Тожикистондан афғон қочқинлари депортация қилиняпти - Афғонистон матбуоти

Сурат манбаси, AMIR ISAEV/AFP via Getty Images
Тожикистон ўнлаб афғонистонлик қочқинларни ватанига депортация қилиши мумкин. Бу ҳақида Афғонистон матбуоти хабар тарқатган.
«Afghanistan International» телеканали 4 майда қатор муҳожирлар кўчирилаётгани акс этган видеони кўрсатди. Лавҳада айтилишича, 250 нафарча афғон фуқаролари Сўғд вилоятидаги Жаббор Расулов туманидан пойтахт Душанбега олиб келинганлар ва энди депортация қилинишлари мумкин.
Бу хабарлар Хўжандда 22 ёшли Афғонистон фуқароси 27 ёшли аёлни ўлдиришда гумонланиб ҳисбга олиниши манзарасида чиқяпти. Asiaplus.tj агентлиги 30 апрелда бу қотиллик ҳақида хабар берганди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан иқтибос келтирилишича, ушбу афғон фуқароси мамлакатда ноқонуний яшаб келаётганди. Тергов маълумотларига биноан, у аёлни пичоқлаб ўлдирган.
Ҳозирда у ҳибсда қолмоқда.

Сурат манбаси, Вазорати корҳои дохилии Ҷумҳурии Тоҷикистон
«Afghanistan International» телеканали ўз лавҳасида билдиришича, Душанбега кўчирилган афғонистонликларнинг бир қанчаси БМТнинг қочқинлик мақомига эга.
Аммо, на БМТ Қочқинлар агентлиги ё на Тожикистон ҳукумати бу хабарларни тасдиқлади.
Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда бу борада расмий маълумот йўқ.
Телеканал видеосида афғон муҳожирлари дея таништирилган одамлар улардан сим-карталари олиб қўйганини айтишади.
Тожик матбуотига кўра, ҳукумат аввал ҳам миграция қонунчилиги бузилганлиги ваъжи билан бир неча бор афғонистонликларни мамлакатдан чиқариб юборган.
Ўтмишда БМТ Қочқинлар агентлиги уларнинг ўз ватанларида хавфга юз тутишлари мумкинлигини эслатиб, Тожикистондан қочқинларни Афғонистонга қайтармасликни сўраган.
2024 йил охирида БМТ тарқатган кўрсаткичга кўра, Тожикистонда 9 900 афғон қочқини рўйхатга олинган. Аммо, бошқа рақамларга кўра, мамлакатда яшаётган афғонларнинг сони 13 минггача етиши мумкин.





























