"Медиа-юристлар деярли йўқ". Ўзбекистонда яна бир блогер қамалгани айтилмоқда

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда блогер Отабек Ҳамидовнинг қамалиши ҳақидаги хабарлар ижтимоий медиага нисбатан босим кучаяётгани ҳақидаги баҳсларни яна кун тартибига чиқарди.

Блогерларнинг каналлари оммавий ахборот воситаси сифатида тан олинмагани учун, уларни ҳимоя қилишда халқаро ташкилотлар имкониятлари чекланганини таъкидлайдилар. Айни дамда мамлакатда медиа-юристлар етишмаслиги ҳам муаммо сифатида кўрилади.

8 май куни журналист Илёс Сафаров Фейсбукда Ҳамидовнинг Андижонда қўлга олингани ҳақида ёзди. Vaqt.uz нашри ички ишлар идорасидаги манбаларга таяниб, уни товламачиликда гумон қилаётганини маълум қилди. Хабарни Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати тасдиқлагани билан батафсил изоҳ берилмади.

9 май куни Отабек Ҳамидов қамоққа олингани ҳақида яна бир блогер Отабек Жўраев, Олий Мажлиснинг собиқ депутати, жамоат фаоли Расул Кушербоев ҳам айтиб чиқишди. Уларга кўра, икки йил аввал бегона шахс унинг уйига 500 доллар ташлаб кетган, лекин ўша пайтда Ҳамидов уйда бўлмаган. Ҳамидовнинг яқинлари ва адвокати ҳозиргача изоҳ бермаган.

Ҳамидовга тегишлилиги айтилган @xalqdardiuz канали Ютубда 64 мингдан зиёд, Телеграмда эса 3000дан ортиқ кузатувчига эга. Канал асосан ижтимоий муаммолар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги камчиликларни ёритади.

Фаоллар унинг қамалишини сўнгги пайтларда блогерларга нисбатан қўлланилаётган айбловлар давомидаги ҳолат сифатида баҳоламоқда. Расул Кушербоев Би-би-сига берган изоҳида шундай деди:

"Охирги пайтларда блогерларга нисбатан босим кучайган. Менимча, Отабек Ҳамидов охиргиси эмас. Масалан, менинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларим киберҳужумга учраяпти. Агар саҳифаларимиз бузилса, маълум маънода "овозимиз ўчади" деб ўйлашади".

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда турли айбловлар билан блогерларни қамаш ёки жавобгарликка тортиш ҳолатлари кўпайган. 2025 йилда диний блогер Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад) қамалган. Жорий йил март ойида Сирожиддин Одилов (Sirojiddin media) фирибгарликка гумон қилиниб қамалган. Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакировга нисбатан эса энергетика вазири даъвоси билан маъмурий иш очилган, аммо суд ишни муддати ўтиб кетгани учун тугатган.

Фаоллар Ўзбекистонда блогерларга босим кучайганини таъкидласа-да, нечта блогер қамалгани ёки жиноят ишларида гумондор сифатида сўроқ қилингани ҳақида аниқ рақамлар очиқ манбаларда йўқ.

Исмини ошкор қилишни истамаган тошкентлик журналистнинг Би-би-си мухбири билан суҳбатда блогерлар билан боғлиқ вазиятларни фақат босим сифатида кўриш нотўғри эканини таъкидлади.

"Блогерлар орасида ўз фаолиятидан фойдаланиб, бошқалардан пул ундириш йўлига ўтиб олганлар кўпайгани ҳам рост. Аммо, қамалганлар орасида айнан товламачи блогерларни эмас, ҳалқ дардини олиб чиқаётган блогерларни ҳам кўришимиз ачинарли" – дейди у.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг (CPJ) Европа ва Марказий Осиё бўйича дастур кординатори Гулноза Саид Ўзбекистондаги медиа билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан шундай изоҳ берди:

"Биз асосан журналистларнинг ҳимояси билан шуғулланамиз. Блогерлар билан боғлиқ вазиятларда, масалан, таъқибга учраган ёки қамалган блогер бўлса, у журналистик фаолият билан шуғулланадими ёки профессионал этика қоидаларига риоя қиладими, деган саволларга жавоб излашга кўп вақтимиз кетади. Яқинда таниқли блогернинг ишини обдон ўргандик, баёнот бермоқчи ҳам бўлдик, аммо адвокати: "Тўхтаб туринглар, бирор ўзгариш бўлиб қолар", деб, анча вақтгача бизнинг баёнот беришимизга йўл бермади. Охири ўзлари айтгандек, йўлини топишди шекилли, биз билан алоқани узишди. Ўзбекистонда журналистларни ва блогерларни ҳимоя қиладиган, умуман медиа билан шуғулланувчи адвокатлар, медиа-юристлар деярли йўқ. Мана шундай ҳолатлар оқибатида биз каби халқаро ташкилотлар блогерлар ишларини ўрганишда, баёнотлар беришда ёки хулосалар чиқаришда қийналади".

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Чегара билмас мухбирлар (RSF) ҳалқаро ташкилоти 30 апрелда эълон қилган 2026 йилги Матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистондаги вазият "жуда мураккаб" деб баҳоланган.

Аммо кузатувларга кўра, сўнгги йилларда ижтимоий медиа ривожланиб, подкастлар ва блогерлар сони ошган. Бу ҳолат маҳаллий медиада сўз эркинлиги яхшиланиши сифатида кўрилса-да, RSF блогерларнинг катта қисми давлатга яқинлигини ва бу мустақил журналистикага салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.

Президент Шавкат Мирзиёев бир неча чиқишларида матбуот эркинлигини давлат сиёсати устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этган ва "очиқлик ва шаффофлик сиёсатидан қайтилмаслиги"ни айтган. Шунингдек у мамлакатдаги камчиликларни медиада танқид қилиш зарурлиги ҳақида ҳам бир неча бор таъкидлаган.