Қамчибек Ташиевга 9 йиллик қамоқ жазоси сўралди - видео

Оқ кўйлак ва тўқ кўк костюм-шим кийган Қамчибек Ташиев оқ кўйлакдаги эркак амалдорлар орасида юриб кетмоқда.

Сурат манбаси, Erkin Saliev

Сурат тагсўзи, Қамчибек Ташиев лавозимида бўлган вақтда олинган сурат.
    • Author, Санжар Эралиев
    • Role, bbc.com/uzbek
    • Reporting from, Бишкек
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қирғизистондаги энг шов-шувли суд жараёнида прокурорлар Қамчибек Ташиев бошчилигидаги саккиз нафар собиқ амалдорга 9 йиллик қамоқ жазоси тайинлашни сўрашди. Собиқ амалдорлар "ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш" ва "мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш"да айбланмоқда.

29 июн куни бўлиб ўтган суд жараёнида Ташиевнинг адвокати прокурорларнинг узоқ муддатли қамоқ жазоси талабини рад этган. Бошқа айбланувчиларнинг адвокатлари ҳам бу талабни ноўрин деб баҳолашди. Суд аввалига ёпиқ тарзда бошланиб, кейин очиқ ўтган, аммо судланувчилар илтимосига кўра, яна ёпиқ ҳолда давом этмоқда.

BBC мухбири прокурордан иш юзасидан изоҳ сўраганида, у қисқача шундай жавоб берди:

"Ҳукм чиққач, ўқийсизлар. Биз ҳеч нарсани айта олмаймиз. Биласизлар, суд яна ёпиқ ўтмоқда".

Айбланувчилардан бири, парламентнинг собиқ раиси Нурланбек Турғунбек ўғли қўйилган айбларни "мантиқсиз", дея атади. Унинг адвокати Латипбек Нуралиев айбловлар асоссиз экани, аммо "юқоридаги раҳбарият" прокурорларга шундай айблов актини тайёрлатганини иддао қилди. Бироқ кимни назарда тутганига аниқлик киритмади.

Иш бўйича 20 га яқин гувоҳ сўроқ қилинган. Шунингдек, шахси сир сақланаётган уч нафар гувоҳнинг кўрсатмалари ҳам судда ўқиб эшиттирилган.

Ташиевнинг истеъфоси ва "75чилар мактуби"

Қамчибек Ташиев президент Садир Жапаровнинг яқин сиёсий ҳамкори ҳисобланган. У 2020 йил охиридан 2026 йил бошига қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси, шу билан бирга Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Жорий йилнинг 10 февралида Ташиев кутилмаганда лавозимидан озод этилди. Ундан бир кун аввал 75 нафар собиқ амалдор ва сиёсатчи муддатидан аввал президент сайловини ўтказиш таклифи билан давлат раҳбарига ва мамлакат парламенти – Жогорку Кенешга мурожаат йўллаган эди. Ушбу мурожаат муаллифлари Ташиевга яқин шахслар сифатида тилга олинган.

Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев. Архив

Орадан кўп ўтмай Ташиевга алоқадор, деб қаралган бир қатор амалдорлар лавозимидан кетди, парламентдаги ўнга яқин депутат эса мандатини топширди.

Милиция 75 кишининг мурожаати олдиндан режалаштирилган ва қонунга зид ҳаракатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган гумон билан жиноят ишини қўзғатган. Бу орада Қамчибек Ташиев бир марта мамлакатни тарк этиб, кейин яна қайтиб келган.

Президент Садир Жапаров Ташиевни ишдан бўшатиш қарорини "давлат ва халқ тинчлиги учун" қабул қилинганини айтган. Кейинроқ у миллий "Кабар" агентлигига берган интервьюсида: "Бир дўстим кетса, орқамда 7 миллиондан ортиқ дўстим бор", - деган. Маҳаллий медиа президент бу гапи билан Қирғизистон аҳолисини назарда тутганини ёзган.

Ташиев фаолиятига берилган баҳолар

"75чилар мактуби" деб ном олган иш доирасида бешта собиқ амалдор қамоққа олинган. Қамчибек Ташиев, Нурланбек Турғунбек ўғли (парламентнинг собиқ раиси) ва Қурманқул Зулушев (собиқ бош прокурор) эса тилхат асосида озодликда юриб судланмоқда. Уларнинг барчаси ўзларига қўйилган айбларни рад этишган.

Маҳаллий таҳлилчилар 75 кишининг мурожаати ортидан Жапаров ва Ташиевнинг беш йил давом этган сиёсий тандеми барҳам топди, дея баҳолашади. Шу билан бирга, икки сиёсатчи ҳозиргача бир-бирини очиқ танқид қилмаган.

Минтақада энг кўп муҳокама қилинаётган ушбу иш бўйича суд мажлислари ҳар сешанба куни ўтказиляпти. Президент Садир Жапаров "ишга суд нуқта қўяди", дея баёнот берган. Юристлар ҳукм яқин ҳафталарда эълон қилиниши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Қамчибек Ташиев раҳбарлик қилган беш йил давомида мамлакатда сиёсий танқидчилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига нисбатан таъқиб ҳолатлари кўпайгани ҳақида ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча бор баёнот берган. Шу билан бирга, жамоатчиликнинг бир қисми айнан унинг қатъий сиёсати коррупцияга қарши курашда муҳим натижалар берганини таъкидлайди. Унинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегараларни аниқлашдаги иштироки ҳам ижобий баҳоланади.

Бироқ тадбиркорлар Ташиев раҳбарлиги даврида бизнесга босим кучайгани ва айрим мулклар тортиб олингани ҳақида ҳам шикоят қилиб келмоқда.

Март ойида Давлат солиқ хизмати "Қирғизнефтегаз"даги эҳтимолий коррупция схемалари бўйича суриштирув эълон қилган. Унда Ташиев ва унинг қариндошлари билан боғлиқ экани айтилган ҳолатлар туфайли давлатга 3 миллиард сомдан ортиқ зарар етказилгани иддао қилинган. Ушбу иш доирасида Қамчибек Ташиевнинг укаси Шаирбек Ташиев қамоққа олинган.