"Қизларга ачинаман". Маржонанинг китоби нега чала қолмоқда?

Ўзбек миллий келин либосидаги қиз бошига ҳарир рўмол ташлаб, салом бермоқда.

Сурат манбаси, Getty Images/UCG/Contributor

Сурат тагсўзи, Иллюстрация учун ишлатилган расм. Тасвирдаги қизнинг мақола қаҳрамонига алоқаси йўқ.
    • Author, Санжар Эралиев
    • Role, bbc.com/uzbek
    • Reporting from, Бишкек
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қирғизистонлик 18 ёшли Маржона (исми ўзгартирилди) бир неча ойдан бери қизларнинг таълим ва турмуш қуриш ҳуқуқларига бағишланган психологик-адабий асар ёзмоқда. Бироқ у китоби чала қолиши мумкинлигидан хавотирда, чунки ота-онаси уни яқин орада турмушга узатмоқчи.

Маржона мамлакат аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил этувчи ва асосан Фарғона водийси ҳудудларида истиқомат қилувчи этник ўзбеклар жамоасидан. Айтишича, у ўсган муҳитда кўплаб қизларнинг тақдири ўхшаш: мактаб, турмуш қуриш ва таълимни тўхтатиш.

"Мен асар орқали қизларнинг тақдири, таълим олиш ҳуқуқи ва эрта никоҳнинг оқибатлари ҳақида гапиришни истаганман. Шу орқали жамиятдаги қарашлар ўзгаришига оз бўлса ҳам ҳисса қўшишни орзу қиламан", - дейди Маржона.

Қизнинг айтишича, у барча қизлар шундай тақдирни бошидан кечиради демоқчи эмас, бироқ ўзи яшаган муҳитда бу муаммо мавжудлигини кўриб катта бўлган.

BBC Ўзбек мухбири Маржона ёзаётган асар билан танишиб, видеоинтервю тасвирга олган. Аммо қиз ва унинг онаси уни эълон қилмасликни сўрагани сабабли, таҳририят фақат матнли иқтибосларни келтирмоқда.

"Мен қизларимизга ачинаман. Уларга жамиятнинг қарорлари ва менталитетдаги баъзи чекловлар бетон каби сингдирилган. Қизлар билим олиши кераклигига нафақат жамиятнинг айрим қатламларини, балки шундай қарашлар билан катта бўлган қизларнинг ўзини ҳам ишонтириш жуда қийин. Одамларнинг дунёқарашини насиҳат билан эмас, адабий асарлардаги қаҳрамонлар орқали ўзгартириш мумкинлигини тушуниб етдим" - дейди қиз.

Қонун ва ижтимоий рейтинг

Қирғизистон конституциясига кўра, мамлакат дунёвий давлат бўлиб, қонунчиликда аёллар ва эркакларга таълим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланган. Бироқ кузатувчилар айрим жамоаларда ҳуқуқий кафолатлар ва ижтимоий амалиёт ўртасида тафовут борлигини таъкидлайдилар. Айримлар буни диний қарашларга ҳам боғлашади.

Лекин ёшлар билан 15 йилдан ортиқ ишлаб келаётган жамоат фаоли Ақилай Каримованинг фикрича, муаммонинг илдизини фақат диний ёки миллий анъаналар билан изоҳлаб бўлмайди:

"Маҳаллий жамоаларда ёзилмаган ижтимоий рейтинг тизими бор. Яъни, қизнинг турмуш қуриши, касб танлаши ёки таълим олиши унинг шахсий хоҳишидан кўра, жамиятнинг кутишлари билан белгиланади. Бу фақат ўзбекларга хос эмас, қирғиз жамоаларида ҳам учрайди. Аммо ўзбеклар ихчам яшайдиган ҳудудларда бу тизим кучлироқ ишлайди", - дейди Каримова.

Унинг таъкидлашича, бу норасмий босим оилаларнинг қарорларига бевосита таъсир қилади.

"Асосий савол давлат кафолатлаган ҳуқуқлар амалда қай даражада ишлаётганида. Қонунлар муҳим. Аммо улар инсоннинг кундалик ҳаётида ишламаса, ҳуқуқ қоғозда қолиб кетади. Шунинг учун муаммони қизлар ва аёлларнинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва эркин танловини амалда таъминлайдиган механизмлар нуқтаи назаридан кўриш керак".

Ноутбукка қараб ўтирган Ақилай Каримова

Сурат манбаси, Taqdim

Сурат тагсўзи, Ақилай Каримова
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Муаммонинг яна бир томони таълим сифати ва иқтисодий омилларга бориб тақалади. Жамоат фаолининг сўзларига кўра, айрим оилалар дипломнинг келажакни таъминлашига ишонмагани сабабли турмуш қуришни барқарорроқ йўл деб билади.

"Илгари диплом келажак кафолати ҳисобланарди. Аммо бунинг учун икки шарт керак: сифатли таълим ва олинган билимга меҳнат бозорида талаб бўлиши. Агар бу иккиси бўлмаса, одамлар таълимни эмас, оила институтини танлайди. Мен қизини ўқитмаган ота-оналарни қораламайман. Агар давлат сифатли таълим ва муносиб иш ўринларини кафолатлай олса, таълимнинг қадри ҳам ошарди. Бу борада мамлакат ютқазмоқда. ", - дея қўшимча қилади Ақилай Каримова.

Жалолободлик такси ҳайдовчиси Абдуқодирнинг қарашлари ҳам ушбу ёндашувни тасдиқлайди:

"Қизим 19 ёшга киряпти. Уни университетга беришни ўйлаганман. Аммо барибир кейин иш топиши қийин бўлиши мумкин, деб ўйладим. Шунинг учун ҳозир яхши тикувчига шогирд қилиб қўйдим. Яқинда турмушга узатаман. Ўқиш ёмон эмас, лекин ҳаётда оила ҳам катта ўрин тутади".

Ўшдаги истироҳат боғида китоб ўқиб бораётган қиз.

Сурат манбаси, Taqdim/Azamat Alimqulov

Сурат тагсўзи, Ўшдаги истироҳат боғида китоб ўқиб бораётган қиз.

Ижобий ўзгаришлар ва сақланиб қолаётган хавфлар

ЮНИСЕФнинг 2023 йилдаги баёнотига кўра, Қирғизистонда тўққизинчи синфдан кейин қизларнинг таълимни давом эттириш кўрсаткичлари деярли 90 фоизга пасаяди. MICS тадқиқоти натижалари шуни кўрсатадики, мамлакатдаги 20–24 ёшли аёлларнинг 12 фоизи 18 ёшга тўлмасдан турмуш қурган (расмий статистикада этник бўлиниш берилмайди).

Шунингдек, Қирғизистон Омбудсман институтининг 2025 йилги ҳисоботида ҳам вояга етмаганлар ҳомиладорлиги ва эрта никоҳ муаммоси сақланиб қолаётгани қайд этилган.

Мамлакатда 2016 йилда вояга етмаганларни диний никоҳдан ўтказган шахслар учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши эрта никоҳлар сонини қисман камайтиргани айтилади.

Ўшлик мустақил журналист Шоҳрух Соипов 19 ёшли қизини тиббиёт олийгоҳида ўқитишни танлаган. У буни нафақат қизининг хоҳиши, балки ҳудудда малакали аёл шифокорларга бўлган юқори эҳтиёж билан изоҳлайди:

"Кўп ҳолларда қизларнинг келажаги ҳақидаги қарорни ота-онаси қабул қилади. Бу эса кўплаб иқтидорли қизларнинг салоҳияти тўлиқ рўёбга чиқмаслигига сабаб бўлади. Олий таълимни танлаётган ўзбек қизлари сони ортиб бораётган бўлса-да, уларнинг катта қисми ҳали ҳам педагогика ёки тиббиёт каби анъанавий йўналишлар билан чекланмоқда", - дейди у.

iqtibos
Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Маҳаллий депутатлар роли ва очиқ қолган савол

Муаммони фақат фаоллар ва оилалар даражасида ҳал қилиш имконсизлигини маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳам тан оладилар. Ўш шаҳар кенгаши депутати Хулкар Исамованинг таъкидлашича, қизларнинг таълим олиши ва эрта никоҳ масаласи ҳали ҳам жуда долзарб ва маъмурий чоралар кенг жамоатчилик кўмагисиз кутилган натижани бериши қийин:

"Эрта никоҳ ва қизларга олий таълим бериш фақат қонун билан ҳал бўладиган муаммо эмас. Замирида оила, тарбия ва иқтисодий омиллар ётади. Депутат сифатида вазифам бу масалани доимий кўтариш ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат. Лекин айрим қарашларни қисқа вақт ичида ўзгартириш осон эмас".

Шахсий ва оилавий қарорлар чорраҳасида турган Маржона эса китобини ёзишда давом этмоқда. Лекин барибир асари чала қолишидан ташвишда.