Адвокат: "Даулетмурат Тажимуратов қамоқда калтаклангани ва тиббий ёрдамдан маҳрум қилинганини айтди"

Сурат манбаси, gazeta.uz
2022 йилда Қорақалпоғистондаги намойишлар етакчиларидан бири сифатида танилган Даулетмурат Тажимуратов Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидаги махсус тартибли қамоқхонага кўчирилганидан кейин ҳам калтаклангани, тиббий ёрдамдан маҳрум қилингани ва ёзишмалари чекланаётгани ҳақида айтмоқда.
Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров Тажимуратовнинг гапларини BBC Ўзбек хизматига тасдиқлади.
Адвокат: "У уришганини ва тиббий ёрдам олмаганини айтди"
Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров BBC Ўзбек хизматига Тажимуратов унга калтакдан шикоят қилганини айтди.
"Ҳа, мен тасдиқлайман. Учрашганимизда Тажимурадов менга уни уришганини, тиббий ёрдам олмаганини ва Президент, ОМБУДСМАН ҳамда бошқа ташкилотларга юбормоқчи бўлган мурожаатларини қабул қилишни рад қилишганини айтди. Бу хатларни бериб юборишига рухсат беришмаяпти. У(хат)лар у жазони ўтаётган камерада қолмоқда", деди Сергей Майоров BBC Ўзбек хизматига.
BBC ҳолат юзасидан ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга боғланишга ҳаракат қилди. Аммо Telegram орқали юборган сўровимиз ҳозирча етиб бормади.
"Сен президент сиёсатига қаршисан"
Asiaterra.info сайти 24 сентябр куни Тажимуратовга нисбатан жисмоний зўравонлик ва ҳуқуқларини чеклаш давом этаётгани ҳақида хабар берди.
Сайт манбаларига кўра, Тажимуратов бу йил Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги КИН-17 махсус тартибли қамоқхонасига ўтказилган.
Asiaterra.info маълумотига кўра, 11 июнь куни қамоқхона ходимлари Тажимуратовга юборилган жўнатмадан диний китоб, тасбеҳ ва кунгабоқар уруғларини олиб қўйган.
Бунинг сабабини сўраганида эса унга: "Сен президент сиёсатига қаршисан", деб айтилгани хабар қилинган.
Сайтнинг ёзишича, 8 июл куни Тажимуратов видеокузатув камералари йўқ жойда қаттиқ калтакланган.
Тажимуратов аввал ҳам қамоқда калтаклангани ва ёмон муомалага учрагани ҳақида шикоят қилган. Халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари ҳам унинг қамоқдаги шароити ва унга нисбатан муносабат юзасидан хавотир билдирган.
Камерада етти маҳбус
Asiaterra.info хабарларига кўра, Тажимуратов етти нафар бошқа маҳбус билан кичик камерада сақланмоқда.
"Камеранинг поли бетон, устида ҳеч қандай қоплама йўқ. Тажимуратов соат 06:00 дан 21:00 гача кўп вақт стулда ўтиришга мажбур", дейилади хабарда.
Унинг ручкаси ва дафтари ҳам олиб қўйилгани, кейин эса улар унга фақат ҳафтада икки марта берила бошлагани айтилган.
Сайтга кўра, июл ойида камера Тажимуратов йўқ пайтда икки марта тинтув қилинган. Унинг ички кийимлари, айрим ҳужжатлари, идишлари, диний буюмлари ва чой пакетлари олиб қўйилган.
"Лохмач"лар орқали босим
Asiaterra.info манбасига кўра, 25 июль куни соат тахминан 15:00 да Тажимуратовга "лохмач" деб аталувчи — қамоқхона маъмурияти билан ҳамкорлик қиладиган маҳбуслар орқали босим ўтказилган.
11 ва 12 август кунлари ҳам шунга ўхшаш провокациялар бўлгани айтилмоқда.
Хабарда Тажимуратов бу ҳолатлар ҳақида 7 ва 11 август кунлари масъулларга маълум қилгани, аммо ҳеч қандай текширув ўтказилмагани таъкидланади.
Хатлари манзилига етказилмаётгани айтилмоқда
Сайт маълумотига кўра, Қоровулбозордаги қамоқхона маъмурияти Тажимуратовнинг ёзишмаларини аввалги қамоқхонасида бўлгани каби чекламоқда.
"Унинг хатлари ва мурожаатлари белгиланган манзилларга етиб бормайди. Яқинлари унга бир неча марта телеграмма ва хат юборишган, аммо ҳеч қачон жавоб олмаган", дейилади хабарда.
Бу Тажимуратов дуч келаётган янги ҳолат эмас. Унинг адвокати Сергей Майоров 2023 ва 2024 йилларда ҳам мижозининг хат юбориши ва қабул қилиши чекланаётганини айтган. Ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари ҳам Тажимуратовнинг ташқи дунё билан алоқаси чеклангани ҳақида хабар берган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Ўзбекистондаги мутасадди идоралар ушбу янги маълумотлар ва адвокатнинг баёноти юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.
Тажимуратовнинг адвокати томонидан билдирилган бу айбловларнинг мустақил тасдиғи ҳозирча мавжуд эмас.
Тажимуратов иши бўйича аввал ҳам қийноқ ва ёмон муомала ҳақидаги хабарлар тарқалган, Ўзбекистон расмийлари эса уларнинг айримларини рад этган ёки хабарларни "фейк" деб атаган.





























