Ўзбекистон: Каримовнинг сиёсий мероси 10 йилдан кейин қандай баҳоланмоқда?

Сурат манбаси, David Hume Kennerly/Getty Images
Ўн йил ўтганига қарамай, Ислом Каримов Ўзбекистон жамоат ҳаётида сезиларли рамзий ўринни сақлаб қолмоқда. gazeta.uz Самарқанддан тайёрлаган репортажда қайд этилишича, унинг туғилиб ўсган уйи ва дафн этилган «Ҳазрати Хизр» мажмуасига ҳали ҳам маҳаллий аҳоли ва хориждан келган меҳмонлар мунтазам ташриф буюради.
Нашр билан суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, Каримов вафот этганидан кейин унинг жасади туғилиб ўсган Самарқанддаги хонадонга олиб келинган ва жанозага тайёрлаш билан боғлиқ ишлар шу ерда амалга оширилган. Суҳбатдошлар ўша кунни одамлар ва гулларга тўлган кўчалар билан эслайди.
Каримов туғилиб ўсган хонадонга қўшни бўлиб яшовчи Карим Раҳимбердиевнинг gazeta.uz'га айтишича, биринчи президент хотираси билан боғлиқ анъаналар ҳали ҳам давом этмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳар йили Ислом Каримов туғилган ва вафот этган саналарда, шунингдек, Ҳайит байрамларида Татяна Каримова бошчилигида хонадонда қўй сўйилиб, эҳсон қилинади.

Сурат манбаси, gazeta.uz
Регистон майдони ва Бибихоним мажмуаси оралиғида жойлашган 21-умумтаълим мактабида Ислом Каримов 1950-1955 йилларда таҳсил олган. Муассаса қошида 1992 йилда таълим муассасаси тарихи ва унинг ўқувчилари эришган ютуқларга бағишланган музей ташкил этилган. У ерда Ислом Каримовнинг ўқувчилик йилларига оид суратлар, ҳужжатлар ва бошқа ашёлар билан бир қаторда, мактабнинг умумий тарихи ҳам акс эттирилган, дея хабар берди gazeta.uz.
Каримовга расмий эътироф

Орадан ўн йил ўтган бўлса-да, расмий баёнотларда Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатчилиги асосчиларидан бири сифатида таърифланмоқда. Унинг вафотининг 10 йиллиги муносабати билан 2 сентябр куни бўлиб ўтган хотира маросимида сўзга чиққан президент Шавкат Мирзиёев Каримов номи "мустақилликнинг қўлга киритилиши, миллий давлатчилигимизнинг тикланиши ва юртимизнинг мустақил тараққиёт йўлига чиқиши билан узвий боғлиқ" эканини таъкидлади.
Бу ҳақда Ислом Каримов илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг расмий веб-саҳифасида ҳам хабар қилинди. Унда айтилишича, 2 сентябр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросими бўлиб ўтган. Маросимда президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйган. Шунингдек, Олий Мажлис палаталари, Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, зиёлилар ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳам ҳайкал пойига гуллар қўйган.
"Ислом Каримов шахси ҳақидаги хотиралар, тафсилотларга бой фикр ва мулоҳазалар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ҳамда дунёда кечган ва кечаётган жараёнлар билан чамбарчас туташиб кетади", деб ёзди ижтимоий тармоқларда Медиа ва коммуникациялар илмий-тадқиқот институти директори Беруний Алимов.
Каримов мероси ҳақида жамоатчилик нима дейди?

Сурат манбаси, Bahtiyar Abdukerimov/Anadolu Agency/Getty Images
Бироқ Ислом Каримов ҳақидаги тасаввур фақат расмий баёнотлар билан чекланмайди. Унинг мероси ҳақидаги баҳслар ўн йил ўтганидан кейин ҳам давом этмоқда.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Қирғизистоннинг мустақил Open.kg онлайн нашрида чоп этилган мақолада ўзбекистонлик Баҳодир Файз Каримов давридаги ёпиқ иқтисодиёт ва хорижий сармоялар танқислиги мамлакат тараққиётини чеклаган деб ҳисоблашини айтган. Унинг фикрича, ўтган ўн йил ичида Ўзбекистонда одамлар давлат сиёсати ҳақида эркинроқ фикр билдиришни бошлаган.
BBC Uzbek'нинг «Гулнора Каримова иши ёпилдими?» дастури остидаги муҳокамаларда айрим фойдаланувчилар Каримов даврини барқарорлик билан боғлаган. Хусусан, @АлишерБекчанов-с9о номи билан фикр билдирган фойдаланувчи Ислом Каримов ҳаётлигида «бундай гап-сўзлар йўқ эди, халқ тинч эди», деб ёзиб, шунингдек, унинг қизи Гулнора Каримовага нисбатан муносабат ҳақида ҳам ўз хавотирини билдирган.
Бироқ бошқа изоҳларда Каримов даври меросига нисбатан танқидий муносабат ҳам кузатилди. @axmatovaslan3783 номи билан фикр билдирган фойдаланувчи узоқ йиллар Россияда меҳнат қилганига қарамай уй-жойли бўла олмаганини ёзиб, мустақиллик йилларидаги иқтисодий сиёсатлардан оддий фуқаролар етарлича манфаат кўрмаганини таъкидлаган.
Изоҳлар орасида Гулнора Каримова тақдири ва унинг активлари масаласига оид баҳслар ҳам учрайди. Хусусан, @axmatovaslan3783 номи билан фикр билдирган фойдаланувчи "ўша пулларни олинса халққа бўлиб берилсин деганлар нечтамиз", деб ёзган.
Унга жавобан @FncgndbffFngmfnfnm номи билан фикр билдирган бошқа фойдаланувчи эса Гулнора Каримовани ҳимоя қилиб, унинг ишига нисбатан айбловларни шубҳа остига олган ва мамлакатнинг амалдаги раҳбариятини танқид қилган.
Islom Karimov haqidagi xotiralar va mulohazalar nafaqat O‘zbekiston, balki butun Markaziy Osiyo hamda dunyoda kechgan va kechayotgan jarayonlar bilan chambarchas tutashib ketadi.
Айрим фойдаланувчилар эса Каримов даврини мамлакатдаги тартиб-интизом ва давлат назорати кучли бўлган давр сифатида эслайди. BBC Uzbek'нинг «Ўзбекистон халқи Мирзиёев келгач мустақилликни ҳис қилдими?» мавзусидаги мақола пости остида фикр қолдирган @Alrahmet номли фойдаланувчи Каримов даврида «интизом бор эди», деган фикрни билдириб, ҳозирги даврда оддий одамларнинг дарди ва шикоятлари етарлича эшитилмаётганини ёзган. Шу билан бирга, у сўз эркинлиги ва давлатнинг фуқаролар билан мулоқоти борасидаги расмий баҳоларга ҳам шубҳа билдирган. Бошқа бир изоҳида у, "Қанақа мустақиллик, оилавий пудрат келди", деб ёзиб, мамлакат бошқарув тизими ҳақида танқидий муносабат билдирган.
Бироқ мақола ҳақида барча изоҳлар ҳам танқидий руҳда эмас. Масалан, @muhammadjonmadrahimov681 номи билан фикр билдирган фойдаланувчи Мирзиёев даврида тадбиркорлик муҳити яхшиланганини айтган. Унинг ёзишича, Каримов даврида тадбиркорлар турли текширувлар, коррупция ва бюрократик тўсиқлар босими остида ишлаган бўлса, ҳозир бу шароит анча енгиллашган. 74 ёшли ўқувчи, шунингдек, аҳоли турмуш даражаси ҳам яхшилангани ҳақида фикр билдирган.
BBC Uzbek'нинг «Ўзбекистон ва минтақа давлатлари 35 йилда нимага эришди?» дастури остидаги изоҳларда ҳам Каримов мероси ҳақида турлича фикрлар билдирилди.
Айрим фойдаланувчилар Каримов даврида тилга олинган муаммоларнинг бир қисми ҳанузгача сақланиб қолаётганини таъкидлаган. Хусусан, @IlhomXamza-f номи билан изоҳ қолдирган ўқувчи "ҳозирги ислоҳотлар 25 йилга кечикди", деб ёзиб, коррупция, непотизм ва қариндош-уруғчилик ҳамон долзарб муаммолардан бири бўлиб қолаётганини айтган.
Айрим изоҳларда мустақилликнинг дастлабки йилларидаги иқтисодий қийинчиликлар ҳақида шахсий хотиралар ҳам келтирилган. @Nodira-f6i номи билан фикр билдирган фойдаланувчи заводлар ёпилиши ортидан ишсиз қолганини, бунинг оқибатида оиласи бузилганини ва кейинчалик меҳнат муҳожирига айланганини ёзган. У Қозоғистондаги турмуш даражасини юқорироқ деб баҳолаган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Изоҳлар орасида Каримовнинг ўзига нисбатан ижобийроқ фикрлар ҳам учради. Масалан, @JasurbekSirojov-t7z номи билан фикр билдирган фойдаланувчи, "Каримов 2000 йилларда вафот этганида, ҳозир анча ривожланган бўлардик", деб ёзган.
Бошқа айрим фойдаланувчилар эса мамлакат муаммоларининг асосий сабаби сифатида коррупция ва порахўрликни кўрсатган. Хусусан, @user_o3p-r8x номи билан фикр билдирган фойдаланувчи, "агар бизда коррупция ва порахўрлик бўлмаса, ҳамма ишли бўларди, ҳеч ким чет элда хор бўлмасди", деб ёзган.




























