Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида ҳарбий ҳамкорлик ҳақида битим

Сурат манбаси, Reuters
Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўзаро қўшма мудофаа келишувини имзолашди. Унда айтилишича, уч давлатдан бирига қилинган ҳужум барчасига қилинган ҳужум сифатида баҳоланади.
Келишув Саудия шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Саудия Арабистонидаги Макка шаҳрида ўтказилган учрашувида имзоланган.
Уч мамлакат АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушга Саудия Арабистонини ҳам қўшилиб, Ҳўрмуз бўғози ҳамда Қизил денгиз орқали юк ташиш тўсиқларга юз тутаётгани ортидан хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга интилиб келмоқда.
Саудия Арабистони ва Покистон аллақачон ўтган йили қўшма мудофаа келишувига эришишганди.
Қўшма баёнотда айтилишича, Макка қўшма мудофаа келишувининг асосий мақсади "ҳар қандай тажовуз ҳаракатига қарши жамоавий тарзда тийиб туриш салоҳиятини кучайтириш"дир ва "уч давлатдан бирига қарши қуролли ҳужум уларнинг барчасига қарши ҳужум сифатида қабул қилиниши"ни белгилайди.
Баёнотда, шунингдек, "уч давлат ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг барча жиҳатларини кучайтириш" назарда тутилгани қайд этилган.
Бироқ Исломнинг сунний мазҳаби татбиқ этилган ушбу уч давлат ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи келишув ҳар бир томоннинг мажбуриятлари бўйича аниқ тафсилотларни ўз ичига олмаган.
28- феврал куни АҚШ ва Исроил шиа Исломи устун бўлган Эронга ҳужум қилганидан кейин Эрон ва унинг иттифоқчилари Саудия Арабистони ҳамда бошқа Форс кўрфази давлатларидаги нишонларга ҳужумлар уюштирди ва уларнинг юк ташиш йўлларини тўсиб қўйди.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Reuters ахборот агентлиги келтирган туркиялик амалдор сўзларига кўра, мазкур келишув "бутунлай мудофаа хусусиятига эга".
Исроил ва Эрон ўртасидаги можарода сусайиш аломатлари ҳозирча йўқ экан, шунингдек, бу 3 давлатнинг умумий иттифоқчиси бўлган АҚШ минтақадаги танглик оқибатларни жиловлашда қийналаётгани уларда хавотирларни уйғотмоқда.
Саудия Арабистони йирик молиявий қудратга эга бўлиб, дунёдаги энг йирик қурол харидорларидан бири ҳисобланади.
Туркия NATOдаги иккинчи энг йирик ҳарбий кучга эга давлат бўлиб, замонавий мудофаа саноати имкониятлари билан ажралиб туради. Покистон эса ядровий қуролга эга.
Яманда Эрон қўллаб-қувватлайдиган, мамлакат шимолини назорат қилувчи ҳусий исёнчилари Саудия Арабистони бошчилигидаги иттифоқ қўлловига эга ҳукумат кучларига қарши кураш олиб бормоқда.
Ўтган ой ҳусийлар Саудия Арабистонига қарши "денгиз эмбаргоси" эълон қилди, ҳамда Қизил денгиздаги Саудия аэропортлари, нефт иншоотлари ва танкерларини нишонга олди.
Саудия Арабистони эса ҳусийларга тегишли нишонларга зарбалар бериб, Қизил денгиз ва Адан кўрфазидаги юк ташиш йўлларини ҳимоя қилиш учун янги денгиз иттифоқини тузиш орқали жавоб қайтарганди.






























