Франция Алишер Усмоновни ЕИ санкцияларидан чиқаришни сўрамоқда

Алишер Усмонов 2026 йил 26 март куни Москвада Россия Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи конгрессида иштирок этмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Алишер Усмонов 2026 йил 26 март куни Москвада Россия Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи конгрессида иштирок этди.
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Франция Европа Иттифоқида Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилиш масаласини кўтарди. Бу талаб Россияга қарши санкцияларни узайтириш бўйича Европа Иттиқоқи (ЕИ)даги музокараларнинг кечикишига сабаб бўлди.

Financial Times маълумотларига кўра, Парижнинг ташаббуси Озарбайжонда ушлаб турилган бир неча француз фуқаросини озод қилиш бўйича эҳтимолий келишув билан боғлиқ. Бу ҳақида Euronews ва Reuters ҳам хабар тарқатди.

Financial Times нашрига гапирган музокаралардан хабардор уч киши Франция Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш масаласини Озарбайжондаги француз фуқароларини озод қилиш масаласи билан боғлаётганини айтган.

Келишув ҳали якуний эмас. Уни амалга ошириш учун ЕИга аъзо 27 давлатнинг барчаси рози бўлиши керак.

Forbes ҳисоб-китобига кўра, 2026 йилда Алишер Усмоновнинг бойлиги тахминан 14,5 миллиард долларга баҳоланган. Унинг асосий бойлиги ва энг қимматли бизнес активларининг катта қисми Россия иқтисодиёти билан боғлиқ.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Собиқ Президент Ислом Каримов даврида мустақил олигархларни қабул қилмаган Ўзбекистон Усмонов учун Шавкат Мирзиёев даврида анча очиқ майдонга айланди. Усмоновнинг Ўзбекистондаги инвестицияларга қизиқиши, президент билан шахсий алоқалари ва мамлакатдаги лойиҳаларда иштирок этиши сезиларли даражада кучайган.

Санкциялар бир ҳафтага узайтирилди

ЕИ давлатлари Россиянинг Украинага босқини муносабати билан жорий қилинган шахсий санкцияларни одатдагидек белгиланган муддатга узайтириш ўрнига, ҳозирча фақат бир ҳафтага чўзишга қарор қилди.

Reuters хабарига кўра, санкциялар 15 сентябрда тугаши керак эди. Бироқ Брюсселдаги элчилар келишувга кела олмагани учун улар 22 сентябргача сақлаб қолинди.

Санкциялар рўйхатида минглаб россиялик шахслар ва ташкилотлар бор. Уларни узайтириш учун ЕИнинг барча давлатлари розилиги талаб қилинади.

Франциянинг Тоғли Қорабоғ масаласида Арманистонга ён босиши ортидан Бокудаги судда франциялик Мартин Райан жосусликда айбдор деб топилган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Франциянинг Тоғли Қорабоғ масаласида Арманистонга ён босиши ортидан Бокудаги судда франциялик Мартин Райан жосусликда айбдор деб топилган.

Алишер Усмоновни рўйхатдан чиқариш масаласида Францияга Словакия қўшилган. Словакия аввалдан Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилиш тарафдори бўлиб келган.

Бироқ ЕИ давлатларининг аксарияти бу таклифни қўллаб-қувватламаяпти. Euronews маълумотларига кўра, Россия Украинада уруш олиб бораётган бир пайтда санкциялар рўйхатидан шахсларни чиқаришга қарши давлатлар кўпчиликни ташкил қилмоқда.

Нега айнан Усмонов?

Алишер Усмонов 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан кейин ЕИ санкцияларига киритилган эди. Бунинг ортидан унинг Европа давлатларидаги активлари ва кўчмас мулклари музлатилган, ҳамда яхтаси блокланган.

ЕИ Усмоновнинг Владимир Путин билан яқин алоқалари борлигини ва унинг Россия сиёсий тизими билан боғлиқ бизнес доираларида муҳим ўрин тутганини санкцияларга асос сифатида келтирган.

Алишер Усмоновнинг Италиянинг Сардиния оролидаги санкцияга тушган вилласи.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Алишер Усмоновнинг Италиянинг Сардиния оролидаги санкцияга тушган вилласи.

Усмонов эса бу даъволарни рад этади ва санкцияларга қарши Европа судларида бир неча бор шикоят қилган.

Унинг вакили ҳозирча мазкур янги ташаббус бўйича изоҳ бермаган.

Франция нима дейяпти?

Расмий Париж ўзининг эндиликда Усмоновни санкциялардан чиқариш талаби Россияга нисбатан сиёсатини ўзгартирганини рад этмоқда.

Франция дипломати Financial Times нашрига мамлакатнинг Усмонов масаласида «миллий хавфсизликка оид муайян ташвиши» борлигини айтган.

Дипломатнинг таъкидлашича, Франция Россияга босимни кучайтириш тарафдори бўлиб қолмоқда.

Айни дамда Франция Озарбайжонда ушлаб турилган француз фуқароларини озод қилиш билан Усмоновга нисбатан санкциялар ўртасидаги эҳтимолий келишув ҳақида расман изоҳ бермаган.

Франциянинг нечта фуқароси Озарбайжонда ушлаб турилгани бўйича нашрлар маълумот бермади. Маълумки, аниқ тасдиқланган француз маҳбусларидан бири — Мартин Райан. У 2023 йил декабрда Озарбайжонда ҳибсга олинган ва 2026 йил мартда жосуслик айблови билан 10 йилга қамалганди.

Озарбайжон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари Усмонов борасидаги музокаралар ҳақидаги хабарлар юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.

Агар Усмонов санкциядан чиқарилса, бу нимани англатади?

Музокараларда яна бир шарт пайдо бўлган.

Financial Times маълумотларига кўра, Люксембург Усмонов санкциялардан чиқарилган тақдирда россиялик миллиардер Михаил Фридманга нисбатан ҳам чекловларни бекор қилишни талаб қилмоқда.

Европа Иттифоқи Усмоновни Путинга яқин шахс деб билади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Европа Иттифоқи Усмоновни Путинга яқин шахс деб билади.

Бу эса битта шахсга нисбатан истисно қилиш талаби бошқа россиялик олигархлар масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Айрим европалик дипломатлар Франциянинг Усмонов бўйича позициясидан норози. Уларга кўра, Париж нима сабабдан бу масалани санкциялар муҳокамасига олиб киргани ҳақида бошқа давлатларга етарли маълумот бермаяпти.

Украина хавотирда

Украина президенти Владимир Зеленский ЕИни Россиялик олигархларга нисбатан босимни сусайтирмасликка чақирди.

У Усмонов ва бошқа россиялик бой тадбиркорлар Россиянинг уруш олиб бориш тизимида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Зеленский: «Путин тизимининг ажралмас қисми бўлган россиялик олигархлар бу уруш давом этаётган экан, дунёнинг ҳеч бир жойида ўзларини хавфсиз ва хотиржам ҳис қила олмасликларини тушунишлари керак», деди.

Getty
Putin tizimining ajralmas qismi bo‘lgan rossiyalik oligarxlar, bu urush davom etayotgan ekan, dunyoning hech bir joyida o‘zlarini xotirjam his qila olmasliklarini tushunsinlar.
Prezident Volodimir Zelenskiy
bbc.com/uzbek

Бу аввалги ҳолатлардан нимаси билан фарқ қилади?

Ғарб давлатлари Украина уруши даврида Россия ва Ғарб ўртасида маҳбуслар алмашинувини амалга оширган. Айрим россияликларга нисбатан санкциялар ҳам улар судларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилгани ёки Москвадан очиқ равишда узоқлашгани ортидан бекор қилинган.

Венгрия ва Словакия ҳам аввалроқ айрим россияликларни санкциялар рўйхатидан чиқаришга уринган.

Аммо Financial Times таъкидлаганидек, Усмонов бўйича ҳозир муҳокама қилинаётган эҳтимолий келишув бошқа ҳолатлардан фарқ қилади: унда санкцияларни бекор қилиш маҳбусларни озод қилиш билан бевосита боғланиши мумкин.

Ҳозирча бундай келишувга эришилгани ҳақида расмий тасдиқ йўқ.

ЕИ давлатларига музокараларни давом эттириш учун 22 сентябргача вақт берилган. Шу вақт ичида улар Усмонов масаласида ҳам, Россияга қарши санкцияларни тўлиқ узайтириш бўйича ҳам умумий қарорга келиши керак, дейди Reuters.