Марказий Осиёни Хитой таркибига қўшмоқчи бўлганлар ким?

COLLAGE

Сурат манбаси, COLLAGE

    • Author, Элеонора Сағиндиқ қизи
    • Role, BBC мухбири
    • Reporting from, Бишкек
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Қирғизистон Адлия вазирлигининг Чуй–Бишкек бошқармаси ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган "Марказий Осиё ва Хитойнинг тинч йўл билан қайта бирлашишига кўмаклашиш уюшмаси" номли жамоат бирлашмасининг давлат рўйхатидан ўтказилиши бекор қилинганини маълум қилди.

Идоранинг 14 июлдаги маълумотига кўра, мазкур жамоат бирлашмаси 2025 йил 30 декабрь куни тезкор, уч соатлик рўйхатдан ўтказиш хизмати орқали давлат рўйхатидан ўтказилган.

Аммо кейинчалик ўтказилган маъмурий жараёнлар натижасида уни рўйхатга олиш ҳақидаги қарор бекор қилинган.

"Ижтимоий тармоқларда OsOO.kg интернет-ресурсида эълон қилинган маълумотларга таяниб, "Марказий Осиё ва Хитойнинг тинч йўл билан бирлашишига кўмаклашиш ассоциацияси" жамоат бирлашмаси фаолияти ҳақида турли маълумотлар тарқалмоқда.

Чуй-Бишкек адлия бошқармаси ушбу юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги қарор маъмурий тартиб-таомиллар доирасида аввалроқ бекор қилинганини маълум қилади" деб айтилади маълумотда.

Бошқарма шунингдек, OsOO.kg сайти давлатнинг расмий ахборот манбаи эмаслигини ҳам қўшимча қилган.

Унга кўра, юридик шахслар ҳақидаги ишончли маълумотларни Адлия вазирлигининг расмий сайтида жойлаштирилган давлат реестридан олиш лозим.

Маълумотда келтирилишича, мазкур юридик томон 2025 йилнинг 30 декабрида Чуй–Бишкек адлия бошқармасининг рўйхатга олиш мутахассиси томонидан уч соатлик шошилинч давлат хизмати доирасида техник тарзда рўйхатдан ўтказилган.

Кейин эса "Маъмурий фаолият асослари ва маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги қонунга мувофиқ қабул қилинган қарор бекор қилинган.

Айримлар эса ушбу Хитой ташкилоти ҳақидаги маълумотлар 14 июл кунигина интернетдан ўчирилганини ёзмоқда.

OsOO.KG Компанияларни излаш, ҳамкор ташкилотларни текшириш ва Қирғизистонда қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш учун мўлжалланган очиқ онлайн таҳлилий платформа.

У молиявий хатарларни баҳолаш, юридик шахслар ва якка тадбиркорларнинг ишончлилигини таҳлил қилиш имконини беради.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Сўнгги кунларда Қирғизистоннинг турли сайтларида "Марказий Осиё ва Хитойнинг тинч йўл билан қайта бирлашишига кўмаклашиш ассоциацияси" номли жамоат бирлашмаси давлат рўйхатидан ўтгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Бу эса Хитой мавзуси билан боғлиқ навбатдаги баҳс-мунозараларга туртки бўлди.

Тарқалган маълумотларга кўра, ташкилот 2025 йилнинг 30 декабрида давлат рўйхатидан ўтган. OsOO.kg сайтидан олингани айтилган скриншотларда ассоциация раҳбари сифатида Шао Куйнин, таъсисчилари сифатида эса Сун Убо, Шао Куйнин ва Ли Женжун кўрсатилган.

Рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари деб тақдим этилган суратларда ташкилот хорижий фуқаролар иштирокида ташкил этилгани ҳам қайд этилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур ташкилот Қирғизистонда қандай мақсадларни амалга оширишни кўзлаётгани ҳақида саволлар қўйишди.

Қирғизистон президенти администрациясининг собиқ раҳбари Эмилбек Каптагаев бу борада шундай деган:

"Бу масала билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси шуғулланиши керак. Бундай ғоя пайдо бўлиб, бир қанча одамлар йиғилиб ташкилот тузиб, уни рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилаётгани, маълум бир ҳаракат шаклланаётганидан дарак беради. Бунинг ортида кимлар турганини хавфсизлик идоралари зудлик билан аниқлаб, ҳар бири билан иш олиб бориши лозим. Рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилганларга ҳам Қирғизистоннинг конституциявий тузуми ва суверенитетига қарши ҳаракат қилишга уринганлик учун ҳуқуқий баҳо берилиши керак".

Хавотирлар асослими?

Хитой мавзуси билан боғлиқ масалалар сўнгги ойларда Қирғизистон жамоатчилигида кенг муҳокама қилинмоқда.

Ўтган ҳафта охирида ҳам Хитой фуқаролари иштирокидаги камида учта ҳолат видеолари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди.

Иссиқкўлда чет эллик шахс автомашинаси билан кўлнинг муҳофаза ҳудудигача кириб борган воқеа қайд этилди. Норин вилоятида эса бир киши ёввойи қушларни тўр билан тутган бўлса, бошкаси тақиқланган электр қармоғи билан балиқ овлаган.

Балиқ овловчиларнинг ҳар бирига 10 минг сомдан (тақрибан 115 доллар) жарима солинган, шунингдек, яйлов ҳудудида автомобилдан ноқонуний фойдалангани учун 5,5 минг сомдан (тақрибан 62 доллар) қўшимча жарима белгиланган. 14 июлда улар мамлакатдан чиқариб юборилгани маълум қилинди.

Қуш тутган шахс 20 минг сом (тақрибан 230 доллар) , сувни муҳофаза қилиш ҳудудига машинаси билан кирган ҳайдовчи эса 15 минг сом (тақрибан 170 доллар) жаримага тортилди.

Шунингдек, Манас шаҳрида жамоат тартибини бузган бир неча Хитой фуқароси қўлга олинган.

Июн ойида эса Иссиқкўл вилоятининг Тамчи қишлоғида қурилиш объектида ишлаган Хитой фуқароси маҳаллий таржимон қизга қўл кўтариб, юзига тупургани ҳақида хабар тарқалган эди.

Воқеа видеога олиниб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган. Кейинроқ гумонланувчи ушланган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

13 июль куни президентнинг яқин тарафдори сифатида танилган Атай Бейшенбек Facebook саҳифасида бу мавзуда фикр билдириб шундай ёзган:

"Жамиятда хорижий ишчи кучлари ҳақида айтилётган танқидларни инкор этиб бўлмайди. Одамларнинг хавотири асоссиз эмас. Шу билан бирга давлатнинг позицияси аниқ.

Қонунга риоя қилган одам ишлайди, қонунни бузган эса жавобгарликка тортилади. Сўнгги воқеалар бўйича тегишли органларнинг тезкор ҳаракатлари бунинг очиқ исботидир".

Screenshot

Сурат манбаси, Screenshot

Ташқи кучлар таъсирими?

Атай Бейшенбек айни пайтда мамлакат ички меҳнат бозори ташқи ишчиларга муайян даражада боғлиқлигини ҳам таъкидлаган.

"Бироқ воқеликни ҳам тўғри тушунишимиз керак. Бугун Қирғизистон ўз тарихидаги энг йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли, янги ГЭСлар, энергетика объектлари, автомобиль йўллари ва йирик инвестициявий лойиҳалар мамлакат иқтисодиётини яқин йилларда сезиларли даражада ўзгартиради. Бундай кўламдаги ишлар минглаб мутахассислар ва ишчи кучини талаб қилади. Бироқ маҳаллий меҳнат бозори ҳозирча бу эҳтиёжни тўлиқ қоплай олмаяпти. Шунингдек, бундай нозик масалалардан турли манфаатдор кучлар ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга уриниши мумкинлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Чунки мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ёки Қамбарота-1 каби йирик лойиҳалар бошланиши билан ташқи томондан бошқариладиган ахборот манипуляциялари ва жамоатчилик кайфиятини қўзғатишга қаратилган уринишлар илгари ҳам кузатилмаганмиди".

Президент Садир Жапаров капсула солмоқда

Сурат манбаси, Official

Шунга ўхшаш фикрни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам 14 июнь куни Балиқчи шаҳрида билдирган. Унинг айтишича, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилишига қарши баъзи ташқи манфаатдор томонлар турли ахборот кампанияларини олиб бормоқда.

"Мана, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилмоқда. Бу ердан ҳам сиёсат излайдиганлар кўп. Бу темир йўлнинг қурилмаслигидан манфаатдор бўлган бошқа йирик давлатлар ҳам бор. Шунинг учун блогерларми, оппозиция вакилларими ёки турли популист сиёсатчиларми, "ҳамма ёқни босиб кетишди", "кўпайиб кетишди" деган гапларни тарқатиб, тўсиқлар яратишга уринмоқда. Бундай уринишларга қатъий чек қўйиб, уларни кескин тўхтатишимиз керак".

Президент йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун мамлакатда муҳандислар ва малакали мутахассислар етишмаслигини айтган ҳамда шу сабабли хориждан кадр жалб қилишга эҳтиёж борлигини таъкидлаган.

"Кучимиз етадиган жойларда қурилиш ишларини ўзимиз амалга оширяпмиз. Аммо муҳандисларимиз етарли эмас, тажриба ҳам кам. Шунинг учун ўз кучимиз билан бажара олмайдиган ишларни қўшни давлатлар мутахассисларини жалб қилиб амалга оширмоқдамиз. Шу билан бирга, ўзимиз ҳам қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ, муҳандисларимиз ва қурувчиларимизни ўқишга юбориб, малакасини оширяпмиз. Агар "ҳаммасини ўзимиз қурамиз" деб кутаверсак, лойиҳаларимизни муҳандисларимиз 15–20 йил дегандагина битказиши мумкин. Шунинг учун блогерларимизни бундай иғвогарлик ва фитнага йўғрилган ҳаракатларга қўшилмасликка чақириб қоламан", — деган Жапаров.

Сўнгги йилларда Қирғизистонга келаётган Хитой фуқаролари сони ошиб бораётгани айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йилда Қирғизистон 61 мингта меҳнат визаси берган бўлиб, уларнинг қарийб 60 фоизини Хитой фуқаролари олган.

"Меҳнат визаларининг қарийб 60 фоизи Хитой фуқароларига берилган. Улар асосан йирик инфратузилма ва давлат лойиҳаларида ишлаш учун жалб қилинган", - деб билдирган Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик департаменти директори Сейтек Жумақадир ўғли.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлидан ташқари, ҳозирги пайтда мамлакатда Барскоон–Бедел автомобиль йўли қурилиши, аэропортларни реконструкция қилиш ва Текелик кўмир конини ўзлаштириш каби стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.

Ўтган ойда маҳаллий сиёсатчи ва фуқаролик фаоли Мавлян Аскарбеков қўлга олинди. Кейин унга Жиноят кодексининг 330-моддаси ("Ирқий, этник, миллий, диний ёки ҳудудлараро адоватни қўзғатиш") бўйича айблов эълон қилинди. Қўлга олинишидан аввал у Facebook'даги мурожаатида бош вазирга юзланиб, Қирғизистондаги Хитой фуқароларининг кичик ва ўрта бизнесдаги иштироки масаласини кўтарганини ёзган эди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Хитойнинг "юмшоқ куч" сиёсати

FACEBOOK/Venera Saypidin
Ayrimlarda Xitoy o‘z ta’sirini ochiq namoyon qilmasdan, asta-sekin va sezilmaydigan tarzda kuchaytirib boradi, degan xavotirlar bor.
Venera Saypidin
Siyosatshunos (batafsil: bbc.com/uzbek)

Сўнгги йилларда Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Икки давлат иқтисодий, сиёсий ва инфратузилмавий ҳамкорликни кенгайтирмоқда.

Бироқ жамиятда Хитойга бўлган муносабатлар ҳамон турлича бўлиб қолмоқда. Айрим воқеалардан сўнг ижтимоий тармоқларда Хитой фуқароларига нисбатан салбий фикрлар билдирилиши эса турли саволларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Бундай ҳолат фақат Қирғизистонга хосми ёки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам учрайдими? Бунинг тарихий сабаблари борми?

Айрим экспертларнинг фикрича, совет даврида СССР ва Хитой ўртасидаги мафкуравий қарама-қаршилик жамоатчилик онгига сезиларли таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, сўнгги йилларда Хитой минтақада нафақат иқтисодий иштирокини кенгайтираётгани, балки таълим, маданият ва медиа лойиҳалар орқали ҳам «юмшоқ куч» сиёсатини фаол тарғиб қилаётгани маҳаллий аҳолида муайян хавотирларни уйғотмоқда, дейди эксперт Венера Сайпидин:

"Дастлаб СССР ва Хитой ўртасидаги муносабатлар жуда яхши бўлган. Ўша пайтларда Хитой ҳақида ижобий маълумотлар кўп тарқатилар эди. Кейин Сталин вафотидан сўнг, 1950-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Хрушчёвнинг сиёсати билан Мао Цзэдун ўртасида келишмовчиликлар юзага келди. Шундан кейин Хитой ва СССР ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди, ҳатто Узоқ Шарқда икки томон ўртасида қуролли тўқнашувлар ҳам бўлган. Шу тариқа, муносабатлар 1980-йилларга қадар анча таранг ҳолатда сақланиб қолди. Ўша даврда Хитой ҳақида бир томонлама, асосан салбий мазмундаги маълумотлар кўп тарқатилар эди. Ана шу салбий ахборотлар ҳам Хитой ҳақида муайян стереотипларнинг шаклланишига сабаб бўлган".

Сиёсатшунос Венера Сайпидин

Сурат манбаси, Social Media

Сурат тагсўзи, Сиёсатшунос Венера Сайпидин

"Яна бир жиҳати шундаки, бугунги кунда Хитой иқтисодиётининг жадал суръатларда ривожланаётгани ва аҳолиси сонининг ўсиб бораётгани нафақат бизни, балки океан ортидаги Америка ва Ғарб мамлакатларини ҳам хавотирга солаётган йирик геосиёсий масала ҳисобланади. Албатта, Хитойнинг ўзига хос сиёсий ёндашувлари ва ташқи алоқаларини ўз ичига олган стратегик таъсир кучи ҳам мавжуд. Буни "юмшоқ куч" деб аташади. Айримларда Хитой ўз таъсирини очиқ намоён қилмасдан, аста-секин ва сезилмайдиган тарзда кучайтириб боради, деган хавотирлар бор. Бу ҳақда Генри Киссинжер ҳам ўзининг "Жаҳон тартиби" китобида ёзган. Хитой Ғарб ва Америка етакчилигида шаклланган дунё тартибидан ҳар доим ҳам қониқавермайди, ўзининг сиёсий тизими ва ёндашувларини кенгроқ тарқатишни истайди, деган қарашлар мавжуд. Шунингдек, Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Шарқий Европага йўналтирилаётган йирик сармоялари орқали унинг таъсири тобора кучайиб бораётгани ҳақида ҳам асосли хавотирлар билдирилади" - дея қўшимча қилади таҳлилчи.

Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий, иқтисодий ҳамда инфратузилма соҳаларида тобора кенгайиб бораётган бўлса-да, жамиятда бу масала юзасидан қарашлар бир хил эмас.

Айримлар бу ҳолатни иқтисодий қарамлик хавфининг ортиши сифатида баҳоласа, бошқалар уни тарихий омиллар ва ахборот таъсири билан изоҳлайди.

Сўнгги воқеалар мазкур масала жамоатчилик учун ҳамон долзарб ва баҳсли мавзулардан бири эканини намоён қилди.