Ўшда йўл учун уйлар бузилмоқда: Одамларга товон пули ва бошпана бериладими? Видео

Мадина Жўраева.
Сурат тагсўзи, Мадина Жўраеванинг уйи қисман бузиб ташланган
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида йўлларни кенгайтириш ва шаҳарни қайта қуриш ишлари давом этмоқда. Бу жараён доирасида йўл бўйида жойлашган айрим уйлар ва савдо объектлари бузилмоқда.

Маҳаллий ҳокимият бу ишлар шаҳарнинг бош режаси асосида амалга оширилаётгани ва мулки олинган фуқароларга товон тўланишини айтмоқда. Бироқ айрим аҳоли вакиллари уйлари бузилган бўлса-да, ҳалигача товон пули ёки бошқа турар жой олмаганини билдирмоқда.

Шундай оилалардан бири Ўш шаҳрининг Жийдалик кўчасида яшовчи Мадина Жўраевадир. Унинг айтишича, йўлни кенгайтириш учун уйининг бир қисми бузиб ташланган.

Мадина Жўраеванинг Ўш шаҳри, Жийдалик кўчасидаги ярми бузилган уйи.
Сурат тагсўзи, Мадина Жўраеванинг Ўш шаҳри, Жийдалик кўчасидаги ярми бузилган уйи.

Мадина ва турмуш ўртоғи бу уйни Россияда ишлаб топган маблағлари ҳисобидан қуришган. Унинг сўзларига кўра, бузиш ишлари бошланган пайтда уйда 13 ёшли қизи ёлғиз бўлган.

"Қизим улардан отам келсин, онам келсин, деб сўраган. Лекин қулоқ солмай бузиб кетишган. Ошхонам ҳам бузилди, идишларим ҳам синди. Қизим уйдаги буюмларни зўрға олиб чиқишга улгурган", - дейди у.

Жўраеванинг таъкидлашича, уй учун барча ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлган ва ер участкасига давлат томонидан берилган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат ҳам мавжуд.

Ҳозир оила беш нафар фарзанди билан уйнинг қолган икки хонасида яшамоқда.

"Бу қисми очиқ қолиб кетди. Совуқ тушяпти. Орқада битта хонамиз бор, лекин у ҳам исимайди. Агар янги уй берилмаса, бу ерда қишлашнинг иложи йўқ", дейди Мадина Жўраева.

Унинг айтишича, ҳокимият вакиллари аввалроқ уларга бошқа уй берилишини айтган, аммо бу ҳали амалга ошмаган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Одам кўчада қолмаслиги керак"

Мулки бузилган фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган адвокат Тўлўгон Келдибаевнинг фикрича, давлат эҳтиёжлари учун ер ёки уй олинаётганда, аввало мулк баҳоланиши ва эгаси билан келишувга эришилиши лозим.

У халқаро тажрибада мулкдорга бозор қийматига мос товон тўланиши ёки бошқа турар жой таклиф қилиниши амалиёти қўлланилишини айтади.

"Шаҳар ривожланиши, йўллар кенгайиши керак. Лекин одам кўчада қолмаслиги керак. Аввал компенсация масаласи ҳал қилиниб, кейин бузиш ишлари бошланиши лозим", дейди адвокат.

Унинг сўзларига кўра, Адвокат Тўлўгон Келдибаевнинг айтишича, муаммо фақат мулкнинг бузилиши билан чекланмайди. Баъзи оилалар турар жойидан, айрим тадбиркорлар эса даромад манбаидан айрилган.

Ўш кўчаси
Сурат тагсўзи, Ўш кўчасида йўл кенгайтирилмоқда

У раҳбарлик қилаётган жамоат бирлашмаси яқинда Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлигига мурожаат йўллаб, мулки бузилган фуқароларнинг ижтимоий аҳволини ўрганишни сўраган.

Мурожаатда уйидан айрилган оилалар, кўп болали оилалар, ёлғиз оналар, ногиронлиги бор шахслар ва кексалар орасида қийин аҳволга тушганлар борлиги таъкидланган. Шунингдек, айрим тадбиркорлар бизнес объектлари бузилгани ортидан ишсиз қолгани ва қарз юки остида қолаётгани қайд этилган.

Келдибаевнинг сўзларига кўра, жамоат бирлашмасида шаҳардаги бузиш ишлари мингга яқин уй ва бизнес объектига таъсир қилгани ҳақида маълумот бор.

"Баъзи одамлар уйсиз қолди. Уларга давлат уй бериб, ҳужжатлаштириб бериши керак. Биз вазирликдан мулки бузилган фуқароларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва вақтинчалик турар жой масаласини ҳал қилишни сўрадик", - дейди адвокат.

Madina olisai bilan qishni qanday o'tkazishini bilmayapti.
Batafsil: bbc.com/uzbek
Bizning meriyadan talabimiz, uy. Uy bersin. Kompensatsiya uchun pul berilsa ham, qish yaqin, biz qayerdan yer olib, qayerdan uy quramiz.
Madina Jo‘rayeva
O‘sh shahri yashovchisi

Ҳокимият нима дейди?

Ўш шаҳар вице-мэри Шумкарбек Пайзиевнинг айтишича, йўлларни кенгайтириш ишлари шаҳарнинг узоқ муддатли ривожланиш режаси доирасида амалга оширилмоқда.

Унинг таъкидлашича, бузилган уйлар ва савдо объектлари учун қонунчиликка мувофиқ компенсация тўлаб берилмоқда.

"Аҳоли кўпайиб борар экан, шаҳар ҳам кенгайиши керак. Йўл бўйидаги айрим уйлар ва дўконлар бузилади. Давлат уларга компенсация тўлаб, йўлларни кенгайтиради", - деган у.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:

Ўшдаги "Интербилим" ташкилоти ўтказган тадқиқотда уйларни бузиш ва ер участкаларини олиб қўйиш жараёнлари қарийб 1200 хонадонга таъсир кўрсатгани қайд этилган.

Ташкилот вакиллари айрим ҳолатларда фуқаролар ҳуқуқлари бузилган бўлиши мумкинлигини билдириб, мулкни олиб қўйиш ва уйларни бузиш тартибини аниқ белгилайдиган махсус қоидалар қабул қилиниши зарурлигини таъкидлашган.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам уйидан ажралган фуқаролар компенсация билан таъминланишини айтган эди. Ўш шаҳри мэри Жанар Акаев эса бу масала бўйича ишлар давом этаётганини билдирган.