Россиянинг ўта бойлари Путиндан кейинги давр ҳақида аллақачон бош қотирмоқдалар

Сурат манбаси, Getty
- Author, Vitaly Shevchenko
- Role, BBC Monitoring tahlilchisi
- Published
- Ўқилиш вақти: 9 дақ
2022 йили 24 феврал куни Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан бир неча соат ўтиб Владимир Путин Кремлнинг улкан Екатерина залига Россиянинг энг бой одамларини йиғди.
Ўттиздан ортиқ пулдор Covid пандемияси туфайли ниқоб таққан, девор бўйлаб тизилишиб ўтиршарди. Россия газеталаридан бирининг мухбири уларни «ранглари оқарган ва уйқуга тўймаган» деб таърифлаганди.
Путин залга киргач, бизнесменлардан анча узоқда, залнинг қарши томонига бориб ўтирди ва шу тариқа у билан йиғилганлар ўртасида улкан масофа ҳосил бўлди. Одатдагидек, Путиннинг ўзи ниқоб тақмаган эди.
Путин унинг ўзига хос, ишорали услубда гапириб, бойлардан урушни қўллаб-қувватлашларини кутаётганини айтди.
«Сизларни содир бўлаётган воқеаларни тушунишга чақирмоқчиман. Ишлаб чиқаришни, иқтисодиётни ва иш ўринларини қўллаб-қувватлайдиган воситаларни топиш учун ҳукумат билан биргаликда ишлашингизни сўрайман", деб мурожаат қилди Путин.
Кремл тарқатган йиғилиш видеосида Кремлга таклиф қилинган миллиардерлардан бирортаси чурқ этмагани кўринади.
Бу сукут Россия ўта бойларининг ўзига хос белгисига айланган. Путин ҳукмронлиги йиллари давомида улар овоз чиқаришнинг баҳоси жуда қимматга тушиши мумкинлигини яхши ўрганганлар.
2003 йили Россиянинг ўша пайтдаги энг бой одами, қатор мухолифат гуруҳларини молиялаштирган нефт магнати Михаил Ходорковский Путинни кенг тарқалган коррупцияга бош-қош бўлаётганликда айблаган эди.
Шундан сўнг у солиқ тўлашдан бўйин товлаш, фирибгарлик ва маблағларни ўзлаштиришда айбдор деб топилиб, кейинги ўн йилни қамоқда ўтказди. Бу эса Путинни танқид қилишни истаган бошқалар учун огоҳлантирувчи сигнал бўлди.
Ходорковский ўзига қўйилган айбловлар бўйича айбдор эмаслигини айтган.

Сурат манбаси, ALEXEY NIKOLSKY/SPUTNIK/AFP via Getty Images
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Ва агар бу магнатларнинг бирортаси урушга қарши бўлган тақдирларида ҳам, улар ўз фикрларини ичида сақлашни маъқул кўрадилар.
Бироқ бу сукут ортида ҳам пичир-пичирлар эшитилиб туради: Россиянинг бир вақтлардаги қудратли бизнес элитаси аъзоларининг айримлари Путиндан кейинги Россияни тасаввур қила бошлаганга ўхшайдилар. Улар президент лавозимни тарк этгач ёки вафот этгач, мамлакат яна 1990 йиллардагига ўхшаб қолиши мумкинмикан, деб ўйламоқдалар.
Ўша замонларда олигархлар ҳокимиятга яқинлик мевасидан баҳраманд бўлган эдилар. Эрта ҳақида бош қотираётганларнинг айримлари мамлакатда соғломроқ сиёсий муҳит шаклланиши мумкинлигини истисно этмаяптилар.
The Economist газетасининг Кремлни яқиндан кузатувчи таниқли журналисти Аркадий Островский яқинда Россиянинг энг бой кишиларидан бири билан бир неча соат суҳбатлашди. Унинг айтишича, ўта бойларнинг мамлакат келажагига муносабатида «тарихий ва сиёсий ўзгариш юз бермоқда», деган таассурот пайдо бўлган.
Беҳаловат магнатлар
1991 йилда Совет Иттифоқининг парчаланиши мамлакат ичида янги ва қудратли кучнинг пайдо бўлишига йўл очди: коммунизм барҳам топганидан фойдаланиб улкан бойлик орттирган ва кейинчалик сиёсатчиларни ўз манфаатлари йўлида назорат қилишни истаган одамлар майдонга чиқди. Улар «олигархлар» деб атала бошланди. Бу атама қадимги юнон тилидаги «ҳукмронлик қилувчи озчилик» маъносини англатадиган сўздан келиб чиққан. Уларда пул бор эди, ўша пайтларда эса пул ҳокимият дегани эди.
«Ваҳший 1990-йиллар» деб аталувчи ўша даврда саҳнага «янги руслар» чиқдилар. Йирик давлат корхоналари хусусийлаштириш учун таклиф этила бошлади ва тегишли алоқаларга эга кишилар деярли бир кечада миллионер, ҳатто миллиардерга айландилар. Коррупция авж олган, таниш-билишчилик кенг тарқалган, буюртма қотилликлар эса оддий ҳолга айланган эди.
Бироқ Путин 2000 йилда илк бор президент этиб сайланганиши билан олигархларни ўзига бўйсундирди. Ҳокимиятни бошқалар билан бўлишиш хаёлида ҳам йўқ Россия иқтисодиёти тиклана бошлагани ва марказий ҳукумат кучайиб бораётгани Путинга миллиардерларга қарши тура олиш қудратини берди.

Сурат манбаси, NurPhoto/NurPhoto via Getty Images
Россияга сармоя киритган, коррупцияга қарши кампания ташкил этгани ортидан Россияга кириши тақиқланган йирик хорижий инвесторлардан бири бўлган молиячи Билл Браудернинг айтишича, Россия магнатлари Путин қаршисида қўрқувдан бўйнини қисиб, иродасизланиб қолган эди. Бу, масалан, урушдан олдинги йилларда ҳали ҳам Давос иқтисодий форумига таклиф этилиб турган пайтларида яққол кўринган.
«Олигархларнинг ҳамма жойда худди ўзининг ерида юргандек ўзларини тутганларини эслайман. Улар энг такаббур ва ўзига ишонган одамлар эди. Кейин Путин келди ва ана шу ўзини куч-қудрат тимсоли қилиб кўрсатадиган кишиларнинг қандай қилиб мутлақо бўйсунувчан, ҳатто деярли ноилож мактаб ўқувчиларига айланиб қолганини кўриш жуда ҳайратланарли эди», дейди у BBC билан суҳбатда.
2022 йилда уруш бошланганидан бери Кремл Россиянинг бой бизнесменларини «қамчи ва ширин кулча» тамойили асосида қаттиқ назорат қилиб келмоқда. Урушни танқид қилганлар активларидан маҳрум этилган бўлса, содиқ қолганлар давлатнинг сердаромад ҳарбий шартномалари билан тақдирландилар. Бугун Россияда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ миллиардер бор. Forbes журнали маълумотига кўра, уларнинг сони 155 нафарга етган.
Бу миллиардерларнинг умумий бойлиги ҳам рекорд даражага чиқиб, қарийб 700 миллиард долларга етди.
Бироқ ҳатто Кремлга содиқ қолиб, мукофотланган магнатлар учун ҳам бу қадар катта бойлик бахт келтираётганга ўхшамайди. Уларнинг айримлари тобора беҳаловат бўлиб бормоқдалар.
Яккаҳумронлик, олигархия ёки демократия?
Уларнинг миллиардлари аввалгидек қудратли эмас: мамлакат ичида улар бугун сиёсий таъсирни деярли сотиб ололмайдилар.
«Уларнинг қўлида ҳеч қандай козир йўқ, ҳеч қандай ўйини ҳам йўқ», дейди муҳожиратдаги сиёсатчи ва таҳлилчи Дмитрий Некрасов. «Улар Путин билан боғлиқ бўлгани учун бой. Аксинча эмас».
Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқинидан кейин Ғарб томонидан жорий этилган санкциялар туфайли улар Россия ташқарисида ҳам яккалаб қўйилдилар.
«Уларга майда жиноятчилардек муносабатда бўлишмоқда. Улар хусусий самолётларида эркин уча олмайдилар. Яхталари Европадаги энг яхши бандаргоҳларнинг ҳаммасига ҳам кира олмайди. Бу улар учун жуда оғир ва ҳақоратли бўлса керак», дейди Путиннинг очиқ танқидчиси Браудер.
Шунинг учун ҳам, жимгина, уларнинг айримлари Путин сиёсий саҳнадан кетганидан кейин нима бўлиши ҳақида бош қотира бошлаганлар. Бу ҳақда менга ана шу магнатлар дунёсига яқин бўлган, яхши манбаларга эга таҳлилчилар сўзлаб бердилар.
Президент Путиннинг яқин орада лавозимни тарк этиши эҳтимоли кўринмайди, шунингдек унинг соғлиғи ёмонлашганини кўрсатадиган асос ҳам йўқ. Аммо ўтган ой 74 ёшга тўлган Путин чорак асрдан бери Кремлда ҳукмронлик қилиб келмоқда ва Москвадаги одамлар унинг бир кун келиб саҳнадан кетишини яхши биладилар.
Ўтган йили Reuters агентлиги ундан конституция бўйича ваколат муддати тугайдиган 2036 йилгача ҳокимиятда қолиш-қолмаслиги ҳақида сўраганда, Путин шундай жавоб берган эди:
«Бунинг учун соғлигимиз етарлими-йўқми, уни фақат Худо билади».

Сурат манбаси, CARL DE SOUZA/AFP via Getty Images
Агар Путин истеъфога чиқса ёки лавозимда турган пайтида вафот этса, унинг ўрнини бош вазир Михаил Мишустин эгаллайди. Бироқ Мишустин ҳозиргача президентликка даъвогарлик ниятини намойиш этгани йўқ. Эҳтимол, унинг бу лавозимга тайинланганининг муҳим сабабларидан бири ҳам шу бўлган. Бу эса маълум маънода ҳокимият бўшлиғини юзага келтириши мумкин.
Бундай вазиятда Россияни кузатиб бораётган таҳлилчилар бир нечта эҳтимолий сценарийни тасаввур қиладилар.
Ғарбдаги баъзи кузатувчилар ва, шубҳасиз, Россиянинг ўзида ҳам айримлар Путиндан кейинги Россияда демократия гуллаб-яшнашига умид қиладилар. Улар мамлакатни янги олигархлар гуруҳи ёки навбатдаги яккаҳоким эмас, балки халқ иродасига таянувчи ҳукумат бошқаришини истайди. Аммо таҳлилчилар фикрича, бу энг кам эҳтимолли йўлдир. Путин ҳукмронлиги давомида демократик институтлар сезиларли даражада заифлаштирилди ёки бутунлай йўқ қилинди.
«Россия зўравонликка шу қадар кўникиб қолдики, одатий демократик жараёнлар бегона бўлиб қолди», дейди муҳожиратдаги россиялик журналист ва таҳлилчи Александра Прокопенко.
Яна бир эҳтимолий йўл - янада қаттиқроқ авторитаризмдир. Путин ўрнини бошқа бир шахс эгаллаб, унинг босим ва репрессияларга таянган бошқарув услубини давом эттириши мумкин.
Бироқ Прокопенконинг фикрича, бу дарҳол янги кучли яккаҳоким диктатуранинг шаклланишини англатмайди. Унинг таъкидлашича, бундай тизимларнинг қарор топиши вақт талаб қилади. Дастлаб Путиннинг вориси ундан кўра кучсизроқ бўлади ва ихтиёрида камроқ ресурсларга эга бўлади.

Яна бир эҳтимолий вариант бор: магнатлар ўз таъсирини қайта тиклайдилар ва Россия қандайдир маънода 1990-йиллардагидек олигархик тизимга қайтиши мумкин.
Кремлнинг собиқ маслаҳатчиси ва ҳозир муҳожиротда яшаётган мухолиф сиёсатчи Дмитрий Некрасовнинг фикрича, бундай сценарийда мамлакатни бизнес манфаатлари билан иттифоқдаги бир нечта қудратли элита гуруҳлари бошқаради.
Албатта, айнан шу вариант кўплаб магнатларга маъқул келади.
«Улар ўз фикрига қулоқ солинадиган, активларидан маҳрум қилинмайдиган ва ўйин қоидаларини тушунадиган даврга қайтишни истайдилар», дейди Россиянинг энг бой кишилари билан кўп мулоқот қилган Александра Прокопенко.
1990-йиллардан бери уларнинг таъсири сезиларли даражада қисқарган бўлса-да, магнатларнинг гапига қулоқ тутишга арзийди. Чунки уларнинг улкан бойлигини ҳисобга олганда, эртами-кечми сиёсий таъсирини қайта тиклашга уринишлари эҳтимолдан холи эмас.
Муҳожиратдаги сиёсатчи Некрасовнинг айтишича, айримлари аллақачон «тегишли хавфсизлик амалдорлари ёки вазирлар билан дўстлашишга ҳаракат қилаяптилар».
Бироқ у бундан кейинги ҳар қандай қадамни ташлаш ҳозирча «ўта хавфли» бўлишини улар яхши англайдилар.

Сурат манбаси, Vladimir Smirnov SPUTNIK/KREMLIN POOL/EPA/Shutterstock
Некрасовнинг айтишича, келаси йилларда магнатларнинг ўзини қандай тутишлари қисман уларнинг молиявий аҳволига боғлиқ бўлади. Қўлида катта миқдорда эркин маблағи бор бойлар сиёсий ўйинларда иштирок этиш ва Путиндан кейинги даврга тайёргарлик кўриш учун ўз ўрнини мустаҳкамлашга кўпроқ журъат этадилар. Аммо бойлиги давлат шартномалари ёки ҳукуматнинг марҳаматига боғлиқ бўлганлар ҳамма нарсасидан айрилиб қолишдан қўрқиб, анча эҳтиёткор бўладилар, дейди у.
Прокопенконинг айтишича, бизнесменларнинг Путин ҳақида гапириш услубида аллақачон ўзгариш кузатилмоқда. Илгари улар уни «Началник» , «Первий» ёки бош ҳарфлари билан «ВВ» деб атардилар. Бу лақабларнинг барчаси муайян даражада ҳурматни ифода этарди.
Энди эса улар уни «Дед» деб атай бошлаганлар. Прокопенко буни «озгина ҳақоратомуз муносабат аралашган» лақаб деб таърифлайди. «Дед» сўзини «қария» ёки «бобо» деб таржима қилиш мумкин ва у аввалги лақабларга қараганда анча кам ҳурмат ифодалайди.
Прокопенконинг сўзларига кўра, баъзи бой россияликлар мамлакатда «сиёсат одамлар ҳаётига қайтишини» истайди. Яъни репрессиялар камайиши, сўз эркинлиги кенгайиши ва партиялар ҳамда сиёсатчилар ўртасида соғломроқ рақобат пайдо бўлишини орзу қилмоқдалар.
Бироқ ҳозирча Россиядаги бўғувчи муҳит туфайли улар буни амалга оширишга журъат қила олмаяптилар, дейди у.
Прокопенко суҳбатлашган магнатлардан бири бутун интервю давомида телефони устига ўтириб олган. Унинг фикрича, бу махсус хизматларнинг рақамли кузатувини қийинлаштиради.
«Мен буни мутлақо сталинча қўрқув деб ўйладим. Бу тамоман мантиқсиз қўрқув», дейди Прокопенко.
A bombshell interview
Андрей Мелниченконинг чиқиши магнатлар Путиндан кейинги келажакдан нимани кутаётганларига ишора қиладиган қизиқарли далил бўлди. У дунёда «ўғит қироли» деб танилган ва ҳозирда Россиянинг саккизинчи энг бой кишиси ҳисобланади.
Жорий йил бошида у The Economist журналига интервю бериб, кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Бу бой россияликнинг ўзи учун ҳам, айниқса Кремл нодўст мамлакат деб ҳисоблайдиган давлат нашрига суҳбат бериш учун ҳам ноодатий қадам эди. Журнал шунингдек унинг қаламига мансуб мақолани ҳам чоп этди.
Интервюнинг айрим қисмларида Мелниченко Кремл тез-тез такрорлайдиган қарашларни баён қилди. Унинг фикрича, Украина Россия ва Ғарб ўртасидаги майдонга айланган, Ғарб эса Россиянинг хавфсизликка оид хавотирларини эътиборсиз қолдириб, унинг суверенитетига таҳдид солмоқда.
Аммо кейин суҳбат янада қизиқ тус олади. Мелниченко Путин кетиши керак демади, лекин бу муҳим жиҳат, у Россияда якка шахс ҳукмронлигига барҳам берадиган ўзгаришлар зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у Россия дунё билан кўпроқ мулоқот қилиши кераклигини айтди.
Прокопенконинг фикрича, магнат жамоатчилик муҳокамасини бошлашга уриниб кўрган. Унинг сўзларига кўра, бу «ўзи каби бой одамларни гапира бошлашга чақириқ» бўлган.
У билан суҳбатлашган журналист Аркадий Островскийнинг айтишича, улар меҳмонхоналар ва қаҳвахоналарда, асосан қаҳва ичиб, баъзан эса сигарет чеккан ҳолда «кескин ва қизғин баҳслар» олиб боришган.
Журналистнинг таъкидлашича, магнат жавобларини сиёсатчиларга хос тарзда тайёрланган баёнот сифатида эмас, балки ҳақиқатан ҳам ўйлаб, мулоҳаза қилиб бергандек таассурот қолдирган.
Россияда ҳеч нарса оддий эмас ва кўпчилик кузатувчилар бу интервю Кремлнинг маълум даражадаги розилиги, очиқ ёки яширин маъқулловисиз ўтмаган, деб ҳисоблайди. Ҳокимият нега бундай ноодатий ўзгариш чақириқини маъқуллаган бўлиши мумкинлиги аниқ эмас. Балки улар мамлакатда ҳали ҳам маълум даражада фикрлар хилма-хиллиги мавжудлигини кўрсатишни истагандир.
Унинг ортидан бошқа бирор магнат чиқиб, очиқ қўллаб-қувватламаган бўлса-да, журналист Мелниченко фақат ўз номидан эмас, балки бошқа бизнесменлар номидан ҳам гапирган, деб ҳисоблайди.

Сурат манбаси, Andrey Rudakov/Bloomberg via Getty Images
Уларнинг айримлари Путин кетганидан кейин мамлакат, журналист Островский таъбири билан айтганда, «олигархик республика»га айланишига умид қилмоқдалар. Яъни Россия қандайдир даражада 1990-йиллардаги ҳолатига қайтиб, бизнес элитаси яна асосий таъсир кучига айланиши мумкин.
Россия ҳақидаги кўп йиллик кузатувларига таянган ҳолда Островскийнинг айтишича, бугун мамлакат ўта бойларининг кўпчилиги уруш Россияни олиб келган «бутунлай берк кўча»ни ҳис қилмоқдалар. Улар келажак йўқдек туюлаётган вазиятда яшамоқдалар.
Бироқ магнатлар келажак ҳақида ўйлаётган бўлса ҳам, яқин вақт ичида бирор амалий қадам ташлаши эҳтимоли жуда камдек кўринади.
Путиннинг танқидчиларидан бири Билл Браудернинг айтишича, уларнинг кўпчилиги бугунги вазиятдан норози бўлса-да, Путин тирик экан, унга қарши фитна уюштиришларини тасаввур қилиш қийин.
«Агар Путинга қарши чиқадиган бирор иш қилишса, у уларни ўлдиради, деб яхши тушунишади. Путин эса жуда шубҳаланувчи одам», дейди Браудер.
Россияга сармоя киритган йирик америкалик молиячи Майкл Кэлви ҳам бу фикрга қўшилади.
«Улар нима ҳам қила олардилар? Тўғридан-тўғри қамоққа тушиб, активларидан айрилишдан бошқа нимани кутмоқдасиз? Лондонда ўтирган одамлар учун: "Нега ҳаммангиз туриб қарши чиқмайсизлар?" дейиш осон. Амалда эса айнан шу нарса рўй беради», дейди у.
Бир вақтлар Россиянинг энг бой кишилари ҳокимиятнинг энг юқори поғоналаридаги қарорларга таъсир ўтказа олардилар. Путин кетгач, улар йўқотилган таъсирини қайта тиклашга уринишларига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Бироқ асосий савол шуки, бугунги тизимдан қолган кучлар уларга бунга йўл қўядими?
Мақола бошидаги фото сурат муаллифлик ҳуқуқи Gettyга тегишли.
































