Ўзбекистон: Ис газидан олти киши вафот этди. Ундан сақланиш йўллари

Охирги ҳодиса Тошкент шаҳрида юз берди.
Сурат тагсўзи, Охирги ҳодиса Тошкент шаҳрида юз берди.
Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Бош прокуратура хабар қилишича, Тошкентда 6 нафар киши ис газидан вафот этди. Ҳодиса 25 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида юз берган.

Ис газидан заҳарланган яна 2 нафар фуқаро оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хусусий уйда содир бўлган.

Аниқланишича, уйнинг ертўла қисмига ўрнатилган иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермаган, газ тармоғига эса белгиланган тартибда тегишли техник шартларсиз уланилган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116, 257, 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Статистика мавжудми?

Ўзбекистонда ҳар йили совуқ мавсум кириб келиши билан мамлакат бўйлаб ис газидан ўлиш ҳолатлари юз беради.

Бу каби ўлимларнинг аксари газ таъминотидаги узилишлар, қишда газ босимининг пасайиши, эскирган иситиш тизимлари ва хавфсиз иситиш воситаларининг ҳамма учун ҳам арзон эмаслиги сабаб келиб чиқади.

Кўп вилоятларда газ таъминоти етарли эмаслиги туфайли одамлар кўмир, ўтин, қўлбола печка ёки бошқа воситаларга ўтади. Улар нотўғри ишлатилса, ис гази чиқариши мумкин.

Айни дамда, бу ҳолатлар йилдан-йилга такрорланаётганига қарамай, ҳукумат ис газидан ўлиш ҳолатларини яхлит расмий рўйхатини юритмайди.

Ўзбекистон матбуоти учун бу каби хабарлар одатий ҳолга айланган.
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон матбуоти учун бу каби хабарлар одатий ҳолга айланган.

Бу ўлимлар бўйича, жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) ва «Ҳудудгазтаъминот» ўзларининг алоҳида статистикасини юритади.

Масалан, ФВВ маълумотига кўра, 2021 йилда ис газидан 128 киши вафот этган бўлса, 2025 йилнинг илк 9 ойида бу рақам 141 га чиққан.

2023 йил ноябрида Ўзбекистон Сенати қўмитаси ис газидан заҳарланиш оқибатларини ҳисобга олишнинг аниқ тизими йўлга қўйилмагани, турли ташкилотларнинг маълумотлари эса бир-биридан жиддий фарқ қилишини танқид қилганди.

Ис газидан ўлимлар бўйича исм-фамилиялар, вафот этганларнинг ёши, жинси ва болалар улуши, ҳудудлар, саналар ва воқеа сабаблари кўрсатилган очиқ умуммиллий реестр мавжуд эмас.

Бу эса, ўз ўрнида, Ўзбекистонда ис газидан вафот этганларнинг ҳақиқий сони расмий статистикадаги рақамлардан кўпроқ бўлиши мумкинми, деган саволни юзага келтиради.

Ис газидан сақланиш учун нима қилиш керак?

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Ис гази (CO — углерод оксиди) газ, кўмир, ўтин, бензин ва бошқа ёқилғилар тўлиқ ёнмаганда ҳосил бўлади. Асосий сабаб — ёниш жараёнида кислород етишмаслиги.

Ундан заҳарланиб ўлмаслик учун энг муҳим чора — уйда ис гази тўпланишининг олдини олиш ва уни эрта аниқлаш.

Ис газининг ҳиди ҳам, ранги ҳам йўқ. Одам уни сезмасдан заҳарланиши, ухлаб ётганида эса ҳушидан кетиши ва вафот этиши мумкин.

Мутахассислар ундан сақланиш учун қуйидаги қоидаларга риоя қилишни тавсия этади:

1. Ис гази сигнализаторини ўрнатинг. У ҳаводаги CO миқдори хавфли даражага етганда овоз чиқаради. Уни ётоқхоналар ва газ ускуналари бор хоналарга тегишли йўриқнома асосида ўрнатиш керак. Оддий тутун сигнализатори ис газини аниқламайди.

2. Газ қозони, колонка ва печкани мунтазам текширтиринг. Малакали мутахассис уларни камида йилига бир марта текшириши мақсадга мувофиқ. Носоз ускуналар ис гази чиқариши мумкин.

3. Мўри ва шамоллатиш йўлларини беркитманг. Газ ёниши учун кислород ва чиқинди газларни ташқарига чиқариш йўли зарур. Мўри тиқилиши ис газининг хонага қайтишига сабаб бўлиши мумкин.

4. Газ плитасидан уйни иситиш учун фойдаланманг. Плита ва духовка овқат пишириш учун мўлжалланган, хона иситиш учун эмас.

5. Мангал, кўмир ва генераторни уй ичида ишлатманг. Ҳатто дераза очиқ бўлса ҳам, улар хавфли миқдорда ис гази чиқариши мумкин. Генераторни бинодан камида 6 метр узоқда, эшик ва деразалардан нарида ишлатиш керак.

6. Шамоллатишни таъминланг, лекин фақат очиқ деразага ишонманг. Деразани очиш носоз газ ускунасини хавфсиз қилмайди. Ис гази тўпланишини тўхтатиш учун унинг манбасини бартараф этиш зарур.

7. Газ ускуналарини ўзингиз таъмирламанг. Айниқса, арзон, қўлбола иситиш мосламалари ва мўриси нотўғри ўрнатилган печкалардан сақланинг.