Қозоғистонда мустақил нашр ходимларига ҳукм. Сўз эркинлиги чекланмоқдами?

Газета сотиш шохобчасидаги нашрлар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Охирги бир неча ой мобайнида Қозоғистонда журналистларга қарши қатор жиноий ва маъмурий ишлар қўзғатилган.
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Қозоғистоннинг мустақил KazTAG хабар агентлигининг икки раҳбарига "қалбаки хабар тарқатиш" айби асосида маҳкама ҳукми ўқилди.

Ҳукм мамлакатда сўз эркинлиги чекланаётгани ҳақидаги баҳс-мунозараларга туртки берди.

KazTAG нинг бош директори Асет Матаев ва бош муҳаррири Амир Касеновга 15 ойлик озодликни чеклаш ва 5 йил журналистик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиш борасида ҳукм чиқарилган. Озодликни чеклаш ҳукми амнистияга тушиши айтилган.

Ҳукм 31- июл куни Олмаота шаҳри маҳкамаси томонидан чиқарилган.

KazTAG раҳбарлрига нисбатан айбловлар Россияда туғилган ва ҳозирда Қозоғистон фуқароси бўлган миллиардер Тимур Турловга тегишли эканлиги айтилган Freedom Finance сармоя ширкатига алоқадор брокерлик агентлиги томонидан берилган ариза асосида илгари сурилганди.

Қораловчи томонга кўра, ширкатни қаллоблик, молияларни ноқонуний равишда ўтказиш ва яна қатор бошқа ноқонуний амалларда айблаган асоссиз хабарлар KazTAG платформасида нашр қилинган ва бу ўз навбатида ширкат обрўси ва сармоячилар ишончига путур етказган.

Тергов ҳужжатларида айтилишича, Freedom Finance га алоқадор брокерлик ширкати орқали молия операцияларида пулини йўқотган аёл кўрган зарарини қайтариб олиш мақсадида KazTAG муҳаррири Амир Касенов билан тил бириктириб, ширкат фаолияти ҳақида сохта маълумотни нашр қилишга келишиб олишган.

Асет Матаев эса ўз вазифасини тўлиқ бажармаслик, шунингдек безориликда айбланган.

Амир Касенов 2025 йили декабр ойида уй қамоғига ҳукм қилинган бўлиб, 2026 йил июн ойида тергов жараёни ҳақида маълумотларни Интернетда нашр қилгани учун "уй қамоғи шартлари"ни бузишда ҳам айбланган.

Касеновнинг ўзи ҳар қандай ноқонуний амалга қўл урганлигини рад этиб, маҳкамани " саҳналаштирилган намойишкорона иш", дея таърифлаган.

Асет Матаев 2026 йили март ойида савдо марказларидан биридаги олишув ортидан уй қамоғига ҳукм қилинган. Матаевнинг ҳимоячиси бу ҳодисани " уюштирилган", дея атаган.

Freedom Finance билан ҳуқуқий тортишув манзарасида KazTAG 27 июнда веб-саҳифасига спам ботлар, Ижтимоий тармоқлардаги сохта аккаунтлар ва кибер жиноятчилар томонидан бир неча бор мувофиқлаштирилган ҳужумларга тутилганлигини билдирди.

Журналистлар ва сўз эркинлиги нишонга олинмоқдами?

Охирги бир неча ой мобайнида Қозоғистонда журналистларга қарши қатор жиноий ва маъмурий ишлар қўзғатилган.

Расмийларга кўра, журналистларга нисбатан жиноий ишлар Ижтимоий тармоқларда кўпайиб кетган сохта хабарларга қарши курашнинг таркибий қисмидир.

Аммо матбуотни назорат қилиш ташкилотларининг айтишларича, бу ҳаракатлар танқидий фикрни бостириш уринишларидир ва маҳаллий матбуот соҳасида "қўрқув фазоси" юзага келиб, кучайиб бормоқда.

2025 йилнинг декабр ойидан бери тўрт нафар таниқли журналистга нисбатан маҳкамалар томонидан уй ҳибсига олиш ҳақида ҳукм чиқарилган.

Шу давр ичида бир қатор мустақил журналистлар ва блогерлар турли айбловлар билан ҳибсга олинди ёки жаримага тортилди.

Журналистлар хавотири

Қора костюм ва гластук таққан Қозоғистон президенти

Сурат манбаси, Getty Images/Vyacheslav Prokofyev

Сурат тагсўзи, Матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи 6 халқаро ташкилот Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга очиқ мактуб йўллашган.

13 апрел куни матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи 6 халқаро ташкилот Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга очиқ мактуб йўллашганди.

Улар журналистларнинг ҳибсга олиниши ва ОАВга босим ортиб бораётганидан хавотир билдиришган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), Халқаро матбуот институти ва Freedom for Eurasia каби ташкилотлар ҳокимиятни журналистларга қарши таъқибларни тўхтатишга ва ҳибсдаги мухбирларни озод қилишга чақирган.

Улар мустақил қозоқ матбуоти учун ишлаш "тобора қийинлашаётгани"ни урғулашган.

Аввалроқ Қозоғистондаги нодавлат ташкилотлар ва журналистлар ҳам Жиноят кодексининг "атайлаб ёлғон маълумот тарқатиш" ҳақидаги 274-моддаси уларга қарши тобора кўпроқ қўлланилаётганидан хавотир билдирган эдилар.

Ботагоз Омарова ва бошқалар...

Референдумдаги овоз бериш участкаси.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Журналистларга нисбатан жиноий ва маъмурий ишлар, асосан, Тоқаев ташаббуси билан ўтказилган конституцион ислоҳотлар ва 15 мартдаги референдум ортидан бошланган.

20 март куни Остона шаҳри суди таниқли журналист Ботагоз Омаровани икки ойлик уй қамоғига олиш ҳақида ҳукм чиқарганди.

Бу қарор полициянинг ёлғон ахборот тарқатгани ҳақидаги айбловлари ортидан қабул қилинди.

Журналистик тергов материаллари билан машҳур бўлган Омаровага қарши иш мамлакатда катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шунингдек, машҳур мустақил нашр Orda.kz бош муҳаррири Гулнара Бажкенова ҳам 2025 йил декабрида икки ойлик уй қамоғига олинди. Суд унинг сайтида чоп этилган мақолада ҳуқуқ-тартибот ходими пора олгани учун ҳибсга олингани ҳақида нотўғри маълумот берилганини айтган.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Сўнгги терговлар президент Қасим-Жомарт Тоқаев либерал ислоҳотлар ҳақида берган ваъдаларига қарамай, Қозоғистонда оммавий ахборот воситалари устидан қатъий назорат сиёсати давом этаётганини кўрсатмоқда.

Тоқаев 2019 йил ҳокимиятга келгач, баъзи ижобий қадамларни ташлаган, жумладан 2020 йилда туҳматни жиноят қаторидаги ҳуқуқбузарликлар рўйхатидан чиқарган эди. Бироқ кейинчалик мустақил ва танқидий нашрларга нисбатан цензура кучайди.

Таҳлилчиларга кўра, ҳибслар, жиноий айбловлар ва жарималар журналистик ҳамжамиятни ёзилмаган "қизил чизиқлар" доирасида ушлаб туриш воситаси сифатида қўлланилмоқда. Бундай босим, айниқса, сайловлар ёки ижтимоий норозиликлар кучайган пайтларда ортади.

Охирги вақтлардаги журналистларга нисбатан жиноий ва маъмурий ишлар, асосан, Тоқаев ташаббуси билан ўтказилган конституцион ислоҳотлар ва 15 мартдаги референдум ортидан бошланган. Референдумдаги овоз бериш якунларига кўра янги Конституция маъқулланган эди.

Референдум арафасида ҳукумат ОАВ ва фуқароларни ислоҳотлар ҳақида "дезинформация" тарқатмаслик борасида бир неча бор огоҳлантирган. Кейинроқ бир қатор блогерлар, журналистлар ва сиёсий фаоллар ҳибсга олинди.

"Қўрқув муҳити" ва матбуотни "жиловлаш"

«Правовой Медиа-Центр» ташкилоти раҳбари Диана Окремованинг айтишича, журналистларга қарши ҳибслар ҳукуматнинг қўрқув муҳитини сақлаб қолиш ва ўз қудратини намойиш қилишга интилишидан далолат беради.

Унга кўра, қўрқув, ўз-ўзини цензура қилиш ва доимий ўзини назорат қилиш муҳити яратилмоқда. Референдумдан кейин бир вақтнинг ўзида бир неча журналист таъқиб қилинаётгани одамларга ҳар қандай фикрни билдириш хавфли эканини кўрсатади. "Бу эса журналистикага жиловловчи таъсир кўрсатади", дейди Диана Окремова.

Олмаотадаги ҳуқуқ масалаларига ихтисослашган Pravo.kz платформаси ҳам Ботагоз Омаровага қарши ишни кескин танқид қилди.

Бироқ ҳукумат босим ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Ҳокимият вакиллари суд ишлари фақат дезинформацияга қарши қаратилганини таъкидламоқда.

Ҳукмрон "Аманат» партияси депутати Эркин Абилнинг айтишича, айрим журналистлар сўз эркинлигини жазодан холи бўлиш ҳуқуқи деб тушунишади.

"Улар текширилмаган маълумотларни тарқатади ёки Жиноят кодексини бузадиган баёнотлар учун майдон яратиб беради. Шу сабаб улар жавобгарликка тортилади", деган депутат Эркин Абил.

8 апрель куни расмийлар ёлғон хабарлар ҳақидаги 274-моддани жиноий қонунчиликдан чиқариш имкониятини кўриб чиқилаётганини маълум қилишди.

Маданият ва ахборот вазирининг биринчи ўринбосари Қанат Искоков журналистларга, "Биз ҳамкасбларимиз билан биргаликда 274-моддани либераллаштириш масаласини муҳокама қилмоқдамиз", деган.

1 июлдан кучга кирган янги Конституция ҳам хавотирларни кучайтирди. Ҳужжатнинг 23-моддасида сўз эркинлиги ва ахборот тарқатиш эркинлиги бошқаларнинг шаъни ва қадр-қимматига, фуқаролар саломатлигига, жамоат ахлоқига ёки жамоат тартибига зарар етказмаслиги кераклиги таъкидланган.

Таҳлилчилар фикрича, ёлғон хабарлар ҳақидаги қонун тақдири қандай бўлишидан қатъи назар, мустақил ОАВга босим сақланиб қолиши эҳтимоли юқори. Бу эса келажакда яна янги ҳибслар ва жиноий ишлар очилишига олиб келиши мумкин.

«Правовой Медиа-Центр» адвокати Гулмира Биржанованинг фикрича, журналистлар айрим мавзуларга қўл урмасликка ҳаракат қилади.

"Матбуот адолат излаб келган ёки овозини эшиттирмоқчи бўлган одамларни ҳам рад эта бошлаши мумкин. Бу эса сўз эркинлиги учун жиддий муаммодир", деди Гулмира Биржанова.