Каримов мероси ҳамон Ўзбекистон жамиятини иккига бўлмоқда

Ислом Каримов

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ислом Каримов, 2016 йил 23 июн, Тошкент
Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафот этганига 10 йил бўлди. У 2016 йил 2 сентябрда 78 ёшида вафот этган ва мамлакатни чорак аср бошқарган.

Каримов номи Ўзбекистоннинг мустақиллик тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Расмий талқинда у мустақил давлат барпо этилиши, мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ҳал қилувчи рол ўйнаган давлат арбоби сифатида эсланади.

2026 йил 2 сентябрда унинг хотирасига бағишланган маросимда президент Шавкат Мирзиёев ҳам Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллиги ва давлатчилиги шаклланишидаги ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Аммо Каримов мероси фақат ижобий хотиралардан иборат эмас. Унинг чорак асрлик бошқаруви инсон ҳуқуқлари, сиёсий эркинликлар, матбуот, пахта теримидаги мажбурий меҳнат ва 2005 йилдаги Андижон воқеалари сабаб халқаро ташкилотлар томонидан кескин танқид қилинган.

BBC Ўзбек хизматининг ижтимоий тармоқларда Ислом Каримовни қандай эслашлари ҳақидаги материалидан кейин келган изоҳлар ҳам бу қарама-қарши қарашларни яққол кўрсатди.

Каримов ҳақида камера олдида гапириш

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBC сўровига жавоб бериб, камера қаршисида гапиришга рози бўлганларнинг аксарияти Ислом Каримов ҳақида ижобий фикр билдирди.

Улар уни буюк шахс, яхши одам, халқпарвар раҳбар ва Ўзбекистон учун муҳим тарихий шахс сифатида эслашди. Айримлар Каримов бўлмаганида Ўзбекистон мустақилликка эриша олмаслиги мумкинлигини айтди.

Бу қараш Ўзбекистондаги расмий тарихий хотирада ҳам акс этади. 2016 йилда Каримов вафоти муносабати билан эълон қилинган расмий баёнотда унинг қатъияти ва жасорати туфайли республика мустақилликка эришгани, мамлакат "беқарорлашувнинг олдини олиб", уруш даҳшатларини кўрмасдан ўтганига урғу берилган.

2017 йилда эса Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги президент қарорида у "мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси" сифатида таърифланган.

Аммо BBC видеоси эълон қилингач, ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар анча бошқача манзарани кўрсатди.

"Қўрқув даври эди"

Ислом Каримов Тошкентда Владимир Путин билан

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ислом Каримов, 2016 йил 23 июн, Тошкент

Видеога ёзилган изоҳларда Каримов сиёсатини кескин танқид қилганлар ҳам кўп бўлди.

Instagram'даги "fozilnormuminov7" аккаунти Андижон воқеалари, сиёсий маҳбуслар, пахта теримидаги мажбурий меҳнат, матбуот эркинлиги ва Гулнора Каримова билан боғлиқ коррупция ишларини Каримов даврининг энг катта муаммолари қаторида санади.

"Ислом Каримов етарлича хатолар қилган, масалан, Андижон воқеалари", деб ёзган у.

Андижон воқеалари бўйича қурбонлар сони ҳануз баҳсли. Ўзбекистон ҳукумати қурбонлар сонини 173 киши деб билдирган. Human Rights Watch эса ҳукумат кучлари қуролсиз намойишчиларга қарата ўқ узгани ва юзлаб одамлар ҳалок бўлганини айтган. Ташкилот 2005 йилги воқеалар бўйича ўтказган тадқиқотида ҳукумат кучларининг куч ишлатишини қирғин сифатида баҳолаган.

Instagram'да ёзилган изоҳларнинг экран тасвири

Сурат манбаси, Screenshot/social media

Сурат тагсўзи, Ижтимоий тармоқдаги фикрлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Айримлар Ислом Каримовнинг буюк шахс бўлганини ёзса, бошқалар унинг ҳокимияти давридаги муаммолар ҳақида ёзмоқда.

Каримов даврида инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлар билан боғлиқ бошқа муаммолар ҳам халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилинган. Human Rights Watch 2005 йилги ҳисоботида Ўзбекистонда сўз, йиғилиш ва диний эркинликларга нисбатан босим кучайганини, мустақил журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакилларига қарши репрессиялар давом этганини қайд этган.

Матбуот эркинлиги бўйича ҳам Ўзбекистон халқаро рейтингларда қуйи ўринларда бўлган. "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг 2013 йилги индексида Ўзбекистон 179 давлат орасида 164-ўринни эгаллаган.

Instagram'даги "normurod_negmatov" никли бошқа бир фойдаланувчи эса Каримов даврини янада кескинроқ баҳолаган:

"Халқни хор қилди, саводсиз қилди, миллионлаб одамларни чет элларда мардикор қилди, ақллиларни қирғин қилди… Халқни қўрқув билан боқарди", деб ёзган у.

Bobur Rasulov
Rasmiy
Konvertatsiya yopiqligi, tadbirkorlikni sindirish, monopoliyalar, "Jasliq", boshqa davlatlarga yopiqlik va dushmanlik – barchasi Karimovning ishi bo‘lgan
Bobur Rasulov
deputat va bloger (Batafsil: BBC.COM/UZBEK)

Facebook'даги "Абдуссомад Абдуллоҳ" аккаунти эса Каримов даврида "таълим йўқ қилинганини" ва "миллионлаб ўзбеклар Россия ва бошқа мамлакатларда қул қилинганини" даъво қилган.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати ва блогер Бобур Расулов ҳам Каримов даврини танқид қилувчилардан бири. У президентнинг иқтисодий сиёсати, валюта чекловлари, монополиялар ва сиёсий босимни унинг меросидаги асосий муаммолар қаторида санайди.

"Агар Каримовнинг ўрнига бошқаси бўлганда, ҳозир 5 миллион йигитларимиз хорижда ишламаган, аҳоли ҳам фаровон яшаган ва иқтисод ривожланган бўлар эди. Конвертация ёпиқлиги, тадбиркорликни синдириш, монополиялар, "Жаслиқ", бошқа давлатларга ёпиқлик ва душманлик – барчаси Каримовнинг иши бўлган", деб ёзади Расулов.

Бундай изоҳларнинг айримларида факт ва шахсий баҳо бир-бирига аралашиб кетади.

Пахта ва мажбурий меҳнат

пахта даласи

Сурат манбаси, Rasmiy

Каримов даврига бериладиган танқидларда пахта терими алоҳида ўрин тутади.

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда пахта теримидаги болалар меҳнатини 2013 йилдан, мажбурий меҳнатни эса 2015 йилдан мунтазам мониторинг қила бошлаган.

2017 йилги мониторингда ташкилот Ўзбекистонда болалар меҳнатидан тизимли фойдаланиш тугаганини, бироқ мажбурий меҳнат муаммоси ҳали мавжудлигини қайд этган.

Кейинги йилларда вазият сезиларли ўзгарди. Халқаро меҳнат ташкилоти 2021 йилги пахта мавсумида Ўзбекистонда тизимли болалар ва мажбурий меҳнатига барҳам берилганини маълум қилди. Ташкилотнинг 11 мингга яқин пахтакор билан ўтказилган суҳбатларига кўра, 2021 йилги ҳосил йиғимида қатнашганларнинг 99 фоизи ихтиёрий ишлаган.

Бу рақамлар Каримов давридаги пахта сиёсати атрофидаги танқидлар шунчаки ижтимоий тармоқдаги фикрлардан иборат эмаслигини, бу масала халқаро ташкилотлар томонидан ҳам йиллар давомида ўрганилганини кўрсатади.

"Тартиб бор эди, ҳаёт яхши эди"

Ислом Каримов, 2015 йил, Уфа

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ислом Каримов, 2015 йил, Уфа

Бироқ ижтимоий тармоқлардаги бошқа изоҳлар Каримов даврини бутунлай бошқача эслайди.

Instagram'даги "tohir7008" аккаунти: "Тошкент шаҳри тирбанд эмас эди, ўша пайтлар зўр эди, одамлар асабий юрмас эди", деб ёзган.

"Anbarjon77" никли фойдаланувчи эса Каримовнинг қаттиққўллигини қоралаганларни танқид қилиб:

"Мен бир нарсани биламан, тартиб, ҳақиқат бор жойда иш бўлади", деб ёзган.

Facebook'даги "Umida_Lapasovna" эса Каримовни ҳимоя қилиб:

"Юртга 1-президент бўлган ва унга бутун дунё тан берган! Ойни этак билан ёпиб бўлмайди! Сиз унга қанчалар тош отинг, унинг номи доим авлодлар қалбида абадий қолади!" деб ёзган.

YouTube'даги "@Собир-т4у" никли фойдаланувчи Каримов даврида "нарх-наво арзон" бўлганини таъкидлаган.

Instagram'даги "zakhidova_93" аккаунти эса Каримовни "Додамиз" деб атаб, унинг даврида "дастурхони тўкин-сочин, ҳамма нарса баракали бўлганини" ёзган.

"Ishchonoverkin8" аккаунти эса Каримов даврида Ўзбекистонда Афғонистондагидек воқеалар юз бермаганини биринчи президентнинг хизматлари билан боғлаган.

Бу изоҳларнинг барчасида умумий бир жиҳат бор: Каримов тарафдорлари кўпроқ сиёсий тизимнинг ўзидан кўра, тинчлик, тартиб, хавфсизлик ва кундалик ҳаётни эслашмоқда.

Бир хил тарих, икки хил хотира

Ислом Каримов ҳайкали, Тошкент

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Ислом Каримов ҳайкали, Тошкент
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Каримов даврини яхши ёки ёмон деб эслаш кўпинча одамнинг ўша даврдаги шахсий тажрибасига ҳам боғлиқ.

Кимдир учун бу — тартиб, хавфсизлик ва барқарорлик даври.

Бошқалар учун эса — валюта чекловлари, сиёсий босим, мажбурий меҳнат ва эркинликларнинг чекланган даври.

Facebook'даги "Hassan Dadaxujayev" аккаунти Каримов даврини шахсий ҳаёти орқали эслайди:

"4 йил бакалавр, 2 йил магистр, 3 йил аспирантура пахта далаларида ўтди. Ойлик пластикда, харажатлар нақд пулда эди, 20 фоизга нақдлаштирар эдим. ТВ, радио 24/7 режимда мусаффо осмон ва муҳтарам ҳақида куйлар эди. Ижара пули долларда, доллар эса қора бозорда эди. Доимий рўйхатга туриш жаннатга йўлланма олишдан ҳам қийин эди", деб ёзади у.

Ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар бир нарсани аниқ кўрсатади: Ислом Каримов ҳақидаги хотира бир хил эмас.

Бир одам Каримовни "тинчлик ва барқарорлик рамзи" сифатида эсласа, бошқа биров уни сиёсий босим ва қўрқув билан боғлайди.

Бир одам ўша даврдаги арзон нархлар ва камроқ тирбандликни эсласа, бошқаси доллар айирбошлашдаги чекловлар ёки пахта далаларидаги мажбурий меҳнатни эслайди.

Бир одам Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларидаги ролини биринчи ўринга қўйса, бошқаси Андижон воқеаларини унинг сиёсий меросининг энг оғир саҳифаси деб билади.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Бу фарқни фақат "икки лагер"га ажратиш билан тушунтириш қийин. Чунки ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар шуни кўрсатадики, одамлар кўпинча Каримовнинг ўзини эмас, ўша даврда бошдан кечирган ҳаётини эсламоқда. Кимдир учун Каримов даври ёшлик, арзон нархлар ва тинчлик билан боғланган. Бошқалар учун эса ўша давр чекловлар, қўрқув ёки яқинларининг хорижга ишлаш учун кетиши билан эсда қолган.

Ислом Каримов вафотидан 10 йил ўтган бўлса-да, унинг номи Ўзбекистон тарихидаги энг баҳсли мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Ва ҳозирча бу баҳснинг якуний жавоби йўқ: Ислом Каримов Ўзбекистон тарихида, аввало, мустақил давлат асосчиси сифатида эсланадими ёки қаттиққўл ва авторитар раҳбар сифатида?

Эҳтимол, вақт ўтиши билан унинг меросига бериладиган баҳо ҳам ўзгарар. Аммо бугунги мунозаралар шуни кўрсатадики, Каримов даври ҳақидаги хотира ҳали узоқ вақт давомида бир хил бўлмайди.