Ташиев оқланадими? Ишни Бишкек шаҳар суди кўра бошлади

Қамчибек Ташиев лавозимда турганда олинган расмлардан бири. 2026

Сурат манбаси, Taqdim/Erkin Saliev

Сурат тагсўзи, Қамчибек Ташиев лавозимда турганда олинган расмлардан бири. 2026
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қирғизистонда туман суди томонидан тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, уч йиллик пробация шарти билан озодликда қолдирилган сиёсатчи Қамчибек Ташиевнинг иши энди Бишкек шаҳар судида кўриб чиқилмоқда. Адвокатлар уни тўлиқ оқлашни сўраяпти.

"Судни очиқ ўтказишни талаб қиламиз"

10 август куни Бишкек шаҳар суди Ташиев ва яна етти нафар собиқ амалдор ҳамда сиёсатчига оид, мамлакатда "75 кишининг хати" номи билан танилган жиноят иши бўйича апелляция шикоятларини кўриб чиқишга киришди.

Бироқ илк мажлисда адвокатлар прокуратуранинг туман суди ҳукмига оид тақдимномаси билан танишиш учун қўшимча вақт сўрадлар. Суд илтимосномани қаноатлантириб, жараённи 13 августга қолдирди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев янги бошланган маҳкама бўйича журналистларга ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади. У суд биносига фақат хизмат ва конвой автомобиллари кирадиган махсус эшик орқали кириб келди.

"Прокуратуранинг тақдимномаси билан танишиш учун суд жараёни қолдирилди. Кейинги мажлис 13 августда бўлади", - деди унинг адвокати Жирғалбек Бабаев.

Судланаётганлар орасида собиқ бош прокурор, парламентнинг собиқ раиси ва бошқа таниқли шахслар бор. Улардан бири, собиқ ички ишлар вазири Қурсан Асанов журналистларга берган интервюсида шундай деди:

"Судни очиқ ўтказиш менинг қўлимдан келмайди. Суд бошланганда айтамиз. Жараён бошлансин. Кўрамиз. Ҳа, суд жараёнини очиқ ўтказишни талаб қиламиз".

Ташиев ва яна етти нафар шахс нима учун судланмоқда?

Мазкур жараёнда ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринишда айбланган саккиз нафар сиёсатчи ва жамоат арбобининг иши қайта кўриб чиқилмоқда. Уларнинг барчаси пойтахтдаги Биринчи май туман судининг қароридан норози бўлиб, Бишкек шаҳар судига алоҳида-алоҳида апелляция шикояти киритган ва ўзларини тўлиқ оқлашни сўрашган.

Ўз навбатида, Бош прокуратура ҳам туман судининг ҳукми устидан шаҳар судига апелляция тақдимномаси киритган.

2 июл куни Биринчи май туман суди "75 кишининг хати" иши бўйича ҳукм чиқарган эди. Унга кўра, Қамчибек Ташиев ва яна етти нафар шахс Жиноят кодексининг "Ҳокимиятни куч билан эгаллаш" моддаси бўйича айбдор деб топилиб, мол-мулкини мусодара қилиш шарти билан 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бироқ суд уларга 3 йиллик пробация муддатини қўллаб, жазони озодликда ўташга қарор қилган.

Судланаётганларга аввал "Лавозим ваколатини суиистеъмол қилиш" моддаси билан ҳам айблов қўйилган эди, лекин туман суди уларни ушбу модда бўйича оқлаган.

bbc.com/kyrgyz
Sudni ochiq o‘tkazish mening qo‘limdan kelmaydi. Jarayon boshlansin. Ko‘ramiz. Sud jarayonini ochiq o‘tkazishni talab qilamiz.
Qursan Asanov
Sudlangan sobiq amaldorlardan biri

"75 кишининг хати" нима эди?

Суд жараёнига сабаб бўлган воқеалар 2026 йилнинг 9 февралида бошланган. Шу куни собиқ бош вазирлар, депутатлар ва жамоат арбобларидан иборат 75 нафар шахс Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳамда ўша пайтда Жогорку Кенеш раиси бўлган Нурланбек Тургунбек ўғлига мурожаат йўллаб, муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга чақирган.

Мурожаатни имзолаганларнинг барчаси президентнинг яқин дўсти ва Миллий ҳавсизлик давлат қўмитасининг ўша пайтдаги раиси Қамчибек Ташиевга алоқадор шахслар экани айтилган. Бу эса жамоатчиликда Ташиев президентликка ҳаракат қиляпти, деган тахминларни келтириб чиқарган. Аммо унинг ўзи бир неча бор баёнот бериб, амалдаги президентни қўллашини ва сайловда иштирок этиш нияти йўқлигини билдирган.

Skip Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз:

Таҳлилчилар 57 ёшли Қамчибек Ташиевни сўнгги йилларда Қирғизистон сиёсий саҳнасидаги энг таъсирли шахслардан бири деб аташади.

Президент Садир Жапаровнинг яқин дўсти ва сафдоши бўлган Ташиев 2020 йилдан 2026 йилнинг февралига қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар унинг раҳбарлик даврида сиёсий танқидчилар ва ижтимоий тармоқда ҳукумат ишларидаги камчиликларни айтиб чиққанларга босим ортганини таъкидлашади.

Шу билан бирга, у жамоатчилик орасида коррупция ва жиноятчиликка қарши кураш ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегараларни белгилашдаги натижалари учун ҳам қўллаб-қувватланади.