазона" ва кўнгиллилар жамоаси бу маълумотларни ўрганиб, Украинага кенг миқёсли ҳужум бошланганидан бери рўйхатга киритиб келмоқда.

Ҳалок бўлгани тасдиқланиши учун расмий манба ёки ОАВда эълон қилинган хабар, қариндошлар ёзган маълумот ёки дафн маросими фотоси билан бирга берилган хабар ҳисобга олинади.

Ҳарбий қисм тури ҳалок бўлган шахс қаерда хизмат қилгани ёки кийимидаги белгиларга қараб аниқланади.

Сафарбар қилинганлар, кўнгиллилар ва маҳкумлар алоҳида қисм сифатида ҳисобланмайди, аммо уларнинг йўқотишлари алоҳида тоифада кўрсатилади. Бу профессионал (контракт асосидаги) қисмлар билан солиштириш учун қилинади.

Эслатма: Россия ҳукумати Ольга Ившинани "хорижий агент" реестрига киритган. BBC бу қарорга кескин қарши чиқиб, судда баҳслашмоқда.

"Медиазона"нашрини ҳам Россия ҳукумати "хорижий агент" деб эълон қилган.