Каримов даври қайтяптими? Бошга кийилган пластик халта, тишлари тушиб кетган блогер ва матбуотга жавоб бермаётган Ички ишлар вазирлиги

Сирожиддин Адилов

Сурат манбаси, Sirojiddin Media

Сурат тагсўзи, Сирожиддин Адилов
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг икки фаоли – бир мустақил адвокат ва бир блогер, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятидаги кўплаб ноқонуний амаллар даъволарига қарамай, панжара ортида қолишмоқда.

Қашқадарёда ҳуқуқ органларининг фаолияти, хусусан, суд ишларида сохта жабрланувчилар қўлланиши устидан арз қилиб келган инсон ҳуқуқлари фаоли Жавоҳир Мўминов ўзига қарши қийноқлар қўлланаётганини айтган. 5 июнда товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган 34 ёшли Мўминовнинг адвокатига кўра, Ички иш ходимлари унинг бошига пластик халта кийдириб нафасини қисганлар ва урганлар.

Бу иш ҳақида хабар тарқатган Human Rights Watch ташкилотининг баёнотида айтилишича, "Жавоҳир Мўминовга қарши очилган жиноий иш ва унинг таҳқирланиши ҳақидаги даъволар Ўзбекистон тарихидаги анча қоронғироқ даврларни эслатяпти".

"Ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосаларида Жавоҳирга дастлабки сўроқ пайтида ноинсоний қийноқ қўлланилгани қайд қилинган, ҳатто унинг баданидаги жароҳатлар туфайли тергов изолятри ҳам уни қабул қилмаган. Ҳозирда Қарши шаҳар прокуратураси томонидан ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текширувлари тайинланган", - дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

Ҳозирга келиб Мўминов 25 кундирки Қарши шаҳар Шайхали қўрғонидаги 5-сонли тергов изоляторида сақланмоқда. Унинг адвокатларидан бири ҳам у билан учрашиш учун борганида дўппосланганини даъво қилган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Эзгулик" жамияти фаоли Жавоҳир Мўминовнинг ҳибсга олинишига у ҳимоя қилаётган шахснинг иши сабаб бўлган.

Аввалроқ вилоят прокуратураси қошидаги МИБ ходимлари Жўра Акбаров исмли фуқарони алимент тўламагани учун дўппослаганлари ва қўлини синдирганлари айтилади. Акбаров шикояти ортидан ходимлардан бири ҳибсга олиниб, 2 йиллик озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Жавоҳир Мўминов (чапда) Қашқадарё МИБ ходимлари томонидан дўппосланган ва қўли синган мижозини ҳимоя қилиб келаётганди.

Сурат манбаси, Human Rights Watch

Сурат тагсўзи, Жавоҳир Мўминов (чапда) Қашқадарё МИБ ходимлари томонидан дўппосланган ва қўли синган мижозини ҳимоя қилиб келаётганди.

Аммо, Акбаровнинг пайи узилган билагини Самарқандда операция қилдириш учун МИБчидан 50 миллион сўм пул сўрагани ва буни олгани товламачилик бўйича жиноий ишга асос бўлди. Уни ҳимоя қилиб келган фаол Жавоҳир Мўминов ҳам шу товламачиликка алоқадор дея ҳибсга олинган.

Ташановнинг Би-би-сига айтишича, ҳамкасби ўз фаолияти учун таъқиб қилинмоқда ва ундан қийноқлар ёрдамида товламачиликка оид иқрорнома ёздириб олишга уринишмоқда.

"Қашқадарё вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, хусусан, вилоят ИИБнинг терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари Жавоҳирга анчадан бери тузоқ қўйиб келишаётганди. 3 ой аввал уни ушлашмоқчи бўлганида операция барбод бўлиб, Мўминов бу ходимлар устидан Бош прокуратура ва Президент Администрациясига ёзиб юрганди. Афсуски, огоҳлантиришларимга қарамай Жавоҳир вазиятга бепарво бўлди, қонунга ишонди", - дейди Ташанов.

Ташанов ўз ҳамкасби Қашқадарё ҳуқуқ-тартибот идораларидаги қинғир ишларни фош қилиши бутун мамлакатда акс-садо берган.

"У сохта жабрланувчилар масаласидаги материалларни бизга етказиб, нафақат Қашқадарё вилоятида, балки мамлакатдаги бу иллатни фош этганди. Биз сохта жабрланувчилар масаласини кўтарганимиздан сўнг бутун минтақалардан юзлаб жиноят ишлари ортидаги сохтакорликлар бизга оқиб кела бошлади. Бундан Олий суднинг ҳам, Бош прокурорнинг ҳам, Ички ишлар вазири-ю, ДХХнинг ҳам яхшигина хабари бор», - дейди у.

«Жавоҳир Мўминов касбий профессионал фаолияти учун таъқибга олинди. Унга қўйилган айблов сохта, ҳуқуқий жиҳатдан абсурддир. У коррупция ва уюшган жиноятчилик қурбони — бунга қўлимизда етарли далиллар мавжуд. Эрта-индин унга нисбатан қоралов кампаниясига старт берилса, ажабмас", - дея қўшимча қилди Ташанов.

Сирожиддин Адиловнинг "аҳволи ёмон"

"Эзгулик" жамиятининг товламачилик ва фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган яна бир фаоли - блогер Сирожиддин Адиловнинг иши 25 июнда Жиззах вилояти жиноий судига юборилган.

Ташановнинг айтишича, келтирилгани тахмин қилинаётган зарар миқдори қоплангани, гаров пули ва кафиллик мавжудлиги, ҳамда унинг қамоққа олинишига асос бўлган пора бериш жинояти тергов даврида тасдиғини топмаганига қарамай қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилмаган.

"Sirojiddin Media" YouTube канали муаллифи Адилов март ойида молиявий баҳсни ҳал қилиб беришни ваъда қилиш билан пора олганликда айбланиб Самарқандда ҳибсга олинганди.

Сирожиддин Адилов ИИБ ходимлари томонидан таҳқирлангани тасдиқланган Гулираъно Қосимова ишини фаол ёритиб келаётганди.

Сурат манбаси, Sirojiddin Media

Сурат тагсўзи, Сирожиддин Адилов ИИБ ходимлари томонидан таҳқирлангани тасдиқланган Гулираъно Қосимова ишини фаол ёритиб келаётганди.

Блогернинг ҳибсга олиниши ҳам унинг фаолиятига боғлиқлиги ҳақидаги кучли тахминларни юзага чиқарди. Сирожиддин Адилов Фарғона вилояти Фурқат туманидаги мактаб директори Гулираъно Қосимованинг ИИБ ходимларидан томонидан таҳқирланиш ишини фаол ёритиб келаётганди. Қосимованинг ИИБ ходимлари томонидан мажбурлаб ечинтирилгани ва суратга олингани ҳақидаги даъволари судда тасдиғини топиб, Фурқат ИИБ раҳбари ва ёрдамчиси айбдор деб топилган. Аммо, Қосимова бу ишга алоқадор дея яна тўққиз нафар ходимнинг жазоланишини талаб қилиб келмоқда.

Адиловга очилган жиноий иш унинг Қосимова ишини фаол ёритгани учун ИИБ томонидан олинаётган қасос деган фаразларни ўртага чиқарди.

"Уни Пастдарғом суди дастлаб ЖКнинг 211-моддаси (Пора бериш) билан қамаганди, бу модда тергов давомида тасдиқланмади, олиб ташланди. Тергов органи эса уни қамоқда олиб қолиш учун унга ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик)ни қўшди. Сирожиддин ишида мутлақо таркиб бермайдиган мазкур айблов унинг ноқонуний ушлаб турилишига асос бўлмоқда. Ҳолбуки, 11 июнь куни Сирожиддиннинг қамоққа олинганига 90 кун тўлди, у ҳозирда ноқонуний равишда қамоқда қолмоқда», - дейди Ташанов.

Ташановнинг айтишича, Адиловнинг аҳволи ёмон: «у 40 килогача озиб кетган, тишлари тўкилгани боис суткасига биттагина тухум ютоляпти, холос».

«Мен Каримов даврида сиёсий маҳбуслар иши билан шуғулланганман, кейинчалик Мирзиёев даврига келиб, уларнинг озод қилинишида иштирок этганман. Ўша пайтда кўпгина фаоллар, ҳусусан, журналистлар, ҳуқуқ фаоллари касбий профессионал фаолияти туфайли қамалди, қувғин қилинди. Ҳозирги жараёнларнинг старти ҳам худди ўша воқеаларни эслатмоқда: ҳуқуқий нигилизм, сўз эркинлигининг душмани бўлган амалдорлар Каримовни диктаторга "айлантиришган". Масаланинг қўрқинчли томони — тарихнинг такрорланиши, Президент сиёсатининг саботаж қилинишидир. Бу ўринда сиёсий ирода керак, воқеалар ривожи шундай кечса, давлат машинаси рули истаса-истамаса, Мирзиёев таъбиридаги қўрқинчли даврларга бурилиб кетиши мумкин», - дейди Ташанов.

Ёзма ёзинг

BBC ушбу икки иш бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Жавоҳир Мўминовга қарши қийноқлар бўйича прокуратура ИИБ ходимларига нисбатан текширув тайинланган ё тайинланмагани ҳақида маълумот беришини айтди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов эса ВВС мухбири унга телеграм орқали ёзма равишда мурожаат қилганига қарамасдан, "ОАВ тўғрисидаги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ сўровингизни ўрганиб чиқиш учун ёзма равишда киритишингизни сўраймиз", дея жавоб берди.