'Қўл қўймасанг, ўласан'. Қирғизистон фуқароси икки йилдан бери урушдан қайта олмаётганини айтмоқда

Ҳарбийнинг иллюстратив сурати

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ

Сурат тагсўзи, Қирғизистон ҳукумати эса хориждаги қуролли можароларда иштирок этиш мамлакат қонунларига кўра жиноят ҳисобланишини эслатиб келмоқда.
    • Author, Мээрим Догдурбекова
    • Role, BBC Қирғиз хизмати мухбири
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Украинада Россия армияси сафида жанг қилаётганини айтган Қирғизистон фуқароси BBC'га мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, Россияда ишлаб юрган вақтида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятда гумон қилиниб қўлга олинган, кейин эса урушга боришга мажбур қилинган. Айтишича, қарийб икки йилдан бери жанг ҳудудини тарк эта олмаяпти.

Россия расмийлари Украинадаги урушга чет элликлар ўз ихтиёри билан ва қонун доирасида жалб қилинаётганини таъкидлаб келади. Қирғизистон ҳукумати эса хориждаги қуролли можароларда иштирок этиш мамлакат қонунларига кўра жиноят ҳисобланишини эслатиб келмоқда.

BBC мухбири мазкур қирғизистонлик билан видеоалоқа орқали суҳбатлашди. 30 ёшга тўлмаган бу фуқаро ўз шахсини ҳамда фронтда эканини тасдиқловчи ҳужжат сифатида Россия Мудофаа вазирлиги томонидан берилган муддатсиз гувоҳномасини кўрсатди. Ҳужжатда у "Ветеранлар тўғрисида"ги федерал қонунга мувофиқ белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзларга эга экани қайд этилган.

Шунингдек, BBC мухбирлари унинг Қирғизистон сайловчилари рўйхатида борлигини аниқлаган ва ҳарбий техника фонида формада тушган суратларини кўрган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан унинг шахси ошкор қилинмайди.

"Қўл қўймасанг, судланасан, дейишди"

Қирғизистонликнинг айтишича, у сўнгги ўн йил давомида Москвада меҳнат қилган. 2024 йил май ойида Россия пойтахтида полиция уни гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятда гумон қилиб қўлга олган. У ўзига нисбатан қўйилган айбларни рад этади.

"Москвада ҳайдовчи-курьер бўлиб ишлардим. Бир киши багажникни, яна бири машинанинг ичига қараётганди. Шу пайт кимдир бардачокка оқ кукунга ўхшаш нарсани ташлаб қўйган бўлса керак.

Кейин уни очиб, "Бу кимники?" деб сўрашди. Мен "Меники эмас", дедим. Шундан кейин бошқа полициячиларни чақиришди ва олти дақиқа ичида мени олиб кетишди.

Биринчи кунданоқ қийноқ бошланди. Айбни бўйнимга олмадим. Ҳар куни уришарди, ҳар куни қийнашарди. "Қўл қўясан", дейишарди.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

"Урушга борсанг, ўзингга яхши бўлади. Бир йил хизмат қилиб қайтасан, кейин паспорт олиб яшайверасан", дейишди.

"Имзо қўймайман", десам, "унда 228-модда бўйича судланасан", дейишди.

Адвокат ёлламоқчи бўлдим, лекин телефонни беришмади. Қарийб бир ой шу аҳвол давом этди. Охири чорасиз қолиб, қўл қўйишга мажбур бўлдим", дейди у.

BBC мазкур даъволарни мустақил тарзда текшириб тасдиқлай олмади.

Суҳбатдошнинг айтишича, у аввал Ростов-на-Дону шаҳрига олиб кетилган, кейин эса тайёргарликдан ўтиш учун Севастополга юборилган. Шундан сўнг, Курск вилоятининг турли ҳудудларида жанг қилган.

Унинг сўзларига кўра, бир йиллик шартномаси тугаганидан кейин ҳам армияни тарк этиш имкони берилмаган. Айтишича, унга шартномани узайтириш ёки ўлим хавфи билан юзлашиш танлови қўйилган.

"Шартнома вақти тугаш арафасида яна келишди. "Ё имзо қўясан, ёки сени ўлдирамиз", дейишди.

"Фронтнинг олдинги чизиғига борасан", дейишди. Бу ерда бу гап амалда "ўлимга кетасан" деган маънони англатади. Иложсиз яна имзо қўйдим.

Агар бирор кимсага шикоят қилсанг, олдинда "обнулителлар", яъни йўқ қилувчилар кутиб туради, дейишди.

"Сен рус эмассан. Ўлиб кетсанг ҳам ҳеч ким изламайди. Ҳеч кимга керак эмассан", дейишди.

Бу ердан чиқиб кетаман десанг ҳам бўлмайди. Ростдан ҳам ўлдириб қўйишади.

Менинг кўз ўнгимда олти кишини ўлдиришди.

Янги одамлар келганда, рацияда баландроқ гапириб қўйса ҳам олиб кетишади. Кейин улар бедарак йўқолганлар рўйхатига тушади. Аслида эса олиб бориб ўлдиришади".

– Қирғизлар ҳам бўлганми?

– Икки қирғиз келганди. Улар дори-дармон етказиб беришарди. Бир кетишди-ю, қайтиб келишмади. Улар билан бирга бўлган рус йигит қайтди, қирғизлар эса бедарак бўлиб кетди.

Бу маълумотларни ҳам BBC мустақил равишда тасдиқлай олмаган.

Бундан аввал ҳам ўнлаб қирғизистонликлар урушга кетган яқинларини қидириб мурожаат қилган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Қуролларни ўзимиз сотиб оламиз"

Россия армияси сафида жанг қилаётганини айтган қирғизистонлик фронтдаги йўқотишлар ҳақида ҳам гапирди. Унинг таъкидлашича, Россия қўшинлари орасида талафотлар кўп.

"Бу урушда одамлар шунчаки камайиб бормоқда. Олдинги позицияларда жасадларни кўриб турибмиз. Айримларидан фақат суяк қолган. Уларни олиб чиқишмайди. Жасадлар далада қолиб кетяпти, уларни қушлар ва ёввойи ҳайвонлар парчалаб ташламоқда.

Майдонда 20 нафар рус ҳарбийси ҳалок бўлган бўлса, эҳтимол бир нафар украиналик бўлади. Бир украиналикка саккиз нафар аскар тўғри келяпти".

BBC бу рақамларни ҳам мустақил манбалар орқали тасдиқлай олмади.

Шу билан бирга, айрим мустақил таҳлилчилар Россия армиясида йўқотишлар кўпайиб бораётгани ва янги ҳарбийлар етишмаётганини таъкидлаб келади.

Ғарб оммавий ахборот воситаларида Россия армиясига яна 300 мингдан 500 минггача янги ҳарбий керак бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан. Шу муносабат билан янги мобилизация эҳтимоли ҳам муҳокама қилинган.

Владимир Путин Бишкекка қилган сўнгги ташрифи чоғида журналистлар саволларига жавоб берар экан, Россияда янги мобилизация ўтказилмаслигини айтган эди.

BBC билан суҳбатлашган қирғизистонликнинг айтишича, давлат томонидан бериладиган маблағ баъзан фронтда зарур бўлган техника ва қуролларни харид қилиш учун етарли эмас.

"Яқинда замбирак сотиб олдик. Олдингиси ёниб кетганди. Ўрнига 1 миллион 200 минг рублга янгисини олдик. Пулни ўзимиз йиғдик.

Россия ҳукумати фақат кун кечириш ва ўқ-дори эҳтиёжлари учун маблағ беради. Қолганига "қандай яшасанглар, шундай яшайверинглар" дейди. Кетамиз десанг, ўлдириш билан қўрқитади", дейди у.

"Қирғиз йигитлари, бу ерга келманглар"

Унинг айтишича, иккинчи шартномаси 2027 йил баҳорида тугайди. Аммо у яна шартномани узайтиришга мажбур қилиниб қолишидан хавотирда.

"Бу сафар нима бўлишини билмайман. Бир марта узайтирилгандан кейин автоматик тарзда яна узайтирилар экан. Қандай қилиб бўлса ҳам пул тўплаб, адвокатлар ёрдамида суд орқали бу ердан чиқиб кетишим керак.

"Мен Қирғизистон фуқаросиман", десам ҳам ҳеч ким қулоқ солмайди. "Чегарадан чиқармасмиз", дейишади".

Украинадаги урушдан чиқа олмаётганини айтган қирғизистонлик бошқа юртдошларини Россиянинг армиясига қўшилмасликка чақирди.

"Бу ерга келманглар. Бундан кўра қамоқда қолган яхши, чидаб. Бу ер осон эмас. Москвадан Қирғизистонга қайтиб кетиб қолган ҳам яхши. Ўша ерда ҳам тирикчилик қилиш мумкин", деди у.

Марказий Осиёдан минглаб одамлар Россия армиясига қўшилган

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши 2022 йил феврал ойида бошланган. Шундан бери Россиянинг хорижлик фуқароларни урушга жалб қилаётгани ҳақида хабарлар мунтазам айтиб келинмоқда.

Украинадаги "Хочу жить" лойиҳаси маълумотларига кўра, 2022 йилдан 2026 йилгача Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, армия сафига қўшилган хорижликлар сони 28 минг нафардан ошган. Уларнинг қарийб 13 минг нафари Марказий Осиё давлатлари фуқароларидир.

GETTY
So‘nggi to‘rt yilda Rossiya armiyasiga 28 mingdan ortiq xorijlik qo‘shilgan bo‘lib, ularning qariyb yarmi Markaziy Osiyo mamlakatlari fuqarolari hisoblanadi.
"Xochu jit" loyihasi ma'lumoti
Batafsil: bbc.com/uzbek

2026 йилнинг февралида Кения парламентида мамлакат разведка хизмати Россия урушга мингдан ортиқ кенияликни жалб қилгани ҳақида ҳисобот тақдим этган.

Март ойи бошларида эса Кенияда норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Намоишчилар ҳукуматдан бедарак йўқолган яқинларининг тақдирини аниқлашни талаб қилган.

Орадан кўп ўтмай, Москвада ўтган ташқи ишлар вазирлари учрашувидан кейин Кения Россия кенияликларни урушга жалб қилишни тўхтатишга рози бўлганини маълум қилди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу мавзу атрофидаги "жамоатчилик резонанси"ни тан олган бўлса-да, барча хорижликлар Россия қонунларига мувофиқ ва ўз ихтиёри билан "махсус ҳарбий операция"да иштирок этаётганини айтган.

"Махсус ҳарбий операцияда иштирок этиш учун шартнома имзолаган кенияликлар ҳам, бошқа давлатлар фуқаролари каби, бу қарорни ўз хоҳиши билан қабул қилган", деган Лавров.

Қирғизистон ҳукумати нима демоқда?

Украинада жанг қилаётган қирғизистонликларнинг аниқ сони маълум эмас. "Хочу жит" лойиҳаси маълумотларига кўра, камида 1474 нафар Қирғизистон фуқароси Россия қўшинлари сафига қўшилган бўлиши мумкин.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев жорий йилнинг январида ўтказилган матбуот анжуманида бу масалага тўхталган эди.

"Бошқа давлат ҳудудидаги урушда иштирок этишни тақиқловчи қонунимиз бор. Шунинг учун кўпчилик фуқаролар урушга кетганини айтмайди. Аммо қатнашиб, ўша ерда ҳалок бўлганлар ҳам бор. Уларнинг яқинлари эса "миграцияга кетган, бошқа маълумотим йўқ" деб жавоб беришади.

Агар фуқаро у ерда вафот этгани аниқланса, вазирлик Украинадаги элчихона орқали ёрдам беради. Бироқ кўпчилик хавотир сабаб бу ҳақда очиқ гапиришни истамайди", деган Кулубаев.

Бундан аввал Қирғизистон ҳукумати ўз фуқаросини Россия қамоқхонасидан Украинадаги урушга юборилаётган вақтда ватанга қайтаришга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берилган.

Жогорку Кенеш депутати Айсара Абдибаеванинг айтишича, бу фуқаро икки давлатнинг қонун доирасида ўзаро ҳамкорлиги натижасида Қирғизистонга олиб келинган.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, хориждаги қуролли можаролар ёки ҳарбий ҳаракатларда ёлланма ёки ихтиёрий асосда иштирок этиш оғир жиноят ҳисобланади.

Жиноят кодексининг 256-моддасига мувофиқ, бундай ҳолатлар учун 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Бунга қадар Қирғизистон махсус хизматлари Украинадаги урушда иштирок этганликда гумон қилинган икки нафар қирғиз фуқаросини жавобгарликка тортган.

Улардан бири суд томонидан уч йиллик пробация жазоси билан озод қилинган. Кейинроқ унинг Қозоғистон орқали Россияга кетиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалган. Маълумотларга кўра, у бундан аввал Россия фуқаролигини олиш учун мурожаат қилган.