Johnson & Johnson болалар упаси бўйича суд даъволарига нуқта қўйиш учун $5,5 миллиард таклиф қилди

2015 йилда Ню-Йоркдаги дўкон токчасида жойлаштирилган Johnson's Baby Powder идишлари. Идишларда “silky soft skin” (“ипакдек юмшоқ тери”) ва “mildness” (“юмшоқ таъсир”) деган ёзувлар кўринган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, 2015 йилда Ню-Йоркдаги дўкон токчасида сотувга қўйилган Johnson's Baby Powder маҳсулоти.
    • Author, Осмонд Чиа
    • Role, Бизнес масалалари бўйича мухбир
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Johnson & Johnson (J&J) АҚШда болалар упаси (присипка) ва таркибида талк бўлган бошқа маҳсулотлари тухумдон саратонига сабаб бўлгани ҳақидаги ўн минглаб суд даъволарини ҳал қилиш учун 5,5 миллиард долларгача тўлашни таклиф қилди.

Таклиф этилаётган ушбу йирик келишув Ню-Жерсида жойлашган соғлиқни сақлаш соҳасидаги йирик компания учун йиллар давомида давом этиб келаётган суд можароларига якун ясашни мақсад қилган.

J&J эса талк асосидаги маҳсулотлари саратонга сабаб бўлганини рад этади ва кенг қўлланилган болалар упаси таркибини ўзгартирган.

Компаниянинг суд ишлари бўйича вице-президенти Эрик Хаас душанба куни айбловларни "асоссиз" деб атади ҳамда J&J бу масалага ниҳоят якун ясаш мақсадида келишувга тайёр эканини билдирди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

J&J маълум қилишича, келишув тахминан 76 мингта ишни қамраб олади ва талк билан боғлиқ даъволарнинг аксариятини ҳал қилади. Компания билдиришича, келаси йили 3 миллиард долларгача маблағ тўлайди, 2028 йилгача эса қўшимча тўловлар талаб этилмайди.

J&J маълумотига кўра, таклиф кучга кириши учун штат ва федерал судлардаги тухумдон саратонига оид даъволарнинг 95 фоизини ҳимоя қилаётган юридик фирмалар томонидан қабул қилиниши керак.

Хааснинг айтишича, компания судда кўрилган ишларнинг аксариятида бўлгани каби, қўшимча суд жараёнлари давом этган тақдирда ҳам «охир-оқибат ғалаба қозонишига» ишонган.

Унинг қўшимча қилишича, таклиф этилаётган келишув "компанияга бу масалани ортда қолдириш" ва компанияга "инсонлар ҳаётини сақлаб қолувчи дори воситалари ҳамда тиббий қурилмаларни ишлаб чиқиш вазифасига эътибор қаратиш" имконини беради.

J&J компаниясининг истеъмол маҳсулотлари билан шуғулланган собиқ бўлинмаси - Kenvue, Шимолий Америкадан ташқари ҳудудларда Johnson's Baby Powder учун ҳуқуқий жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Band-Aid, Listerine ва Calpol каби машҳур брендларга эгалик қилувчи Kenvue 2022 йилда J&J таркибидан ажратиб чиқарилган эди.

Reuters
Da’vogarlarga ko‘ra, J&J kompaniyasining tarkibida talk bo‘lgan mahsulotlariga asbest aralashib ketgan bo‘lib, bu saratonga sabab bo‘lgan.
Batafsil: BBC.COM/UZBEK da o‘qing
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Johnson & Johnson компанияси ишлаб чиқарган талк асосидаги болалар упаси бўйича даъволар илк бор 2009 йилдаёқ қўзғатилган эди.

Июл ойи бошида федерал суд компания фойдасига қарор чиқариб, даъвогарларнинг талк айнан улардаги тухумдон саратонига бевосита сабаб бўлганини исботлаш имкониятига шубҳа билдирди.

Талк магний, кремний, кислород ва водороддан ташкил топган табиий минерал бўлиб, силлиқ ва юмшоқ тузилиши билан танилган ҳамда кўпинча болалар упасида қўлланади.

Компания истеъмолчилар ҳамда вафот этган истеъмолчиларнинг яқинлари томонидан берилган кўплаб суд даъволарига юз тутган. Даъвогарларга кўра, J&J компаниясининг таркибида талк бўлган маҳсулотларига асбест аралашиб кетган бўлиб, бу саратонга сабаб бўлган.

Талк ер остидан қазиб олинади ва у кўпинча саратон келтириб чиқариши маълум бўлган асбест қатламларига яқин жойларда учрайди.

J&J бу айбловларни бир неча бор рад этган ва сўнгги баёнотида: "Тадқиқотлар талк хавфсиз эканини, унинг таркибида асбест йўқлигини ва у саратон келтириб чиқармаслигини кўрсатмоқда", деган.

2022 йилда J&J бутун дунё бўйлаб талк асосидаги болалар упасини ишлаб чиқариш ва сотишни тўхтатишини маълум қилган эди.

Бу баёнот компания маҳсулотни АҚШда сотишни тўхтатганидан икки йилдан ортиқ вақт ўтгач эълон қилинган.

Ўша вақтда J&J: "Маҳсулотлар туркумини жаҳон миқёсида баҳолаш доирасида биз болалар упасининг тўлиқ маккажўхори крахмали асосидаги турига ўтиш бўйича тижорий қарор қабул қилдик", деган эди.