Ўзбекистонда 77 яшар блогерни қамадилар

Исмоил Маллабоев

Сурат манбаси, YouTube/Ismoiljon Mallaboyev Kanali

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Исмоил Маллабоев ҳали 2000 йиллари президентлик сайловида Ислом Каримовга овоз бермасликка чақириб велосипедда юришлар ташкил қилгани билан танилган фаол. Бу гал маҳалла раҳбарларини давлат пулларини ўмарувчилар ва ўғрилар деб атагани учун 15 ойлик қамоққа ҳукм қилдилар.

Исмоил Маллабоев устидан суд ҳукми 2025 йил декабрида чиқарилгани шу кунларда жамоатчиликка аён бўлди.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги мустақил Аsiaterra.info ва Қозоғистондаги Ulsymedia.kz веб-нашрлари хабар тарқатдилар.

Ўзбекистонда суд ҳукмларини эълон қилгунча айбланувчи деб кўрилаётган шахснинг ёши инобатга олинади, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланади, байрамлар, асосан, 8 декабр - Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан эълон этиладиган Президент амнистиясига кўра аксар кексалар озодликка чиқариладилар.

Инсон ҳақлари фаоллари фикрича, 77 ёшдаги Исмоил Маллабоевга чиқарилган ҳукмни ўзининг танқидий чиқишлари билан маҳаллий давлат амалдорларига муаммолар пайдо қилган блогер "овозини ўчириш" амали деб талқин қилиш мумкин.

"Таниқли "инсон ҳуқуқларининг велосипеддаги курашчиси" бир неча кундан буён Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги 40-сонли жазони ижро этиш колониясида сақланмоқда", деб ёзди "АзияТерра" веб сайти.

"У Фарғонадаги маҳалла раиси Умида Турғунованинг аризаси асосида бир йил уч ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Шикоят аризаси Исмоил Маллабоев ўзининг видеоларида у давлат маблағларини талон-торож қилувчилар, "ўғри" ва "текинхўр" деб билган инсонларни ана шундай атагани ортидан ёзилган", дейилади хабарда.

AsiaTerra ёзишича, Исмоил Маллабоев Сирдарёдаги қамоқхонадан ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаевага қўнғироқ қилган.

Исмоил Маллабоев велоспедда

Сурат манбаси, AsiaTerra.info

Сурат тагсўзи, Исмоил Маллабоев ўз норозиликларини велосипедда юришлар билан изҳор этиши билан танилган фаол

"Исмоил Маллабоев — ижтимоий фаол, ҳуқуқ ҳимоячиси ва блогер. У сўнгги йилларда YouTube'даги 22,6 минг обуначига эга Ismoiljon Mallaboyev Kanaliда фаол ижод қилиб, унда деярли ҳар куни ижтимоий-иқтисодий мавзуларда ўзбек тилида, баъзан эса рус тилида янги видеолар жойлаб борган. Унинг каналида жами мингдан ортиқ видеолавҳа эълон қилинган", деб ёзади AsiaTerra.

Исмоил Маллабоев ўзининг YouTube каналида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга рус тилида мурожаат эълон қилган.

Исмоил Маллабоев айтишича, ўзининг блогерлик фаолияти туфайли милиция ходимлари ва прокурорлар унга қарши "ўзларининг арсеналида мавжуд бўлган барча пасткашликларни" ишга солганлар.

Ёши кекса ва саломатлиги яхши эмаслигига қарамасдан, ёзнинг жазирамасида Сирдарё колонияси даласида ишлашга мажбур этаётганларини айтди.

Исмоил Маллабоев айтишича, унинг устидан суд 2025 йил 22 декабр куни бўлиб ўтган.

Ulsymedia.kz нашри ҳуқуқ фаоли билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлганини хабар қилган, бу хабарда Исмоил Маллабоев уни Фарғонадаги суд Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139-банди (туҳмат) ҳамда 140-моддаси (ҳақорат қилиш) бўйича айбдор деб топганини айтган.

"Гўё мен маҳалла раисининг ишларига аралашибман ва уни ҳақорат қилиб, унга туҳмат қилибман", дея Маллабоев сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

Iqtibos

Исмоил Маллабоев кўп йиллар Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводида ишлаган.

У заводда ёқилғи маҳсулотлари талон-тарож этилаётганига норозилик билдиргани ортидан пенсияга чиқишига икки йил қолганда ишдан ҳайдаганларидан шикоят қилган.

Кўплаб давлат органлари ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларига мурожаатлар қилган.

Маҳаллий матбуот муаммоларни ёритмаётганига норозилик сифатида Фарғонадан Тошкентга қараб велосипедда норозилик юриши ташкил қилган.

2003 йили февралида Тошкентдаги "Газета уйи" номи билан танилган газета таҳририятлари жойлашган бино қаршисида бир неча кун очлик пикети уюштирган.

Фақат учинчи куни Исмоил Маллабоев олдига ўша вақтдаги "Халқ сўзи - Народное слово" таҳририятларининг бош муҳаррири Аббосхон Усмонов ва унинг ўринбосари Шуҳрат Жабборов тушиб келганлар ва мурожаати сабабини сўраганлар.

Аммо фаол кўтарган муаммолар газеталарда ёритилмаганича қолиб кетган.

2007 йили Исмоил Маллабоев президентлик сайлови кампанияси пайти "Ислом Каримовга муқобил номзодларга овоз беришга чақирган", таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдулло Тожибой ўғли учун овоз беришни тарғиб этиб Фарғона вилоятлари бўйлаб велоюриш ташкил қилган.

2010 йили Исмоил Маллабоевга қарши безорилик банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Исмоил Маллабоевга бир неча марта ҳужум қилганлар, охирги ҳужум 2025 йил декабрида рўй берган, унинг бошига тош билан урганлар.