Қозоғистондаги машғулотлар пайтида Каспий денгизига оқиб кетган 14 нафар ҳарбий ҳалок бўлди

Сурат манбаси, Манғистау вилояти ҳокимлиги/Telegram
Қозоғистондаги ҳарбий машғулотлар пайтида Каспий денгизига оқиб кетган 17 нафар ҳарбийдан 14 нафари ҳалок бўлгани тасдиқланди. Яна уч нафари қутқарилган.
25 сентябр куни бедарак кетган икки ҳарбийнинг жасади топилгач, қидирув ишлари якунланган.
Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга таъзия билдиришди.
Ҳодиса 24 сентябр куни Қозоғистоннинг жануби-ғарбидаги Манғистау вилоятида юз берган.
Қозоғистон бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев Telegram'да 17 ҳарбий денгизга оқиб кетганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу "об-ҳаво шароити кескин ёмонлашиб, шамол кучайгани сабабли ўқув-жанговар вазифани бажариш вақтида" содир бўлган.
Ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда.
Воқеалар ривожи

Сурат манбаси, Манғистау вилояти ҳокимлиги/Telegram
Бироқ 22 сентябрь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг Telegram саҳифасида Каспий денгизининг Қозоғистонга тегишли қисмида "Каспий ҳимояси - 2026" ҳарбий машғулотлари ўтказилаётгани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Машғулотларда 500 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи, жанговар кемалар ва соҳил бўлинмалари иштирок этаётгани айтилган.
Пайшанба куни кечқурун Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлган 12 ҳарбийнинг исмлари келтирилган рўйхатини эълон қилди. Рўйхатга муддатли ҳарбий хизматдаги 11 нафар матрос ва бир катта лейтенант киритилган.
Lada.kz нашри эълон қилган кадрларда қутқарув ишлари акс этган бўлиши мумкин. Кундузи олинган кадрларда ҳодиса жойида кучли шамол ҳали ҳам эсаётгани, қутқарув ишлари олиб борилаётган денгиз ҳудудида эса ҳарбий кема борлиги кўринган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳарбийларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва 25 сентябрни умуммиллий мотам куни деб эълон қилди.
"Казинформ" агентлиги хабар беришича, бош вазир ўринбосари Бозумбаев ҳодисани текшириш бўйича комиссияга раҳбарлик қила бошлаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, "ҳодиса муносабати билан ваколатли идоралар томонидан аллақачон жиноят ишлари қўзғатилган".




























