Трампнинг янги ваъдаси: ҳар бир америкаликка 5000 доллар. Эрон уруши-чи?

Видео тагсўзи, Томоша қилинг: Трамп республикачилар ноябрдаги оралиқ сайловларда ғалаба қозонса, ҳар бир катта ёшли америкаликка 5000 доллар беришини айтди. (Видео инглиз тилида)
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Трамп республикачилар ноябрдаги сайловларда ғалаба қозонса, ҳар бир америкаликка 5000 доллар ваъда қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп агар республикачилар ноябрдаги оралиқ сайловларда Конгресснинг ҳар икки палатасида ғалаба қозонса, ҳар бир вояга етган америкаликка 5000 доллар тўлашни таклиф қилишини айтди, дея ёзади BBC мухбири Паулин Кола. Бу режа бир триллион доллардан ортиқ маблағ талаб қилади.

Бу баҳсли ваъда президентлик муддати ўртасида республикачилар томонидан ўтказилган биринчи партия қурултойида айтилди.

У режа қандай ишлаши ёки пул қаердан олиниши ҳақида тафсилот бермади. Фақат ушбу маблағ АҚШ ичида сарфланиши кераклигини айтди.

Демократлар буни "бўш ваъда" деб аташди. Бошқалар эса бундай ваъда қонунийми, деган саволни қўймоқда.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

АҚШда қарийб 270 миллион катта ёшли фуқаро бор. Бу эса ҳар бир кишига 5000 доллар бериш режаси давлатга тахминан 1,3 триллион долларга тушишини англатади.

Бу режани амалга ошириш мумкинми деган саволлар пайдо бўлмоқда. Айниқса АҚШда нархлар ошиб бораётган бир пайтда. Бунинг бир қисми АҚШ ва Исроил февралда Эрон билан бошлаган уруш оқибатлари билан боғланмоқда.

Эроннинг жавоб чоралари Форс кўрфазидаги АҚШ базалари ва иттифоқчиларига ҳужумларни ўз ичига олди. Энг муҳими, у дунё нефти ва суюлтирилган газининг қарийб бешдан бир қисми ўтадиган Ҳурмуз бўғозини деярли ёпиб қўйди.

Бу ҳолат бутун дунёда нефт нархларининг ўзгаришига сабаб бўлди ва Трамп ўз партияси томонидан урушни тугатиш учун босимга учрамоқда.

Чоршанба куни АҚШ президенти тарафдорларини огоҳлантириб, уруш оралиқ сайловлардан кейингача тугамаслигини ва нефт нархлари ҳам шу сабабдан тушмаслигини айтди.

У бу фикрларни Техасдаги чиқишидан олдин билдирди ва қурултойда ҳам такрорлаб, қисқа муддатли иқтисодий оғриқ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш учун арзийди, деди.

Кўк костюм, оқ кўйлак ва галстук таққан Трамп Далласдаги қурултойда нутқ сўзлар экан, қўлларини кенг ёйди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Аввал ҳам шунга ўхшаш тўловларни ваъда қилган Трампни Далласдаги йиғин қатнашчилари қарсаклар билан олқишлади.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Техаснинг Даллас шаҳридаги республикачилар қурултойида Трампнинг узоқ нутқи можаронинг асосий нуқтасига - америкаликлар турмуш даражасига таъсирига қаратилди. Унинг аҳоли харажат қобилиятини ошириш ҳақидаги ваъдаси залда қарсаклар билан қарши олинди.

"Агар республикачилар Вакиллар палатаси ва Сенатда ғалаба қозонса, ҳар бир катта ёшли АҚШ фуқаросига 5000 долларлик дивиденд бераман", деди Трамп.

"Биз пулни сарфлаш учун Канадага боришингизни истамаймиз", деди у.

"Биз пулни сарфлаш учун Хитойга ёки Германияга боришингизни ҳам истамаймиз. Сиз бу пулни Америка Қўшма Штатларида сарфлашингиз керак".

Бу харажатлар қандай назорат қилиниши ҳозирча аниқ эмас.

Бу Трамп бундай тўловларни биринчи марта ваъда қилиши эмас. У аввалроқ тарифлардан тушган маблағ ҳисобидан 2000 долларлик чеклар беришни таклиф қилган эди.

Ўтмишда бошқа америкалик сиёсатчилар ҳам сайлов муваффақияти эвазига иқтисодий имтиёзлар ваъда қилишган.

Масалан, Covid-19 пандемияси авжида Жоржия штатидаги демократлар партия Сенат назоратини қўлга киритса, 2000 долларлик ёрдам тўловлари беришни ваъда қилган эди.

АҚШда давлат харажатларини Конгресс тасдиқлайди. Далласдаги нутқида Трамп бу харажатлар учун Конгресс рухсатини сўрайдими ё'қми, бу ҳақда айтмади. У ушбу тўловларни "Трамп дивидендлари" деб атади.

Бироқ умумий харажатлардан ташқари, президентнинг бу янги таклифи ҳуқуқий саволларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Федерал қонунлар овоз беришга таъсир қилиш учун мўлжалланган тўловларни тақиқлайди.

Бироқ баъзи мутахассисларнинг фикрича, Трампнинг ваъдаси солиқларни камайтириш ҳақидаги ваъда сифатида баҳоланиши мумкин.

New York Times билан суҳбатлашган сайлов қонунчилиги бўйича экспертнинг айтишича, Трампнинг бу ваъдаси АҚШ Конституциясининг Биринчи тузатиши кафолатлайдиган сўз эркинлиги ҳимояси доирасига ҳам киради.

АҚШ президенти Эрон уруши ноябрдаги муҳим сайловлардан олдин тугамаслигини айтди

АҚШ президенти Доналд Трамп

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Трамп Эрон билан уруш ҳали давом этишини айтди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Трамп Эрон уруши ноябрдаги оралиқ сайловлардан олдин тугамаслигини айтди. Шунингдек, у нефт нархлари ҳам шунгача тушмаслигини билдирди. Бу ҳақда BBC мухбири Макс Матца ёзди.

"Менимча, уруш сайловдан кейин дарҳол тугайди, чунки улар бундан ортиқ чидай олмайди", деди Трамп чоршанба куни Теҳрон ҳақида гапирар экан.

У Техасга йўл олар экан бу фикрларни билдирди ва партиянинг тарихдаги биринчи оралиқ сайловлар қурултойида ҳам такрорлади. Унинг таъкидлашича, қисқа муддатли иқтисодий оғриқ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш учун арзийди.

Трамп рейтингларининг пасайиши ва Эрон билан урушни тугатиш бўйича Республикачилар партияси ичидаги босимга дуч келмоқда.

"Сайловдан кейин нефт нархлари кескин пасаяди", деди Трамп журналистларга.

"Менимча, бу оралиқ сайловларгача яна бироз вақт олади".

Унинг қўшимча қилишича, Эрон "сайлов натижасига таъсир қилишга жуда ҳам уринаяпти. Шунда у ерга заиф одамлар гуруҳи келади" деди у демократларга ишора қилиб.

"Ва уларни тинч қўйишади ҳамда ядровий қуролларига эга бўлишига имкон беришади".

У бу даъво учун ҳеч қандай далил келтирмади.

Теҳрон эса бир неча бор ядровий қурол ишлаб чиқишга интилмаётганини айтган.

Техасдаги қурултойда Трамп шу фикрларни яна такрорлаб, "Эрон билан урушда ғалаба қозонишимиз биланоқ" нефт нархи тушишини айтди.

Нутқида у америкаликлар орасидаги норозиликларга ҳам тўхталди.

"Одамлар олдимга келиб, 'Эрон урушига кирмаганингиз яхши бўларди. Энди бензин қимматлашди', деб айтишади."

EPA
Odamlar oldimga kelib, ’Eron urushiga kirmaganingiz yaxshi bo‘lardi. Endi benzin qimmatlashdi’, deb aytishadi.
Donald Tramp
AQSh prezidenti ( Batafsil: BBC.COM/UZBEK da o‘qing)

Трамп кейинчалик Эрон билан яна музокаралар ўтказилиши мумкинлигини ҳам айтди, "лекин бу ҳозир биз кўриб чиқаётган масала эмас".

АҚШ президенти дастлаб уруш бир неча ҳафта давом этишини башорат қилган эди.

Ҳозир еттинчи ойига кирган можаро ва унинг ёқилғи ҳамда озиқ-овқат нархларига таъсири президентнинг рейтингларини кескин пасайтирди. Шунингдек, ҳатто унинг энг содиқ тарафдорлари томонидан ҳам урушни тезроқ тугатиш талаб қилинмоқда.

Оралиқ сайловлар 3 ноябр куни бўлиб ўтади ва республикачилар Конгресс устидан назоратни йўқотиш хавфига дуч келмоқда.

Сўнгги кунларда Яқин Шарқдаги жанглар янада кучайди. Минтақадаги нефт объектларига ҳужумлар нефт ва юк ташишга боғлиқ барча маҳсулотлар нархининг ошишига сабаб бўлмоқда.

Чоршанба куни нефт нархи июлдан бери биринчи марта бир баррел учун 100 долларга етди.

АҚШ армияси чоршанба куни Эрон билан боғлиқ бешта нефт танкерига ҳужум қилганини маълум қилди.

Теҳрон эса жавобан Ҳурмуз бўғозида АҚШнинг икки ҳарбий кемаси ва саккиз нефт танкерига ҳужум қилди.

Эрон давлат ОАВлари бу кемаларга "катта зарар" етказилганини айтмоқда.

Бир кун аввал Ямандаги Эрон тарафдори бўлган ҳусийлар Саудия Арабистонидаги нефт объектларига ҳужумлар уюштирар экан, бир нечта ёнғинлар келиб чиққан.

Ўтган ой АҚШ ва Эрон ўртасидаги 60 кунлик сулҳ тугаганидан кейин қайта бошланган жанглар ёқилғи нархлари орқали АҚШда фоиз ставкаси ҳам ошиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирди.