You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
"Қизил чизиқлар бор" - Ўзбекистонда матбуот эркинлиги яна жуда мураккаб деб баҳоланди
- Author, Sanjar Eraliyev
- Role, BBC muxbiri, Bishkek
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Жаҳон матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон бир поғона юқорига кўтарилган бўлса-да, умумий балл пасайиб, шароит ўтган йилга нисбатан ёмонлашди. Ҳалқаро майдонда ўзини очиқ ва ислоҳотларга мойил давлат сифатида кўрсатаётган Ўзбекистонда нега матбуот эркинлиги йиллар давомида чекланган ҳолатда қолмоқда? BBC маҳаллий журналистлар ва мутахассисларга мурожаат қилди. Айримлар муаммони сиёсий тизим билан боғласа, бошқалар журналистларнинг ўзи эркинликка интилмаслигини таъкидладилар.
Париждаги Чегара билмас мухбирлар (RSF) ташкилоти 30 апрелда эълон қилган 2026 йилги Матбуот эркинлиги индексига кўра, Ўзбекистондаги вазият "жуда мураккаб" дея тоифаланди. Мамлакат 180 давлат орасидан 147-ўринни эгаллади ва 34,95 балл олди. Муаллифларга кўра, бу кўрсаткич мустақил журналистиканинг имкониятлари чекланиб бораётганини англатади. 2025 йили 148-ўринда бўлишига қарамай, умумий балл 35дан юқори эди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Қароргоҳи Ню-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг (CPJ) Европа ва Марказий Осиё бўйича дастур кординатори Гулноза Саид рейтингдаги ўринлар борасида бундай фикрда:
"Масалан, Қирғизистонда охирги 12 ойда журналистлар қамалиши орқали вазият кескин ёмонлашди, шу каби мисоллар ҳисобига Ўзбекистоннинг кўрсаткичи сал юқорига чиқди. Лекин бу ички ислоҳотлар натижаси эмас. Мирзиёев президентликка келган йиллари сўз ва матбуот эркинлигида сезиларли қадамлар қўйилган бўлса-да, охирги икки-уч йилда бу жараён тўхтаб қолди. Илгарги Ўзбекистонга қараганда албатта эркинлик кўпроқ, журналистлар кўпроқ масалаларни кўтармоқда. Лекин, биз ҳоҳлаган маррага еттикми, матбуот эркинлиги борасида? Агар шу саволни қўядиган бўлсак, менимча, жавоб салбий бўлиши аниқ".
RSF маълумотича, Ўзбекистонда ҳозирда беш журналист қамоқда ёки уй қамоғида. Блогер Отабек Сатторийнинг товламачилик айби билан 6,5 йилга қамалиши бу ҳолатнинг яққол мисоли сифатида келтирилган.
Баёнотда ҳозирги вазият Ислом Каримов даври билан таққосланиб, матбуот учун шароитлар фақат озгина яхшилангани, ҳокимиятни танқид қилиш эса ҳали ҳам жуда қийинлиги қайд этилган.
"У даврга таққослаганда, ўзгариш бор. Лекин барибир, қизил чизиқлар ҳам бор. Қаердан ўтмаслик кераклиги, танқид қилинмайдиган шахслар борлигини биламиз. Шундай экан, Ўзбекистонда матбуот эркин ва ўз сўзини айта олади демаган бўлардим. Қизил чизиқларни ҳеч ким аниқлаб бермайди. Лекин, биз тегилмайдиган, муҳокама қилинмайдиган, қарорлари танқид остига олинмайдиган одамларни биламиз. Масалан, улар кимлигини ҳозир сизга ҳам айта олмайман" - дейди тошкентлик журналист Анора Содиқова.
Кўп йил давлат каналларида ишлаган, ҳозир медиа тадбирлар ташкил қилиш билан шуғулланаётган Нозима Тошпўлатова эса матбуот эркинлиги бўлиши учун журналистларнинг ўзини ҳам масъул деб ҳисоблайди:
"Биз журналистлар орасида турли сўровномалар ўтказамиз. Ўтган йили шундай тадбирларнинг бирида коррупция ҳақида савол бор эди: Коррупция ҳақида журналистлар ёзмаса, ҳаммаси яхши бўлиб кетадими? деган савол эди. Баъзи журналистлар "ҳа, журналистлар ортиқча гапирмаслиги керак" деган фикрни билдиришди. Негалигини сўрасак, "ундай материалларни ёзсак, нашриётга мониторингдан хат келади" дейишди. Мониторинг тизими тугатилган, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан бирга ёпилган десам ҳам, "йўқ, барибир келиши мумкин" дейишди. Бир неча йиллардан бери ундай хат келмаган, лекин келиш эҳтимоли бор деб ҳеч нарса ёзишни исташмайди".
У шунингдек, журналистлар ва нашрларнинг молиявий аҳволи ёмонлигини, бу эса сифатли журналистика ва эркинликни таъминлашга тўсқинлик қилаётганини қўшимча қилди. Айни пайтда BBCда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг молиявий аҳволига боғлиқ маълумотлар мавжуд эмас.
2025 йил декабрь ойида президент Шавкат Мирзиёев матбуот эркинлигини давлат сиёсати устувор йўналишларидан бири сифатида таъкидлаб, "очиқлик ва шаффофлик сиёсатидан қайтилмаслиги"ни айтган. Расмий баёнотларда матбуотни қўллаб-қувватлаш ва очиқликни кучайтириш масалалари доимий тилга олинади.
Кузатувларга кўра, cўнгги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий медиа жадал ривожланди. Подкастлар, онлайн лойиҳалар ва блогерлар сони ошди. Бу ҳолат маҳаллий медиада сўз эркинлигининг яхшиланиши сифатида баҳоланади. Аммо RSF блогерларнинг катта қисми давлатга яқин эканини, бу эса мустақил журналистикага салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.
Матбуот эркинлиги рейтингида Норвегия биринчи ўринда. Ундан кейин Нидерландия, Эстония, Дания ва Швеция жойлашган. Рўйхатнинг энг охирида эса Эрон, Хитой, Шимолий Корея ва Эритрея турибди.