Украина Россияни қутқарув операциясини нишонга олишда айбламоқда: "Қўш зарба" ҳужуми оқибатида 72 киши ҳалок бўлди.

Украина ҳарбий хизматчиси Россия бомбаси қолдирган улкан ўра ёнида туриб, ишора қилмоқда.
Сурат тагсўзи, Украина ҳарбий хизматчиси Россия бомбаси қолдирган улкан ўра ёнида туриб, ишора қилмоқда.
    • Author, Мерлин Томас
    • Role, BBC Verify мухбири
    • Author, Пол Браун
    • Role, BBC Verify
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Украина расмийлари фронт чизиғига яқин қишлоқда содир этилган ва камида 72 кишининг ҳаётига зомин бўлган қонли "қўш зарба" ҳужумидан икки ҳафта ўтиб, Россияни қутқарув ва тиклаш ишларини нишонга олишда айблади.

Украина маълум қилишича, Россия 2 ноябр куни Комишуваха қишлоғидаги гуманитар ёрдам марказига кетма-кет икки марта ҳужум қилган. Улардан бири аҳоли хавфсизлик учун бошпана топган жойга ташланган, оғирлиги 3 000 кг бўлган авиация бомбаси бўлгани айтилмоқда.

Ҳужумдан кейинги кунларда эълон қилинган ва тасдиқланган суратларда ҳодиса жойидаги фавқулодда хизматлар транспорт воситалари ҳамда қазиш техникаси шикастланганини кўриш мумкин.

Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати (ДСНС) BBC Verify'га қутқарув ишлари давомида Россия томонидан бир неча бор зарбалар берилганини маълум қилди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

ДСНС маълум қилишича, уч нафар полиция ходими, тўрт нафар ишчи ва икки қутқарув ити жароҳатланган, шунингдек бешта транспорт воситаси шикастланган.

DSNS
Duşman u yerda amalga oşirilayotgan işlar, aslida, halok bölganlarni qidirişga qaratilgan gumanitar operatsiya ekanini juda yaxşi biladi.
Oleksiy
Faqat ismi oşkor etilişini söragan Ukraina Xavfsizlik xizmati (SBU) razvedka xodimi (Batafsil: BBC.COM/UZBEK da öqing)

"Такрорий ўққа тутиш хавфи туфайли фавқулодда вазиятлар ходимлари мунтазам равишда ишни тўхтатишга ва хавфсиз жойга чекинишга мажбур бўлмоқда", дея қўшимча қилди идора.

ДСНС маълум қилишича, ҳалок бўлганлар сони камида 72 кишига етган бўлиб, бу Россия 2022 йил феврал ойида Украинага қарши тўлиқ кўламли босқинни бошлаганидан бери содир бўлган энг қонли якка ҳодисалардан бири ҳисобланади.

Россия ҳужуми оқибатида ҳодиса жойида шикастланган фавқулодда вазиятлар хизмати автомобили.
Сурат тагсўзи, Фавқулодда вазиятлар хизмати транспорт воситалари ҳам нишонга олинган.

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) томонидан ҳодисани тергов қилаётган разведка ходими Олексий, фақат исми ошкор этилишини сўраб, қутқарув транспорт воситалари "аниқ белгиланган" бўлганини айтди ва Россияни "гуманитар техникани атайлаб йўқ қилишда" айблади.

Унинг қўшимча қилишича, қишлоқ инфратузилмаси ва Комишувахада ҳали ҳам яшаб келаётган одамлар ҳам дронлар ва бомбалар орқали мунтазам нишонга олинмоқда. Олексий Россия кучларини "тинч аҳолига, тинч яшовчиларга қарши очиқ террор" уюштиришда айблаб, бунинг мақсади жабҳа яқинидаги ҳаётни имконсиз қилиш эканини айтди.

BBC Verify Украина полицияси томонидан тарқатилган видеоларни тасдиқлади. Уларда 2 ноябрдаги ҳужумдан кейинги куни ҳодиса жойида бўлган қутқарувчиларнинг "дрон, дрон" дея бақириб, бошпана излаб қочаётганини кўриш мумкин. Шунингдек, бир гуруҳ одамнинг жабрланувчига ёрдам кўрсатаётгани ҳам тасвирланган.

Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари Украинадаги вайроналар орасидаги ҳудуддан чиқиб кетмоқда.
Сурат тагсўзи, Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари Украинадаги вайроналар орасидаги ҳудуддан чиқиб кетмоқда.

Олексийнинг айтишича, вайроналар орасидан жасадларни олиб чиқиш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. "Душман у ерда амалга оширилаётган ишлар, аслида, ҳалок бўлганларни қидиришга қаратилган гуманитар операция эканини жуда яхши билади".

BBC Verify Россия Мудофаа вазирлигидан хусусан Комишувахадаги ҳужумлар юзасидан изоҳ сўради, аммо жавоб олмади.

Жанубий ва шарқий Украина харитасида Россия ҳарбийлари назорати остидаги ҳудудлар ҳамда Запорижжя вилоятининг жанубий жабҳасида жойлашган Комишуваха қишлоғининг ўрни кўрсатилган. Россия назоратидаги ҳудудлар пушти рангда сояланган, Россиянинг чекланган назорати қизил штрихлар билан, даъво қилинаётган Россия назорати эса тўқ сариқ ранг билан белгиланган. Комишуваха Запорижжя шаҳрининг жануби-шарқида қизил ёрлиқ билан ажратиб кўрсатилган. Киев, Харкив, Купянск, Покровск, Донецк, Луҳанск, Херсон ва Одесса каби йирик шаҳарлар, шунингдек Днепр дарёси, Қора денгиз ва Қрим ҳам белгиланган. Алоҳида кичик харитада Украинанинг Европадаги жойлашуви кўрсатилган. Манба: ISW ва AEIнинг Critical Threats Project лойиҳаси, 7 ноябр.
Сурат тагсўзи, Комишуваха Запорижжя вилоятининг жанубий қисмида, жабҳа чизиғига яқин ҳудудда жойлашган.

Россия Мудофаа вазирлиги 2 ноябр куни эълон қилган умумий баёнотда бутун мамлакат бўйлаб Украина ҳарбийлари фойдаланаётган энергетика ва транспорт инфратузилмаси нишонга олинганини билдирган.

Комишувахада ҳарбий ёки саноат объектлари мавжуд бўлмаса-да, у Украина қўшинларининг ҳаракати, таъминот ва эвакуацияси учун фойдаланиладиган муҳим йўналишга яқин жойлашган. Қишлоқ 28 октябр куни ҳам Россия томонидан ҳужумга учрагани ҳақида аввал хабар қилинган эди.

Полиция радиоси орқали такрорий ҳужум ҳақида огоҳлантиришлар эшитилди

Маҳаллий аҳоли 2 ноябр куни маҳаллий Telegram гуруҳида ёрдам маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан 12:00 гача (Тошкент вақти билан 13:00-15:00) тарқатилиши ҳақида хабар берилгач, бошпана ҳудудига йўл олган. Украина расмийларининг айтишича, маҳаллий вақт билан соат 09:45 да содир бўлган дастлабки зарба ер устидаги биноларга теккан ва бир аёл ҳалок бўлган.

Видео тагсўзи, Видео Украина қишлоғидаги Россиянинг қонли ҳужумлари орасидаги лаҳзаларни кўрсатади

Украина полицияси томонидан таҳрирланган қисмлар кўринишида эълон қилинган ва BBC Verify таҳлил қилган боди-камера тасвирларида одамларнинг вайроналар орасидан жабрланувчини қутқаришга уринаётгани, сўнгра эса унинг вафот этганини маълум қилаётгани акс этган.

Тасвирлар давомида полиция радиолари орқали яқинлашаётган иккинчи ҳужум ҳақидаги огоҳлантиришлар тобора шошилинч тус олиб бораётгани эшитилади ва охир-оқибат одамларга ерости бошпанасига югуриш бўйича кўрсатма берилади.

Satellite image showing the site of the Komyshuvakha attack in Ukraine. White annotations highlight a large rectangular compound and surrounding buildings. A white dot marks the reported impact point inside the compound, while brackets indicate access points on the western side of the site. Two nearby buildings to the north are outlined and labelled “Buildings damaged in first attack.” The compound is surrounded by trees, fields and scattered residential properties, with a road running along the southern edge. Title: “Location of Komyshuvakha attack.” Source credited to BBC Verify analysis and Airbus satellite imagery dated 23 October 2026. Украинадаги Комишуваха ҳужуми содир бўлган жойнинг сунъий йўлдош тасвири. Оқ белгилар катта тўртбурчак мажмуа ва уни ўраб турган биноларни ажратиб кўрсатади. Оқ нуқта мажмуа ичидаги хабар қилинган зарба нуқтасини белгилайди, қавслар эса объектнинг ғарбий қисмидаги кириш нуқталарини кўрсатади. Шимол томонда жойлашган икки яқин бино чизиб кўрсатилган ва «Биринчи ҳужумда шикастланган бинолар» деб белгиланган. Мажмуа дарахтлар, далалар ва тарқоқ турар жойлар билан ўралган бўлиб, унинг жанубий чеккаси бўйлаб йўл ўтган. Сарлавҳа: «Комишуваха ҳужуми жойлашуви». Манба: BBC Verify таҳлили ва Airbus’нинг 2026 йил 23 октябрдаги сунъий йўлдош тасвирлари.
Сурат тагсўзи, Комишувахадаги ҳужум содир бўлган жой сунъий йўлдош тасвирида кўрсатилган.

Худди шу тасвирлар, биринчи ҳужумдан тахминан бир соат ўтгач олинган бўлиб, бошпанадаги одамларни ҳам кўрсатади. Улар сукутда кутиб ўтирган бир пайтда қаттиқ портлаш овози эшитилади ва видео қоронғулашади.

Кейинроқ суратга олинган видеода бошпана тепасидаги катта ўрадан жасадлар олиб чиқилаётгани кўрсатилган. Ер юзаси остидаги иншоотдан қолган эгилган темир бўлаклари ва вайроналар ҳам кўриниб турибди.

Ҳужум қурбонлари учун деярли ҳар куни дафн маросимлари ўтказилмоқда. Улар орасида ёрдам тарқатиш ишларини ташкил этишда қатнашган маҳаллий аҳоли, ёрдам олиш учун келган одамлар ҳамда расмийларнинг айтишича, қутқарув ишларига кўмаклашиш учун етиб келган аскарлар ҳам бор.

Мутахассислар ушбу ўрани 3 000 килограммли бомба зарбасига мос келишини аниқлаган.
Сурат тагсўзи, Мутахассислар ушбу ўрани 3 000 килограммли бомба зарбасига мос келишини аниқлаган.

Armament Research Services разведка компаниясининг портлатилмаган ўқ-дорилар бўйича мутахассиси Тревор Боллнинг айтишича, тасвирларда кўринган ўра ерости иншоотларини вайрон қилишга қодир бўлган 3 000 килограммли Россиянинг FAB-3000 бомбаси қолдирадиган шикаст ва чуқурликка мос келади.

Унинг фикрларини Буюк Британия Миллий жиноятчилик агентлигининг собиқ терговчиси Крис Пропс ҳам қўллаб-қувватлади. У ҳам ҳодиса жойидаги вайронгарчилик кўлами FAB-3000 бомбасининг ҳажми ва қудратига мос келишини айтган.

Бошқариладиган бомба йўналтириш тизимининг қанот қисми қолдиқлари.
Сурат тагсўзи, Бошқариладиган бомба йўналтириш тизимининг қанот қисми қолдиқлари.
Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Болл ва Пропс - ҳар иккиси ҳам BBC Verify Украина расмийларидан олган ва текширган ўқ-дори бўлаклари акс этган фотосуратларда FAB-3000 билан мос келувчи йўналтириш тўпламининг бир қисми кўринганини тасдиқлади. Бу тизим қуролнинг аниқлигини оширади ва уни нишонга нисбатан узоқроқ масофадан қўллаш имконини беради.

Халқаро ҳуқуқ бўйича мутахассислар BBC Verify'га, агар Россия қутқарувчиларни атайлаб нишонга олган бўлса, бу ҳарбий жиноят саналишини айтди.

Сидней университетининг халқаро ҳуқуқ профессори Бен Соулнинг айтишича, бу "фуқаролар ёки фуқаровий объектларга қарши қасддан қилинган ҳужум, яъни ҳарбий жиноят, ёки тартибсиз ҳужум бўлиб, у ҳам ҳарбий жиноят ҳисобланади".

Йел университети профессори Самуэл Мойн эса "қутқарувчилар ёки уларнинг жиҳозларини бевосита нишонга олиш халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши" эканини айтди. Унинг қўшимча қилишича, зарбаларнинг бошқа шахсларга эмас, айнан жангчиларга қарши қаратилганини таъминлаш учун эҳтиёт чоралари кўрилиши шарт.

Қўшимча материални BBC Monitoring мухбири Маргарита Малюкова тайёрлади.

BBC Verify logo