Ҳарбийлар Россияда: Москва қандай сигнал юбормоқда? Видео

Сурат манбаси, Telegram/ОДКБ via EVN
Россияда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ)нинг сўнгги йиллардаги энг йирик қўшма ҳарбий машғулотлари ўтмоқда.
28 сентябрдан 3 октябргача давом этадиган машғулотларда Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирок этишяпти.
Машғулотлар Россиянинг Чебаркул ҳарбий полигонида ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ОДКБ аъзоси эмас.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Қандай машғулотлар ўтказилмоқда?

Сурат манбаси, Telegram/ОДКБ via EVN
КХШТ (ОДКБ) маълумотларига кўра, машғулотларда қўшинларни бошқариш, разведка операциялари, логистика, чегарадаги қуролли можароларни бартараф этиш ҳамда замонавий ҳарбий технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ вазифалар бажарилади.
Машғулотлар бир нечта йўналишларга бўлинган.
"Ҳамкорлик-2026" машғулоти КХШТ (ОДКБ) кучларининг чегарадаги қуролли можароларни чеклаш бўйича қўшма амалиётларини тайёрлаш ва ўтказишга қаратилган.
"Қидирув-2026" доирасида разведка операцияларини ташкил этиш ва амалга ошириш, "Эшелон-2026" машғулотида эса қўшинларни логистик таъминлаш бўйича ҳаракатлар синовдан ўтказилмоқда.
ОДКБ Бирлашган штаби бошлиғи Андрей Сердюковнинг айтишича, машғулотлар давомида замонавий қуролли можаролар тажрибаси асосида қўшма жанговар тайёргарлик текширилмоқда.
"ОДКБ жамоавий кучларининг жанговар имкониятларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларни замонавий қурол-яроғ ва махсус техника билан таъминлаш режалаштирилган", - таъкидлаган Андрей Сердюков - "Жумладан, дронлар, разведка воситалари ва радиоэлектрон кураш тизимлари шулар жумласидан".
"Ҳаво мудофааси тизимини такомиллаштириш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида кўрилмоқда. Россия раислиги даврида бу йўналишлар ОДКБнинг устувор вазифалари сифатида белгиланган", - деган у.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Дронлар ва радиоэлектрон курашга урғу

Сурат манбаси, Telegram/ОДКБ via EVN
КХШТ (ОДКБ) расмийлари таъкидлашича, бу йилги машғулотларда дронлар, разведка воситалари ва радиоэлектрон кураш технологияларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
КХШТ (ОДКБ) Бирлашган штаби бошлиғи Андрей Сердюков ҳам ташкилот жамоавий кучларини дронлар, разведка воситалари ва радиоэлектрон кураш имкониятлари билан жиҳозлашни устувор вазифалардан бири сифатида тилга олган.

Сурат манбаси, Telegram/ОДКБ via EVN
Буюк Британияда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази асосчиси ва раҳбари Алишер Илҳомов фикрича, машғулотларнинг амалий аҳамияти биринчи навбатда ОДКБга аъзо бошқа давлатлар учун муҳим бўлиши мумкин.
"Улар замонавий жанг олиб бориш усуллари, айниқса турли масофада ҳаракат қилувчи дронлар ва радиоэлектрон кураш воситаларидан фойдаланиш бўйича Украина ва ҳатто Россиядан анча ортда қолиб кетган. Бу масалада Россия ўз тажрибаси билан ўртоқлашмоқда", - дейди у.
Havo mudofaasi tizimini takomillashtirish ham asosiy vazifalardan biri sifatida ko‘rilmoqda.
Кузатувчилар нима демоқда?

Сурат манбаси, Telegram/ОДКБ via EVN
ОДКБ раҳбарияти машғулотлар учинчи давлатларга қарши қаратилмаганини таъкидламоқда.
Бироқ Алишер Илҳомов фикрича, машғулотлар биринчи навбатда сиёсий аҳамият касб этади.
"Бу машғулотларнинг амалий аҳамиятини бўрттириб кўрсатмаган бўлардим. Улар, асосан, Москва учун ташвиқот аҳамиятига эга бўлиб, бутун дунёга Россия ҳарбий-сиёсий маънода якка эмаслиги ва бир қатор иттифоқчилари борлигини кўрсатади", - дейди Алишер Илҳомов.
Унинг фикрича, Москва бундай ҳамкорлик эвазига ОДКБ давлатларидан муайян хизматларни ҳам кутиши мумкин.
"Москва ОДКБ аъзоларидан жавоб тариқасида муайян хизматларни, хусусан улар ҳудудида дрон ишлаб чиқариш ва ҳарбий-саноат мажмуаси объектларини жойлаштириш имкониятини ҳам кутиши мумкин", - дейди таҳлилчи.
"ОДКБ энг яхши даврларини бошидан кечираётгани йўқ"

Сурат манбаси, Telegram/ОДКБ via EVN
BBC Рус хизматининг мухбири Иля Абишевнинг фикрича, Чебаркул полигонидаги машғулотлар ташкилотнинг ҳарбий салоҳиятидан кўра, ОДКБ ҳали ҳам фаол ҳарбий иттифоқ эканини намойиш этиш жиҳатидан аҳамиятига эга.
"ОДКБ энг яхши даврларини бошидан кечираётгани йўқ. Собиқ Совет давлатларининг энг кучли ўйинчиси бўлган Россия бошчилигида ҳарбий-сиёсий бирлашма сифатида ташкил этилган бу тузилманинг аъзолари сони 1990-йиллар охиридан бери доимий равишда қисқариб келмоқда. Арманистон ОДКБдан чиқиш жараёнини бошлаганини эълон қилган, ташкилотда ҳозир бешта иштирокчи давлат қолган", - дейди у.

"Айниқса, Туркия ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар диққатга сазовордир", - дейди Абишев.
Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик келишуви жуда кенг доирадаги ҳамкорликни назарда тутади.
Хусусан, машғулотлар ва тинчликпарварлик операциялари, ҳарбий транзит, қўшма мудофаа корхоналари, разведка маълумотларини алмашиш, илмий-техник тадқиқотлар, алоқа, электроника, ахборот тизимлари ва киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик шулар жумласидан.
"Бундай шароитда Чебаркул полигонидаги режали машғулотлар ташкилотда қолган давлатларнинг Россия билан ҳамжиҳатлигини намойиш этишдан кўра, ОДКБ ҳали ҳам ҳарбий иттифоқ сифатида ишлаш қобилиятини сақлаб қолаётгани ва бир аъзо давлат ҳудудида қўшма контингентларни тўплай олишини кўрсатишга уриниш сифатида кўринмоқда", - дейди у.

Сурат манбаси, Telegram/ОДКБ via EVN
Иля Абишев яна бу ташкилотнинг 2026 йилги машғулотларида замонавий қуролли можаролар, биринчи навбатда Россия-Украина уруши тажрибасига катта эътибор қаратилаётганини қайд этади.
Унинг фикрича, дронлар, разведка воситалари ва радиоэлектрон курашдан фойдаланиш, ҳаво мудофаасини ташкил этиш ҳамда кўп миллатли кучларни бошқариш масалаларига урғу берилаётгани муҳим аҳамиятга эга.
"Гап шунчаки дала шароитида отиш машқлари ҳақида эмас, балки Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон қўшинлари ягона гуруҳ сифатида ҳаракат қила олиш-қилмаслигини текшириш ҳақида кетмоқда", - дейди у.
Унинг айтишича, жанговар тажриба ва мудофаа технологиялари ривожланишидаги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда шундай машғулотлар ўтказиш барча замонавий армиялар ва ҳарбий иттифоқлар учун одатий ҳол ҳисобланади.
Абишевнинг фикрича, КХШТ (ОДКБ) ҳам бу борада истисно бўлиб кўринишни истамаяпти ва ташкилот ташқи кузатувчиларга юбормоқчи бўлган асосий сигнал ҳам шу бўлиши мумкин.
"Бундан ортиқ нарсага даъво қилиш қийин, чунки Чебаркул полигонидаги машғулотларда иштирок этаётганлар сони икки минг нафар бўлиб, бу ҳар бир давлатдан тахминан биттадан баталонга тенг келади", - дейди у.





























