Исроиллик киноижодкорлар Ғазода нишонларни СИ ёрдамида танлаш ва тинч аҳоли орасидаги ўлимлар ҳақида гапиришга Исроил ҳарбийларини қандай кўндиришди? Видео

Ювал Абраҳам ва Рейчел Сзор 83-Венеция халқаро кинофестивалида «Наза» фильми учун олган ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти билан қизил гилам устида суратга тушмоқда. Ғолибларни суратга олиш маросимида улар камерага қараб туришибди. Гиламнинг икки томонида фотографлар саф тортган, орқа фонда эса ёрқин чироқлар кўриниб турибди.
Сурат тагсўзи, «Наза» фильми Венеция халқаро кинофестивалида ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотига сазовор бўлди. Томошабинлар фильм ижодкорларини тик турган ҳолда рекорд даражада узоқ — 25 дақиқа давомида олқишлашди.
Published
Ўқилиш вақти: 7 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

«Мен бомбардимон қилишим керак бўлган бино мана шу. Бу зарба учун белгиланган "Наза" кўрсаткичи тўрт эди», — дейди юзи кўринмайдиган, фақат қора шарпаси акс этган эркак.

«Наза нима?» — деб сўрайди иккинчи эркак.

«Ёндош талафот. Яъни зарба оқибатида ҳалок бўладиган тинч аҳоли сони».

Бу — исроиллик киноижодкорлар Рейчел Сзор ва Ювал Абраҳам суратга олган, танқидчилар эътирофига сазовор бўлган «Наза» ҳужжатли фильмидаги саҳналардан бири.

«Наза» — Исроил армиясида қўлланадиган қисқартма бўлиб, фильм намойиш этилганидан бери кўпчиликка таниш атамага айланган.

Ҳужжатли фильмда Исроилнинг Ғазодаги давом этаётган ҳарбий амалиётлари оқибатида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар масаласи ўрганилади.

Фильм муаллифлари шахси сир сақланган 24 нафар исроиллик ҳарбий ва разведка ходими билан суҳбатлашган. Улар эҳтимолий нишонларни аниқлашда сунъий интеллектдан қандай фойдаланилишини тушунтириб беришади.

Фильм давомида Ювал Абраҳам номаълум манбалар билан тунги Тел-Авивда, бинолар томида суҳбатлашади. Уларнинг ортида шаҳарнинг чироқлар билан ёритилган манзараси кўриниб туради.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

«Наза» фильмидан кадр: режиссёр Ювал Абраҳам Тел-Авивдаги бинолардан бирининг томида шахси сир сақланган манба билан суҳбатлашмоқда. Орқа фонда шаҳар чироқлари кўриниб турибди.
Сурат тагсўзи, Филмда шахси сир сақланган 24 нафар ҳарбий ва разведка ходими билан суҳбатлар орқали Исроилнинг Ғазода давом этаётган ҳарбий амалиётлари оқибатида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар масаласи ўрганилади.

Венеция халқаро кинофестивалида илк бор намойиш этилган ҳужжатли филм ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотига сазовор бўлди. Томошабинлар филм ижодкорларини тик турган ҳолда рекорд даражада узоқ — 25 дақиқа давомида олқишлашди.

Бироқ филм Исроилда кескин норозиликларга сабаб бўлди.

Бош вазир Бинямин Нетаняху филмни бутун дунёда яҳудийларга қарши адоват қўзғатиш тўлқинининг бир қисми деб атади ва разведка хизматларига унда иштирок этганларнинг шахсини аниқлашни буюрди.

Исроил армияси Бош штаб бошлиғи, генерал-лейтенант Эял Замир филмни Исроилга қарши ҳужум деб баҳолади. Маданият вазири Мики Зоар эса режиссёрларни «давлатга хиёнат қилиш»да айблаб, уларни Исроил фуқаролигидан маҳрум этишга чақирди.

Бироқ филм ижодкорлари ўз ишларини ҳимоя қилишда давом этмоқда.

«500 кишини ўлдиришга рухсат»

Филм ижодкорларининг айтишича, 80 дақиқалик ҳужжатли филмда 2023 йил 7 октябрда Ҳамас бошчилигидаги гуруҳларнинг Исроилга ҳужумларидан кейин бошланган уруш давомида «Исроилнинг Ғазода фаластинлик тинч аҳолини режали равишда оммавий ўлдириши ортида турган тизимлар» батафсил очиб берилган.

Суҳбатдошлардан бири бир кишини нишонга олиш учун 500 одамнинг ўлимига олиб келиши мумкин бўлган ҳужумга рухсат берилган ҳолатдан хабардор эканини айтади. Исроил армияси эса бу даъвони «мутлақо ёлғон» деб рад этган.

Филм режиссёрларининг қарийб уч йил давомида олиб борган журналистик суриштирувлари натижасидир. Суриштирув Британиянинг ҳужжатли филмга продюсерлик қилаётган The Guardian газетаси ҳамда Исроил-Фаластин ахборот нашри +972 Magazine билан ҳамкорликда амалга оширилган.

«Наза» филмидан кадр: режиссёр Ювал Абраҳам Тел-Авивдаги бинолардан бирининг томида шахси сир сақланган манба билан суҳбатлашмоқда. Орқа фонда шаҳар чироқлари кўриниб турибди.
Сурат тагсўзи, Филмда иштирок этган барча манбаларнинг шахси сир сақланган.

Филмда 24 нафар исроиллик ҳарбий ва разведка ходими иштирок этган бўлса-да, режиссёрларнинг айтишича, суриштирув давомида улар 100 дан ортиқ манба билан суҳбатлашган.

«Бу ҳарбийлар билан суҳбатлар орқали биз Ғазодаги оммавий қатллар ортида турган нишонларни танлаш тизимлари, сунъий интеллектга асосланган технологиялар ва ҳарбий тартиб-қоидалар қандай ишлашини ичкаридан ўрганиш имконига эга бўлдик», — деди Ювал Абраҳам BBC Жаҳон хизматининг Newshour дастурига.

Ҳамас бошқарувидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ғазода 73 мингдан ортиқ фаластинлик, жумладан, 20 мингдан зиёд бола ҳалок бўлган.

Абраҳамнинг айтишича, филмни суратга олишга уларни Исроил фуқаролари сифатидаги масъулият ҳисси ундаган.

«Бу бизнинг исроиллик эканимиздан келиб чиқади. Биз Нетаняху ҳукумати Ғазо секторини вайрон қилганини, ўн минглаб тинч аҳолини ўлдирганини кўриб турдик. Шунинг учун бу вазиятни ўзгартириш учун нимадир қилишимиз керак, деган масъулиятни ҳис қилдик».

Исроил ҳукумати эса Ҳамас жангариларига қарши курашда тинч аҳоли орасидаги қурбонларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўрганини таъкидлайди.

Исроил расмийларига кўра, Ҳамас жангарилари шифохоналар, мактаблар ва бошпаналар каби фуқаролик объектларида яшириниб, улардан ҳарбий мақсадларда фойдаланади.

Ҳамас эса Ғазодаги тинч аҳолидан жонли қалқон сифатида фойдаланишини рад этади.

«Дадам қани?»

Филмда Исроил ҳукумати ва армиясининг позицияси ҳам келтирилган. Улар ҳарбий амалиётлар фақат жангариларга қарши қаратилгани ва тинч аҳолига етказиладиган зарарни камайтириш учун чоралар кўрилаётганини таъкидлайди. Бироқ филмда суҳбатлашилган ҳарбийларнинг гувоҳликлари бошқача манзарани очиб беради.

«Улар тинч аҳоли учун хавфни камайтириш мақсадида ўтказилган аниқ нишонли ҳарбий амалиёт ҳақида гапираётгани йўқ», — деди Абраҳам BBCга.

Филмда асосий эътибор сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган нишонларни аниқлаш тизимларига қаратилган. Филм ижодкорларига кўра, бу тизимлар эҳтимолий нишонларни белгилаш ва тинч аҳоли орасида қанча қурбон бўлиши мумкинлигини ҳисоблаш учун ишлатилади.

Ҳужжатли филмда тилга олинган тизимлардан бири «Дадам қани?» деб аталади. Филм ижодкорларининг айтишича, бу тизим нишонга олинган шахс уйига қайтганида разведка ходимларига хабар беради. Таъкидланишича, тизим оила аъзоларини, баъзан ҳатто болаларнинг мобил телефонлари орқали ҳам кузатади.

Рейчел Сзорнинг айтишича, кузатув тизими суҳбатлардаги «Дадам қани?» ёки «У қачон келади?» каби ибораларни аниқлайди. Бу гаплар нишонга олинган шахс уйига қайтганидан дарак бериши мумкин.

«Филмда сиз "Наза" рақамлари ҳақида эшитасиз. 20 нафаргача тинч аҳолининг ўлимига олиб келиши мумкин бўлган бомбардимонларга кенг кўламда рухсат берилганини эшитасиз. Бу ҳар бир уйга бомба ташланганда қанча одам ҳалок бўлишини ҳисоблайдиган алгоритм», — деди Абраҳам BBCга.

«Аслида 7 октябрдан кейин юз берган воқеа шу бўлдики, "Наза" механизмлари тинч аҳоли орасидаги қурбонларни камайтириш ўрнига, уларнинг ўлдирилишини одатий ҳолга айлантирди ва бунга йўл очди».

«Кескин тафовут»

«Наза» филмидан кадр.
Сурат тагсўзи, Режиссёрлар суратга олиш ишларини Тел-Авивда ўтказишга қарор қилган, чунки суҳбатлашилган ҳарбийлар ва разведка ходимларининг аксарияти шу шаҳардан эди.

«Наза» — Ғазодаги уруш ҳақидаги филм, бироқ унда Ғазо секторининг ўзида олинган кадрлар жуда кам. Филмнинг асосий қисми тунги Тел-Авивда, бинолар томида суратга олинган. Замонавий кўп қаватли уйлар, ёрқин чироқлар билан ёритилган деразалар орқали шаҳардаги кундалик ҳаёт манзаралари намоён бўлади.

Бу манзаралар филмнинг сўнгги дақиқаларида кўрсатилган, Тел-Авивдан атиги 70 километр жанубда жойлашган Ғазодаги вайронагарчилик билан кескин қарама-қаршилик ҳосил қилади.

Рейчел Сзорнинг айтишича, улар Тел-Авивни танлаган, чунки суҳбатлашилган ҳарбийлар ва разведка ходимларининг кўпчилиги шу шаҳардан бўлган. Исроил армиясининг бош қароргоҳи ҳам шу ерда жойлашган.

«Улар Исроил жамиятининг нуфузли қатламидан чиққан одамлар. Баъзан ўзларини сўл қарашли деб ҳам ҳисоблашади», — деди у.

Исроилнинг Ғазо шаҳридаги Сафтавий ҳудудига берган зарбасидан кейин қаттиқ шикастланган бинодан кўриниш. Олдинги планда вайрон бўлган бинолар ва уюм-уюм харобалар, орқа фонда эса масжид минораси ҳамда шикастланган, аммо қулаб тушмаган бир неча бино кўриниб турибди.
Сурат тагсўзи, Ҳамас бошқарувидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ғазода 73 мингдан ортиқ фаластинлик, жумладан, 20 мингдан зиёд бола ҳалок бўлган.

Бироқ филм ижодкорлари қандай қилиб шунча ҳарбий ва зобитни Исроил армияси ва ўзлари Ғазода қилган ишлар ҳақида бунчалик очиқ гапиришга кўндира олди?

Абраҳамнинг айтишича, улар дуч келган энг катта қийинчиликлардан бири суҳбатдошларнинг ишончини қозониш бўлган.

«Уларнинг кўпчилиги нотўғри ишда иштирок этаётганини, жиноятларга ёки асоссиз одам ўлдириш ҳолатларига алоқадор бўлганини ҳис қилган», — деди у.

Абраҳамга кўра, Исроил оммавий ахборот воситаларининг катта қисмида армия фаолияти етарлича танқидий таҳлил қилинмаган. Бу эса ҳарбийларни суҳбатга кўндиришга ёрдам берган.

«Биз суҳбатлашган айрим одамлар илгари ҳеч ким уларга бундай саволлар бермаганини айтишди. Биз бу саволларни берганимиздан кейин улар гапиришга рози бўлишди», — деди Абраҳам.

Филмда иштирок этган барча манбалар шахси ошкор қилинмаслиги шарти билан суҳбат беришган.

«Улар гапириш орқали катта хавфга қўл урмоқда. Шунинг учун ҳам уларнинг шахси сир сақланади», — деди Абраҳам.

Жамоатчилик муҳокамасига туртки

2026 йилда Нью-Йоркда ўтказилган Хэмптонс халқаро кинофестивали доирасида «Наза» филми намойиш этилган Sag Harbor Cinema кинотеатри олдида норозилик намойиши. Намойишчилар филмнинг фестивалда кўрсатилишига қарши шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб туришибди. Уларда «Наза тарғиботини тўхтатинг» ва «Назада сунъий интеллект ҳақидаги ёлғонлар» каби ёзувлар бор.
Сурат тагсўзи, Филм бир қатор кинофестивалларда баҳс-мунозаралар ва норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Филм Венеция кинофестивалида катта шов-шув билан илк бор намойиш этилганидан бери, режиссёрларнинг айтишича, уларга кўплаб ўлим таҳдидлари қилинган. Исроилдаги танқидчилар эса уларни хоинлар деб атаган.

Собиқ бош вазир Нафтали Беннет филмни «ўғил-қизларимизга қарши даҳшатли туҳмат» деб атаган бўлса, собиқ мудофаа вазири Авигдор Либерман режиссёрларни «Исроилдан нафратланувчилар» деб таърифлади.

Испанияда ўтказилган 74-Сан-Себастян халқаро кинофестивалида «Наза» филмини қўллаб-қувватлаган намойишчилар. Улар филмнинг икки режиссёри тасвирланган, «Биз ҳам Назамиз» деган ёзувли плакатларни кўтариб туришибди. Намойишчиларнинг олдинги сафидаги аёл эса Фаластин байроғини ушлаб турибди.
Сурат тагсўзи, Бошқа кинофестивалларда эса филм жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Исроил армияси ҳам филмга батафсил муносабат билдириб, уни «Исроил мудофаа кучларининг нишонларни танлаш ва зарба бериш жараёнлари ҳақида бузиб кўрсатилган, чалғитувчи ва ҳақиқатга зид тасаввур уйғотиш»да айблади.

Армия баёнотида филмдаги воқеалар талқини «воқеликни нотўғри ва манипулятив тарзда тасвирлаш оқибатида келиб чиққан жиддий фактик хатоларга» асослангани айтилди.

Абраҳамнинг айтишича, филм ижодкорлари қарийб уч йил давомида ундаги барча асосий даъволар юзасидан Исроил армиясига 10 мартадан ортиқ мурожаат қилган. У филмдаги журналистик суриштирувда нотўғри маълумотлар келтирилгани ҳақидаги айбловларни рад этди.

Исроилнинг Ашдод шаҳрида исроиллик филм ижодкорлари Ювал Абраҳам ва Рейчел Сзор тасвирланган деворий суратга ўзгартириш киритилмоқда.
Сурат тагсўзи, Исроилнинг Ашдод шаҳрида Абраҳам ва Сзор тасвирланган деворий суратга дастлаб «хоинлар» деб ёзилган. Кейинчалик бошқа бир рассом бу ёзувни «қаҳрамонлар» деб ўзгартирган.

Унинг фикрича, филмга нисбатан ғазабли муносабат Исроил жамиятининг армия Ғазода қилган ишларига юзланишни истамаётганини кўрсатади. Абраҳамнинг айтишича, ҳужжатли филм уруш бошланганидан бери кузатилмаган даражада кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган.

«Исроил оммавий ахборот воситаларининг катта қисмида биз бу жиноятларни ё бутунлай эътиборсиз қолдириш, ёки уларни оқлаш ҳолатларини кўрдик», — деди у.

«Тинч аҳолининг оммавий ўлдирилиши одатий ҳол сифатида қабул қилина бошласа, бу охир-оқибат воқеликни бутунлай инкор этишга олиб келади. Умид қиламизки, бу филм Исроил жамиятидаги ана шу инкор деворларини ёриб ўтишга ҳисса қўшади».