Дунёни ҳайратга солган сигир: олимлар жавоб топа олмаяпти - видео
Молнинг ақли нималарга қодирлигига шу пайтгача одамзоднинг ақли етмаган кўринади.
Австриядаги Вероника лақабли сигир узун чўтка ва таёқларни қандай ишлатиши илм-фанда янгилик бўлди.
Олимлар моллар биз ўйлагандан кўра анча онглироқ эканинга ишонишди.
Австриянинг тоғли ҳудудида яшовчи сигир Вероника йиллар давомида таёқ, супурги ё чўтка билан ўзини қашилашнинг роса ҳадисини олган.
Жониворнинг ҳатти-ҳаракати Венадаги олимлар қулоғига ҳам етиб боради.
Улар сигирни кузатиб, ўрганишга қарор қиладилар.
Ақлли сигир

Сурат манбаси, Antonio J Osuna Mascaró
Олимлар нафақат сигирнинг ўзини қашилай олишини кўришади, балки бир ашёнинг икки хил учини икки хил мақсадда ишлата олишига гувоҳ бўладилар.
Масалан, яғрини ёки бошқа бирон териси қалинроқ жойи қичиса, узун супургининг чўткали учи билан қашилаган.
Агар қорнининг ости ёки бошқа юмшоқроқ жойини қашилаш зарур бўлса, таёқнинг силлиқ дастали учини ишга солган.
Ҳайвонот оламида бундай иш қуролларидан фойдаланиш жуда кам учрайди. Молларда эса мутлақо кузатилмаган.
"Биз сигирлар иш қуролларини ишлатишини ва сигир бир асбобни бир неча хил мақсадда қўллашини кутмагандик" - дейди Венадан бориб, сигирни кузатган олим Антонио Осуна-Маскаро.
"Шу пайтгача фақат шимпанзелар иш қуролларини мунтазам ишлатишганини билардик".
Biz sigirlar ish qurollarini ishlatishini va sigir bir asbobni bir necha xil maqsadda qo‘llashini kutmagandik.
Турли иш қуролларини ишлатиш масаласида одамлардан кейин шимпанзелар туради.
Улар таёқ билан чумолиларни тўплашади ёки тош билан ёнғоқ чақишади.
Аммо инсонлар 10 минг йилдан бери моллар билан ёнма-ён яшаётган бўлса-да, олимлар иш қуроли ишлатган сигирни илк бора кўришмоқда.
Тадқиқотчиларга кўра, Верониканинг ҳаракатлари сигирларнинг қанчалик ақлли эканини кўрсатади.
Ва имкони бўлса, демак, бошқа сигирлар ҳам шундай малакага эга бўладилар.
Верониканинг эгаси фермер Витгар Вигеле эса ўз сигири туфайли одамлар табиат ва жониворларнинг қадрига етишади, деган умидда.
"Табиатни асранг ва сўнг ўзингизни ҳимоя қилинг. Табиат ранг баранглиги бу сайёрада яшаб қолишнинг калитидир" - дейди Витгар Вигеле.
Сигир Верониканинг ҳаракатларини ўрганган тадқиқот натижалари Current Biology нашрида чоп этилган.
Азадор делфин, табиб маймун?

Сурат манбаси, Getty Images
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Одамзод шу пайтгача ақлли жонивор деганда, асосан, симпанзелар, ит ёки мушукларни тушунган.
Бунинг сабабларидан айримлари ушбу жонзодларнинг хонакилаштиргани, уларни яхшироқ ўргангани ва одамзод билан уй ичкарисида яшагани ҳам бўлиши мумкин.
Шимпанзеларга келганда эса, улар одамзоднинг ҳайвонот оламидаги энг яқин қариндоши саналади ва бу одамсимон маймуннинг ақлли ҳамда мантиқли ҳаракатлари бугун кўпчиликни ҳайратга солмайди.
Охирги йиллардаги кузатиш, тажриба ва тадқиқотлар давомида эса ёввойи табиатдаги кўплаб жониворлар инсонларни лол ҳайратга солишмоқда.
Масалан, филлар оиласи ўзларнинг ўлган қариндошлари суяклар устидан чиқишса, бир неча муддат бу суякларни ўраб олишади ва жим турганча хартумлари билан суякларни силашади.
Яқинда эса боласи жасадини узоқ муддат уммонда олиб юрган мотамсаро она делфиннинг дрондан олинган видеоси дунё бўйлаб тарқалди.
Видеода бошқа делфинлар ҳам азадор онанни қўллаб-қувватлашгани аксланган.
Делфинлар узоқ вақт ўлган яқинлари учун мотам тутишлари бугун маълум.
Одамсимон маймунлар жароҳат олганда, доривор ўсимликларни ишлатиши ва улардан фойдаланиб, ўз жароҳатини тузатишга интилиши ҳам аниқланган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:
Яқинда эса ҳатто ариларда ҳам ҳис-туйғу бўлиши эҳтимоли ҳақида хабарлар чиқди.
Австралия ва Хитой олимлари олиб борган қўшма тадқиқотда арилар ҳам худди сут эмизувчилар каби ҳиссиётга ўхшаш ҳатти-ҳаракатларни намойиш этишгани аниқланган.
Бу эса нафақат йирик сут эмизувчи жониворлар, балки ҳашаротлар дунёси ҳам келажакда илм-фан ва инсониятни ҳайратга солишда давом этиши мумкинлигини англатади.
Одамзод табиатга қанчалик чуқур разм солиб, ўсимликлар ва жониворларни ўрганишда давом этса, шунчалик табиат сирларини кам билгани маълум бўлиб бориши эҳтимоли каттадек кўринади.































