Дайжест: Хитой темир йўли ва Исроилнинг инновацион ечимлари

O'zbekiston va Qirg'iziston prezidentlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари: "Хитой темир йўли геосиёсатни ўзгартиради"

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини "аср қурилиши" деб атаб, у "геосиёсатни бутунлай ўзгартиришини" айтди.

У бу фикрларни кеча Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида президент Садир Жапаров билан учрашувда билдирган. Бу ҳақда ўша куни Ўзбекистоннинг хусусий Gazeta.uz нашри хабар берди.

"Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов менга суратларни ҳам кўрсатди. Қурилиш ишлари муддатидан олдин кетаётгани жуда маъқул бўлди, Садир Нургожоевич. Ростини айтсам, аср қурилишидир. Ушбу темир йўл геосиёсатни бутунлай ўзгартиради. Сиз билан биз бунга эришиш учун жуда кўп меҳнат қилдик. Тушунганлар тушунади. Бу жуда катта ютуқ", деди Мирзиёев.

Президент, шунингдек, икки давлат ўтган йил давомида Қамбарота-1 гидроэлектр станцияси қурилишида ҳам сезиларли тараққиётга эришганини таъкидлади.

Мирзиёев икки томонлама савдо ҳажмини ҳам юқори баҳолади. Унинг айтишича, 2025 йил якунида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларга етган.

Президент аввал белгиланган 2 миллиард долларлик кўрсаткич энди етарли эмаслигини ҳам қайд этди.

"Савдо айланмасини сезиларли даражада ошириш имконияти борлиги бўйича келишиб олдик. Аввал 2 миллиард доллар ҳақида гаплашган эдик, аммо Садир Нургожоевич хусусий суҳбатда бу ҳам камлигини айтди. Инвестициялар билан шуғулланаётган ҳамкасбларимиз, жумладан, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев учун ҳам 2 миллиард доллар кам", деди у.

Шу куни Мирзиёев ва Жапаров иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ҳам имзолади.

Gazeta.uz нинг алоҳида хабарида келтирилишича, Мирзиёев ушбу ҳужжат икки халқ ўртасидаги яқинлашувни янада мустаҳкамлашини ва Ўзбекистонга кучли Қирғизистон зарурлигини таъкидлаган.

"Бугун одамлар телевидение орқали муносабатларимизни иттифоқчилик даражасига олиб чиқаётганимизни билишса, бу ҳар икки халқ учун қўллаб-қувватлаш бўлади. Бу икки халқнинг чинакам истиқболга эга яқинлашувидир", деди президент.

"Аввал ҳам айтганимдек, Ўзбекистон ислоҳот дастурларингизни тўлиқ қўллаб-қувватлашда давом этади. Чунки бизга кучли Қирғизистон, кучли қўшни ниҳоятда керак", дея қўшимча қилди у.

Daryo o'zanlari qurigan

Ўзбекистон чўлланишга қарши курашда Исроил технологияларидан фойдаланмоқчи

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикаси расмийлари қурғоқчил ҳудудлар учун инновацион технологияларни жорий этиш ва иқлим ўзгаришига мослашув масалалари бўйича Исроил мутахассислари билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда кеча хусусий Podrobno.uz нашри хабар берди.

Хабарга кўра, онлайн учрашувда Қорақалпоғистоннинг турли идоралари, жумладан экология ва таълим соҳаси вакиллари, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ходимлари ҳамда қурғоқчилик ва чўлланишга дуч келаётган ҳудудлар учун технологиялар ишлаб чиқувчи DeserTech ва Climate Innovation Centre раҳбарлари иштирок этган.

Учрашув давомида Исроил томони сув танқислиги, чўлланиш ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш бўйича ўз ечимлари ва тажрибаларини тақдим этган.

Қорақалпоғистон вакиллари эса минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда иқлим билан боғлиқ хатарларни камайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берган.

Podrobno.uzнинг ёзишича, учрашув якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирган ва келгусидаги қўшма лойиҳалар учун асос бўладиган уч томонлама меморандум лойиҳасини ишлаб чиқишни бошлашга келишиб олган.

8 июл куни Ўзбекистон чўлланишга қарши кураш доирасида 1,27 миллион гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этиш режасини эълон қилган эди.