Қирғизистон: Эрта никоҳ сабаб юзлаб ўсмир қиз она бўлди. Видео

Ҳомиладор қиз сурати.

Сурат манбаси, Galina Zhigalova/Getty images

Сурат тагсўзи, Қирғизистон Марказий Осиёда эрта никоҳ ва эрта туғруқ масаласи долзарб бўлиб турган ягона давлат эмас. (Сурат иллюстрация учун ишлатилди).
    • Author, Санжар Эралиев
    • Role, bbc.com/uzbek
    • Reporting from, Бишкек
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қирғизистонда эрта никоҳлар сабаб 2025 йилда 320 нафар ўсмир қиз она бўлгани расман маълум қилинди. Ҳуқуқбонлар қизларни эрта турмушга узатиш муаммоси билан жиддий курашишга чақиришмоқда.

Қирғизистон Марказий Осиёда эрта никоҳ ва эрта туғруқ масаласи долзарб бўлиб турган ягона давлат эмас.

Сирға тақиш одати

Яқиндагина 18 ёшга тўлган Нафиса Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан Бишкекка келиб, университетга топширмоқчи. У BBC мухбирига келажакда журналист бўлишни орзу қилаётганини айтди.

"Ҳужжатларимни университетга тайёрладим, яқинда ўқишга топшираман. 10 синфда ўқиётганимдаёқ уйимизга совчилар келишган, ота-онам турмушга узатишга рози бўлишганди. Акам қутқариб қолди. Ота-онам ҳам иложсиздан ўқишимга рози бўлишди", – дейди у.

Нафиса акаси ёрдамида турмушга чиқиш мажбуриятидан қутулиб, ўқишини давом эттириш имкониятига эга бўлди. Аммо мамлакатда ҳали вояга етмаган кўплаб қизлар турли сабаблар билан никоҳга киришиб, ўсмирлик давридаёқ она бўлиб қолишмоқда.

Энг кўп ҳолат Жалолобод вилоятида қайд этилган. Бир йил аввал ўсмир оналар сони 359та бўлгани айтилади.

"Бўлажак куёвнинг ота‑оналари мактабдаги ўсмир қизларнинг уйига келиб, сирға тақиб қўйиш ҳолатлари бор. Буни никоҳга ваъда белгиси сифатида қабул қилишади. Ота-оналар бунинг учун жавобгарлик борлигини билишмайди ҳам. Агар бу масалага қарши курашни кучайтирмасак, эрта турмуш қурган қизларнинг тақдири ачинарли бўлади" – дейди Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лигаси раҳбари Назгул Турдубекова.

Ҳуқуқбонлар таъкидлашича, одатда яқинлари 9-синфдан кейин ўқишни давом эттиришга рухсат бермаган қизлар турмушга узатилади. Қарорни уларнинг қариндошлари чиқаради, бу эса қизларнинг келажак имкониятларини чеклайди. Шунингдек, ўсмирликда она бўлганлар орасида зўрланган ёки алданган қизлар ҳам бор, аммо аниқ статистика йўқ.

Маҳаллий матбуот Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб ёзишича, ўтган йили 17 ёшгача бўлган 40 нафарга яқин қиз ҳомиладорликни тўхтатган. Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, ҳомиладорликни тўхтатган қизларнинг кўпчилиги жинсий зўравонлик қурбони бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ бу борада расмий статистика эълон қилинмаган.

Test kit
BSIP/Universal Images Group via Getty Images
...15–17 yoshli qizlar orasida homiladorlik va tug‘ruq holatlari qayd etilgan bo‘lib, ayrimlari sog‘liqqa jiddiy xavf tug‘dirgan...
Umut Abilg‘aziyeva
Ombudsman vakili, Qirg‘iziston (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Омбудсман эрта никоҳлардан хавотирда

Омбудсман идораси йиллик ҳисоботида вояга етмаган қизларни турмушга бериш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан хавотир билдирган.

"Мониторинг натижаларига кўра, эрта никоҳ ва эрта ҳомиладорлик масаласи ҳали ҳам долзарблигини сақлаб қолмоқда. Кўп ҳолларда бу ҳолатлар кеч аниқланиб, олдини олиш ишлари етарли эмаслиги кузатилган. Шунингдек, 15–17 ёшли қизлар орасида ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатлари қайд этилган бўлиб, айримлари соғлиққа жиддий хавф туғдирган" – дейди Омбудсман вакили Умут Абилғазиева.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, 18 ёшга тўлмаган шахслар билан никоҳ тузиш тақиқланган. Оила кодексида айрим ҳолатларда турмуш қуришга рухсат берилиши мумкинлиги қайд этилган. Бироқ "айрим ҳолатлар" нимадан иборат экани аниқ кўрсатилмаган. Маҳаллий ҳокимиятлар бу ҳолатлар қаторига, масалан, уйланмоқчи бўлган йигит ёки турмушга чиқмоқчи бўлган қизнинг ота онаси оғир касал бўлиб, тўйни тезлаштириш зарурати туғилганини, ёки қиз ҳомиладор бўлиб қолганини киритишади.

Ҳомиладор экани ёки йўқлигини текшираётган аёл.

Сурат манбаси, Viktoriya Skorikova/Getty images

Сурат тагсўзи, Омбудсман идораси ўтказган сўровномада иштирок этган ўсмир қизларнинг аксари турмуш қуришдан кўра ўқишни танлашини билдирган. Шу боис, Омбудсман Таълим вазирлиги ва маҳаллий ҳокимиятларга бу борада курашни кучайтиришни таклиф этган. (Сурат иллюстрация учун ишлатилди).

Қирғизистоннинг Жиноят ва жазо кодексига кўра, вояга етмаган қизни никоҳга мажбурлаган шахслар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Шунингдек, бундай никоҳни ўқиган диний уламолар ҳам 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ёзилган.

Ушбу қоидага қарамай, эрта никоҳлар кўплиги Омбудсманнинг йиллик ҳисоботида қайд этилган. Омбудсман идораси ўтказган сўровномада иштирок этган ўсмир қизларнинг аксари турмуш қуришдан кўра ўқишни танлашини билдирган. Шу боис, Омбудсман Таълим вазирлиги ва маҳаллий ҳокимиятларга бу борада курашни кучайтиришни таклиф этган.

Айни пайтда Оила кодексининг янги таҳрири муҳокама қилинмоқда. Омбудсман идораси 18 ёшга тўлмаганларнинг турмуш қуриши учун "айрим ҳолатлар"ни бекор қилишни таклиф этмоқда.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2025 йилда никоҳ тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ 34 та жиноят иши қўзғатилган ва қарийб 100 нафар шахс судланган. Ҳуқуқ ҳимоячилари кўп ҳолларда эрта никоҳ учун судланганларга жазони пробация тартибида ўташ ҳақида ҳукм чиқарилишини таъкидлайди. Пробация — жазони озодликда, суд белгилаган шартларга риоя қилган ҳолда ўташ тартиби ҳисобланади.

Муаммо фақат Қирғизистонда эмас

Ҳалқаро кузатувларга кўра, Қирғизистон Марказий Осиёда эрта никоҳ масаласи мавжуд мамлакатлар орасида учинчи ўринда туради. Жаҳон банки ҳисоботида қайд этилишича, Марказий Осиёда 19 ёшгача бўлган қизлар орасида туғруқ даражаси бўйича Қирғизистон учинчи ўринда. Мамлакатда ҳар 1000 нафар ўсмир қиздан 28 нафари фарзандли бўлади.

Биринчи ўринда Тожикистон — ҳар 1000 нафарга 40 та ҳолат, иккинчи ўринда эса Ўзбекистон — тахминан ҳар 1000 нафарга 34 та ҳолат қайд этилган.

Ўзбекистон қонунчилигида ҳам никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган. Бироқ, бир йилда нечта қиз 18 ёшгача турмуш қургани ёки фарзанд кўргани ҳақида очиқ манбаларда статистика берилмаган.

Ўзбекистон расмийлари сўнгги ўн йилда эрта никоҳлар сони кескин камайганини таъкидлаб келмоқда. Ҳатто 21 ёшдан кейин турмуш қурганларни рағбатлантириш ташаббуси ҳам илгари сурилган. Президент 3 март куни имзолаган фармонга кўра, 2027 йилдан бошлаб 21 ёшдан кейин биринчи бор турмуш қурган оилаларга ажратиладиган субсидия, ссуда ва грантлар миқдори амалдаги кўрсаткичдан 1,5 бараварга оширилади.

Фармон "аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларини олдини олиш"га қаратилгани таъкидланган. Ахборот воситаларида бу ташаббус эрта никоҳ ва эрта туғруқнинг олдини олиш чораси сифатида баҳоланган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2