Номаълум дунё: Филлар ўзларини доривор ўтлар билан қандай даволашади?

Сурат манбаси, Mount Elgon Foundation
- Author, Виктория Гилл
- Role, Science correspondent
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Африка филлари касал бўлганида ўзлари ва оила аъзоларини даволаш учун ўнлаб турли доривор ўсимликлардан фойдаланади.
Бу – Кениянинг Элгон тоғи ҳудудида филлар билан ёнма-ён яшайдиган ва ишлайдиган одамлар билан суҳбатлашган тадқиқот натижаси.
Бу филлар узоқ вақтдан бери олимларни ўзининг ғайриоддий хулқ-атвори билан қизиқтириб келади. Улар "туз қазувчи филлар" сифатида танилган, чунки ғорларга кириб, озиқланиши учун зарур минералларни олиш мақсадида суйриқлари билан қояларни қиришади.
Яқинда эълон қилинган ушбу тадқиқот шу филлар ўрмондаги бир нечта турдаги ўсимликлардан доривор мақсадларда ҳам фойдаланишини кўрсатди.

Сурат манбаси, Mount Elgon Foundation
Тадқиқотнинг асосий муаллифларидан бири, АҚШдаги Браун университети олими доктор Элоди Фрейманннинг айтишича, тадқиқот ўрмонларнинг йўқ қилиниши ҳайвонлар – ва инсонлар – соғлом ҳаёт кечириш учун зарур бўлган дорилардан маҳрум бўлиб қолиши мумкинми, деган саволни ўртага ташлади.
"Бу дориларимизнинг инсон бўлмаган табиат билан нақадар чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатади", деди доктор Фрейманн BBC News'га.
Ёш филлар учун дори-дармон

Сурат манбаси, S Powles
Олимлар табиатни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи хайрия ташкилоти – Mount Elgon Foundation билан ҳамкорлик қилди. Улар маҳаллий аҳоли, жумладан, ёввойи табиат назоратчилари ва жамоа оқсоқоллари билан суҳбатлашди.
Суҳбатларда филлар ўзларини ёмон ҳис қилганида муайян ўсимликларни танлаб егани, она филлар эса доривор ўсимликларнинг айрим қисмларини болаларига бергани ҳақида маълумотлар келтирилди.
Шунга асосланиб, Найробидаги Кения Миллий музейлари олимлари ҳам иштирок этган тадқиқотчилар филлар 35 хил ўсимлик туридан фойдаланишини, уларнинг 25 таси эса маҳаллий аҳолига доривор хусусиятларга эга экани маълумлигини аниқлади.
Scientific Reports журналида чоп этилган тадқиқотда суҳбатдошларнинг исмлари ошкор қилинмаган – иштирокчилар ўз ҳикояларини эркин баён қила олиши учун уларнинг шахси сир сақланган.
Уларнинг ҳикояларида қизиқарли тафсилотлар бор. Масалан, ёввойи табиат назоратчиларидан бири филларни Angurweet деб аталадиган ўсимликдан "болаларига дори сифатида бериш учун" фойдаланаётганини кўрганини айтган.
Angurweet қорин оғриғи каби хасталикларни даволашда қўлланади. Назоратчининг айтишича, у она филларни бу ўсимликни оғзида тайёрлаётганини кўрган: "баргларини олиб ташлаб, уларни бошқа айрим дарахтларнинг илдизлари билан бирга юмшагунча чайнашган".
У, шунингдек, она филлар бу ўсимлик массасини ўз сути билан аралаштирганини ҳам кўрганини айтди. "Уни болаларига беришади, болалари эса ўзлари чайнаб, қаттиқ қисмларини туфлаб ташлайди", деди у.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Японияда фаолият юритувчи приматолог, ҳозирда Нагасаки университетида ишлайдиган профессор Майкл Хаффманнинг айтишича, бу маълумот "жуда қизиқарли", аммо филлар болаларига махсус даволаш воситаларини берганини исботлаш учун кўпроқ далиллар керак.
Олимлар бу далилларни тўплашни аллақачон бошлаган – улар ҳамкорлик қилган маҳаллий ёввойи табиат мутахассисларига ўзлари кузатган филларнинг хулқ-атворини тасвирга олиш учун камералар берган.
Шунингдек, улар филлар фойдаланадиган ўсимликларни таҳлил қилиб, филларнинг ўзи кашф этган бўлиши мумкин бўлган янги дориларни изламоқда.
Тадқиқотнинг яна бир асосий муаллифи, Гамбургдаги Бернхард Нохт тропик тиббиёт институтидан доктор Фабиен Шулц BBC News'га шундай деди: "Маҳаллий билимлар бизга харита берди".
"Энди биз филларни кузатиб, улар муайян касаллик ёки саломатлик ҳолатида муайян ўсимликларни танлайдими ва бу ўсимликлар тегишли биологик таъсирга эгами-йўқми, шуни ўрганмоқчимиз".
Tadqiqotçilar aytişiça, örmonlar fillar uçun "tabiiy dorixona" vazifasini bajaradi.
Табиий дори-дармон фабрикалари

Сурат манбаси, Fabien Schultz
Кўплаб ҳайвонлар ўзларини ўсимликлар ва бошқа табиий воситалар ёрдамида даволайди.
Филларнинг «ўзини ўзи даволаши» ҳақидаги илк илмий маълумотлар милодий III аср бошларига бориб тақалади.
Римлик муаллиф Клавдий Элиан "De Natura Animalium" ("Ҳайвонлар табиати ҳақида") асарида найза ва ўқлардан яраланган фил ҳақида ёзган. У зайтун дарахтининг гуллари ва мойини истеъмол қилган. Фил тўлиқ соғайиб кетган.
Асрлар ўтиб, олимлар ҳайвонлар эволюция жараёнида яшаб келган ўрмон муҳитидаги ўсимликларнинг хусусиятлари ҳақида улардан нималарни ўрганиш мумкинлигини тадқиқ қилмоқда.
"Бу сайёрада шундай ажойиб қобилиятга эга бўлган дори ишлаб чиқарувчи организмлар бор", деди доктор Фрейманн BBC News'га. "Улар атрофимизда мавжуд бўлган табиий дори фабрикаларидир".

Сурат манбаси, Christopher Powles
Тадқиқотда иштирок этмаган профессор Хаффман қўшимча қилди: "Энди биз чивинлар ва дрозофилалар (пашшалар) ўзларини ўзи даволашини, асаларилар ҳам ўзларини ўзи даволашини биламиз. Африка ва Осиёдаги одамсимон маймунларгача бўлган эволюция занжиридаги кўплаб бошқа турлар ҳам шундай қилади".
"Ўрганилган ҳар бир янги тур орқали биз аждодларимизнинг дорилардан қандай фойдалангани ҳақида тобора кўпроқ маълумотга эга бўлдик", - деди у.
Доктор Фрейманн учун тадқиқот натижалари келажагимиз учун ҳам сабоқ бўла олади.
"Биз дорихонадан сотиб оладиган дориларнинг жуда кўпи дарахтлар, сувўтлари, замбуруғлар ва маржон рифларидан олинган бирикмалар асосида яратилган.
Бу ўрмонларни асраш ва ушбу табиий дорихоналарни сақлаб қолиш биз учун ҳар икки томонга ҳам фойдали. Чунки уларни етарлича узоқ сақласак, келажакда ҳаётимизни сақлаб қолиши мумкин бўлган янги табиий воситаларни кашф этишимиз мумкин".






























