Ўзбекистон ва минтақа: Путин нимани кузатиб турибди? Видео

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Россия томони янги баёнот билан чиқди.
"Тожик-Афғон чегарасини мустаҳкамлаш Москва учун минтақавий мудофаа соҳасидаги энг муҳим устувор вазифалардан бирига айлангани"ни айтди.
Хабарларга кўра, бу ҳақда кеча, 8 сентябр куни Россия Мудофаа вазирининг ўзи шахсан баён қилган.
Вазир Москвадаги Тожикистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган расмий қабулда иштирок этган.
Хабарларга кўра, Андрей Белоусов Россия ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар яқин ҳарбий ҳамкорликка асосланганини айтган.
Тожикистон Россия учун муҳим стратегик ҳамкор бўлиб қолаётганини таъкидлаган.
Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси ташқи таҳдидларга жавоб қайтариш учун юқори жанговар шай ҳолатда турганини ҳам билдирган.
Тожикистон эса шу кунларда йирик ҳарбий парад ўтказган.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Минтақада бу яқин йиллар ичида ҳеч ким қилмаган ишни қилган.
Ўттиз мингга яқин ҳарбий иштирокидаги парад Тожик-Афғон чегарасининг хавфсизлиги четда жиддий хавотирларга сабаб бўлаётган бир манзарада бўлиб ўтгани билан ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.
Президент Эмомали Раҳмон ҳарбий парадни, "Тожикистон Қуролли кучларининг интизоми ва жанговар шайлиги рамзи", - деб атаган.
Бишкекда экан, яқинда - 1 сентябр куни Путиннинг ўзи чегара масаласини Тожикистон президенти билан гаплашиб олган.
Россия президенти Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг ўтган ойги саммити теграсида Эмомали Раҳмон билан юзма-юз мулоқот қилган.
Путин "вазиятдан бохабар эканликлари"ни билдирган.
Россия бу масала юзасидан ҳам Тожикистон томони билан "яқин ҳамкорликда" эканлигини таъкидлаган.
Россия томонининг айни мазмундаги баёнотлари, йилларки, айнан Тожикистонда четдаги энг йирик ҳарбий базасига эга бўлган бир ҳолатда янграган.
Худди шу манзарада Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ҳам устма-уст баёнот билан чиққан.
Ташкилот Бош котиби бу чегарада хавфсизликни таъминлаш нафақат Тожикистон, балки ташкилотнинг барча аъзолари учун ҳам "ўта муҳим масала" эканлигини айтган.
ОДКБ айнан Россия шамсияси остидаги хавфсизлик блоки саналади.
Россия ҳозир ҳам барча Марказий Осиё давлатларининг энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори бўлади.
Россия томони бор тафсилотларига тўхталмаган эса-да, яқинда Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни қайта кўриб чиқишни топширганига оид хабарлар ҳам олинган.
Ўзбекистон ва минтақа: Путин хабардор, Тожикистон норози, ОДКБ, АҚШ хавотирда – нима гап? Видеони кўриш учун қуйида илова қилинган линкни босинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Вазият кескинлашдими?

Сўнгги ҳафталарда Афғонистондан Тожикистон ҳаво ҳудуди бузилди.
Чегаранинг Афғонистон томонидан очилган ўтдан бир тожикистонлик ўлди.
Уй-жойларга ҳам зиён етгани хабар қилинди.
Бу нотинчлик энди Тожикистонга ёйилиши мумкин, деган хавотирларга сабаб бўлди.
Расмий Душанбе юз берган мазкур ҳодиса юзасидан кескин норозилик билдирди.
Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон томонига расман нота билан чиқди.
Улардан Тожикистон давлат чегараси дахлсизлигини ҳурмат қилишни талаб қилди.
Янгилик – воқеаларнинг бу каби "хавотирли" сўнгги ривожи яқинда минтақада сарлавҳаларга ҳам чиқди.
Тожик-Афғон чегарасидаги вазиятга Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ҳам эътибор қаратди.
Ташкилот ўзаро чегара назоратини кучайтириш зарурлигини айтди.
ОДКБ Бош котиби чегарагача борди. Вазиятни яқиндан ўрганди.
Таалатбек Масадиковнинг айтишича, "у ерда нималар бўлаётганини кўришган".
"Тожикистонлик ҳамкасблари, яъни иттифоқчилари қўлларидан келган барча ишни қилаётган бўлишса-да", у буни "етарли эмас", деб топган.
"Россия ва барча аъзо давлатлардаги мураккаб вазиятга қарамай, бу масалани имкон қадар тезроқ ҳал этиш зарур", - деган фикрдалигини айтган.
Худди шу манзарада АҚШ эса ўз фуқароларига Тожикистон Бадахшонининг Афғонистон билан чегарадош туманларига бормасликни маслаҳат берган.
Нима гап?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Афғонистоннинг минтақага чегарадош Бадахшонида эса сўнгги ойларда вазият жиддий ёмонлашган.
Вилоятда Толибонга мухолиф қуролли гуруҳлар қаршилиги кучайган.
Уларнинг сони ҳам ортган, янгилари пайдо бўлган.
Толибоннинг ўз ичидан ҳам норозилари бош кўтарган.
Вилоят яқинда ҳам шиддатли тўқнашувларга саҳна бўлган.
Толибон ўзининг Бадахшондаги қудратли маҳаллий қўмондони ва унинг гуруҳига қарши йирик ҳарбий амалиёт ўтказишгача борган.
Толибларнинг унга ҳатто тикучарларгача жалб этганига оид хабарлар олинган.
Вазият қисқа вақтнинг ўзида ҳатто четдаги таҳлилчилар эътиборини тортган.
Аллақачон бунинг нимани англатиши ва минтақа учун оқибатлари ҳақида таҳлиллар ҳам ёзилган.
Бадахшондаги аҳвол бугун ҳам "минтақавий ва ҳам халқаро миқёсда жиддийроқ эътиборга молик даражага етган"и айтилган.
Шундай экан, Бадахшонда нималар бўлмоқда?
Афғонистоннинг минтақага чегарадош Бадахшонида эса сўнгги ойларда вазият жиддий ёмонлашган.
Вилоятда Толибонга мухолиф қуролли гуруҳлар қаршилиги кучайган.
Уларнинг сони ҳам ортган, янгилари пайдо бўлган.
Толибоннинг ўз ичидан ҳам норозилари бош кўтарган.
Вилоят яқинда ҳам шиддатли тўқнашувларга саҳна бўлган.
Толибон ўзининг Бадахшондаги қудратли маҳаллий қўмондони ва унинг гуруҳига қарши йирик ҳарбий амалиёт ўтказишгача борган.
Толибларнинг унга ҳатто тикучарларгача жалб этганига оид хабарлар олинган.
Вазият қисқа вақтнинг ўзида ҳатто четдаги таҳлилчилар эътиборини тортган.
Аллақачон бунинг нимани англатиши ва минтақа учун оқибатлари ҳақида таҳлиллар ҳам ёзилган.
Бадахшондаги аҳвол бугун ҳам "минтақавий ва ҳам халқаро миқёсда жиддийроқ эътиборга молик даражага етган"и айтилган.
Шундай экан, Бадахшонда нималар бўлмоқда?
Вазият нега кескинлашди?
Довуд Аъзамий
Халқаро эксперт, BBC
Afg‘onistondagi Tolibon hukumati Badaxshondagi vaziyatni nazorat qilish – o‘zlari uchun ustivor vazifa ekanini yashirayotgani yo‘q.
Довуд Аъзамий: Менимча, сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида кузатилган қатор тартибсизликлар ва ҳужумлар ортида тўртта асосий сабаб ётибди.
Биринчи сабаб
Довуд Аъзамий: Бадахшоннинг стратегик жойлашуви муҳим.
У Тожикистон, Хитой ва Покистонга чегарадош.
Сўнгги ойларда Толибон ҳукумати ва Покистон ўртасида кескинлик кучайди.
Томонлар бир-бирларига қарши қатор ҳужумларни ҳам амалга оширишди.
Шу нуқтаи назардан, Толибон ҳукумати Покистонни айблаб чиқди.
Қўшнисини Покистон томонидан чегарани кесиб ўтиб, Бадахшонда ҳужумлар уюштиришлари учун қуролли рақибларига бошпана бериш ва уларни қўллаб-қувватлашда айблади.
Буни ўзларига босим ўтказиш стратегияси доирасида қилинган иш, деди.
Исломобод эса Толибон ҳукуматини Покистон Толибон ҳаракатини дастаклаётганликда айблайди.
Бироқ Толибон ҳукумати ҳам, Покистон ҳукумати ҳам бу айбловларни рад этади.
Аммо икки томон ўртасида танглик сақланиб қолмоқда.
Айрим гуруҳлар Толибон ҳукумати ва Покистон ўртасидаги кескинлик ҳамда ҳамкорлик йўқлигидан фойдаланиб, Бадахшонда ўрнашиб олишга уринмоқда.
Толибонга қарши турли гуруҳлардан ташқари, ИШИД ҳам вазиятдан фойдаланиб қолиш ҳаракатида.
Гуруҳ Бадахшондаги Толибон ҳукумати мулозимларига қарши уюштирилган айрим ҳужумларга масъулиятни ҳам ўз зиммасига олди.
Иккинчи сабаб
Толибон ҳукуматининг айрим сиёсатлари аҳолининг муайян қатламлари орасида ғазаб ва норозилик уйғотган.
Сафларида собиқ афғон ҳукумати вакиллари бўлган баъзи Толибонга қарши қуролли гуруҳлар ана шу норозиликлардан фойдаланмоқда ва этник зиддиятларни кучайтирмоқда.
Улар шу йўл билан Толибон ҳукуматига бўлган жамоатчилик қўлловини заифлаштириш илинжида.
Учинчи сабаб
Бадахшон табиий маъданларга бой, олтини, ярим қимматбаҳо тошлари бор.
Сўнгги йилларда маблағ тақчиллигига учраган Толибон ҳукумати кончиликдан тушадиган даромадлар устидан назоратни марказлаштирди.
Бунинг ортидан, ушбу фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишлари жадаллашди.
Табиий захираларни назорат қилиш ва қазиб олиш билан боғлиқ келишмовчиликлар эса маҳаллий аҳоли орасида маълум даражада норозилик уйғотди.
Шунингдек, Толибон қўмондонлари ўртасида рақобатни кучайтирди.
Тўртинчи сабаб
Бадахшон Афғонистоннинг афюн етиштирилувчи вилояти бўлиб келган.
Толибон ҳукумати 2022 йилда афюн етиштириш ва унинг савдосини тақиқлади.
Ғайриқонуний гиёҳванд моддаларга қўйилган тақиқ қатъий жорий этилди.
Кўкнори далалари йўқ қилинди.
Ва бу бир қатор кўкнори етиштирувчилар, гиёҳванд моддалар контрабандачилари ва уюшган жиноий гуруҳларнинг ғазабини келтирди.
Улар ҳам Толибон назоратининг заифлашувини ўз манфаатларига мос, деб билишади.
Чунки бу уларга янада эркинроқ ҳаракат қилиш имконини беради.
Афғонистон Бадахшони

Афғонистон Бадахшонининг стратегик жойлашуви муҳим.
У Марказий Осиё, Хитой ва Жанубий Осиёни боғловчи стратегик тоғли чорраҳа.
Тожикистон баробарида яна Покистон ва Хитойга чегарадош.
Геосиёсий аҳамиятга эга Воҳан йўлаги ҳам айнан Бадахшонда жойлашган.
Маъданларга бой. Кўплаб олтини, қимматбаҳо тошлари, алюминийси бор.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам аҳамияти катта.
Унга чегарадош давлатлар учун муҳим хавфсизлик чизиғи вазифасини ўтайди.
Очиқ манбаларга таянилса, аҳолисининг сони бир миллиондан ортади.
Улардан аксариятини асосан этник тожиклар ташкил этишади.
Тожикистон яқин-яқингача Толибон ҳукумати билан терс ягона минтақа давлати бўлиб келган.
Аввалбошдан президенти Толибон ҳукуматини инклюзив эмасликда кескин танқид қилган.
Уни тан олмасликларини расман ва ошкора баён қилган.
Аммо минтақа давлатлари орасидан айнан Тожикистон Афғонистон билан энг узун чегарага эга.
Икки мамлакат ўртасидаги чегаранинг узунлиги 1300 чақиримдан ортади.
Тожикистон Афғонистон билан чегараси Бадахшон орқали ўтган ягона Марказий Осиё давлати.
Аммо, йилларки, чегараси мустаҳкам эмасликда ҳатто Ғарбда ҳам хавотирларга сабаб бўлиб келади.
2024 йилда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг тожик-афғон чегасини мустаҳкамлашга қаратилган мақсадли давлатлараро дастури ҳам тасдиқланган.
Тожикистонда Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам жойлашган.
Шу кунларда олинган расмий хабарларга кўра, Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга Россия президенти ҳам ўзининг эътиборини қаратган.
Путин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Бишкекдаги сўнгги саммити теграсида Тожикистон президенти билан юзма-юз учрашуви чоғида хавфсизлик масаласига алоҳида тўхталиб ўтган.
"Хавфсизлик соҳасида, ўз-ўзиданки, иш олиб бораётганликлари"ни айтган.
"Қўшни Афғонистонда юз бераётган воқеалар юзасидан хавотирда эканингизни биламиз", деркан, Россия президенти Тожикистон томони билан "ушбу ҳамда хавфсизликни таъминлашга оид бошқа масалалар юзасидан яқин алоқада эканликлари"ни ҳам маълум қилган.
Бошқа томондан, айнан Россия Афғонистонда Толибон ҳукуматини расман тан олган ҳозирча ягона давлат бўлади.
Россия яқинда Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликка оид битимни ҳам имзолаган.
Дунёдаги ҳеч ким қилмаган ишни қилиб, катта шов-шув ва хавотирларга ҳам сабаб бўлган.
Badaxshonni nazorat qilgan Tolibon Tojik qanotining yo‘qolishi turli kuchlarning o‘z ta’sirini kengaytirishi uchun imkoniyat yaratadi.
Охирги йилларда айнан Тожикистон Афғонистондан энг кўп ҳужумга учраётган, давлат чегараси бузилаётган ягона минтақа давлати бўлади.
Айримларига ИШИД гуруҳининг Афғонистондаги Хуросон қаноти масъулиятни ўз зиммасига олган ҳужумларда Тожикистонда ишлаётган хитойликлар ҳам ҳалок бўлиб, яралангани хабар берилган.
Ўшанда янгилик халқаро миқёсда эътибор тортган, Ғарбнинг етакчи нашрларида ҳам сарлавҳаларга чиққан.
Бу каби шов-шувли ҳужумлар манзарасида Хитой ўз фуқароларига Тожикистон-Афғонистон чегараси ҳудудини тарк этишни тавсия қилган.
Толибон ҳукуматидан эса уларни ҳимоя қилишини талаб этган.
Лондондан халқаро эксперт Антонио Жустоццининг BBC Ўзбек хизмати билан суҳбатида айтишича, Бадахшондаги воқеаларнинг бу каби хавотирли ривожи ҳозирча "Марказий Осиёга тўғридан-тўғри таъсир қилаётгани йўқ".
Аммо, унга кўра, "Бадахшонни назорат қилган Толибон Тожик қанотининг йўқолиши турли кучларнинг ўз таъсирини кенгайтириши учун имконият яратади".
"Уларнинг айримлари, ҳеч бўлмаганда, келажакда Тожикистон учун потенциал хавф туғдириши мумкин."
Суҳбатдошимиз шундай деркан, бунга мисол ўлароқ ИШИДнинг Хуросон қанотини тилга олади.
Унга кўра, мазкур гуруҳ "аллақачон, яъни сўнгги бир неча йил ичида Толибон ичидаги зиддиятдан фойдаланишга уринмоқда".
"Толибоннинг норози Тожик аъзоларини ўз томонига оғдириш ҳаракатида".
Толибон қудратга қайтиши ортидан, икки Марказий Осиё давлати – Ўзбекистон ва Тожикистон ўз мустақилликлари тарихида илк бор Афғонистондан ракета ҳужумига учрашган.
Ўшанда бу ҳужумларга масъулиятни айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти ўзининг зиммасига олиб чиққани хабар берилган.
Орада айрим халқаро экспертлар худди шу Бадахшонни Ўзбекистон Исломий ҳаракати омон қолган аъзолари жон сақлаб юрган ҳудуд сифатида ҳам тилга олишган.
Ҳаракат ўз вақтида ҳарбий таҳлилчилар доирасида четдаги энг йирик Ўзбек жангари гуруҳи сифатида ҳам тилга олинган.
Аксарият минтақа давлатларининг расман тан олишмаган бўлса-да, Афғонистондаги Толибон ҳукумати билан муносабатлари яхши.
Толибон ҳукумати ҳам ўзи қудратга қайтган ўтган беш йил давомида "Афғонистондан бирор бир таҳдидга учрамасликлари"га ишонтириб келади.
Ҳаракат ўз вақтида минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ саналган.
Йигирма йил давомида АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучлари билан урушган.
2020 йилда Вашингтон билан имзолаган битим шартларига мувофиқ, уларнинг Афғонистонни буткул тарк этишларига ҳам эришган.
Шундай экан, Бадахшондаги вазиятнинг беқарорлашиши Ўзбекистон, Марказий Осиё учун нимани англатади?
Бу минтақа учун нима дегани?

Сурат манбаси, rasmiy
Довуд Аъзамий: Сўнгги бир неча ойда Бадахшонда тўсатдан қилиниб, тезда чекиниш тактикаси қўлланиладиган ҳужумлар амалга оширилди.
Толибоннинг айрим мулозимларига суиқасдлар қилинди.
Уларга масъулиятни турли кичик қуролли гуруҳлар ўз зиммасига олди.
Бу гуруҳларда Афғонистонда бир ҳудудни эгаллаш ёки қаердадир ўрнашиб олиш учун етарлича куч ва ресурслар мавжуд эмас.
Аммо, айниқса, четдан қўллов бўлганида, бу исён ва ҳужумлар Толибон ҳукумати учун жиддий муаммога айланиши эҳтимоли катта.
Лекин жорий пайтда толибларга қарши гуруҳларнинг фаолияти Толибоннинг Бадахшондаги бошқарувига таҳдид солаётгани йўқ.
Турли Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Тожикистон Бадахшон вилоятидаги нотинчликларнинг ўз хавфсизлигига салбий таъсири юзасидан хавотир билдирди.
Агар, беқарорликлар давом этса ёки кенгайса, бундан Пекин ҳам хавотирга тушади.
Чунки Бадахшон вилояти Хитой билан ҳам чегарадош.
Бироқ Толибон ҳукумати қўшни давлатларни ишонтирди.
Вазиятни назорат этиши ва бирор бир гуруҳнинг улар манфаатлари хавфсизлигига таҳдид солишига йўл қўймаслигини айтди.
Кейин бунга биргина Толибон ҳукуматининг ўзи кўп эътибор қаратиб, ресурс йўналтираётгани йўқ.
Минтақа давлатлари ҳам Бадахшондаги вазиятни диққат билан кузатиб боришади.
Чегарадаги вазият

Сурат манбаси, screenshot
Толибон ҳукумати вакили орада афғон-тожик чегарасида хавфсизлик тўлиқ таъминланганини айтиб чиққан.
Забиҳуллоҳ Мужоҳиддан иқтибоc келтирилган хабарлар ОДКБ нинг хавотирлари ортидан бўй кўрсатган.
Унга кўра, икки давлат хавфсизлик кучлари фаолиятларини мувофиқлаштиришган.
Ўзаро чегарани назорат этишмоқда. Ҳеч қандай шубҳали ҳаракат ёки вазиятни беқарорлаштирувчи фаолиятга йўл қўйишмайди.
Забиҳуллоҳ Мужоҳидга кўра, "Афғонистон қўшни мамлакатларга таҳдид солмайди ва минтақада янграётган баёнотлар асосан асоссиз."
BBC Ўзбек хизмати худди шу хабарлар манзарасида Тожик-Афғон чегарасидаги аҳволни билиш учун Тожикистондан мустақил журналист Искандар Фируз билан ҳам боғланди.
Tojikiston bir necha yildan buyon bu qo‘shni davlatdan ehtimoliy hujumlarga tizimli ravishda tayyorgarlik ko‘rib keladi.
Искандар Фируз: Сўнгги ҳодисадан кейин бу масала билан шахсан мамлакат президентининг ўзи шуғулланди. У барча тегишли тузилмаларга бундай ҳолатларнинг такрорланишига қарши жанговар шай ҳолатда туришни буюрди. Бунинг учун эса, билишимча, Афғонистон, Хитой ва Қирғизистон билан чегарадош Бадахшон автоном вилоятининг давлат чегараси ҳудудига кўпроқ қўшин ва шунга мос равишда ҳарбий техника киритилган. Тожикистон бир неча йилдан буён бу қўшни давлатдан эҳтимолий ҳужумларга тизимли равишда тайёргарлик кўриб келади. Ҳарбий раҳбарлар билан бўлган суҳбатлардан маълум бўлишича, ҳозирда мамлакатдаги аксарият ҳарбий қисмлар 24 соатлик жанговар шай ҳолатга келтирилган. Бу, бир томондан, Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган парадга тайёргарлик билан боғлиқ бўлса, иккинчи тарафдан, Афғонистон билан чегарадаги вазиятга ҳам тааллуқлидир. Мен ўзаро давлат чегараси ҳимоясининг қанчалик кўнгилдагидек экани хусусида айнан Тожик чегарачиларининг ўзлари билан ҳам гаплашдим. Улар ҳақиқатан ҳам хавфсизликни таъминлашмоқда. Тожикистон ҳукуматининг ўзи ҳам чегара хавфсизлигини таъминлашдан манфаатдор. Бу, шунингдек, сўнгги пайтларда ортиб бораётган ва кўпинча наркокурерларнинг ўлими билан якунланаётган гиёҳванд моддалар контрабандаси билан ҳам боғлиқ.
BBC: Чегара хавфсизлигини таъминлашда ОДКБ нима қилиб беради олади?
Искандар Фируз: Биласизми, бундан бир неча йил аввал мен Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг саммити чоғида Қирғизистон элчисидан суҳбат олганман. Ўшанда ундан нега КХШТ Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги можарога аралашмаётгани ҳақида ҳам сўраганман. У ўз фикрини одобга зид бир равишда ифода этди. Яъни, КХШТ умуман фойдасиз эканини айтди. Ҳозирги вазиятда Украина инқирозини ҳисобга олсак, КХШТ тожик-афғон чегарасини ҳимоя қилиш ёки уни янада мустаҳкамлашдан кўра, Украина инқирозини ҳал қилишдан кўпроқ манфаатдор. Менимча, бу айнан Украина инқирози билан боғлиқ.
Янги чоралар

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Шу кунларда Толибон ҳукумати Бадахшон вилояти ҳокими ва хавфсизлик кучлари бош қўмондонини алмаштирганига оид хабарлар олинди.
ОДКБ Бош котиби яна бир баёнот билан чиқди.
Унга кўра, Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлаш учун Тожикистонга ОДКБ дастури доирасида қурол ва жиҳозлар шу йил кузида етказиб берилиши мумкин.
Масадиков шунингдек, ТАСС ахборот агентлигига Тожикистонни қурол-яроғ билан таъминлашда асосий юк Россия зиммасига тушиши ва бу масалада у ҳал қилувчи рол ўйнашини ҳам айтган.
Россия эса, қарийб беш йилдирки, Украина билан урушиб келади.
ОДКБ расмий Душанбенинг сўровига мувофиқ худди шу мақсадда бундан аввал ҳам Тожикистонни ҳарбий техника билан таъминлаган.
Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти олти собиқ Совет давлатини ўз ичига олади.
Ушбу ҳарбий блокка Россия ва Тожикистондан ташқари яна Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус ва Арманистон киради.
Ўзбекистон орада ОДКБга аъзолигини расман тўхтатган.
Аммо Қуролли Кучлари халқаро рейтингларда минтақадаги энг жанговарлари сирасига киради.
Бундан ташқари, Афғонистон билан чегараси қолган минтақа давлатлари билан қиёсланганда энг қисқаси.
Айниқса, сўнгги йилларда ўзининг Қуролли кучларини модернизация қилиш, мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва ҳарбий ҳамкорларини турфалаштириш ҳаракатида бўлган минтақа давлати.
ОДКБга аъзо мамлакатларни ташқи қуролли таҳдидлардан ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.
Масадиков чегарада хавфсизликни таъминлаш нафақат Тожикистон, балки ташкилотнинг барча аъзолари учун ҳам "ўта муҳим масала" эканлигини айтган.
Нега экани сабабини эса бу "ўзларининг жанубий чегаралари" эканлиги билан изоҳлаган.
Афғонистон минтақанинг энг кўпмиллатли давлатларидан бири бўлади.
Аммо ҳозир яна Исломий Амирлик.
Уни Толибоннинг якка ўзи томонидан ташкил этилган ҳукумат бошқаради.
Толибон ҳаракати ва Вашингтон ўртасида имзоланган 2020 йилги Доҳа битими шартларига мувофиқ, ҳозир Афғонистонда бирор бир хорижий аскар йўқ.
АҚШ ва НАТО бошчилигидаги коалиция кучлари 2021 йил августида Афғонистонни буткул тарк этган.
Аммо узоқ йиллик афғон можароси ҳали-ҳануз ўзининг сиёсий ечимини топмаган.
Толибон халқаро ҳамжамиятнинг инклюзив ҳукумат тузиш талабини беэътибор қолдирган.
Аммо, бошқа томондан, сўнгги ойларда Толибон ҳукуматининг айнан Бадахшон билан чегарадош Покистон билан ўзаро муносабатлари кескинлашган.
Томонлар ўртасида кетма-кет қуролли тўқнашувлар, ер ва ҳаводан ҳужумлар кузатилган.
Покистон Толибонга "очиқ уруш" эълон қилган ва уларни "яксон этиш" мақсадини изҳор этган.
Айрим таҳлилчиларга кўра эса, Бадахшон Толибоннинг Афғонистондаги турли этник жамоаларни сиёсий келишув асосида бошқара олиш-олмаслигини кўрсатувчи илк жиддий синовга ҳам айланиши мумкин.
BBC Ўзбек хизмати суҳбатлашган яна бир халқаро эксперт Антонио Жустоцци фикрича, "бу Толибон қабул қиладиган қарорларга боғлиқ"
"Менимча, маҳаллий толибларнинг ҳамкорлигисиз Амирлик Бадахшонни назорат қила олмайди", - дейди у.
Шундай экан, Толибон Бадахшондаги вазиятни тўлиқ назорат қила оладими? Бу ҳам Афғонистон ва ҳам минтақа учун қанчалик муҳим?
Толибон нима қилолади?

Сурат манбаси, Anadolu Agency via Getty Images
Довуд Аъзамий: Бадахшон иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим.
Афғонистондаги Толибон ҳукумати Бадахшондаги вазиятни назорат қилиш – ўзлари учун устивор вазифа эканини яшираётгани йўқ.
Толибон ҳукумати вилоятда ўзининг назоратини мустаҳкамлаш учун янги хавфсизлик чораларига қўл урди.
У ерга қўшимча куч юборди, кўпроқ назорат пунктлари ва патрул гуруҳларини ташкил этишга киришди.
Шу кунларда Толибон ҳукумати Ички ишлар вазири собиқ муовинини Бадахшонга янги ҳоким этиб тайинлади.
Вилоят хавфсизлик кучлари Бош қўмондонини ҳам алмаштирди.
Толибон ҳукумати Бадахшонда Хитой билан йўл қурмоқчи.
Агар, у қуриб битказилса, Афғонистон илк бор Хитой билан автомобил йўли орқали боғланади.
Бу икки давлат ўртасидаги савдони енгиллаштиради ва ҳар икки томон учун янги иқтисодий имкониятлар яратади.
Янги йўл, шунингдек, минтақавий боғлиқликни ҳам яхшилайди.
Марказий Осиё ва Эронни Хитой билан яна бир автомобил йўли орқали боғлаш имконини беради.
Сиёсий жиҳатдан Бадахшон Толибон ҳукумати учун рамзий аҳамиятга ҳам эга.
Толибон ўнлаб йиллар давом этган уруш ва нотинчликлардан сўнг Афғонистонга тинчлик ва барқарорлик олиб келгани билан фахрланади.
Агар Бадахшон вилоятидаги вазият ёмонлашса, бу Толибонга қарши гуруҳларга қўл келади.
Тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда Толибон ҳукуматининг жиддий муваффақиятсизлиги сифатида тақдим этилади.
Стратегик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан эса Толибон ўзини назорат ва кучга эгадек қилиб кўрсатишни хоҳлайди.
Ўтган йили Покистон ва Толибон ҳукумати ўртасида кескинлик кучайди.
Бунинг ортидан айрим покистонлик шарҳловчилар Покистон Бадахшонни бутунлай эгаллаб олиши кераклиги ҳақидаги фикрларни ҳам илгари суришди.
Бир томондан, бу каби гап-сўзлар ваҳима уйғотди.
Аммо, бошқа тарафдан, оддий афғон аҳолисининг ғазабини келтирди.
Толибон ҳукуматининг ҳушёрликни оширишга бўлган қатъиятини кучайтирди.
Демак, Бадахшон вилоятидаги вазият маҳаллий ёки миллий масала эмас.
У турли томонлар ва омилларни қамраб олувчи минтақавий ҳамда халқаро миқёсдаги аҳамиятга эга мавзу, масаладир.






























