Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлида биринчи туннел қазиб бўлинди

Темир йўл биринчи туннели

Сурат манбаси, CMG

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилишини олиб бораётган ширкат хабар тарқатишича, 27 туннелдан биринчиси қазиб ўтилган.

2024 йили декабрида бошланган қурилиш лойиҳасига кўра, бу йўлда 27 та туннел, 43 та кўприк, 88 ер полотноси участкаси, 20 та темир йўл станцияси барпо этилиши керак.

Уч давлат ҳукумати ваколат берган корхоналар томонидан ташкил этилган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли компанияси хабар беришича, узунлиги 209 метр бўлган Қош Добо Шимолий туннели Қирғизистон ҳудудида тўлиқ қазиб ўтилган биринчи туннел ҳисобланади.

Ширкат бу туннелни қазишга 2025 йил июнида киришилганини маълум қилади.

Темир йўлнинг умумий узунлиги 532 километрдан ошади.

Шундан 304 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади.

Бу темир йўл Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги, "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида амалга оширилаётган муҳим лойиҳадир.

Лойиҳа якунлангач, у Хитой билан Марказий Осиёни боғловчи янги темир йўл йўлагини таъминлайди.

Янги йўналиш Хитойнинг шимоли-ғарбидаги Шинжон Уйғуристонидаги Қашғар шаҳридан бошланади.

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳри орқали Ўзбекистоннинг Андижон шаҳригача етиб боради.

Bayroqlar.

Сурат манбаси, Erkin Saliev (taqdim)

Сурат тагсўзи, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини бошлашнинг расмий маросимида олинган расм. 2024 йил 27 декабр, Қирғизистон.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини расман бошлаш тантанали маросми 2024 йил 27 декабр куни Қирғизистоннинг Жалолобод (ҳозирги Манас) шаҳрида бўлиб ўтган.

2025 йил 30 июнда биринчи туннел сингари бутун Қирғизистон ҳудудида темир йўл йўналиши бўйлаб қурилиш ишлари бошланган.

Лойиҳани 2030 йил охиригача якунлаш режалаштирилган.

Темир йўл Қашғар–Тўруғарт–Макмал–Манас–Андижон йўналиши бўйлаб ўтади.

У Марказий Осиёни Хитой билан боғлайдиган энг қисқа қуруқлик йўли бўлиши кутилмоқда.

Бу темир йўл орқали йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш мўлжалланмоқда.

Ҳам юк, ҳам йўловчи ташишга мўлжалланган йўлнинг 312 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади, Ўзбекистондаги қисми эса тахминан 70 километрни ташкил этиши айтилади.

Ушбу лойиҳа умумий қиймати 4,7 миллиард долларни ташкил этиши хабар қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, Хитой тахминан 2,3 миллиард доллар маблағни уч давлат томонидан ташкил этилган Қўшма лойиҳа компаниясига 35 йил муддатга кредит сифатида ажратади.

"Ушбу кредитни Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатлари томонидан ташкил этилган Қўшма лойиҳа компанияси тўлайди. Қолган 2,3 миллиард долларни эса уч давлат биргаликда қоплайди. Маблағнинг 51 фоизини Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса ҳар бири 24,5 фоиздан ажратади" - дейилади Қирғизистон ҳукуматининг 2025 йил 16 декабрдаги баёнотида.

iqtibos

"Толибон Транс-Афғон темир йўли қурилишини бошлашга тайёр"

Президент Шавкат Мирзиёев Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини "муҳим инфратузилма лойиҳаси" деб атаган ва бу йўл минтақадаги иқтисодий ҳамда транспорт ришталарини кучайтиришини таъкидлаган.

У келажакда ушбу лойиҳа Транс-Афғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришини айтган.

Куни-кеча Афғонистондаги Толибон ҳукумати Жамоат ишлари вазирлиги Транс-Афғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

Вазирлик матбуот котиби Муҳаммад Ашраф Ҳақшиносга кўра, мазкур лойиҳа Афғонистондаги Толибон маъмуриятининг иқтисодий ривожланиш режасининг бир қисми бўлиб, Жамоат ишлари вазирлиги учун устувор аҳамиятга эга.

"Бу лойиҳа Афғонистон Ислом Амирлиги (Толибон маъмурияти)нинг иқтисодий ривожланиш режасига киритилган ва Жамоат ишлари вазирлиги учун устувор йўналиш ҳисобланади. Худога шукр, лойиҳани Афғонистонда амалга ошириш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда", деган Ҳақшинос.

"Афғонистон лойиҳани амалий жиҳатдан бошлашга тўлиқ тайёр. Афғонистон Ислом Амирлигининг Жамоат ишлари вазирлиги лойиҳада иштирок этаётган давлатларнинг уни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди."

Бу баёнот Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шарифнинг Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув чоғида темир йўл лойиҳаси ижросини жадаллаштиришга чақирганидан кейин янгради.

Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шарифга кўра, мазкур лойиҳа Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни янада кучайтиради ҳамда Ўзбекистонга Покистоннинг денгиз портларига чиқиш имконини беради.

Шариф Транс-Афғон темир йўл лойиҳасини Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги транзит алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга деб атаган.

Афғонистон, Ўзбекистон ва Покистон ўтган йил таклиф этилаётган темир йўл лойиҳаси бўйича қўшма ўрганиш ишларини ўтказишга келишиб олганлар, бироқ қурилиш ишлари ҳали бошланмаган.

Сўнгги ойларда Афғонистон билан Покистон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган.

Темир йўл лойиҳасининг тахминий қиймати дастлабки 4,8 миллиард доллардан 7 миллиард долларгача ошган.