Литва узра НАТО уриб туширган дрон қаердан келган?

Литва жанубий ва шарқий чегарасининг катта қисмини Россиянинг муҳим иттифоқчиси бўлган Беларус билан бўлишади.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, НАТОнинг Ҳаво мудофааси миссияси доирасида хизмат қилаётган италиялик учувчилар дроннинг ҳаво ҳудудига киришига «тезкор ва масъулиятли жавоб» қайтаргани айтилди.
Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

НАТО қирувчи учоқлари Литва ҳаво ҳудудига кирган дронни уриб туширди. Бу ҳақда Литва президенти Гитанас Науседа маълум қилди.

Расмийларнинг айтишича, дрон сешанба куни тун ярмидан кўп ўтмай Беларусдан Литванинг жанубий қисмига, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Каунас яқинига кирган бўлиши мумкин.

Литва президенти Гитанас Науседа X ижтимоий тармоғида: «Ҳозиргина Литва ҳаво ҳудудига кирган дрон НАТО қирувчи учоқлари томонидан йўқ қилинди», деб ёзди.

Литва Миллий инқирозларни бошқариш маркази вакили дроннинг келиб чиқиши ҳозирча аниқланмаганини айтди.

Сешанба куни эрталаб пойтахт Вилнюс ва унинг атрофида дрон хавфи ҳақида огоҳлантириш сигналлари янгради.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Маҳаллий вақт билан тун ярмидан кўп ўтмай, яъни Гринвич вақти билан соат 21:00 да ҳудуд аҳолисининг телефонларига эҳтимолий дрон босқини ҳақида огоҳлантириш хабарлари юборилди. Уларда аҳолига «хавфсиз жойга бориш» ва «хавф бартараф этилгани ҳақида хабар берилгунча кутиш» тавсия қилинди.

Литва Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Литва Қуролли кучлари ҳамда НАТОнинг Ҳаво мудофааси миссияси доирасида хизмат қилаётган италиялик учувчилар дроннинг ҳаво ҳудудига киришига «тезкор ва масъулиятли жавоб» қайтарган.

Науседанинг ижтимоий тармоқдаги постида яна шундай дейилади: «Россиянинг Украинага нисбатан тажовузи кучайиб бораётган бир пайтда бундай тайёргарлик минтақамиз учун жуда муҳим. НАТОдаги иттифоқчиларимиз билан биргаликда Литва ўз ҳаво ҳудудини ҳимоя қилади».

НАТОнинг Литвадаги аскарлари сони бўйича Германия армияси етакчилик қилади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, НАТОнинг Литвадаги аскарлари сони бўйича Германия армияси етакчилик қилади.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Москва ҳозирча ушбу воқеага изоҳ бермаган.

Литва жанубий ва шарқий чегарасининг катта қисмини Россиянинг муҳим иттифоқчиси бўлган Беларус билан бўлишади.

Якшанба куни ҳам Литвада дронлар кўрилгани ҳақида хабар берилган эди. Инқирозларни бошқариш маркази кейинроқ бир объект «эҳтимол» Беларусдан кириб, мамлакат ҳудуди устидан учиб ўтганидан сўнг Россия ҳаво ҳудудига кирганини маълум қилди. 13 сентябрдаги бу воқеа ҳаво хавфи ҳақида огоҳлантириш сигналларини келтириб чиқармаган.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Европада ҳарбий дронларнинг бошқа давлатлар ҳаво ҳудудига кириб кетиши тобора кўпаймоқда.

Полша ҳам душанбага ўтар кечаси ўз ҳаво ҳудудида «авиация операциялари» ўтказилганини маълум қилди. Бунга Украина ҳудудига зарбалар берган Россия Федерациясининг реактив двигателли учувчисиз аппаратлари фаолияти сабаб бўлган.

Полша томони бу ҳаракатлар «профилактик хусусиятга эга» эканини, улар ҳаво ҳудудининг хавфсизлигини таъминлаш ва уни ҳимоя қилиш, айниқса хавф мавжуд бўлган ҳудудларга туташ минтақаларни муҳофаза қилишга қаратилганини билдирди.

Май ойида Литва пойтахти аҳолиси Вилнюс бўйлаб бошпаналарга беркинишга мажбур бўлган эди. Бунга дрон хавфи ҳақидаги огоҳлантириш сабаб бўлиб, қисқа вақтга авиақатновлар ва темирйўл ҳаракати ҳам тўхтатилган.

Бу йил НАТО қирувчи учоқлари Болтиқбўйи давлатлари — Эстония ва Латвия ҳаво ҳудудига кириб кетган Украина дронларини уриб тушириш учун бир неча бор ҳавога кўтарилган.

Украина бундай дронларнинг йўлдан адашишида Россиянинг электрон кураш воситаларини айблаган. Бу технология дронларнинг учиш йўналишини ўзгартириш имконини беради.

Литва, Эстония ва Латвия 2004 йилда НАТОга қўшилган. Шу тариқа улар НАТОнинг 5-моддасида белгиланган тамойилга қўшилган: «НАТО аъзоларидан бирига қарши қуролли ҳужум барча аъзоларга қарши ҳужум сифатида қаралади».